"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Арафадаги ўйлар

Ўқилди: 264

Ўзбекистон Республикаси давлат муcтақиллигининг 27 йиллигига

Йиллар ўтаётир. Давр ўзгармоқда. Қуёшли юртимиз йигирма биринчи асрни буюк келажагига юз тутиб қаршиламоқда.

Мана, энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллик шодиёналарига ҳам етиб келдик. Арафа кунларида хаёлан ўтган даврларни эслаб, зоҳиран эса юртимизнинг бугунги кунига ҳавас билан, истиқлолимизнинг азиз неъматига шукроналар айтамиз.

Жаҳон мамлакатларининг таниқли сиёсатшунослари эътироф этганларидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, турфа соҳаларда улуғвор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай, дилларни шодликка тўлдирувчи янгиликлар ижодкорлар ҳаётига ҳам кириб келди. Бугун Ўзбекистонда ижодкор зиёлиларга ҳар қачонгидан ҳам юксак эътибор берилаётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 августдаги ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида бу алоҳида таъкидлаб ўтилди. “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш — халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги ушбу маърузада, жумладан шундай дейилади:

“Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ҳам албатта бўлади”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори юртимизнинг ҳар бир ижодкори олдига катта вазифаларни қўйди. Шу йилнинг 7-8 август кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция мамлакатимизда адабиётга бўлган эътиборнинг яна бир юксак намунаси бўлди. Конференцияга жаҳоннинг йигирма беш мамлакатидан қирққа яқин таниқли шоир, ёзувчи, адабиётшунос, таржимон, ноширлар ташриф буюрдилар. Мен Ёзувчилар уюшмасининг интернетдаги “Ijod.uz” сайтидан анжуманга тааллуқли ҳар бир хабарни чанқоқлик билан кузатиб бордим. Дунё ижод аҳлининг буюк шоиримиз Алишер Навоийга бўлган эҳтироми, “Алпомиш” достонининг корейс тилига таржима қилингани, машҳур Озарбайжон ёзувчиси Анорнинг “Мен ўзимни ўзбек ёзувчиси ҳис қилдим” деган сўзларидан қалбим фахр-ифтихор туйғуларига тўлди. Шу улуғ халқ фарзанди эканимдан ғурурландим.

Юртимиздаги адабиётга бўлган юксак эътиборни вилоятларда яшаб ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг фаолиятларида ҳам кўрамиз. Ушбу 2018 йилда Республика Ёзувчилар уюшмаси Тошкентнинг Адиблар хиёбонидаги Президентимиз ташаббуси билан қурилган янги бинога кўчиб ўтган бўлса, уюшманинг Тошкент вилоят бўлими ҳам Нурафшон шаҳридаги янги бинога кўчди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлими туманларда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Чиноз туманидаги Пахта нефтбазасида бўлиб ўтди. Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир, таниқли шоир Ботиржон Эргашев, таниқли адиб Сойим Исҳоқ иштирк этдилар. Қизғин ва самимий руҳда ўтган бу учрашув қатнашчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Юртимизнинг ҳар бир ижодкори сингари мен ҳам адабиётимиз ривожига бир томчи мисоли бўлсада ҳисса қўшишни бахт деб биламан. Ушбу йилда улуғ аллома ва табиб Абу Али ибн Синога бағишланган асаримнинг биринчи китобини ёзиб тугатдим. Роман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида муҳокамадан ўтди ва нашрга тавсия этилди.

Умр — дарё кабидир. Йиллар оқар сувлардек ўтиб борар экан, юртимиз, халқимиз учун нафи тегадиган амаллар қилсак, ана шу умримизнинг беҳуда ўтмаганидир. Бахтимиз шундаки, биз мустақил Ўзбекистондек бебаҳо юрт фарзандларимиз!

Абдужалол РАҲИМ,

ёзувчи

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром