"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ватан учун яшайлик!

Ўқилди: 177

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 14 сентябрь куни «Ватан учун яшайлик!» VII Республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелда “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш, уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш вазифалари белгиланган.

Қарор ижроси доирасида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб, она диёримизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги йўлидаги улуғвор янгиланишлар, замондошларимизнинг ёрқин сиймоси акс эттирилган, юксак маҳорат билан ёзилган энг сара бадиий-публицистик мақолалар, очерклар, насрий ва шеърий йўналишдаги энг сара асарлар учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан эълон қилинган мазкур танловга жами 54 муаллифнинг 1о7 асари келиб тушди.

Замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, заҳматкаш халқимизнинг амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий ҳаёт, маърифат ва маънавият соҳаларидаги оламшумул ўзгаришлар, китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти тарғиботи, юртимиз ободлиги, миллий қадриятларимиз ва ёш авлод камоли, миллий ғурур ва ифтихор, Ватан туйғуси, Истиқлол ғоялари ҳаётий мисоллар, теран фикр-мулоҳазалар билан тараннум этилган асарлар учун бир гуруҳ ижодкорлар «Ватан учун яшайлик!» танлови мукофотига сазовор бўлди:

1-ўрин:

  1. Анвар Обиджон – «Фарғоналиклар» эсселар тўплами учун.

2-ўрин:

  1. Наби Жалолиддин – «Тегирмон» романи учун.
  2. Меҳмонқул Исломқулов – «Одам дунёга ҳайратланиш учун келади» бадиий ва публицистик тўплами учун.

3-ўрин:

  1. Манзар Абулхайр – «Навоий асарларининг изоҳли луғати» китоби учун.
  2. Нўмон Раҳимжонов – «Бадиий сўз эстетикаси» тўплами учун.
  3. Зуҳриддин Исомиддинов – «Манас» эпосининг янги таржимаси ва матбуотда эълон қилинган публицистик асарлари учун.

Рағбатлантирувчи мукофотлар:

  1. Сайди Умиров – «Сеҳрли ва меҳрли сўз» бадиий публицистик тўплами учун.
  2. Йўлдош Солижонов – «Лирика латофати, насрнинг назокати» рисоласи учун.
  3. Зебо Мирзаева –адабиёт тарғиботига бағишланган туркум кўрсатувлари ва матбуотда эълон қилинган мақолалари учун.
  4. Муҳиддин Омон – «Ўртамизда ишқнинг гулхани» шеърий тўплами учун.
  5. Адиба Умирова – матбуотда эълон қилинган шеърий ва публицистик асарлари учун.

Шу куни “Зулфияхоним қизлари” клуби аъзоларининг маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Тадбир дастурига кўра, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ҳайкали пойига гул қўйди ҳамда мушоира қилди.

“Дўрмон” ижод уйида “Устоз-шогирд анъанаси”га мувофиқ маҳорат дарслари ташкил этилди. Дарсларни устоз ижодкорлар — Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари — Шарифа Салимова, Ҳаётхон Ортиқбоева (1-босқич), “Меҳнат шуҳрати” ҳамда “Дўстлик” орденлари соҳибаси Зулфия Мўминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гавҳар Ибодуллаева, “Дўстлик” ордени соҳибаси Фарида Афрўз олиб борди.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан “Дўрмон” ижод уйида байрам тадбири ташкил этилди. Ижодкорларга байрам дастурхони ёзилди. Куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”