"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ватан сунъий «♥» билан севилмайди!

Ўқилди: 171

 

ВАТАН СУНЪИЙ “Ҳой, барака топгурлар, қаёққа қараб боряпмиз ўзи, ҳаммаёқни “I ♥…” деган ёзув босиб
кетди-ку! Шундан кўра, оддийгина қилиб, “Хуш келибсиз Тошкентга!” ёки
“Ўзбекистон – Ватаним маним!” деб ёзсак, гўзал иш бўлмасмиди?!”


Бу – пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида умргузаронлик қилаётган тўқсон ёшни қоралаб қолган, кекса геолог Адиба ая Магзумованинг ташвиш ила айтган сўзлари. Онахоннинг куйинганича бор. Ростданам кейинги пайтларда мамлакатимизнинг турли бурчакларида ана шу учта ажнабий сўзни Тошкентдан тортиб, республикамизнинг барча шаҳар-туманлардаги гавжум майдонлар, кириш-чиқиш жойларида ёзиш урфга айланиб кетяпти.

“Қашқадарё” газетасида шу йилнинг 25 августида чоп этилган “ШАҲАР ҲОКИМЛИГИДАГИЛАР НИМАНИ МАҚСАД ҚИЛГАНДИ?” деб номланган мақоладан олинган ушбу парчага эътибор беринг:
“Кўзи тушганлар бордир, бир муддат аввал вилоят мусиқали драма театри ёнида худди шундай “юракчали” битик пайдо бўлди. Ўрнатилиши ҳамоно унинг сурати газетамизнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жамоатчилик фикрини билиш мақсадида жойлаштирилди.
Энг қизиғи, мазкур пост 200 дан зиёд “лайк” йиққани ҳолда бирор киши “I ♥ QARSHI” деган лавҳага ижобий муносабат билдирмади. Фойдаланувчилардан бири “Оммавий маданият”нинг бир кўриниши” деб баҳо берган бўлса, яна бир юзер “Qarshi эмас, Karshi бўлади” деб лавҳадаги хатони айтди. “Baxadir Musaev” номли профил эгаси эса “Аввало, ёзилса ё инглиз тилида, ё ўзбек-лотин алифбосида бўлиши керак, “I love Qarshi” бўлмасди шунда. Иккинчидан, бу юрак белгисини 14 февраль куни роса боплаб таъзирини берамиз-ку (аслида у эротик белги). Яна буни маданият кошонаси ёнида ўрнатиш нимаси? Етиб келибмиз шекилли”, дея фикр билдирди.
Вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Маматқулов ижтимоий тармоқдаги ушбу постга “Буни театр қўйдиргани йўқ. Шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан қўйдирилган. Биз буни олдиришга ҳаракат қиламиз”, деб ўз муносабатини баён қилди.
Аҳамиятлиси, ижтимоий тармоқдаги фикрлар акс-садоси ўлароқ, ушбу лавҳа эртаси куниёқ театр биноси ёнидан олиб ташланди. Бироқ бу ердан олиб ташлангани билан “Атлас” савдо мажмуаси ёнида хўтикдай ҳарфлар билан ёзилган “I love…” “қўр” тўкиб турибди.”
Биламиз, бу “оммавий тақлидчилик” ортида жуда катта моддий манфаат ётибди. Лекин ана шу маблағ кимнинг ҳисобидан қопланяпти, деган ҳақли саволга қандай жавоб топиш мумкин? Бизнингча, бирор дасти учун тадбиркор бундай улкан харажатни зиммасига олмаслиги тайин, тўғрими, демак, давлатнинг озгина эмас, (бюджетнинг ҳам ҳисоб-китоби бор-ку!) анча-мунча маблағи сарфланаётир.
Хўш, нима қилиш керак? Агар аҳвол бугунгидек, қандай қилиб бўлмасин, хўжакўрсин учун “юракча”ларни кўчаю майдонлар, трассаю боғларгача ўрнатиш давом этаверса, билмадик, эртага маҳалламиз, ҳатто уйимиз эшигига ҳам “I Love you” деб ёзишдан қайтмаймиз.

Рўзибой Қўлдошев,
тележурналист:
– Мустақиллик байрами кунлари Тошкент янгича қиёфага кирди, десам, муболаға бўлмас. Номи қайтарилган “Халқлар дўстлиги” майдони,  халқимизнинг меҳр-оқибати, бағрикенглиги тимсолига айланган машҳур Шомаҳмудовлар ҳайкали, айниқса, ҳар қандай инсон қалбига ўзгача ғурур бағишловчи манзара – осмонга бўй чўзиб ҳилпираётган Ватанимиз байроғини кўриб, роса суюндим. Бир пайтлар Туркияга борганимда ана шундай ажойиб кўринишни кузатиб, ҳавас қилган эдим. Бўлар экан-ку. Лекин шундоққина бекат ёнига келганимда
“I Love you Tashkent” деган ёзувни кўриб, кўнглим оғриди. Қани айтинг, Европа ёки Осиё, Япония, Корея, ёхуд ана шу инглиз тили ва ёзуви амалда бўлган АҚШ ва бошқа давлатларнинг қай бирида биздагидек (ўзбекча ёзиш-ку тушимизгаям кирмасин) “юракча”ни қўйиб ватанга севги изҳор қилиш одатга айланганмикан?
Яна биз юқорида иқтибос келтирган мақола юзасидан айрим зиёлилар, оддий фуқаролар билдирган фикр-мулоҳазаларга қайтамиз:
Журналист Олимжон Ўсаров: “Ғоя жуда яхши экан, лекин шу сўзларни ўзбекча қилиб ёзса бўлмайдими? Инглизлар ўзбек тилида “Мен Лондонни яхши кўраман” деб ёзармикан, нима дейсиз? Агар илтимос қилсак-чи? Барибир “ЙЎҚ”ми?! Унда биз нега ўз шаҳримизни севишимизни ажнабий тилда изҳор қилишимиз керак? Шусиз ҳам Навоий, Бобур, Абдулла Ориф, Эркин Воҳид ижод қилган, ардоқлаган тилимизни кўп хўрладик-ку”,деган фикрни билдирган бўлса, таниқли карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов “Ҳамма жойда оммалашиб кетяпти мана шу нарса. Ўзимизнинг чиройли тилимиз бор. Шу кунларда Бешариқ шаҳрида бўлиб қайтдим. У ернинг марказида ҳам “I love Beshariq”ни худди шу услубда катта қилиб ўрнатиб қўйишибди”, дея изоҳ қолдирган.

Ижодкор Ўктам Мирзаёр “Ўша, биз юрак деб қабул қилган қизил сурат асли қамоқхонада чизилган. Ишратли “муҳаббат” манбаининг тасвири. Бу ҳозир хорижда “оммавий маданият” тарғиботчиларининг рамзига айланган. Афсуски, буни тушунмаяпмиз”, дейди.

Азамат Зиё эса муаммонинг илдизига теранроқ назар солишга интилади: “Кеча ёки бугун қайсидир бир телеканалимизда Тожикистонга саёҳатга тарғиб этувчи лавҳаларда мазкур мамлакат пойтахтидаги “I love Dushanbe”га кўзимиз тушдию, шу ҳақида ўйлаб юрган бир хулосамиз ўз тасдиғини топди. Яъни бу каби бегонапарастлик, аслида эса ожизлик бизгагина эмас, кечаги мустамлака миллатларнинг кўпчилигига хосдир. Бир сўз билан айтганда, ўзликни англаш жараёни биздагина эмас, бошқаларда ҳам қийин кечмоқда. Нега шундай бўлмоқда? Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Кечаги билим, тажриба, тизим билан бугунги ҳаётга мос келолмаймиз”. Кечаги билим, тажриба, тизим моҳияти нимадан иборат? Совет режимида илдиз отган билим, тажриба, тизимнинг сақланиб қолаётганида! Илгари Москвага тақлид қилинган бўлса, бугун эса устига-ус­так янгиларига. Тўғри, тақлид, ўрганиш керак. Бу фойдали иш ва бунга оид мисол ва тажрибалар жуда кўп. Масалан, японлар шундай йўл тутганлар, хитойликлар ҳам ишни шундан бошлаганлар. Аммо ўзлик эвазига эмас! Яна бир гап: миллий туғимизни бир неча ўн метр бўйликда тиклаш ҳам урф бўлиб бормоқда! Жуда яхши! Бироқ бу билан биз ўзликни англаш, миллатсеварлик, юксак тафаккур ва замонавий билим сингари марраларни моҳиятан эгаллай оламизми ёки йўқми?! Эски замонларга ўхшаш яна янгича кўринишдаги ура-ураларга муккамиздан кетмаяпмизми? Миллат, эл-юрт, вилоят, шаҳар, қишлоқ, маҳаллага нисбатан севги, садоқат ва фидойиликни юрагимизга ва уларни унумга айлантирадиган билимни миямизга ўрнатайлик. Ўзимизни қадрламоқчи бўлсак ва бизни қадрлашларини истасак, аввало тилимиз ва ёзувимизни қадрлайлик.”

 

Пойтахт, вилоят ва шаҳар-туман марказларини қўяверинг, бу қурғур “юракчалар” энди дов-дарахтларниям “ишғол” этаётир. Ана шундай кулгули ҳолатни куни кеча пойтахтимиздаги деярли бутунлай қайтадан қурилган “Central Park” (шоҳу аллома Мирзо Улуғбек бобомиз  XXI асрга келиб кимнинг арпасини хом ўрган эканки, бу жойдан ҳам муборак номлари олиб ташланди!) боғида кўриб ёқамизни ушладик.
Бу каби алмойи-жалмойи “кашфиёт”ларни кимлар ўйлаб топаётган экан-а? Шуниси етмаётганди. Айтдик-ку, бу кетишда эрта-индин авто ва аэротранспорт, от-эшак аравалар ва ниҳоят, ўзимиз ҳам пешонамиз, олд-кетимизга “юракча”ни ёпиштириб олсак, ҳеч ким ажабланмайди, нима дейсиз?

Танганинг орқа томони ҳам бор деганлари рост экан. “Бахт кўли” (“Роҳат” чорраҳаси) ёнгинасидаги айлана жой, яъни водийдан пойтахтга кириш йўли устига “Тошкентга хуш келибсиз” (WELCOME TO TASHKENT)  деган соф ўзбекона, гўзал ёзувни кўриб бошимиз осмонга етди! Бўлар экан-ку! Ана шундай самимий лутфимиз туриб, қаердаги сунъий ёзувларни нега қалаштириб ётибмиз!

Ватан қандай севилади?
Ватан қандай ардоқланади?
Ватан қандай улуғланади?
Юзаки, қуруқ, тақлид, кўчирмакашлик ёхуд сизу бизнинг онгу шууримизга сездирмайгина кириб, манқуртликка судраётган “оммавий маданият” белгилари (афсуски,
“I ♥…”лар ҳам бундан мустасно эмас) орқали севиш мумкин эмаслигини наҳот унутиб қўяяпмиз?
Ватанни чин юракдан севайлик!
Ватанни сохта сўзлар билан севиб бўлмайди!

Қодир КАРВОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола «XXI asr» газетасидан олинди

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”