"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Максим Танкнинг бир рози

Ўқилди: 155

Адабий дўстлик – абадий дўстлик!

1978 йилнинг ёзи китоб мутолаасига оид бир “янгилик” боис ёдимда қолган. Ўшанда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат кутубхонаси(ҳозир Миллий кутубхона)га бориб, Ер юзидаги 100 миллат адабиётини навбатма-навбат ўрганишга киришганман. Рўйхатдаги 3-адабиёт белорус адабиёти эди. Орадан роппа-роса 40 йил ўтган бўлса ҳам Янка Лучина, Янка Мавр, Янка Купала, Янка Бриль, Ф.Богушевич, А.Пашкевич(Тётка), М.Богданович, Я.Колас, К.Крапивалар бадииятидаги бетакрор сўз ҳарорати ҳамон шууримда сақланиб турибди.

Йигирманчи асрда собиқ иттифоқ таркибига кирган халқлар адабиётига хос бўлган бир анъана бор эдики, уларнинг ҳар бирида 2 нафардан “карвонбоши” бор эди. Бизнинг ўзбек адабиётида  Ғафур Ғулом ва Ойбек, қорақалпоқ адабиётида Асан Бегимов ва Жўлмирза Оймирзаев, қозоқ адабиётида Мухтор Авезов ва Собит Муқонов, қирғиз адабиётида Аали Тўқумбоев ва Қосимали Баялинов, туркман адабиётида Берди Кербобоев ва Хидир Деряев, тожик адабиётида Мирзо Турсунзода ва Сотим Улуғзода, озарбайжон адабиётида Мирза Иброҳимов ва Сулаймон Рустам, рус адабиётида Николай Тихонов ва Константин Федин, украин адабиётида Павло Тичина ва Максим Рильский  ана шундай юксак мақомга эга эдилар. Уларнинг эзгу саъй-ҳаракатлари боис адабиётлар дўстлиги абадий ҳамжиҳатликка айланди.

Йигирманчи аср белорус адабиётида бу “оқсоқоллик” масъулияти Беларусь халқ шоирлари, академиклар Петрусь Бровка – Пётр Устинович Бровка  (25.06.1905-24.03.1980) ва Максим Танк – Евгений Иванович Скурко (4.09.1912-7.08.1995) зиммасига тушган эди. Уларнинг иккаласи ҳам бу вазифани қойилмақом қилиб бажарганини катта авлод вакиллари яхши билишади. Энг муҳими улар ўзларидан башариятга беминнат хизмат қилгувчи ажойиб асарлар қолдирдилар.

Максим Танкнинг катталарга мўлжалланган илк шеърий тўплами “Босқичларда” 1936 йили чоп этилган бўлса, ҳаётлигидаги сўнгги, 29- “Менинг Нуҳ кемам” 1994 йили босилди. Бундан ташқари 4 марта “Танланган асарлар”и, ўнлаб достон, эртаклари, ҳажвий ҳамда болаларга аталган шеърий тўпламлари нашрдан чиқди. Ва у А.С.Пушкин, А.Мицкевич, В.В. Маяковский ва бошқа улуғ шоирларнинг беназир шеърларини ўз она тилига маҳорат билан ўгирди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида, Москвада, Белоруссия КП МҚнинг сайёр маҳкамасига, саркотиб П.Пономаренко ҳузурига кираётиб Максим Танк ўз “Анна Керни” – Марианна Модоровани учратиб қолади. Марианна кейинчалик бир генералга турмушга чиқади. Шунга қарамасдан атоқли шоир унга бир неча шеърлар бағишлайди. Биз таржима қилган қуйидаги шеърни эса янги ён дафтарчага ёзиб, унга совға қилади. Қизиғи шундаки, худди устоз Ибройим Юсупов “Жайҳун шамоллари” шеърини ўзбек тилида ёзганидек, Максим Танк ҳам бу дил розини рус тилида қоғозга туширган!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

шоир ва таржимон,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

Максим ТАНК

 МАРИАННА

Марианна,  Марианна, деб

Шивирлайди зар қарағайлар,

Субҳидамга туман берар зеб,

Юлдузларга сачратиб кўпик

Юлдузларга сачратиб кўпик

Қум соҳилга тўлқин роз айлар.

Ва балиқчи қушларнинг тўпи,

Ўтишаркан устимдан учиб,

Бу исмни такрорлар кўпи.

Кимдир айтмиш: куйласин мангу

Баҳри Муҳит асов мавжлари.

Балиқчи қуш, зар қарағайлар,

Марианна, дейдилар бари!

Энди осмон остида қолган

Бирор жойдан топмасман ором.

Сен турарсан кўз ўнгида шан

Қиёси йўқ  нур-ла дилором.

Ва биламан қуёшдек ҳамроз

Куйдиргунг дил ярасин яна.

Кўзларингга юз йил боқсам оз,

Марианна, о, Марианна!

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Жаҳон шеърияти, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”