"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Уйғонган умидлар ёғдуси

Ўқилди: 124

Август ойи оиламизда кетма-кет байрам: ўзим, тўнғич ўғлим, кенжа қизим, иккита неварам шу ойда таваллуд топганмиз.

Бу йилги туғилган кунимнинг табрикларини қабул қилиб улгурмасдан, шошилинч етиб келишим зарурлиги ҳақида Тошкентдан хабар келди. Зудлик билан поездга чиқдим ва Қизилқумдан ўтаётган оқшомда телефондан табриклар ёғила бошлади…  Хуллас, саҳро кезиб, Қоратовни  айланиб юрган қорақалпоқнинг оддий бир ёзувчиси сифатида Нукусдан чиқиб, эрталаб  поезддан Ўзбекистон халқ ёзувчиси бўлиб тушдим…

Ҳалигача ҳайратдаман. Бердақ бобом: «Шоир эдим, кўзим кўрганим ёздим, Ҳис этиб, кўнгилга туйганим ёздим» дегандек, менинг озми-кўпми қоғоз қоралаганларим наҳотки шундай юксак мартабага лойиқ бўлса?!

Халқим қувонса қувониб, қайғурса далда бериб юргандим. Мана икки йилдирки, Президентимиз хал­қимиз дардига ора кириб, Орол фожиасининг аниқ ташхисини қўйди: денгизни ичиб қўйган пахтани сув кам талаб этиб, мўл ҳосил берадиган экинлар билан алмаштиришни маслаҳат берди. Агар, ҳеч бўлмаса,  чорак аср илгари мана шундай чора-тадбирлар қўлланганда эди, дарёларимиз тўлиб оқиб, кўнгли тўқ хал­қимиз денгизини ўзи тўлдириб олмасмиди? Президентимиз Оролга қўйган ташхисини БМТ минбарига олиб чиқиб, денгизнинг харитасини ёйиб, бор ҳақиқатни  оламга айтди.

Бу барча қорақалпоқларнинг дилидаги гап эди. Сабаби, биз фожианинг таш­қарисидаги томошабини эмас, ўша фожианинг ўзида, ичкарисида яшаётган халқмиз. Орол бўйларида мудроқ босган одамлар уйғониб, ҳаракатга келди. Кечагина халқини кўришга уяладиган одамови маҳаллий мутасаддилар халқнинг дарди билан таниша бошлади. Пойтахт Нукуснинг янги жамоли, чекка туманларда ишга туширилаётган завод, фабрикаларни кўриб, «Ҳа, ишласа бўларкан-у» дейман ич-ичимдан хурсанд бўлиб. Энг муҳими, ҳар ким ўз ишини қилаяпти: муаллим дарс бераяпти, шифокор даволаяпти, талаба ўқияпти, фермер фермерлигини қилаяпти.

Орол ўз тарихида муаммосиз кун кечирмаган. 1956 йил рус жуғроф олими Воейков: «Орол – табиат хатоси» дея хулоса чиқарган бўлса, орадан сал ўтиб, денгиздаги Қўшоролга сургун қилинган украин қўбизчиси Т.Г.Шевченко: «Кругом море, по середине горе» («Атроф денгиз, ўртасида  қайғу-дард») деган экан.

Лекин халқ тушкунликка тушмади. Ахир, Оролга ҳамдардлик билдирган Расул Ҳамзатов, Мустай Карим, Сергей Залигин, Чингиз Айматов, Эркин Воҳидов қаторида таниқли рус публицисти Василий Селюнин қорақалпоқларни «бедаво оптимистлар» дея бекор ­айтмаган эди.

Байрам арафасида Туркманистонда бўлиб ўтган Ўрта Осиё давлатлари Президентларининг Орол саммитида Президентимизнинг «Орол масаласида барча Президент­лар бир фикрга келди, энди қоғозбозликни қўйиб, амалий ишларга ўтамиз» деганлари Орол атрофида уйғонган умидларга яна ҳам куч берди.

Қувончимнинг дебочаси туғилган кундан бошланганди. Аслида мен таваллуд топмаганимда ҳам дунё ушбу гўзал кўринишида тураверар эди, лекин камтарин меҳнатимни юқори баҳолаб, қорақалпоқ халқи ва адабиётига алоҳида эътибор қаратиб, пойтахт Нукусда Ибройим Юсупов мактабини очиб берган ҳурматли Президентимизнинг ўз қўлларидан 31 август куни Ўзбекистон Анжуманлар саройида ушбу юксак давлат мукофотини олиш бахтига мушарраф бўлиб, бу дунёга бекорга келмаганимни англадим. Энди пойтахт Тошкентнинг кенг Нукус гузаридаги Бердақ бобом ҳайкалига таъзим қилиб, овулга қайтаман. Фурсатдан фойдаланиб, адабиётимиз ойнаси бўлмиш “ЎзАС” орқали мени таваллуд куним ва юксак унвон билан табриклаган барча дўстларим ва менинг ёзганларимга эътироз билдирганларга ҳам чуқур миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Яна бир сўзим, бировга яхши кўриниш учун қалам олмаганман ва олмайман ҳам, бундан буёғига ҳам Бердақ бобом васиятига содиқ «кўнгилга туйилганини» қоғозга туширавераман.

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча