"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди

Ўқилди: 264

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири (2004) бўлиб ишлаган. 2018 йилдан «Дугоналар» журналида бош муҳаррир вазифасида ишлаб келаётган эди.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер тумани газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005), «Буюк қушлар» (2012), «Осойишта шам» (2017) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди. Унинг тасаввуридаги аёл ҳар қандай халқ ва мамлакатнинг келажаги — соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий кучдир. Ҳалима Худойбердиева айни шу нуқтаи назардан ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, ички кечинмаларини ёрқин тасвирлайди, замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини ўстиришга интилади.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. Шунингдек, шоиранинг халқ орасида “Суянч тоғларим”, “Бобо қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат” ва “Муқаддас аёл” каби қатор шеърий тўпламлари севиб мутолаа қилинади.

У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига биноан миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги ижодий меҳнати, ёш авлод маънавиятини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Марҳуманинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча