"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дилларга кўчган шеърият

Ўқилди: 113

2018 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Онажоним шеърият” тўгараги ташаббуси билан ўзбек халқининг арслон юракли, метин бардошли ҳамда собит сўзли шоири Шавкат Раҳмон таваллудига бағишлаб “Дилларга кўчган шеърият” деб номланган хотира учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар,  Шавкат Раҳмон шеъриятига ошно кўплаб ёш ижодкорлар иштирок этди.

Тадбир аввалида шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган видеоролик меҳмонларга намойиш этилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, шоир Шодмонқул Салом, шоира Зебо Мирзо, олима Раъно Муллахўжаева шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижоди, шоирнинг салоҳияти, орзу-мақсадлари ҳақида сўзлаб, унинг ижоди, ватанпарварлик ғояларига йўғирилган шеърлари бугунги ёшлар учун ҳам катта ибрат мактаби эканини таъкидлади.

Шавкат Раҳмон 1950 йилнинг 12 сентябрида Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида хизматчи оиласида туғилган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлайди. 1973 йилда Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи (1975-82; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди (1982-84).

Шоирнинг дастлабки шеърлари Ўш вилоят газеталарида чиқа бошлайди. Биринчи шеърий тўплами «Рангин лаҳзалар» (1978) номи билан босилади. Шундан кейин шоирнинг «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби бир қатор шеърий тўпламлари босилиб чиқади. Шоирнинг ўз қўли билан тайёрлаган «Сайланма» тўплами вафотидан сўнг 1997 йили нашр этилган.

Шавкат Раҳмон сўзнинг бадиий имкониятларини кенгайтириш, фикр ва туйғунинг ботиний ҳаракатини ифодалаш усул ва воситаларини топиш мақсадида кутилмаган мажозий образлардан, қиёслардан самарали фойдаланган, бармоқ вазнининг анъанавий ўлчовларини бузиб, ритм ва оҳангга эркин муносабатда бўлган, шеърият билан тасвирий санъат, шеърият билан фалсафа ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаган. Унинг асарларида тарихга, кечмишга саёҳат, ҳозирги кунларга танқидий баҳо етакчилик қилади. Шавкат Раҳмон шеърияти 80-йилларда ўзбек адабиётида кучли оқимни ташкил этган лирик-фалсафий, исёнкорлик руҳидаги асарлар сирасига киради.
Шавкат Раҳмон ўзбек шеъриятини 20-аср испан шоирларининг бадиий тажрибаси билан бойитган. Ф. Г.Лорка («Сайланма», 1979),Х.Р.Хименас,Р.Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Тадбирда Шавкат Раҳмон шеърларидан тайёрланган мушоирада ташкил этилди. Унда “Онажоним шеърият” тўгарагиниг фаол ва иқтидорли ижодкор ёшлари шоирнинг ҳароратли шеърларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этишди.

Тадбир сўнгида шоир Шавкат Раҳмоннинг оила аъзолари шиорининг биз билмаган фазилатлари ва орзу-интилишлари ҳақида сўзлаб, ушбу тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Ёднома, Янгиликлар

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди