"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Кенгесбой Каримов. Шеърлар

Ўқилди: 114

   

Кенгесбой КАРИМОВ,

 Қорақалпоғистон халқ шоири

 

  ТУРКИЙ ТИЛИМ

Нью-Йоркда сўзингни билмаслар балки,

Лондонда назарга илмаслар балки,

БМТда мажлис қилмаслар балки,

Ўзимнинг жонажон туркий тилимсан.

 

Қултегин бободан уқдим отингни,

Маҳмуд Қошғарийдан кўрдим хатингни,

«Қутадғу билик»дан ҳоқонотингни

Юксалтирган менинг туркий тилимсан.

 

Нақадар қадимий буюк шажаранг,

Сербутоқ шохингда қанча мева, ранг,

Юлдузлар каби мўл шеванг, иборанг,

Сен осмон, сен дунё, туркий тилимсан.

 

Бир ота-онанинг эти-тирноғи,

Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман турпоғи,

Азар, қўмиқ, чечен, қорақалпоғи

Она деб сўзлаган туркий тилимсан.

 

Суйиб болам дейсан, меҳрибонимсан,

Менинг томиримсан, менинг жонимсан,

Она сути билан кирган қонимсан,

Онам, она тилим, туркий тилимсан.

 

ЧИРОҒИМ

Сўнмасин деб ҳаётимнинг чироғи,

Онам мени “чироғим” деб айтарди.

Сўнмасин деб ҳаётимнинг чироғи,

Отам мени “чироғим” деб айтарди.

 

Вақт айирди ота-онамдан бир кун,

Еру кўкни зир титратди сўроғим.

Қулоғимдан сира чиқмайди лекин

Отам айтган, онам айтган “чироғим”.

 

Энди ҳеч ким айтмас менга бу сўзни,

Нур эди-я онам айтган “чироғим”.

Эсласам, доимо унутиб ўзни,

Иссиқ ёшга тўлар кўзим, қароғим,

Нур эди-я отам айтган “чироғим”.

 

ДЎЛАЛАЙ

Хотирамга битилган зарҳал

Ёшлик завқи, “ёр-ёр”, “ла-ла-лай”…

Айтиларди бизлар ёш маҳал

Бир ажойиб қўшиқ — “Дўлалай”.

 

Қўшиқ куйлар эди радио,

Қиздирарди қонимиз талай,

Юракларни айлаб маҳлиё

Янграр эди ажиб “Дў-ла-лай”.

 

Бу сеҳрли сўзнинг маънисин

Уқмасак-да бизлар, ҳар қалай,

Азиз эди ҳаммамиз учун

“Дўлалай, дўлалай, дўлалай”.

 

 

ТАНИМАСА

Не ҳам дердинг чорбозорда

Сарроф пулин танимаса.

Мева бермай тўкилмасми,

Ари гулин танимаса?

 

Нафсга қул сафсатабозлар

Амал кўзлаб, курси созлар,

Хор бўлмасми ўрдак-ғозлар,

Қўнар кўлин танимаса.

 

Инжу-маржон, ёқут-олмос,

Ким айтадир: “Ерда қолмас”?

Зарнинг тошча қадри бўлмас,

Заргар молин танимаса.

 

Йигитлар мол йиға бошлар,

Даврон сурар, кўнглин хушлар,

Зор бўлурлар, кўзин ёшлар,

Бир кун элин танимаса.

 

Булутлар тинмай кўчарлар,

Телба еллар қувлашарлар,

Эсдан озган, дейишарлар,

Жайрон чўлин танимаса.

 

Ҳой қалпоғим, йиғлама, бас,

Бир сўз айтсак, бўлмас абас,

Бахти кулиб боқавермас,

Халқ ўнг-сўлин танимаса.

 

Кўчи билан кўчар карвон,

Ҳаёт юки оғир ҳар он,

Кетмасми тиззадан дармон,

Сорбон йўлин танимаса.

 

Ўркач қумлар тўғон солган,

Саҳрода йўл юриб толган,

Аму қандай омон қолган,

Ўз Оролин танимаса.

 

Майса битмас сувсиз ерга,

От жонивор қанот эрга,

Ор қилар эл сайис дерга,

Эр тулпорин танимаса.

 

Тўрга чиқса, ўрин бермас,

Эл кулгусин айб кўрмас,

Шоир ёзганлари шеърмас,

Сўз гавҳарин танимаса.

 

Ҳақ сўз бўлар аччиқина,

Гапни уқар зийраккина,

Қаримтекли, қилма гина,

Сени элинг танимаса.

 

НЕФЕРТИТИНИНГ СИНГЛИСИГА

Минг бора сулувсан Нефертитидан,

Фиръавн қиз чиройинга эгар бош.

Кулгуларинг мумдай эритар, билсанг,

Севги маъбудаси Афродита – тош.

 

Нозларинг кўнгилни ҳайрон этади,

Сени қучиш мумкин, эркалаш мумкин.

Интизор кечалар, кунлар ўтади,

Мурувват қилмайсан ҳеч кимга лекин.

 

Назар ташла. Куйиб кул бўлдим, мана.

Бунча бешафқатсан, юраккинанг тош!

Ёки айлан, айлан Нефертитига,

Жонсиз оёғинга мен қўяйин бош.

 

НАТЮРМОРТ

Кўрганмисиз ёзда уфққа,

Ёғду сочиб ботган қуёшни?

Кўрганмисиз чўғдай қизарган

Сулув қизнинг юмалоқ юзин?

Сезганмисиз саҳар пайтида

Гулга қўнган шабнамнинг исин?

 

Ана шундай хушрўй рангларни,

Ана шундай хушбўй ифорни

Қандай қилиб жам эта олган

Столимга қўйилган олма?!

 

ОСМОН ЎЗГА, КЎЗ ЎЗГА

Деразадан кўринган осмон,

Керагадан кўринган осмон

Барибир бир осмон, бир осмон.

 

Деразадан қараган кўзлар,

Керагадан қараган кўзлар

Барибир ўзгача, ўзгача.

 

КУЗ

Чинорларда уясин ташлаб,

Иссиқ юртга ошиқар қушлар.

Бу ажойиб Дўрмон боғида

Олтин барглар тўкила бошлар.

 

Қушларнинг сафига эргашиб,

Сен томонга учар соғинчим.

 

ФЕЪЛ

Ичмоқ, емоқ, ухламоқ,

Қўшиқ айтмоқ эрмакка.

Машинада сайр этмоқ,

Эринмоқлик юрмоққа.

 

Пул ҳақида ўйламоқ,

Мол-давлатни кўзламоқ.

Шону шуҳрат қозонмоқ,

Минбарларда сўзламоқ.

 

Олмоқ, йиғмоқ, сарфламоқ,

Авжи истак-майлнинг.

Ишингда феъл кўпайиб,

Торайиши феълнинг.

 

ТОШ

Тошнинг синиғи ҳам тош бўлар,

Ушалса ҳам тошнинг оти тош.

Тош тушса ҳам қандай қолипга,

Мумкин эмас бошқача аташ.

 

Тошни мисол қилмадим бекор,

Бир гапим бор, ўйланг эрта-кеч.

Тошга ўхшаб одамларнинг ҳам

Одамлиги йўқолмасин ҳеч.

    Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча