"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Анор муаллимнинг эътирофи

Ўқилди: 172

Озарбайжон Ёзувчилар бирлигининг «Адабиёт газетаси»нингҳамда «525-чи газета» номли рўзноманинг  2018 йил 18 август кунги сонларида  Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, халқ ёзувчиси Анор муаллимнинг «Ўзбекистондаги учрашувлар» номли мақоласи эълон қилинди.

Мақолада Анор муаллимнинг 7-8 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштироки, учрашувлар, тадбирлардаги учрашувлар, нуфузли конференциядан олган таассуротлари, мамлакатимизда адабиётга қаратилаётган эътибор, ижодкорлар учун яратилаётган шароитлардан ҳавас ва ҳайратлари ўрин олган.

Мақоланинг ўзбек тилидаги таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан мен ва драматург Феруз Мустафо Тошкентда ўтадиган халқаро анжуманга таклиф этилдик. 6 август куни икки соатлик парвоздан сўнг Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўндик. Аэропортда бизни Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Президент девони шўъба мудири, ёзувчи ва таржимон Маматқул Ҳазратқулов ва бошқалар кутиб олишди. Конференция мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётини ўрганишнинг долзарб масалалари ҳамда ўзбек адабиётини дунёга танитиш мавзусига бағишланган. Тан олиш керак, ғоят муҳим масалага бағишланган ушбу анжуман юксак савияда ташкил этилган. Анжуманнинг очилиш маросимидан сўнг Туркия, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Афғонистон, Япония, Жанубий Корея, Россия, Украина, Беларусь, АҚШ, Канада, Франция, Германия, Голландия, Швеция, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Латвия, Литвадан келган меҳмонлар турли шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига табригини Олий Мажлис Сенатининг раиси Неъматулла Йўлдошев ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Дендер Бадарч, мен, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдеулет, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим — бирин-кетин сўзга чиқдик.

Мен Озарбойжон билан қардош Ўзбекистоннинг асрларга туташ маданий, адабий алоқалари, ҳазрат Навоийга Бокуда ҳайкал қўйилгани ҳақида сўзладим. Халқаро сиёсий майдонда Ўзбекистон ҳамиша Ватанимиз билан ёнма-ён туриб, бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилгани учун миннатдорлик билдирдим. Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги Алишер Навоийга бағишланган махсус журнал чиқаргани ҳақида гапириб, Сенат раисидан унинг бир нусхасини Ўзбекистоннинг муҳтарам Президентига етказишни илтимос қилдим.

Очилиш маросимидан аввал Алишер Навоий ёдгорлиги пойига гулчамбарлар қўйдик. Анжуман улуғ мутафаккир номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлди. Ўзбек дўстларимиз ифтихор билан илгари ўзбек тили ва адабиёти университетларда битта факультет миқёсида ўргатилган бўлса, энди бу фанлар учун алоҳида университет очилганини таъкидлашди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси яқинда қурилган икки қаватли замонавий бинога кўчиб ўтибди. Энг сўнгги русумдаги жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланган бу бинода уюшмадан таш­қари тўртта журнал таҳририяти, шунингдек, “Ижод” ва “Илҳом” фондлари жойлашган. Уларнинг бари давлат бюджетидан молиялаштирилар экан. Фонд­ларнинг қўшимча даромад манбалари ҳам бор.

Ёзувчилар уюшмаси, ёзувчиларнинг ижтимоий таъминоти ва ушбу фондларнинг моддий аҳволи ҳақида кейинроқ ёзаман. Ёзувчилар уюшмасидаги учрашув пайтида мен Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти ҳақида, муассасамизга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор хусусида сўзлаб бердим. Марҳум Президентимиз, Миллат етакчиси Ҳайдар Алиевнинг адабиётга эътиборини ёдга олдим. 1993 йилда Ҳ.Алиев ҳокимият тепасига келган пайтларда Ёзувчилар уюшмаси ва унга тегишли ташкилотларни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштиргани ҳақида, Озарбойжоннинг энг юксак “Истиқлол” мукофоти ҳам биринчи бўлиб ёзувчиларга – Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризо, Муҳаммад Аразга берилганини айтдим.

Ҳурматли Президентимиз Илҳом Алиевнинг таржима марказимизнинг бюджет ҳисобига ўтказилиши ҳақидаги қарори, ёзувчиларга уй-жой қуриш учун ер берилиши, китобларни лотин алифбосида чоп этиш учун маблағ ажратилиши ҳақидаги фармонлари, биномизнинг капитал таъмирланиши, ҳар йили ўттиз нафар ёзувчига 300 манатдан, 20 нафар ёш ёзувчига 200 манатдан маош тўланиши, 2014 йилда ташкилотимизнинг 80 йиллиги ва қурултойимизнинг хорижлик меҳмонлар иштирокида юксак савияда ўтказилгани, журналистлар учун қурилган уй-жойларда матбуот тизимида ишлаётган бир қанча ёзувчи ва шоирларимиз ҳам истиқомат қилаётгани – буларнинг барчаси давлатимизда адабиётга кўрсатилаётган эътибор намуналаридир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва мен адабий алоқаларимизни янада кенгайтириш тўғрисида меморандум имзоладик. Меморандумда икки тарафлама таржималар, учрашувлар, нашрларимизда адабиётимиз намуналарини чоп этиш, адабий-бадиий танловлар ўтказиш, китоб мусобақаларига оид банд­лар киритилган.

Уюшмадаги учрашувлардан сўнг буюк Низомий ёдгорлигини зиёрат қилиб, гулчамбарлар қўйдик. Бу улуғ ҳамюртимиз номидаги университетда учрашувлар ўтказдик Мен учрашувда айтганимдек, бугун икки сўз даҳоси — Навоий ва Низомийнинг ёдгорликлари пойига гул қўйдик, уларнинг номларини олган таълим масканларида учрашувлар ўтказяпмиз. Демак, кўп асрлар аввал бўлганидек, бугун ҳам бу икки мутафаккир адабий ва абадий қардошлигимизни тамсил этаётир. Навоий Низомий яратган анъанани давом эттириб, ўзбек тилида “Хамса” ёзган, ганжалик устозининг номини эҳтиром ила тилга олган бўлса, Фузулий ўз “Лайли ва Мажнун”ини она тили – озарбойжончада битиб, ўзбек шоири номини юксак ҳурматла тилга олади. Мен яқинда ёзиб битирган “Уч Лайли ва уч Мажнун” номли бадиамда ушбу шоирларимиз яратган уч достон ҳақида сўз боради. Озарбойжонда Навоий асарлари билан бирга “Бобурнома” ҳам тилимизга ўгирилди. Яқинда Жовид, Жавод, Мушфиқ сингари Сталин қатағонларининг қурбонига айланган Чўлпондан тортиб, бугунги энг ёш шоирларгача бўлган ўзбек муаллифларининг антологияси босмадан чиқди.

Ўзбекистонда бир қатор мумтоз ва замонавий адибларимиз қатори менинг ҳам тўртта китобим чоп этилгани, турли газета, журнал ва тўпламларда ижод намуналарим ўрин олгани, бир пайтлар “Каравелла” номли пьесам асосида ўзбек бастакори Калонтаров томонидан яратилган “Занжир” номли мусиқали комедия саҳнага қўйилгани, албатта, менга катта ифтихор ва қувонч бахш этади.

Ўтган йили вафот этган марҳум таржимон дўстим Усмон Қўчқор, бошқа бир қатор таржимонларим меҳнатидан беҳад миннатдорман. “Дантенинг юбилейи” номли қиссам ўзбек тилида икки маротаба, “Грузинча фамилия” номли ҳикоям уч маротаба мустақил таржимонлар томонидан ўгирилган ва чоп этилган. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, “Дантенинг юбилейи”ни таржима қилган ёзувчи биродарим Маматқул Ҳазратқулов ушбу асарим асосида теленовелла ҳам ёзиб мухлислар ҳукмига ҳавола этган. Сафар давомида каминага ҳамроҳлик қилган Маматқулнинг менга туҳфа қилган “Кўккўл” китоби Озарбойжонга бағишланган, бу асарни биз, албатта, таржима қилиб ўқувчиларга етказишимиз керак.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ҳуррият” газеталари ҳамда бир қатор ўзбек телеканалларига берган интервьюларимда икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида тўхталиб ўтдим.

Тушдан сўнг шўъбалар ўз ишини бошлади.

Феруз Мустафо иккинчи шўъбада “Мустақиллик даврида озарбойжон-ўзбек адабий алоқаларининг муҳим аспектлари” мавзусида, мен бешинчи шўъбада “Уч Лайли ва уч Мажнун” мавзуларида чиқишлар қилдик. Бизнинг шўъбада сўзга чиққан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ўзи раҳбарлик қилаётган “Тафаккур” журналида “Оқ қўчқор, қора қўчқор” номли қиссамни чоп этишини айтди.

Эртаси куни, 8 августда Самарқандга йўл олдик.

Олтмишинчи йилларнинг охирларида Тошкент­да ўтказилган Осиё ва Африка мамлакатлари кинофестивалида иштирок этиш асносида Самарқандга боргандим. Ўша фестиваль кунлари машҳур ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов билан танишганман. Орадан йиллар ўтиб у билан Туркияда учрашганмиз. Шуҳратнинг бир неча ой муқаддам қазо қилгани, мен шахсан таниган қадрдоним, тожик шоири Мўмин Қаноат ҳам яқинда дунёдан ўтганини эшитиб, беихтиёр Сергей Есениннинг қуйидаги мисралари ёдимга тушди:

Абадий сукунат юртига

Барчамиз жўнаймиз бирма-бир,

Ва мен ҳам бугун ё эртага

Тадорик кўрмоғим керакдир.

Мен камида ярим аср илгари кўрган шаҳарлар билан бугунги Тошкенту Самарқанд ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Тошкент ҳам, Самарқанд ҳам ҳайратомуз даражада ўзгарган, янгиланган, янада гўзаллашиб, обод кентларга айланган. Қадимий обидалари билан жаҳонни лол этиб келаётган Самарқанд бу дурдоналарни кўз қорачиғидек асраш баробарида тамомила янги, замонавий қиёфа касб этган. Ўзбекистонга илк бор келганимда Тошкент ўзининг ям-яшил боғлари, хиёбонлари билан ёдимда қолган. Бугун ўша боғ-роғлар, хиёбонлар янада кўркамлашган, шаҳар янги-янги, муҳташам бинолар билан янада ёшаргандек. Ҳайратдан сўз тополмайман.

Биргина аэропортдан Ёзувчилар уюшмасигача бўлган йўлларда алвон гуллар, чечаклардан кўз қамашади. Улуғвор, серсоя дарахтлар, анвойи чаманзорлар, фаввораларнинг рақсу самоси, ариқлардаги зилол сувлар қирқ даражадан юқори ҳароратни ҳис этишингизга йўл бермайди.

Самарқандда, табиийки, энг аввал тарихий обидаларни зиёрат қилдик.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Самарқанд шаҳрида дунёга келган. Тошкентда, Оқсарой қароргоҳида унга муҳташам ҳайкал қўйилган бўлса-да, буюк давлат раҳбари ўз васиятига кўра пойтахтда эмас, она шаҳридаги қадимий масжид ёнида дафн этилган. Бокуда Навоий ҳайкалининг очилишида Президентимиз Илҳом Алиев мени Ислом Каримов билан таништирганди. Ўшанда у менда донишманд ва самимий инсон сифатида таассурот қолдирган. Шу сабабли унинг қабрини зиёрат қилишни шарафли бурчим, деб билдим.

Ислом Каримов ўта ғурури баланд, ориятли инсон экани ҳақида кўп эшитганман. ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори Федерико Майор Самарқандда Улуғбек расадхонасини зиёрат қилган чоғида шундай деган экан: “Улуғбекнинг математик ҳисоб-китобларидан яхши таниш бўлган олимлар бу ҳисоб-китоблар замонавий компьютерлар кўрсатган натижалардан жуда кам фарқланишини айтишади, Улуғбек жузъий хатоларга йўл қўйган экан, холос”. Шунда Каримов Федерико Майорга қараб: “Бу жузъий хатоларга Улуғбек эмас, замонавий компьютерлар йўл қўйган бўлса керак”, деган экан. Кейинчалик Федерико Майор Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини ёзаркан, Каримовнинг ўша ҳазил аралаш эътирозини эслаб, уни асл ватанпарвар сифатида ёдга олади.

Улуғбек расадхонаси ҳам, мадрасаси ҳам, умуман, давлат раҳбари сифатида кўрсатган фаолияти ҳам ҳақиқатан мўъжизанинг ўзи. Амир Темурнинг севимли набираси ҳукмдор сифатида ҳам ўз вазифаларини бажарган. Ўзи қурдирган расадхонада коинот сирларини ўрганган. Расадхонани кўрдик, унинг қаршисидаги Улуғбек музейида ўша давр астрономик асбоблари билан танишдик.

Набирадан сўнг бобонинг абадий оромгоҳига йўл олдик. Амир Темур мақбараси ўзининг муҳташамлиги билан кишини ҳайратга солади. Гарчи бино шарқона усулда қурилган бўлса-да, негадир менга Парижда, Наполеоннинг Ногиронлар уйидаги қабрини эсга солди. Бир хил улуғворлик, муҳташамлик, бир хил буюклик тимсоли.

Амир Темурнинг, ўғиллари Шоҳруҳ ва Мироншоҳ, набираси Улуғбек ва бошқаларнинг қабри пастда жойлашган. Сайёҳлар кўрадиган тепадаги қабр тошлари пастдагилар билан деярли бир хил. Амир Темур қабри устидаги нефрит тоши бошқа қабрлардагидан кескин фарқланади. Ривоятларга кўра, Амир Темур: “Агар қабримни очадиган бўлсангиз, катта фалокат юз беради”, деб каромат қилган эмиш.

Совет археологлари бу ривоятга эътибор бермай, 1941 йил 21 июнда қабрни очади. Эртаси куни уруш бошланади. Бу жараённи суратга олган оператор фронтда бир оёғидан айрилади. Ушбу жараёнларда қатнашган яна бир режиссёр Малик Қаюмов тўқсондан ошиб вафот этибди.

Буюк Амир Темурни совет даврида золим, қаҳри қаттиқ ҳукмдор сифатида кўрсатишган. Бугун унинг шахсиятига холис баҳо берилмоқда. У жаҳон сиёсати тарихида Искандар Мақдуний, Юлий Цезарь сингари буюк ва жасоратли саркардалардан бири экани эътироф этилаётир. Шу билан бирга, у илм-фанга, шеъриятга, санъатга алоҳида эътибор билан қараган, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда мислсиз гўзал обидалар барпо эттирган. Бу унинг тарихда эзгу ном билан қолишида катта ўрин тутади. Амир Темур шоиру олимлар, санъат ва ҳунар аҳлига алоҳида ғамхўр­лик қилиш билан бирга, бугунги таъбир билан айтганда, толерантлик, яъни диний бағрикенгликка ҳам алоҳида эътибор берган.

Самарқанднинг четида ясси тепаликда авлиё Даниил ёки Хожа Дониёр исмли зотнинг мақбараси бор. Баъзилар авлиёнинг жасади Бағдоддан шу ерга олиб келиб дафн қилинган деса, баъзилар фақат бир ҳовуч тупроқ келтирилиб рамзий қабр бунёд этилган дейишади.

Тепалик этагида худди Шушадаги булоқлар сингари муздек сувли чашма бор. Яна бир ривоятга кўра, бу булоқдан ният қилиб сув ичиш керак экан. Исроилда, Қуддусдаги “Йиғи девори” олдида ниятларимни бир парча қоғоза битиб, тош орасига жойлаб кетгандим. Самарқанддаги бу булоқдан сув ичарканман, энг улуғ ниятимни сўрадим.

Самарқандни очиқ осмон остидаги музей деганларича бор. Бу шаҳар билан фақат Рим беллаша олиши мумкин. Регистон майдони аниқ ҳисоб-китобларга таяниб бунёд этилиши билан Римдаги Авлиё Пётр, Петербургдаги Сенат, Париждаги Этуаль обидалари билан тенглаша олади.

Регистон аслида “қумлоқ” деган маънони беради. Майдоннинг уч тарафида мўъжизакор иморатлар тикланган. Тўртинчи тарафи кириш ва кўриш учун очиқ қолдирилган. Шу очиқ томондан қаралганда, чап томондаги бино Улуғбек мадрасасидир. Мадрасанинг тўрт томондан деворлар билан ўралган ички қисми Европа шаҳарларида, хусусан, испан меъморчилигида кенг тарқалган патио – ички ҳовлиларни эслатади. Табиийки, Улуғбек мадрасаси ҳовлиси анча катта.

Регистон майдонининг очиқ тарафида ўриндиқлар ўрнатилган. Вақти-вақти билан бу ерда турли томошалар, байрамлар, фестиваллар ўтказиб турилади. Келин-куёвлар бу ерга келиб, Регистон фонида расмга тушишади.

Самарқанднинг машҳур обидалари қаторида Бибихоним масжиди, Шоҳизинда мажмуаси ҳам бутун дунёга машҳур. Шоҳизинда мажмуасини яратган усталар орасида озарбойжонлик ватандошларимиз ҳам бўлган.

Самарқанд билан хайрлашиб, тезюрар поезд­да Тошкентга йўл олдик. Икки соатда пойтахтга етиб келдик. Биз турган “Сити палас” меҳмонхонаси ҳовлисида қабул маросими уюштирилди. Хушовоз хонандалар ўзбек қўшиқлари билан бирга Рашид Беҳбудов, Эдит Пиаф, Френк Синатра репертуаридан намуналар, Россинининг “Севильялик сартарош”, Пуччинининг “Маликаи Турондот” операларидан ариялар ижро этишди. Қорақалпоғистонлик истеъдодли ёш хонанда Женисбек Пиязов Муслим Магомаев ижро этган иккита қўшиқни куйлади. У Муслим Магомаев номидаги халқаро танловда қатнашиб, биринчи ўринни эгаллаган экан.

Туркиялик ёзувчи ва таржимон, адабиётимизнинг содиқ дўсти Имдат Афшар билан анча суҳбатлашдик. Туркия ва Ўзбекистон ўртасида анча йил давом этган совуқ муносабат йўқолганидан хурсанд бўлдик. Сиёсий ва маданий алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётир.

Туркияда туркий тилли давлатлар ўртасида ўтказилган турли анжуманларда Ўзбекистон вакилларининг йўқлигини кўриб, очиғи, бироз кўнглим чўкарди. Чунки турк дунёси ўзбекларсиз кемтик бўлиб қолади. Туркия ҳам Ўзбекистон учун қадрдон ва қардош ўлка саналади.

Имдат мени Жанубий кореялик турколог хоним — Ин Генг О билан таништирди. У туркология бўйича дастлабки таҳсилни Сеулда олган, Истанбулда тамомлаган экан. Кўплаб туркий тилларни, жумладан, турк, озарбойжон, ўзбек тилларини биларкан. Турк дунёсининг энг чекка ҳудудларида, ҳатто Ёқутистон ва Олтойда ҳам бўлган. Озарбойжонга келиб университетимизнинг профессори, ёзувчи Воқиф билан ижодий алоқаларни йўлга қўйган экан.

Хоним ўзбекларнинг “Алпомиш”и ва корейсларнинг “Жумонг” эпоси ўртасидаги топологик таҳлилга бағишланган китобини менга совға қилди. Агар “Алпомиш” бизнинг “Дада Қўрқут” достонидаги Алп Бамсига яқинлигини эътиборга олсак, хонимнинг Озарбойжон фольклори билан ҳам қизиқишини кўриш мумкин. О хоним биз билан Бокуга учиб, йигирма кун диёримизда меҳмон бўлишини айтди.

Энди юқорида ваъда қилинган масала — ёзувчиларга боғлиқ масалалар ҳусусида бир неча оғиз сўз юритсам. Биз ҳамиша уюшмамиз ҳеч қачон йўқолмай, парчаланмай келаётгани, газета ва журналларимиз ҳамон нашр этилаётгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Зеро, кўпгина собиқ совет республикаларида иттифоқ парчаланганидан сўнг ёзувчилар ташкилотлари ёпилди, парчаланди, адабий нашрлар тўхтади, бори ҳам абгор аҳволга тушиб қолди.

Буларнинг барчаси ҳақиқат. Аммо яхши мисоллар ҳам бор. Бунга Ўзбекистонни бемалол мисол келтирса бўлади. Бу ерда Ёзувчилар уюшмаси ҳеч қачон ёпилган ёки бўлиниб кетгани йўқ. Адабий нашрлар сони тобора ортиб бормоқда. Ҳар бир вилоятда Ёзувчилар уюшмасининг бешта штатга эга бўлимлари бор. Бўлим раҳбарларига юқори маош ва хизмат машиналари ажратилган. Бундан ташқари вилоятлар ҳокимлари ёзувчилар учун ҳомийлик кенгашини бошқаради. Ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйидан ташқари мамлакатнинг яна икки ҳудудида ижод уйлари қурилмоқда. Тошкентда ёзувчилар учун ажратилган ҳудудда 120 хонадонга мўлжалланган иккита турар-жой мажмуаси давлат ҳисобидан бунёд этилаётир.

Илгариги адабиёт жамғармаси ўрнига иккита замонавий фонд – “Ижод” ва “Илҳом” фондлари тузилган. Уларнинг молиялаштирилиши ҳам эътиборимни тортди. “Ижод” фонди фақат ёзувчилар, “Илҳом” эса бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорларга хизмат қиларкан. Бу фондлар давлат бюджетидан, қисман ҳомийлик ёрдамларидан, қисман давлат тасарруфидаги ва бошқа нашриётларда чоп этилаётган китоблардан тушадиган даромадларнинг муайян фоизи ҳисобидан молиялаштирилар экан.

Нашриётларнинг бу фоизлари меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Агар шу тўловларни бўйнига олмаса, нашриётларга лицензия берилмас экан. Бу тажрибани биз ҳам қўллаб кўрсак зиён қилмасди.

Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўзбек шоир ва ёзувчиларидан Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ва бошқаларнинг ҳайкаллари ўрнатилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Бадиий академиянинг таклифларига кўра, шаҳарнинг бошқа ҳудудларига ўрнатилган машҳур шоирлар – Ҳамид Олимжон, унинг рафиқаси, шоира Зулфияхоним ва ўафур ўулом ҳайкаллари ҳам Адиблар хиёбонига кўчирилган.

Бу ерда халқ шоирлари Эркин Воҳидов ва уюшманинг собиқ раҳбари Абдулла Ориповнинг ҳайкаллари ҳам ўрнатилади. Ушбу хиёбонда маънавият дарслари, ўқувчилар, биринчи нав­батда ёшлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш, хорижлик меҳмонларни ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижоди билан таништириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Маданият ва санъат кўргазмаси зали ҳам Ёзувчилар уюшмаси ихтиёрига берилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ёзувчилар уюшмаси нуфузини янада оширишга йўналтирилган қатор фармон ва қарорлари эълон қилинган.

Бир қатор адибларнинг ижод мактаблари ташкил этилган. Уларда ўзбек адабиётини чуқур ўргатишга алоҳида аҳамият берилади. Биз иштирок этган халқаро анжуман ҳам ўзбек адабиётини дунёга танитишда, ўрганилишида, тарғиб этилишида муҳим қадам бўлди. Навоий ва Бобур даҳолари ила, Муқимий, Ҳамза, Чўлпон сингари адиблар мероси ила бой ва мукаррам ўзбек адабиёти чиндан-да дунёга кенг танилишга, ўрганишга ва намуна бўлишга лойиқдир.

Қардош ўзбек ёзувчилари билан мустаҳкам ижодий ҳамкорлигимизни янада кучайтириш Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги зиммасидаги шарафли ва муҳим вазифадир».

Манба: uzas.uz

 

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар, Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Муносабат, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча