"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади

Ўқилди: 296

Азим Тошкентнинг сўлим гўшасида ёзувчи ва шоирлар учун бунёд этилаётган кўп қаватли уйнинг қаршисида Президент Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Учрашувни ёш ижодкор сифатида улкан ҳайрат ва ҳаяжон билан кузатдим. 

Сиз ижодкорлар билан учрашиш менга куч-қувват беради, деди давлат раҳбари, халқимиз маънавиятини юксалтиришда ижодкор-зиёлиларга таянаман. Биз ўтган йилларда катта камчиликка йўл қўйдик, сизларнинг жамиятда тутган ўрнингизни англаб етарлича эътибор беролмадик, оқибатда маънавият соҳасида оқсаш юзага келди. Бу барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказди. Камчиликларни рўй-рост гапирмадик, ижодкорларнинг эркин ижод қилишига йўл қўйилмади, ҳаёт сифатини яхшилашга эътибор қаратилмади. Биз энди ана шу хатоларимиздан хулоса чиқаришимиз керак. Халқнинг маънавиятини ривожлантиришимиз, дунёқарашини ўзгартиришимиз, қотиб қолган онгимизни тозалашимиз зарур. Бунинг учун сиз ижодкор-зиёлиларнинг кўмагингиз керак бўлади.

Академик Наим Каримов, адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғофуров, устоз шоир-ёзувчилар Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Эшқобил Шукур, Абдуқаюм Йўлдошев, Мунавара Усмоновалар қаторида ёш ижодкор сифатида мамлакат раҳбарининг қаршисида туриб, ижод аҳлининг миллат, халқ, Ватан олдидаги бурчи бениҳоя улкан, масъулияти юксак эканини англадим.

Дарҳақиқат, маънавият соҳаси барча соҳаларни боғлаб турувчи кўприк, ривожлантирувчи куч ҳисобланади. Адабиёт, бадиий ижод – улкан тарбия воситаси. Шу боис давлат раҳбари, ёшларнинг маънавиятини юксалтирмасдан уларни ватанпарвар этиб бўлмайди, дея таъкидладилар.

Дунёда ахборот технологиялари жадал ривожланмоқда. Даврнинг ўқдек шиддати олдида одамзод ожиз қолаётир. Турли хабарлар, ахборотлар, воқеа ва тафсилотлар одамларни шошиб яшашга чоғлантиряпти. Ёд ғоялар, қарашлар таҳдиди ортиб боряпти. Қалбга зарба берадиган, парчалайдиган, йўлдан оздирадиган, жазавага туширадиган, тобе қилиб умрни беҳуда сарф этадиган мафкуралар беихтиёр шууримизга сингиб, одат тусига кириб бормоқда. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ мана шундай мураккаб шароитда адабиётнинг қаддини ростлаш, кўнгил озуқаси, қалб тарбиячиси бўлган китобнинг нуфузини кўтариш, кенг тарғиб қилишга тобора эҳтиёж сезилмоқда.

Ижод аҳлининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган ижодий меҳнатни қадрлаш, адабиётни ёшлар ҳаётининг муҳим ва муносиб қисмига айлантириш бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифа эканини кўрсатди.

Барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида “Ижод” жамоат фонди тузилди. Адиблар хиёбони барпо этилди. Ям-яшил либосга қўндирилган қаҳрабодек хиёбонда Ёзувчилар уюшмаси учун янги иншоот бунёд бўлди.

Ҳудудларда улуғ адибларимиз номлари билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари қурилиши қизғин тус олди. Адабиётимиз атоқли намояндаларининг юбилей саналари муносиб нишонланмоқда, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Бу ҳақида сўз кетганда, яқинда ўтказилган, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб ижодкор ёшларни кашф этган “Зомин” анжуманининг истеъдодлар бешиги вазифасини ўтаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Учрашувда Президент куни кеча Тошкентда ўтказилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган йирик халқаро анжуман борасида ҳам мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Асрлар силсиласида тўпланган ҳақиқат шуки, шоиру носири,  олиму муаллимини эъзоз этган, адибу адабиётга раҳнамо бўлган давлат равнақ топаверади.

Заргар қимматбаҳо металлдан, адиб сўздан зебу зийнат ясайди. Моддий зийнат танни, сўз гавҳари қалбни безайди. Шу боис ботиний гўзаллик ҳамиша эъзозланади. Қалб меъморлари бўлган ижодкорларга эътибор қаратиш, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳимоялаш, турмушини яхшилаш ижодий меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори, том маънода “Давлат – маънавиятнинг бош ҳомийси” бўлишини исбот этди.

Мазкур қарорда Тошкент шаҳрида яшаб ижод қилаётган бир юз ўн нафар ижодкорларни имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминлаш, шунингдек, вилоят ва туманларда умргузаронлик қилаётган Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун уй-жойлар ажратиш белгиланган эди. Мана орадан кўп ўтмай, азим пойтахтга кўрк бериб турган “Бўзсув” соҳилида замонавий лойиҳа асосида муҳташам уйлар қад ростлади.

Уйларнинг биринчи қаватида ижодкорлар ва уларнинг оила аъзолари, фарзандларига қулай шароит яратиш мақсадида поликлиника ва мактабгача таълим муассасаси ташкил этилган. Учрашув чоғида Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасига, хусусан мактабгача таълимга ислоҳотлар нима учун зарур экани борасида ҳам сўз юритди.

Учрашув чоғида давлат раҳбари тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига Паркент туманидаги “Паркент”, Жиззах вилоятидаги “Зомин” ижод уйлари жадаллаштириш борасида топшириқлар берди.

Самимий руҳда кечган учрашувда, ўз навбатида, устоз ижодкорлар Иброҳим Ғофуров, Наим Каримов Президент Шавкат Мирзиёевга адабиётга, ижодкорларга қаратаётган улкан эътибори, яратиб бераётган шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Фахриддин Ҳайит, 
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ЎзА

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром