"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб

Ўқилди: 339

Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги, Ўзбекистон Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида 2018 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза мукофоти совриндори, адиб Саид Аҳмад ижоди ва таваллудига бағишланган фотокўргазма ва адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.

Ўзбек адабиётининг етакчи носирларидан бири Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йили Тошкентнинг Самарқавд дарбоза маҳалласида зиёли ойласида дунёга келди. Шу ерда ўрта мактабни (1939) битириб, Олий ўқув юртида (1940—1941) таълим олган. Адабиёт дарслари ва тўгаракларида ижодга бўлган ҳаваси ортиб, қўлга қалам ушлаган, вақтли матбуот унинг ижод дорилфунуни бўлган. Саид Аҳмад дастлаб «Муштум» ойномасида, Радио комитетида (1942—1943), «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси (1943—1947), «Шарқ юлдузи» ойномасида (1948—1950) ва сўнгги йилларда у Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги наср бўлимига бошчилик қилади. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Тортиқ» 1940 йилда нашр этилади.

Уруш ва урушдан сўнгги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фелъетон, очерк ва ҳикоялар ёзди. «Ер юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Муҳаббат» (1949) каби тўпламлар нашр этилди. Улуғ Ватан уруши даври воқеаларига бағишланган «Хазина», «Ҳайқириқ», «Раҳмат азизларим» каби ҳикояларида автор урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди.

Саид Аҳмаднинг барча ҳикоялари замонавий мавзуда ёзилган. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаришга, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалашга интилди. «Чўл бургути», «Ўрик домла», «Лочин», «Одам ва бўри», «Бўстон», «Тўй боши» каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлди, Адиб ҳикояларининг бош қаҳрамони ички дунёси бой ва пок бўлган замондошларимиздир. Муаллиф «Тоғ афсонаси», «Зумрад», «Муҳаббатнинг туғилиши», «Кўзларингда ўт бор эди», «Пойқадам», «Алла», «Иқбол чироқлари» асарларида ҳаётий характерлар яратди.

 «Уфқ» романида (1964) Улуғ Ватан урушининг оловли йилларида ўзбек деҳқонларининг фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликлари атрофлича ҳикоя қилинади. «Уфқ» трилогия бўлиб, ёзувчи унда урушдан олдинги ва ундан кейинги давр ҳаётий муаммолари ҳақида баҳс юритади. У ўзининг «Жимжитлик» (1988) романида эса турғунлик даври иллатларини фош этишга интилди.

Саид Аҳмад моҳир драматург сифатида ҳам танилди. Унинг «Келинлар қўзғолони», «Куёв» каби саҳна асарлари шулар жумласидандир.

Ижодкор таржима ишлари билан ҳам фаол шуғулланган. Жумладан, Б. Полевой, А. Мусатов, О. Гончар каби ёзувчилар асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни чоғда адибнинг кўпгина ҳикоялари қардош ва ҳорижий тилларга ағдарилди.

Тадбирда кўплаб адабиётимиз вакиллари, шоирлар ва ёзувчилар, санъат арбоблари ҳамда олимлар иштирок этишди. Бўлиб ўтган учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси санъат арбобилари профессор Умарали Норматов, профессор Баҳодир Каримов, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Эркин Аъзам, санъаткорлар Тўти Юсупова, Жамила Ғофурова каби халқимиз суйган инсонлар ҳамда ардоқли адибимизнинг оила аъзолари ташриф буюришди. Улар сўзга чиқиб, Саид Аҳмад билан боғлиқ хотираларни сўзлаб беришди.
Хотира учрашуви давомида Саид Аҳмад қаламига мансуб ссенарий асосидаги спектаклдан парча намойиш қилинди.
Тадбир сўнгида тадбир ташкилотчилари адибнинг оила аъзоларига эсдалик совғалар топшириб, келганларга чексиз миннатдорлик изҳор этдилар. Ушбу тадбир тарих варақларига муҳрланди.

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ёднома, Таваллуд кун, Ўзбек адиблари, Ўзбек насри, Фотогалерея, Янгиликлар Теглар: 

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром