"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига

Ўқилди: 66

                                                  

                                                                              Александр ФАЙНБЕРГ

 

                                             “ПАХТАКОР -79”

                                     футбол жамоаси хотирасига

 

Чимзорда ўйнайди, ўйнайди шамол,

Тўп учар, тўп учар бамисли хаёл.

Нақадар зўр зарба дарвоза томон,

Ҳаётни гол билан ютади футбол.

 

Тўр титрар, гувиллар селдек оломон,

Ёшгина ҳужумчи югурар шодон.

Унинг-чун очиқдир энди шарқу ғарб,

Очиқдир шимолу жануб бегумон.

 

Агарда билмасанг олдда нелар бор,

Ишонгин, ноумид бўлмагин зинҳор.

Шунчаки Минскка учар самалёт,

Сен уни кузатиб қўйгин интизор.

 

Орамизда ким у асли чемпион?

Балки мен, балки у  –  қисматга аён.

Парвоз майдонидек интиқ кузатиб,

Хайрлашиб қолар пастда стадион.

 

Биз учдик, биз учдик кум-кўк осмонда,

Музаффар бўлгаймиз ўзга майдонда.

Ким аввал, ким кейин туғилдик, аммо

Чемпион бўлгаймиз бирлашган онда.

 

Қанотлар остида баланд ҳарорат,

Бу ўйин зўр бўлар, кўрсат маҳорат.

Жарима майдонин кесиб чап ёндан,

Тўпни ўнг қанотга тепиб ҳаволат.

 

Осмонда тарқалди тўқнашув абри,

Худо синар экан банданинг сабрин.

Қоидани бузди кимдир шунчаки,

Биз-чи тортдик ноҳақ жарима жабрин.

 

Майсазорда шамол йиғлайди ҳамон,

Ҳамон тунлар кўз ёш тўкарсан гирён.

Қайғурма, биз ҳамон ўйнаймиз футбол,

Фақат мовий осмон  – бизнинг стадион.

 

Чимзорда ўйнайди, ўйнайди шамол,

Тўп учар, тўп учар бамисли хаёл.

Нақадар зўр зарба дарвоза томон,

Ҳаётни гол билан ютади футбол.

 

                                                     Рус тилидан Рустам МУСУРМОН

                                                     таржимаси.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб… Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб…
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради
Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди