"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ибройим Юсупов. Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг

Ўқилди: 190

Ибройим ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири  

     

 

 

 

МЕНИНГ ЙИГИТ ВАҚТИМ,

СЕНИНГ ҚИЗ ВАҚТИНГ

ТошДУ десам, дарҳол тушади эсга,

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…

Тўғри самолётдан тушдим-да кечда

Ётоқхонангизнинг эшигин қоқдим.

 

Нукусдалигингда сен мени кунда,

Ҳатто соат сайин соғинар эдинг.

Ушбу дамда мени кўриб Тошкентда,

Зўрға мийиқ тортиб: «Сенмисан?» дединг.

 

Гулшанда очилган бир атиргулдай

Чиройинга чирой қўшган экансен.

Қувончимни қандай айтишим билмай,

Ютиниб, термулиб қарайвердим мен…

 

Қўлтиқлашиб кетдик катта йўл бўйлаб,

Жим бораётирмиз. Кулиб қўясан.

«Жоним, айт, хаёлга толдинг не ўйлаб?

Эртан учрашармиз қаерда, қачон?»

 

«Эртан қўлим тегмас… Имтиҳоним бор…»

Дединг менга айёр сузиб кўзингни.

Навоий театри халқ билан қайнар,

Одамлар ичига урдинг ўзингни.

 

Зар кўйлак нур сочиб ёнар устингда,

Ногаҳон: «Кечиргин, тобим йўқ…» дединг.

Сўнг мармар зинадан тезда тушдинг-да,

Кетдинг… Мен сен учун бегона эдим.

 

Сўнгги «Казбек»имни олиб тутатиб,

Узоқ тентирадим Анҳор бўйинда.

Мажнунтол шохлари сувларга ботиб,

Сенинг сочларингни солар ўйимга.

 

ТошДУ десам, мудом тушади эсга

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.

Сенга энди қайтиб ҳалал бермасга

Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.

 

«Кел» деб чақиради очиқ ойналар,

Боғлар «Кел, йигитим, қайғурма» деяр.

Юрагимни тирнаб йиғлар «Тановар»,

Япроқларни тинтиб шамоллар куяр.

 

Мен ҳар гал борганда энди Тошкентга

Сенга учрашмасга тиришар эдим.

Бир куни тўсатдан мени кўрдинг-да,

«Ростдан ҳам сенмисан, сенмисан?» дединг.

 

Айни тонг чоғида очилган гулдай

Қиз бўлиб чиройга тўлган экансан.

Ҳинд қўлига тушган асранди филдай

Унсиз етагингга юравердим мен.

 

Товусдай товланган ўзбек қизлари

Ҳурмат билан менга бўлди гиргиттон.

Эски дўстларимдай кулишиб бари

Чой қуйиб, ёзишди ажиб дастурхон.

 

ТошДУ – илм боғи, ёшлар дўстлиги,

Қанча кўнгилларга нур берар ёғдунг.

ТошДУ – минг-минг йигит-қизлар ёшлиги,

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.

 

  Қорақалпоқ тилидан

                        Рустам МУСУРМОН таржимаси.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Жаҳон шеърияти, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”