"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Қалбларни туташтирган адабиёт

Ўқилди: 138

Адабиёт сеҳрли кўприк каби олис қитъаларни боғлайди. Ҳар қандай чегараю тўсиқни енгиб ўтиб, кўнгилларни забт айлайди.  Бу ҳақиқатни нозик ҳис қилган ҳазрат Алишер Навоий ўз даврида:

 “Не мулк ичраки бир фармон йибордим,

Анинг забтиға бир девон йибордим”, —

деб ёзган эди.

Мамлакатимизда 7-8 август кунлари “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида  бўлиб ўтган халқаро конференциясияда адабиётнинг буюк бунёдкорлик қудратига яна бир бор амин бўлдик.

Дунёнинг йигирма беш мамлакатидан ташриф буюрган қирққа яқин таниқли шоир, ёзувчи, адабиётшунос, таржимон, ноширлар илдизлари олис асрларга бориб тақалувчи  ўзбек адабиётининг сеҳру жозибаси ҳақида жўшиб гапирганларида, юртимизда адабиётга берилаётган юксак эътиборни кўриб ҳайрату ҳавасларини баён қилганларида, яшириб нима қиламиз, кўнглимиз қувончу ғурурга тўлди. Жанубий Кореядан келган Инг Ёнг О, япониялик Хисао Коматсу, америкалик Кристофер Форт, ҳиндистонлик Шаҳид Таслем каби хорижлик мутахассисларнинг соф ўзбекча гапиришларини кўриб, завқимиз келди – она тилимизнинг гўзаллигини яна бир карра чуқурроқ ҳис этдик.

Бу йил 80 ёшни қаршилаган, ўттиз йилдан буён Озарбайжон Ёзувчилар бирлигини бошқариб келаётган машҳур ёзувчи Анор муаллим, шу йил Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси тўрағаси этиб сайланган Улуғбек Есдаулет, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси Низом Қосим ва бошқа меҳмонлар билан юзма-юз гурунг қиларканмиз, барчамиз бир улус – Адабиёт мулкининг фуқаролари эканимизни ҳис қилдик. Энг муҳими, анжуман иштирокчиларини битта ўқилдиз – Ўзбекистонга, ўзбек адабиётига чексиз ва самимий меҳр бирлаштириб тургани намоён бўлди.

Бу меҳр меҳмонларнинг нафақат нутқу маърузаларида, балки ўзлари билан олиб келган турли китоб, журнал, газеталарида ҳам ўз аксини топган эди. Масалан,  украиналик таржимон, «Адеф-Украина» нашриёт уйи директори Игорь Шпак Алишер Навоийнинг украин тилида чоп этилган муҳташам «Фарҳод ва Ширин” достонини тақдим қиларкан, украин ноширларининг буюк бобомизга бўлган улкан эҳтиромини кўриб, бошимиз осмонга етди.  Ёки германиялик мутахассис Ҳамид Далов томонидан нашрга тайёрланган “Бобурнома”нинг немис тилидаги нашри ҳам диққатга сазовор. Миллий адабиётимизнинг фахри бўлмиш ҳар иккала бобомизнинг муборак асарлари ниҳоятда сифатли қоғозга, махсус безаклар билан чоп этилган.

Озарбайжоннинг “Ёзувчи” журналини варақлаймиз. Журналнинг бир сони тўлиғича ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган.  Жумладан, унда атоқли озарбайжон шоири Самад Вурғуннинг 1940 йил 3 декабрда сўзлаган нутқи ҳам жой олган бўлиб, унда қуйидаги сўзларни ўқишимиз мумкин: “Мен Навоийни дарёга муқояса этдим ва дедимки, бизнинг баъзи олимларимиз унинг соҳилларида тахта қайиқ билан сузишни истайдилар. Менинг фикримча, бу дарёга бой илм ва маданият асосида қурилган  улкан кема билан тушиш лозимдир…”

Журналда, шунингдек, Навоийнинг Озарбайжон адабиётига таъсири, ҳазрат асарларида қаламга олинган озар шоирлари ҳақидаги маълумотлар, Навоийга бағишланган шеърлар,   улуғ шоирнинг фалсафий қарашлари кенг ёритилган.

Беларуснинг “Лiтература i мастацтва” (“Адабиёт ва санъат”) газетасида ҳам ўзбек адабиётига кенг ўрин ажратилган. Жумладан, газетанинг  “Маданий макон” рукни остида Алишер Навоий ва Абдулҳамид Чўлпон шеърлари беларусь тилида чоп этилган.

Шу ўринда Беларусь Ахборот вазири Александр Карлюкевич халқаро конференция иштирокчиларига табрик йўллаганини алоҳида қайд этишимиз лозим.  Табрикда ўзбек ва беларусь халқларининг кўп йиллик дўстлигига урғу бериларкан, Янка Купала, Якуб Колас каби беларусь шоирлари ижоди ва шахсиятига ўзбек заминида кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирилган. “Иккинчи жаҳон уруши пайтида Тошкент Якуб Колас  учун чинакам қадрдон шаҳарга айланди. Уруш йилларида Ўзбекистон пойтахтида унинг китоблари чоп этилди. Шоирга ҳаммадан аввал ўзбек адиблари ёрдам қўлини чўзган эди…” дейилади табрикда.

Афғонистонлик олим Абдуллоҳ Рўйин тақдим қилган, араб-ўзбек алифбосида чоп этилган “Хазойин-ул маъоний” куллиётини кўзимизга суриб қабул қилдик.  Санайверсак, хорижда чоп этилган, совға сифатида Ўзбекистонга олиб келинган адабиётлар сони кўп. Уларга кўз югуртирарканмиз, қулоғимиз остида анжуман шўъбаларидан бирида янграган сўзлар акс садо беради: “ Ўзбек адабиёти – буюк адабиёт. Лекин, у фақат Ўзбекистон ҳудудида яшаётган инсонларнинг мулки эмас, у – башарият мулки. Ўқишга, ўрганишга иштиёманд бўлган барча инсонлар учун у бирдай тааллуқлидир…”

Анжуман расман поёнига етди. Аммо у энди онгу-шуурларларда, қалбларда узоқ давом этади. Унинг мевалари, ўйлаймизки, бизни кўп куттирмайди…

Нодир Жонузоқ,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Мақола «Халқ сўзи» газетасининг 2018 йил 10 август кунги сонидан олинди.

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча