"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Меҳнатдан бахт топган аёл

Ўқилди: 189

Жамиятимизда аёлларнинг ўрни алоҳида. Оналик, рафиқалик, келинлик вазифаларидан ортиб, қайсидир соҳада ўз касбининг фидойиси сифатида эл ичида обрў-эътибор қозониб келаётган юртдошларимиз талайгина. Уларнинг ҳаёт йўлини келажак авлод учун ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди. Меҳнатга тоби йўқ айрим қизларимиз ичида умид билан фарзанд ўстирган қайнона-қайнотасига хизмат қилишдек оддийгина юмушни ҳам малол олиб, оила деган муқаддас даргоҳдан юз бураётганлар ҳам бор.
Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикасига чегарадош узоқ туманларидан бири Қўрғонтепа – меҳнатсевар, миришкор деҳқонлар, уста боғбонлар, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт пешволарига бешик бўлган юрт. Туманда ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари азалдан дўсту биродар, қуда-анда бўлиб иноқ-аҳил истиқомат қилиб келишади. Қўрғонтепаликлар ғалла, пахта, мева-сабзавот, гўшт-сут каби иқтисодиёт учун зарур маҳсулотлар етиштиришда вилоятда етакчи бўлиш билан бирга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам қатор муваффақиятларни қўлга киритиб келмоқдалар.
Муҳаббат Йўлдошева меҳнатдан бахт топган ана шундай юртдошларимиздан. У 1988 йилда Йўлдошевлар оиласига келин бўлиб тушганида оддийгина ҳисобчи қиз эди. Ота-оналари эрта қазо қилгани учун оилада тўнғич фарзанд Аъзамжон ва унинг рафиқаси Дилоромхон ота-она ўрнида эди. Ёш оилани қўллаб-қувватлаб, янги мустақил ҳаётга йўналтиришда уларнинг ёрдами катта бўлган. Маъруфжон ва Муҳаббатхонлар оиласида бирин-кетин икки фарзанд дунёга келди. Оила хизматларидан ортган вақтларида Муҳаббатхон тикувчилик билан шуғулланиб, қўни-қўшниларнинг дуосини олди. Иккита тикув машинаси билан иш бошлаган ёш тикувчи қишлоғидаги чеварчиликка қизиққан қизларни шогирдликка олиб, уй шароитида уларга ушбу ҳунар сирларини ўргатди, буюртмалар асосида маҳалладошларининг ҳожатини равон қилди.
2010 йилда шогирдлар сони тобора ортиб, анча шуҳрат қозонган Муҳаббатхонга туман ҳокими Авазбек Эргашев Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган собиқ Энгельс номидаги жамоа хўжалигининг идорасида фаолиятини давом эттириш ва имтиёзли кредит олиб, янги иш ўринларини ташкил этиш таклифини берди.
Юз миллион сўм имтиёзли кредит эвазига Муҳаббат Йўлдошеванинг кичиккина тикувчилик цехи “Капитал белла” масъулияти чекланган жамиятига айланди. Корхонада ўн икки турдаги трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўн беш нафар иш ўрнига эга корхона йилдан йилга тараққий топиб, иш ўринлари сонини қирқтага етказди. Корхона энг замонавий иш дастгоҳлари билан таъминлангани боис маҳсулот турлари кўп, ишлаб-чиқариш самараси баланд бўлса-да, меҳнат унчалик оғирмас. Ўн икки тикув машинасини тўрт киши бошқариши мумкин.
Ишчилар ичида учирма шогирд бўлганлари талайгина. Бу ерда ҳунарнинг сир-асрорларини яхши ўрганиб олиб, турмушга чиққан қизлар ўз оилавий бизнесини йўлга қўядилар. Муҳаббат Йўлдошева икки юз нафардан зиёд шогирдлари ўз режаларини амалга оширишлари учун уларга керакли барча ёрдамларни бериб келмоқда.
Бир неча йиллар давомида Россия давлатида ишлаб келган Баҳром Мирзараҳимов қўлидан анча-мунча тикув-бичув ишлари келадиган ҳунарманд йигит. Бугунги кунда Муҳаббат Йўлдошеванинг корхонасида фаолият юритиш билан бирга, топган даромадига уч дона тикув машинаси сотиб олиб, ўз ўйида тикувчилик цехини ва нонвойликни йўлга қўйди.
– Россияда иш излаб юрган кезларим, Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлганлар учун шароит яратиб берилаётганини эшитиб, тўғриси, унча ишонмагандим. Омад ҳаракат ва меҳнат ортида экан. Бугунги ҳаётимдан мамнунман. Яна режаларим кўп. Имтиёзли кредит олиб, тикув цехимни кенгайтиримоқчиман. Ишчиларим сонини йигирматага етказиш ниятидаман, – дейди Баҳром Мирзараҳимов.
Ўзидаги иқтидор, изланувчанлик, меҳнатсеварлик туфайли бугун вилоятда кўзга кўринган тадбиркор аёлга айланган Муҳаббатхон Президентимиз томонидан яратиб берилаётган катта имкониятлардан оқилона фойдаланиб, 2017 йилда банкдан уч юз миллион сўм имтиёзли кредит олди ва Хитой Республикасидан пайпоқ тўқиш дастгоҳи олиб келди.
Натижада яна ўн икки нафар коллеж битирувчиси иш билан таъминланиб, халқимиз учун арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Муҳаббатхон топган даромадлари ҳисобидан нон пишириш печлари сотиб олиб, халқимиз дастурхонига иссиқ нонларни етказиб беришни ҳам йўлга қўйди ва ўн нафар йигит-қизни иш билан таъминлади.
2016 йил декабр ойида “Қўрғонтепа бриллиант” микрокредит масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган Муҳаббат Йўлдошева ҳамюртларини осон ва қулай кредит маблағлари билан таъминлаётгани унинг тадбиркорлик йўналишидаги яна бир фаолиятидир. 17 миллион сўмгача кредит бериш имконига эга жамиятдан Қўрғонтепанинг Қўштепа қишлоғида яшовчи Мадина Мендиева уч миллион сўм кредит олди ва ўз маблағини ҳам қўшиб, хонадонида беш иш ўрнига эга бўлган ёш болалар кийимларини ишлаб-чиқариш цехини ташкил этди. Дилноза Савриддинова эса товуқчиликни, асли касби ҳамшира бўлган Шаҳноза Ҳасанова эса қуёнчиликни йўлга қўйди.
Муҳаббатхоннинг ҳар бир мақсадларини турмуш ўртоғи Маъруфжон Йўлдошев қўллаб-қувватлаб, унга яқиндан ёрдам бериб келади. Маъруфжон бошқарадиган “Универсал белла” масъулияти чекланган жамияти “Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳозирда ўттиз нафар ёш қурувчилар билан бирга туманнинг Маъмуробод қишлоғидаги врачлик пунктида қайта таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
– Шу жаннатмонанд Ватанда элу юрт олдида ёруғ юз билан яшаётганим асосий бахтимдир. Худойим мени барча ниятларимга бирин-кетин етказаётганига шукр қиламан. Ўғлим Жавлонбек корхонанинг ишларини бемалол ўзи мустақил бошқаришни уддалаяпти. Қизим Шаҳноза “Ипотекабанк” ходими. Уч нафар набирам бор. Президентимизнинг, вилоятимиз раҳбарларининг эътиборидан кучимга куч қўшилади. Ҳали олдинда катта-катта амалга оширадиган ишларим бор, – дейди Муҳаббат Йўлдошева. – Бу йил Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида менга муҳтарам Президентимиз фармони билан “Дўстлик” ордени берилганлиги, нафақат мени ва оиламни, балки барча қўрғонтепалик аёлларни хурсанд қилди, руҳлантирди, десам муболағамас. Олис қишлоқда яшаётган оддий тадбиркор аёлга билдирилган ишонч ортида юксак масъулият ҳам турганлигини, албатта, юракдан ҳис қиламан.
“Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳасига биноан яна имтиёзли кредит олиш ниятидаман. Мебел ишлаб чиқарувчи, чақалоқлар учун замонавий тагликлар ишлаб-чиқарувчи корхоналар ташкил этишни режалаштирганмиз. Хусусий мактабгача таълим муассасаси очиш ҳам истиқболдаги режаларимиздан. Агар ушбу режамиз амалга ошса, кам таъминланган оилалар фарзандларини бепул тарбиялаб бериш ниятидамиз.
Барча эзгу ниятларингиз амалга ошсин, Муҳаббат Йўлдошева! Юртимизда сиз каби меҳнатсевар, тадбиркор, уддабурон аёлларимиз кўпайсин! Зеро, Ватанимиз гуллаб-яшнаб жаҳонга юз тутиши, ҳаётимиз фаровонлиги, эртанги ёруғ келажак, қўйинг-ки, барча эзгу, олий манзилларга сиз босиб ўтаётган тинимсиз изланиш, интилиш йўллари, ўзаро меҳр-оқибат, қадр-қиммат тушунчалари, аҳиллик ва самимият олиб боради.
Хуршида Ваҳобжон қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 
Андижон вилояти бўлими раҳбари, шоира
Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди