"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари

Ўқилди: 200

Ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда бутун башарият олдида пайдо бўлаётган, биз илгари дуч келмаган ғоят мураккаб муаммолар, глобал хавф-хатарларни биргаликда бартараф этиш, шу йўлда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиришда, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этадиган ёшларни гуманистик ғоялар руҳида тарбиялашда бадиий сўз санъатининг ўрни ва масъулиятини ҳар қачонгидан ҳам юксалтириш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бу соғинчлар мактаб партасидан, аниқроғи, биз ўқувчилар учун ҳақиқий байрам соатларига айланган адабиёт дарсларидан бошланган эди. Акам Самарқанд университетига ўқишга киролмай, ҳарбий хизматга жўнагандан бери бор-йўғи биттагина хат ёзган, “Ҳозир карантиндамиз, хавотир олманглар, ўзим хабарини бераман”, деганича тўрт-беш ойдан буён – дам-дуд, на хати, на хабари бор.

Онам бўлса “Шу гўдаккинамни олис мусофир юртларга ҳайдадими, Гирмон-пирмонга тушдими, Вингирга олиб кетдими ё, мужбит бирон жойи оғриб қолгандир, бориб войинкаматдан дарагини сўрамайсизми?” дея ҳар кун тонг саҳардан отамни тергагани-тергаган, мактабда эса ўзбек адабиётининг Улуғ Ватан уруши даври бошланган, адабиёт муаллимимиз “Кечқурун ош сузсак бир насиба кам, Қўмсайман бировни аллакимимни. Доимо умидим бардам бўлса ҳам, Баъзан васвасалар босар дилимни” дея “Соғиниш”, “Сен етим эмассан”, “Қўлингга қурол ол!” сингари шеърлардан жўшиб-тошиб парчалар ўқиш баробарида, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Эди Огнецвет, Янка Купала, Якуб Колас, Зулфия, Константин Симонов, Светлана Сомова сингари шоирларнинг ижодию таржимаи ҳолидан қисқа-қисқа айтиб ўтаркан, уруш сабабли эвакуация қилиниб, Тошкентда яшаган қардош адибларнинг матонати хусусида жонли ҳаётий мисоллар орқали ҳикоя қилиб берганида, биз ўқувчиларнинг баданларимиз жимирлаб кетарди.

Мени кутгил ва мен қайтарман,

Ўлимларни қолдириб доғда.

Иши ўнгдан кепти десинлар,

Кутмаганлар бизни у чоғда.

Бу шеър кейин бир умр менинг эсимдан чиқмайди. Унинг тўлиқ таржимасини ўзим Тошкентдан “Книга – почтой” орқали буюртма бериб олган китобим устоз адибимиз Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса” номли қиссасидан топиб ёдлаб олганимдан ўзимда йўқ шод эдим. Шоирларнинг шеърлари, оналар қалбию болаларнинг кўнгли билан ғайб олами ўртасида бир боғлиқлик бор экан-да, буни қарангки, эртаси куни адабиёт ўқитувчимиз Якуб Колас билан Ҳамид Олимжон дўстлиги ва ижодий ҳамкорлиги мавзусидаги дарсини тўлиқ ўтиб бўлгандан кейин, уйга борсам, онамлар хурсанд, отамнинг димоғи чоғ – Саиджаъфар почтальон билан гангур-гунгир гурунг қилиб ўтиришган экан. Сингилларим дарров мендан суюнчи олади: Акамдан худди Беларуснинг Белозёрск деган шаҳридан хат келибди. Яхши экан, карантини тугаб, соғ-саломат ­хизматларни бошлаб юборибди…

Отам беларусларни яхши кўрарди. Мард халқ, танти халқ, дерди. Брест деса, Минск деса чуқур ботган мунгли кўзларида дарров ғилт-ғилт ёш айланарди:

– Уйгинаси куйсин падарлаънат Гитлерни! Урушда энг кўп қирилган халқ ҳам беларусь халқи бўлади, энг кўп жабру жафо кўрганам, илма-тешик бўлганам беларусь тупроғи бўлади…

Тарих ХХ аср, сана 1973 йилнинг эрта баҳори, биз тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларимиз – қийғос гуллаган олча тагидаги тупроқ супамизда отам, онам, почтальон ва сингилларим иштирокида кечган бу гапларга ҳам қирқ беш йилдан ошибди. Фашизм устидан қозонилган ғалабага эса ўшанда эндигина йигирма етти йил тўлмоқда эди. Ғалаба – мурти-мўйлабини болта кесмайдиган норғул ўспириндай ёш ва навқирон эди. Мана энди, соч-соқоли буткул оқариб кетган паҳлавон ғалабанинг етмиш беш йиллик табаррук санасини икки йилдан кейин бутун олам аҳли ҳадик ва хавотир билан нишонлаш тараддудини кўраётир. Нима учун ҳадик ва хавотир билан?.. Олам қалқиб турибди, дунё таҳликада, одамзод таҳликада.

“Танклар ёниб кетди, бизлар ёнмадик” дерди жангчи шоиримиз Назармат бобо.

Уруш менда яшайди, мен – урушда яшайман, деган экан Эрнест Хемингуэй.

… Беларусь Республикаси ахборот вазирлигининг 2018 йил, 1-2 сентябрь кунлари Брест вилояти, Иваново шаҳрида бўлиб ўтадиган Беларусь ёзуви кунига бағишланган ХХV анжумани, шунингдек анжуман доирасида ўтказиладиган “Бадиий адабиёт – бир-биримизга томон йўл топишнинг муҳим воситаси” мавзусидаги давра суҳбатига иштирок этишимизни сўраб юборган таклиф хатини олган кунларимиз Тошкентда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференциянинг қизғин тайёргарлик паллаларига тўғри келгани билан ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этган эди.

Таклиф хати изидан, унинг тафти-ҳарорати ҳали совумай туриб, Беларусь Республикасининг ахборот вазири Александр Карлюкевичнинг “Буюк Алишер Навоийнинг азиз ворислари” дея бошлангувчи табрикномаси билан “Беларусь қалби ўзбек сўзи учун ҳамиша очиқ” сарлавҳали, ўзбек – беларусь адабий алоқалари тарихи ҳақида муфассал ҳикоя қилувчи, халқимиз ва адабиётимизга нисбатан юксак меҳр ва эҳтиром балқиб турган мақоласини олганимизда, муаллифнинг самимиятга йўғрилган дил изҳорию миннатдорлик туйғулари биз учун ҳам нечоғли азиз ва қадр­ли эканини яна бир карра юрак-юракдан ҳис этдик.

Бу орада анжуманларимиз ниҳоялаб, ­дунёнинг йигирма тўрт мамлакатидан келган вакиллар қаторида беларуслик меҳмонларнинг ҳам ҳурмат-иззатини бажо келтириб, қисқа муддат ичида мутлақо ўзгача қиёфа касб этган жонажон пойтахтимизни томоша қилдирдик. Айниқса, Миллий боғимиздаги Адиблар хиёбонию ундаги Ёзувчилар уюшмасининг янги кўркам биносини кўриб азиз меҳмонларимиз ҳайрат ва ҳаяжонларини яширолмай қолганда, уларга қўшилиб ўзимиз ҳам завқларга тўлдик.

Таниқли адиб, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор муаллим билан Низомий Ганжавий ҳайкали пойига гуллар қўйганимизда ҳам, бир кундан сўнг ярқираган “Афросиёб” поездида Самарқандга борганларимизу Жомий, ­Навоий боболарнинг назарлари қолган мадрасаларни биргаликда зиёрат қилганимизда­ ҳам соғинч бизни бир лаҳза бўлса-да, тарк этмади. Дийдор соғинчимиди, адабиёт соғинчимиди?.. Муаллим камгап-камсухан инсон экан, Тошкент аэропортида “Чўх гўзал! Чўх гўзал!”, “Соғ ўлунг! Соғ ўлунг!” дебон икки оғизгина сўз айтиб хайрлашди… Сал кейинроқ, орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай Озарбайжоннинг “Адабиёт газети”да ҳассос муаллимнинг “Ўзбекистон таассуротлари” номли кенг қамровли сафарномаси чоп этилди. Сафарнома эмас – улкан адибнинг она Ўзбекистонимиз ҳақидаги кўнгил изҳори, ҳайрат ва ҳаяжонлари…

Раҳматли Шукур ака, Шукур Холмирзаев Миртемир домланинг “Дунё кенг, бибижон, кўзлар илғамас” сатрини яхши кўрар, давраларда бот-бот такрорлаб, айтиб юрарди. Чексиз-чегарасиз дунёни кўзлар илғайдиган қилиб яқинлаштирадиган, етти ёт кўнгилларни бир-бирига ошно этиб, эллар-элатларни бирлаштиргувчи буюк куч ва робита адабиёт бўлса керакки, бунга биз халқаро анжуманимиз давомида, ундан сўнг – мустақиллик байрамигача қолган йигирма кунлик қисқа муддат оралиғида кечган қизғин адабий жараён, маърифий-маданий тадбирлару тиғиз ижтимоий воқеалар мисолида яна бир карра амин бўлдик.

Давру замон шиддати қаламдан ҳам тез, вақт суръати сўз ва товушдан-да илдамроқ. Эндиликда замон ва одамзоднинг руҳий-маънавий эҳтиёжлари сўздан амалга ўтишни, халқлар адабиёти трансчегаравий мақомдан трансбашарий-трансдунёвий дарёларга айланмоғини даврнинг ўзи тақозо этаётир. Шу эзгу ғоялар, олижаноб ниятларнинг амалдаги ифодаси сифатида давлатимиз раҳбарининг қарори билан илк маротаба буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг таваллуд санаси она юртимиз бўйлаб кенг нишонланди.

10 август куни Абай бобонинг Тошкентдаги муҳташам ҳайкали қошида тантанали маросим ўтказилди. Ён-атроф гуллар-гулдасталарга тўлди. Шеърий орзу-тилаклар янгради. Ният ва ҳикматлардан кўнгиллар яшнаб, олам янада мунавварлашди.

Буюк адиб ва жамоат арбоби, “ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо” Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори, унинг ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар… Ташаббускори Чингиз оға бўлган халқаро нуфузли анжуман – октябрь ойида ўтказиладиган “Иссиқкўл форуми”га иштирокимизни сўраб Қирғизистон ҳукумати номидан келган таклифнома бўйича тайёргарлик жараёнининг завқу ҳаяжонлари, орзу ва умидларимизнинг ўзи бир олам. Улуғ адибнинг “Олам бизни ўзгартиради, биз оламни ўзгартирамиз” деган ибратли гаплари бор эди. Ҳеч нарса бу оламда изсиз кетмайди дейилади кўҳна китобларда. Боболар ҳикмати эскирмайди, кўҳнаргани сайин янгиланиб бораверади.

Вақтни ҳам шошириб, ҳовлиқтириб қўядиган шиддатли бир даврда яшаяпмиз. Одамзоднинг қасри бунёдини вайрон этувчи, эзгулик биносини емирадиган ёвузлик ва жаҳолатга қарши маърифат истеҳкомларини мус­таҳкамлаш вазифаси ҳам бани башар зиммасидаги оғриқли муаммо бўлиб турибди.

Биз нима учун адабиёт деймиз? Таълим-тарбия, билим ва маънавият деб нима сабабдан бунча жон куйдирамиз? Пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларимиздаги Алишер Навоий, Низомий бобо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Шота Руставели, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Махтумқули ва Огаҳий, Ажиниёз ва Бердах боболарга қўйилган ҳайкаллар ўзидан-ўзи пайдо бўлмагандир? Ибрат боболаримиз, Чўлпон ва Қодирийлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия опалар бекорга яшаб ўтдиларми? Ғафур Ғулом билан Ойбек домлалар-чи? Адиблар хиёбонидаги тош ҳайкаллардан жим ва сокин боқиб турган устозларимиз-чи, улар нима учун қаторлашиб турибдилар? Мус­табид тузумларнинг бор заҳар-заққумию зуғумларини юрак-юракларидан ўтказиб, Ватан ва миллат учун қон ютмаганми улар?.. Шунча иззат-икромлар фақатгина кўрк ё чирой ва ё дабдаба учун қилинмаётгандир?

1941 йилда янграган “Қўлингга қурол ол!” даъвати ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, дунё авзойини кўриб, “Қўлингга қалам ол!” дея ҳайқиргингиз келмаяптими? “Курашади икки тўлқин – қараб турайми” деганида Ойбек домла айнан жаҳолат ва маърифат, ёвузлик ва эзгуликнинг курашини назарда тутган. Бу кураш, аёвсиз бу мубориза ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис адабиёт масаласи – умумбашарий масалага айланди. Шунинг учун ҳам мустақиллик байрамига ўн кунлар чамаси вақт қолганда, пойтахтимизнинг қоқ марказидаги кўркам хиёбонда беларусь халқининг улкан адиби Якуб Колас ҳайкалининг тантанали очилиш маросимига келувчиларнинг кети узилмади. Ён-атрофга одам сиғмай кетди. Элчилар, арбоблар сўз айтишди. Кўнгиллар ёруғлиги порлоқ чеҳраларга кўчди, беларусча куй-қўшиқлар янгради, ўзбек ёш шоирлари қалдирғочлардай қатор туриб Якуб Колас шеърларини беларусча лаҳжада ўқиб берганларида, барча қойил қолди. Меҳр-оқибатли, бағрикенг бир халқнинг бошқа бир миллатнинг улуғ фарзандига кўрсатган юксак эҳтироми ифодаси бўлмиш бу воқеанинг довруғи ўша куннинг ўзиёқ етти иқлимга овоза бўлди. Беларусь телевидениесининг ахборот каналлари уни такрор-такрор намойиш этди. Буёғи Тошкентдан то Остонагача, у томони Минскдан Оврупо шаҳарларига қадар – қанча кўнгилларга нур инди, беларусь элининг мунис ва мушфиқ онахонлари халқимиз ва давлатимиз ҳақига дуо қилди.

Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари. Бу халқ, жабрдийда бу тупроқ уруш ва қир­ғинлардан не-не талафотларни бошдан кечирмади дейсиз. Иккинчи жаҳон урушининг уч йили давомида Беларусь аҳолисининг учдан бир қисми – икки миллион икки юздан кўпроқ киши уруш қурбони бўлди, 138 минг беларусь болалари етим қолди. Фашистлар томонидан 260дан кўпроқ оммавий ўлим лагерлари қурилди. “Штапаге-352” деб аталмиш ўлим корхонасида 80 мингдан зиёд ҳарбий асирлар қатл қилинди. Минск шаҳридан ўн чақирим узоқликда жойлашган, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги энг катта, Оврупо миқёсида олганда “Освенцим”, “Майданек”, “Треблинки” лагерларидан кейин тўртинчи ўринда турадиган “Тростенек” лагерида 200 мингдан зиёд киши қурбон бўлди. 400 мингдан кўпроқ беларуслар, уларнинг қаторида, жумладан, 24 минг ёш болалар Германияга мажбурий мардикорликка сургун қилинди. 1941-1944 йиллар – фашистлар босқинининг уч йили давомида Беларусь диёрининг 209 шаҳри вайронага айлантирилди, 9200 беларусь қишлоқлари талон-тарож қилиниб, улардан 628 қишлоқ одамлари таг-томири билан бутунлай ёқиб юборилди.

… Беларусь диёрида шовқин йўқ, бекорчи қий-чувларни эшитмайсиз. Минск шаҳридан Беларусь ёзувининг санасига бағишланган байрам тадбирлари ўтказиладиган Иваново шаҳригача – уч юз чақиримлик йўлнинг икки томони  кета-кетгунча ўрмонзор, ям-яшил далалару қайинзорлардан иборат. Оқ-оппоқ қайинлар – уруш қурбонлари хотирасига мангу бош эгиб тургандай…

Бизни – мен билан “Ижод” фондининг ижрочи директори Шерзод Ирзоевни ўз машинасида элтаётган “Неман” адабий журналининг бош муҳаррири Алексей Черота икки манзилдаги икки нуқтага эътиборимизни қаратади.

Биттаси – ям-яшил ўрмонзор четида, иккинчиси – ям-яшил даланинг қоқ ўртасидаги қия тепаликда жойлашган, атрофи юпқа ғишт девор билан иҳота қилиб ўраб қўйилган фашистларнинг дзотлари экан.

– Уруш даврларининг мудҳиш хотираси, – дейди Алексей дўстимиз. – Келар авлодлар унутмасин, доимо ёдида сақласин деб давлат томонидан муҳофазага олинган…

Ҳеч ким ҳеч нарса деёлмай жим кетамиз. Кўнглимиз алғов-далғов бўлиб ётган бўлса-да, сукут сақлаймиз. Бошларимиз қайинлардай эгик, бир сўз деёлмаймиз. Аслида, шу икки нуқтагинанинг ўзи билан сафаримизга нуқта қўйиб, юртимизга қайтсак ҳам бўладигандай, шу икки нуқта оралиғидаги уруш ва тинчлик деб аталмиш етмиш уч йиллик масофанинг бор айрилиқ-армонлари шу лаҳзаларда қайта тиклангандай, сўзга ҳам, изоҳга ҳам эҳтиёж қолмагандай эди…

Иваново шаҳрида байрам тантаналари юксак даражада, жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Беларусь диёри тарих синовлари давомида нимаики жабру жафоларни бошдан кечирган бўлса беларусь ёзуви билан адабиёти ҳам шу азоб ва машаққатларни жон-жонидан ўтказгани, матонатли халқнинг иродаси букилмай, ўз шаъну ғурурини асраб келгани қайта-қайта таъкидланди. Байрам давомида жаҳолатга қарши маърифатнинг беларусча намуналарига гувоҳ бўлдик. Уларда ҳам худди биздагидай, китобхонлик, билим ва тарбия масалаларига давлат миқёсида эътибор берилаётгани, бу йил ўн беш минг нафар мактаб ўқувчилари “Тирик сатрлар” танловига фаол қатнашганию шу танлов ғолибларини тақдирлаш маросимига бизни ҳам таклиф этишганидан мамнун бўлдик. Сўзни, Ватанни дил-дилдан ҳис қилиб шеър айтмоқнинг завқи ва саодатини беларусь ўғил-қизлари тимсолида кўриб, қувончимизга қувонч қўшилди.

Кейин Беларусь ахборот вазири, ўзи ҳам яхшигина болалар ёзувчиси бўлмиш бағрикенг ва очиқкўнгил инсон Александр Карлюкевич алоҳида қабул уюштириб, адабиётимиз ва миллатимиз шаънига илиқ тилакларини изҳор этган лаҳзаларда ҳам бу севинч бизни тарк этмади.

– Тарих ўтмишда солинган изларни ҳеч қачон унутмайди, – деди муҳтарам мезбон мулоқотимиз давомида. – Ортга, неча ўн йилликлар нарига назар ташласак, Ўзбекистон ва Беларусни маҳкам боғлаб турган кўп ришталар борлигини кўриб, одам беихтиёр ҳайратга тушади. Бизнинг миллий адабиётларимизни боғлаб, уларни бирлаштириб турадиган кўп жиҳатлар бор… Адабий алоқалар энг мустаҳкам алоқалардир.

Учрашувларимиз давомида кўп устоз адибларимизнинг номлари қайта-қайта тилга олинди. Биз бегоналар эмасмиз, қон-қардошлармиз, жигарлармиз дейилди.

Байрам муносабати билан бутун халқ – ёшу қари кўча-хиёбонларга чиққан, беларусь ҳунармандлари бор бисотларини ёйган шоду хуррам расталарни томоша қилиб, порлоқ чеҳралар оралаб гавжум истироҳат боғининг дарвозаси томон юрарканмиз, ўнг томонда – йўлакнинг четидаги курсидан уч нигоҳ – уч жуфт ўзбекона кўз биз томонга қараётгандай туюлаверди. Тўхтаганимиз ҳамоно ўринларидан туриб ўзбекча салом беришди.

Барнохон эканлар, қизлари Маликахон, Фозилахон билан байрамга келишибди. Турмуш ўртоқлари Дониёр Обидов – элчихонамизда маслаҳатчи бўлиб ишларкан, ҳозир дипкорпус вакиллари билан байрам тантаналарида экан, шу кишини кутиб ўтиришган экан… Учовлари – Тошкентдан учиб келган уч оқ кабутарга ўхшайди. Тинчлик ва эзгулик кабутарлари…

“Тошкентни соғинмадингларми?..” деган саволимиз ўринсиз бўлганини дарров пай­қайман.

“Қанийди, ҳозирнинг ўзидаёқ қанот чиқариб учиб борардик…”

Бизни ҳайратлантирган учинчи нуқта: Минскда, Шон-шараф ва хотира майдонида бош эгиб турганимизда Тошкентдан бир муҳтарам адабиётчи домламиз қўл телефонимга нохос қўнғироқ қилиб қолди. “Беларусда, Минскдаги Шон-шараф майдонида турибмиз!” десам аввалига ишонқирамади, кейин ўпкаси тўлиб бир гап айтди:

“Менинг отам ўн саккиз ёшида, 1943 йилда айнан Беларусь заминидан фашистларга қарши жангга кирган. Минскни озод қилишда қатнашган. Станковой пулемётчи сифатида Беларусдан Берлингача, ундан Манчжурия жангларигача борган… Ўн уч ўғил, тўрт қиз фарзанднинг отаси. Ҳозир тўқсон уч ёшда… Беларусь Президентидан, ўзимизнинг Президентимиздан табрик хатлари олганлар, келсангиз…”

Шу жойга келганда алоқа узилиб қолади. Энди менинг ўпкам тўлиб, бўғзимга бир нима тиқилгандай бўлади. Кўзёшим бўлса керак. Домла “Келсангиз кўрсатаман ё ўқиб бераман” демоқчи эдими?..

Домланинг ҳам, отасининг ҳам номларини ошкор қилмай кейинги мақолага қолдиришни лозим топдик.

Бу мақоламиз адабиёт газетамизда чоп этишга ҳозирланаётган пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бошланган, ўттиз уч миллионлик ўзбек халқи, ўн миллионга яқин беларусь халқининг орзу ва умидларини ўзида мужассам этган олиймақом учрашувлардан сўнг муносабатларимизда мутлақо янги даврлар бошланишини замоннинг ўзи гувоҳлик бериб турибди.

Севинч ва соғинчларимизнинг ифодаси бўлмиш адабий алоқаларимиз ҳам шак-­шубҳасиз мустаҳкам маънавий кўприкларга айланажак!

                                                                             Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром