"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҲИНДИСТОНДА ТОЖМАҲАЛЛАР КЎП…

Ўқилди: 210

Ҳиндистон… Аввалига болалигимда кўрган ҳинд кинолари таъсирида, кейинроқ Мирзо Бобур ҳазратлари шахсияти, ижодиётига нисбатан қалбимда пайдо бўлган беқиёс эҳтиром сабаб, бу қадим юртни, лоақал бир марта бўлсин, зиёрат қилиб келиш орзусида юрардим. Ниятим холис эканми, ҳеч кутмаган еримда, бунинг имконияти пайдо бўлди. Боз устига шунчаки сайру саёҳат эмас, балки шарафли бир хизмат билан – Мирзо Бобур ва бобурийлар ҳамда бошқа буюк ватандошларимизга оид Ҳиндистон кутубхоналари, архив ва музейларида сақланаётган қўлёзмалар, турли бадиий, илмий, тарихий ҳужжатларни излаб топиш, ўрганиш, улардан нусхалар кўчириб келишни мақсад қилган ижодий гуруҳ аъзоси сифатида бу сеҳрли ўлкага борадиган бўлдим.

2018 йилнинг 11 августи. Шу куни бизнинг Ҳиндис­тон сафаримиз бошланди. Ҳамроҳларимни билмадиму, аммо бу сана ҳеч қачон менинг ёдимдан чиқмайди. Чунки мен кўп йиллик орзуимга етган, қадим ва сеҳрли бир ўлка тупроғига илк бор қадам қўйгандим. Бобур халқаро фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фидойи инсон Зокиржон Машрабов бошчилигидаги Ваҳоб Раҳмонов, Абдурасул Жумақулов, Аҳроржон Машрабовдан иборат гуруҳимиз даставвал ҳазрат боболаримиз хоки-туроби ётган табаррук манзилларни зиёрат қилдик, дуою хайрлар қилинди ҳамда улар бунёд этган тарихий-меъморий обидаларни бориб кўрдик.

Зокиржон ака бундай сафарларнинг ҳадисини олган одам. У киши Бобур ва бобурийлар меросини, тарихини ўрганиш истагида дунёнинг кўплаб мамлакатларига илмий-ижодий сафарлар ташкил этган. ­Шубҳасиз, катта натижаларга эришган. Халқимизнинг улуғ адиблари бу илмий-ижодий сафарлардан руҳланиб, асарлар ёзишди. Олимларимиз кўплаб тадқиқотлар олиб бориб, янги-янги изланишлар натижаларини тақдим этишди. Дунёнинг турли нуқталаридаги бобуршунос олимлар бир-бирини яқиндан танийдиган, бир-бири билан ҳамкорлик қиладиган бўлди. Шукрлар бўлсинким, Андижондаги “Боғи Бобур” бугун гул-гул яшнаб турибди. Ана шу боғда Бобур Мирзонинг рамзий қабри ва ҳайкали, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи барпо этилган. Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган музей Ўзбекистондаги диққатга сазовор масканлардан бирига айланиб улгурди. “Бобур ва дунё” журнали фаолият юритишни бошлади. Бундай натижалар ҳақида яна қанча сўз юритсак бўлади. Натижалар эса сафарга аъло даражада тайёргарлик билан бўлади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Зокиржон ака Машрабовнинг кўрсатмалари асосида ҳаммасини шу ернинг ўзида режалаштирдик. Шу ердан туриб Ҳиндистондаги кутубхона, музей, архивлар хазиналарини имкон қадар ўргандик. Ва булар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги фав­қулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиевга хабар бердик. Элчи ва унинг ходимлари ҳам биз учун кўп маълумотлар тўплаб қўйгани, Ҳиндистонга келгач, биргаликда қатъий режа асосида иш тутиш зарурлигини айтишди.

Дастлаб Ҳумоюн Мирзо мақбарасини, кейин Хусрав Деҳлавий, Мирза ўолиб, Мирзо Абдулқодир Бедил қабрларини зиёрат қилдик. Руҳиятимда ажиб бир енгиллик ҳис этиб, дилим ёришгандан ёришиб борарди. Дунёнинг турли нуқталаридан келган сайёҳлар Ҳумоюн саройи, Лаълқалъа, Тожмаҳал каби тарихий обидаларни маҳлиё бўлиб, ҳайрат билан  томоша қилишаётганини кузатарканман, ич-ичимдан фахрланаман. Айни чоғда дилимнинг қай бир нуқталарида маҳзун, армонли бир туйғулар уйғонаётганини ҳам пайқайман: тарих ғилдираги хиёл бошқача айланганида, эҳтимол, Бобурийлар сулоласи барпо этган улуғ масканлар – бугунги кунда бизнинг юртимизда – Андижондами, Самарқанддами, Шаҳрисабздами қўр тўкиб турган бўлармиди?! .

Ҳиндистоннинг миллий музейи ва миллий архиви Деҳли шаҳрида жойлашган экан. Шаҳар томон борарканмиз, йўл кўрсаткичларидаги ёзувларга кўзим тушиб ажабландим. Биз Деҳли деб ўрганганимиз сўзи Делҳи шаклида ёзилган эди. Аввалига ёзувда хато кетган шекилли деган мулоҳазага бордим. Йўқ, қарасам, ҳамма жойда шунақа ёзилган. Кейин сўраб билсам, ҳинд лафзида бу шаҳар номи аслида Делҳи экан, бу дил шаҳри, муҳаббат шаҳри деган маънони англатаркан.

Деҳли миллий музейи… Музей мозий сўзидан олинган эмасмикан деб қўяман баъзида. Музей заллари бўйлаб кезарканмиз, бир нарсадан завқим келади. Биз учун гиднинг ҳожати йўқ, Зокиржон ака ҳақиқий ҳиндшунос бўлиб кетган экан. У бизни сира зериктирмайди. Музейдаги ҳар бир экспонат, айниқса, у темурий, ё бобурийларга оид бўлса шундай таърифлаб кетадики, қўяверасиз. Ҳақиқий юртпарвар, миллатпарварлик бундан ортиқ бўлмаса керак. Яна бир нарса: Тошкентдан неча минг чақирим нарида, Ватандан олисда сенга, сенинг аждодларингга тегишли буюмлар, аслаҳа-анжомларни кўриб туриш, боз устига улар қанчалар эҳтиром ва эҳтиёт ила сақланаётганига гувоҳ бўлиш нақадар мароқли экани, кишига қанчалар фахру ғурур бағишлашини сўз билан ифодалашим қийин…

Ҳиндистон Миллий музейининг қадимий қўлёзмалар экспозицияси… У жуда бой бўлиб, қувонарли жиҳати бобурийлар даврига оид ашёлар бу бўлимда салмоқли ўрин тутар экан. Биз бу ерда Акбаршоҳ топшириғи билан Абдураҳим Хонухонон томонидан туркийдан форсчага ўгирилган “Бобурнома”ни кўрдик. Қуръони каримнинг Шоҳжаҳон томонидан кўчирилган нусхаси ҳам сақланаётган эканки, у хаттотлик санъатининг энг нодир намунаси сифатида бизни ҳайратга солди. Ҳиндистон Миллий музейи ва архивидаги Бобур Мирзо, Ҳумоюн Мирзо, Акбар Мирзолар ҳақида ҳикоя қилгувчи “Иқболномаи Жаҳонгирий”, Бобур ҳазратлари билан бирга ҳинд ўлкасига келган, Ҳумоюн даврида ҳам яшаган шоир Ҳаким Қандаҳорийнинг “Гули рангин”, Бобур Мирзо “Девон”и, Ҳамидабону томонидан ёздирилган “Баёз”лар чин маънода улкан хазинадир. Бу каби китобларнинг катта эътибор билан сақланаётганини кўриб қувончимизни яширмадик. Музей ходимлари ҳинд халқининг бобурийлар сулоласига эҳтироми юксак эканлигини алоҳида таъкидлашди. Бир неча кунгина муқаддам, яъни 7-8 август кунлари биз бунинг ҳаётий исботини кўргандик. Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замоний адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган ҳиндистонлик профессор Азизиддин Ҳусайн Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг девони нашр этилгани хабарини етказган эди. Шундан ҳам англашиладики, бобурийларга оид барча илмий, ижодий мерослар бу диёрнинг барча нуфузли кутубхона ва музейларида сақланади. Қувончли томони, улар ҳам бу улуғ сулолани чуқур ўрганишни ўз вазифалари, ватанпарварлик бурчлари ҳисоблашади.

Биз ноёб қўлёзмалар нусхаларини қўлга киритиш мақсадида Рампур шаҳрида ҳам бўлдик. Бу ерда нафақат Ҳиндистонда балки, бутун дунёга довруғи кетган Рампур Разо деган кутубхона бор. Мазкур кутубхона ХVIII асрда бунёд этилган. Кутубхонада улуғ сўз салафларидан мерос дурдоналар ҳамда бобурийлар тарихига оид жуда кўп китоблар бор. Улар орасида “Бобурнома”нинг ноёб қўлёзмаси борлиги китоблар уйининг қандай нуфузга эга эканлигини англатади. Эсимда бор, бундан бир неча йиллар муқаддам Азизиддин Ҳусайн Разо кутубхонаси хазинаси ҳақида шундай мазмунда сўз юритган эди: “Бобур девони”нинг қўлёзма нусхаси кутубхонамиздаги энг ноёб ва қадрли манбалардандир. Бу асар бизга Бобурнинг буюк қалбидан – ҳар доим эзгуликка ишониб яшаганидан сабоқ беради.”

Рампур Разо кутубхонаси директори, профессор Сайид Ҳасан Аббос биз борган пайтда хизмат сафарида экан. Аммо унинг ўғли, кутубхона илмий ходими, шоир ­Сайид Нақи Аббос бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Форс тилида бурро сўзлайдиган бу инсон билан тезда тил топишдик. Олдиндан бизнинг келишимиз ҳақида хабар берилган экан. Шу боис бизга жуда кўп қўлёзмаларни кўрсатишди. Булар орасида “Бобурнома”нинг туркий тилдаги Ҳайдаробод нусхаси ҳам бор экан. Гарчи бу нусха юртимиздаги илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, қўлёзманинг асл нусхасини кўриш кишига бир олам ҳаяжон бағишлар экан. Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамадонийнинг “Жомеъ ат-таворих” китоби ҳам биз учун катта бойлик бўлди деб ҳисоблайман. Ахир, улуғ аждодлар, уларнинг ҳаёт йўллари, қилган ишлари тўғрисида ҳикоя қилгувчи манба кимнинг эътиборини торт­майди дейсиз. Сайид Нақи Аббос ўзбек адабиёти нақадар юксак эканлиги ҳақида сўзлаганида кўзларимга ёш келди. Ахир, у Ҳазрат Навоий, Мавлоно Лутфий, Ҳазрати Атойи, Бобур Мирзо, Хусрав Деҳлавий, Мирзо Бедил, Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаётган эди-да. У ана шундай муҳташам ва муҳтарам адабиётни теран ўрганаётгани, ўзи ҳам уларга чин ихлосу ҳавас билан шеърлар, ғазаллар битаётгани ҳақида ҳам тўлқинланиб сўзлади. Буларнинг барчаси ҳинд маданиятига, санъатига, адабиётига бизнинг аждодларимизнинг нечоғлик улуғ таъсири борлигини кўрсатади. Бу эса чин маънода кўнглимизга фахр ҳам шукроналик туйғуларини армуғон айлади. Сайид Нақи Аббос хайрлашиш олдидан уни оламнинг жаннати бўлмиш – Ўзбекистонга, Бобур Мирзонинг киндик қони томган юртга таклиф этдик. У бундан жуда мамнун бўлди. Нақи Аббоснинг нигоҳлари бизга ҳавас билан термулар эди. Худдики, у Мирзо Бобурнинг набираларини кузатиб қўяётган кишидек бизга парвона эди. Ўз навбатида у ҳам ижодий ва илмий алоқаларни маълум бир тизимга солиш, чин маънода борди-келдиларни йўлга қўйиш ҳақида такрор-такрор сўзлади. Бугун мамлакатимизда бу каби хайрли ишларга кенг йўл очилган. Биз ҳам Рампур Разо кутубхонасига ўхшаш масканлар билан доимий муносабатларни йўлга қўйишни кўнглимизга тугиб ҳинд диёрининг бошқа манзиллари сари йўлга тушдик.

Эндиги борар манзилимиз Патна шаҳри эди. У ердаги машҳур Худобахш кутубхонаси. Рампур билан Патна шаҳри ўртаси ҳам яқин масофа эмас. Аммо чин мақсад бизнинг юрагимизга аждодларга бўлган муҳаббатни солган. Уларнинг меросларини юртга олиб келишдек эзгу режани амалга ошириш хизмати ҳаммага ҳам насиб этавермайди, ахир. Ана шу шукроналик узоғимизни яқин қиларди. Бизни бир манзилдан иккинчи манзилга олиб борадиган ҳайдовчи ҳинд йигити ҳам киришимли, хушчақчақ йигит экан. У ҳам ­Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ҳақида эшитган экан. Ҳамроҳимиз Аҳроржон суҳбатларимизни таржима қилиб туради. Унинг Оқсаройни кўриш орзуси борлигини эшитиш қанчалар ёқимли эканини биздан бўлак кишилар яхши ҳис қила олмасалар керак, деб ўйлайман. Йўл-йўлакай Зокиржон аканинг Бобур Мирзо тарихий йўли бўйлаб қилган саёҳатлари, йўллардаги саргузаштлари ҳақидаги ҳикоя­ларини мароқ билан тинглаб борамиз. Гоҳ мен, гоҳ Абдурасул ака Зокиржон акани саволларга кўмиб борамиз. У киши ҳам оғринмайди, эринмайди. Ҳамма саволларимизга жавоб беради. Жавоб берган сари меҳри жўшаётгани, яна-яна сўзлагиси келаётганини ҳис қилиб турамиз. Баъзан сафардошимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмонов ҳам Зокиржон ака билан бўлган сафарлар тўғрисида сўзлаб қолади. Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият юритиб келаётган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг илмий экспедицияси томонидан Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди. Шунингдек, истиқлолнинг дастлабки йилларидан эътиборан юртимизда кўплаб аждодларимиз қаторида Бобур Мирзога бўлган эътибор ҳам юксак поғонага кўтарилиб, унинг ижоди ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида шоирнинг назмий девонлари, “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Волидия” сингари нодир асарлари такрор-такрор нашр этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир, таржимон, олим Мирзо Кенжабекнинг Бобур Мирзога катта эҳтироми маҳсули сифатида юзага келган китоб – “Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари” ҳам мустақиллик туфайли эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бобур ва бобурийлар ҳақида хорижда яратилган юзлаб бадиий, илмий, тарихий манбалар ўрганилди, кўплаб асарлар ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Шоир ва ёзувчиларимиз, тарихчи олимларимиз томонидан бу мавзуда кўплаб асарлар яратилди. Юртимизда илк бор «Бобур энциклопедияси» тайёрланди. Бобур Мирзо меросининг бир ихлосманди сифатида бу хушхабарлар менга ҳам маълум эди. Аммо ана шундай эзгу ишларни амалга оширишда беминнат хизматлар қилиб келаётган одам – Зокиржон Машрабовдан бу тўғрида эшитиш барибир бошқача. Фахр билан айтиб ўтиш керак бўлган яна бир ҳақиқат шу. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг турли соҳаларга оид бебаҳо ва бой илмий-адабий мероси,­ айниқса, миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб жой олган “Бобурнома” асари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Шу билан бирга, шоир, тарихчи олим, табиатшунос, моҳир саркарда, улкан арбоб сифатида маърифий дунё томонидан тан олинган бу буюк шахс ҳақида Европа, Осиё, Америка ва бошқа қитъаларда ўнлаб-юзлаб илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар яратилган ва бугун ҳам яратилмоқда. Ана шу мавзулар атрофидаги суҳбатлар билан Патнага қандай келганимизни сезмай ҳам қолибмиз.

Мана Худобахш кутубхонаси. Кутубхона остонасидан ҳатлар эканман, вужудимни бемисл ҳаяжон қамраганини туйдим. Ахир, бу манзилга бир пайтлар боболар меросини ўз соҳибларига – ўзбек халқига етказаман, деб Ҳамид Сулаймондек алломалар келган. Кўзга суртса арзигулик бебаҳо қўлёзмаларни кўрган. Ўқиган. Улардан нусхалар олган. Ваҳоб Раҳмонов домланинг ҳикоя қилишича, Ҳамид Сулаймон бу ердан Ҳофиз Хоразмийнинг девонини суратга олиб кетган ва уни нашр эттирган. Ўшанга қадар эса юртимизда ҳеч бир киши шундай дилбар шоир борлигини билмаган экан. Мен Ҳамид Сулаймоннинг табаррук қўллари теккан ушбу қўлёзмани варақлар  эканман, кўз ўнгимда фидойи алломанинг ёрқин сиймоси намоён бўлди. Гўёки у бизни алқаб, дуо қилиб тургандек эди. Бу отамерос дурдоналарнинг ҳаммасидан элни огоҳ этиш керак деяётгандек эди. Ҳофиз Хоразмий сатрлари хаёлимга қуйилиб келади:

Ул санамнинг юзиким гулзор эрур,

Юзининг гулзорина гул зор эрур…

Мана “Навоий девони”. 1891 йил кутубхона рўйхатидан ўтган. Бу барча кутубхоналарга тегишли қайд, холос. Бироқ унинг қачон кўчирилгани маълум эмас. Ногаҳон кўнглимга келган ёруғ ўйдан ичимда титроқ пайдо бўлди. Эҳтимол бу китоб Навоий ҳазратнинг ўзлари берган кўрсатмага кўра хаттотлар томонидан кўчирилгандир. Навоий бобонинг ҳам ўзлари бу девонни варақлаб, хаттотнинг ишига баҳо бергандирлар. Наҳотки ул зотнинг назари тушган китоб менинг қўлимда бўлса?! Ич-ичимда қўзғалган ҳаяжон титроғини атрофдагиларга сездирмасликка ҳаракат қиламан.

Яна бир қўлёзма, муқоваси нақшлар билан безалган. Авайлабгина қўлимга узатишди. Китобни олаётиб, бир нарсага эътибор қилдим. Музей ходими уни ўпиб, пешонасига суртиб, кейин менга узатди. Ўйладимки, бу оддий китоб эмас. Йўқса, бу одам бу қадар меҳру муҳаббат кўрсатмас эди. Китоб саҳифасини очишим билан кўзларим чақнаб кетди. Ахир, мен ушлаб турган китоб “Саҳиҳи Бухорий” эди. Ҳаяжонланиб биз Қуръондан кейинги энг муқаддас манба Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини китобат қилган зотнинг юртидан келдик, деб юборибман. Ваҳоланки, улар бизнинг шу муборак манзилдан келганимизни билишарди. Араб тили бўйича мутахассис олим, Патна университети профессори Шарафиддин Алам бу азиз қўлёзманинг Худобахш кутубхонасида борлиги катта неъмат эканлигини алоҳида таъкидлади. Табиий равишда бу хазина биз учун ҳам улуғ неъмат эканлигини барчамиз теран ҳис қилиб турар эдик. Бундан ташқари Акбаршоҳ томонидан ёздирилган Абдулқодир Бидоюнийнинг “Тарихи Темуриён”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Байрамхоннинг фарзанди Абдураҳим Хонухонон томонидан форс тилига таржима қилинган “Воқеоти Бобурий” каби ноёб қўлёзмалар кутубхонанинг улуғ хазинаси эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур…   

Агра. Бу муаззам шаҳар ҳақида билмайдиган, эшитмаган одам бўлмаса керак. ­Дунёнинг етти мўъжизасидан бири деб тан олинган Тожмаҳал тарихий обидаси ҳам шу ерда. Бу ерни йилига саккиз миллиондан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар зиёрат қилишга келишади. Жамна дарёси бўйида қад ростлаб турган бу муаззам ёдгорлик чин муҳаббат маҳсули. Унга термулиб кўзинг тўймайди. Ҳайратланасан одам. Одамнинг қўли гул эканлигидан шу мажмуа огоҳ этаверади. Оппоқ мармарга ўйиб ишланган нақшлар, чиройли гуллар, ­Қуръон калималари қанчалар санъаткорона ёзилганини бир кўрсангиз эди. Такрор-такрор кўргингиз келаверади. Наҳотки, инсон шу ишларга қодир бўлса, деб ўйлаб ҳам қоласан киши… Тожмаҳал хусусида кейинги йилларда тарқалган нохуш миш-мишлардан бохабар бўлсангиз керак. Эмишки, Тожмаҳал бузилар эмиш. Биз зиёратгоҳ мутасаддилари билан гаплашдик. Улар бу гапларнинг бари сафсата эканлигини, бундай обидадан ҳинд халқи ҳеч қачон воз кечмаслиги, уни асраб-авайлаши ҳақида гапиришганда кўнглимиз ёришди. Анча енгил тортдик. Ёмон гап ёлғон бўлса ҳам юракка азоб берар экан. Тожмаҳал зиёратидан чиқиб Агра шаҳрида жойлашган Бобур боғига бордик.  Маҳаллий аҳоли бу жойни Ором боғи деб аташар экан. Бобур боғи чиндан ҳам кўнгилга бир сокинлик туҳфа этди. Чиндан ҳам кўнглимиз ором олди. Жамна бўйидаги бу боғ эртакларда таърифланадиган боғларни эслатади. Боғдаги дарахтларни, гулу гиёҳларни яхши парвариш қилишаётганидан мамнун бўлдик. Боғ оралаб борар эканмиз, эгиз бинога кўзимиз тушди. Чиройли хоналар, ўзбекнинг асл уйларини эслатадиган пешайвон кўзимизга жуда иссиқ кўринди. Зокиржон ака, шу ерда чинданам Бобур Мирзо яшаганми, ҳайратини яширмай савол берди Абдурасул ака. Зокиржон ака бош қимирлатиб, ҳа ишорасини берди. Шу тобда унинг хаёли Бобур замонларига кетганига асло шубҳа йўқ эди. Ростини айтсам, мен ҳам гўё Бобур даврида яшаётгандек эдим. Бобурнинг содда ҳаёти, ҳашамга ўч эмаслиги у яшаган саройдан ҳам билиниб турарди. Ҳа бизнинг боболар ана шундай содда ҳаёт кечирганлар. Ана шу содда ҳаётлари билан бутун дунёни илму урфонлари, ақл-заковатлари, бемисл иқтидорлари билан забт айлаганлар.

Аградан яна Ҳиндистон пойтахти Деҳлига келдик. Фарҳод Арзиев сафар сўнггида Жай Пракашнинг шахсий музейига боришни таклиф этди. Бордик. Қанчалар гўзал. У ерда бобурийлар сулоласи билан боғлиқ кўплаб тарихий ашёларнинг борлиги кўзимизни қувнатди. Барчамизнинг диққатимизни жалб этган гилам ҳақида гапирмасам бўлмайди. Бу гиламни қўли гул тўқувчи ўн тўрт йил давомида ишлаган экан. Гилам марказида Тожмаҳал. Жуда чиройли тўқилган. Унинг атрофида бобурий шаҳзодалар ва маликаларнинг сувратлари акс этган. Бежирим ишланган гиламлардаги дурларнинг жимир-жимирига боқиб, гилам ижодкорининг меҳнатига тасаннолар айтасан киши. Буларнинг барчаси такрор бўлса ҳам эътироф этиш зарур, бобурийлар сулоласи ҳинд халқи маданияти, адабиёти, санъати ривожига катта ҳисса қўшган. Ана шуларнинг ўзи бу икки халқни бир-бирига боғлаб турадиган ришталар деб айтсам бўлади. Таассуротлар бир олам. Албатта, бу ҳақида яна ҳам батафсил ёзиш фурсати келади. Сизга бир нарсани айтсам, ҳинд диёрида фақат Тожмаҳал қолмаган. У ерда жуда кўп Тожмаҳаллар бор. Улар аждодларимизга тегишли адабий-бадиий, илмий, тарихий мерослардир. Ишонаман, улар вақти-соати билан юртимизга олиб келинади. Ва китобхонларга туҳфа этилади.

Шу тобда ўзбек адабиётининг улкан намояндаларидан бири Муқимийнинг ­“Саёҳатнома”си ёдимга келмоқда. Ул зот Фар­ғона водийси қишлоқларини айланиб адабиётимиз учун улкан хазина қолдирдилар. Биз ҳам Худодан сўраймиз, шу сафар таассуротлари ҳали яхши асарларга айланади. Айни мана шу мақола сўнгида Ҳиндистон сафари давомида ёзилган бир шеъримни сизларга ҳам илинмоқчиман.

Оҳ,

Қандай шириндир

Бу бўй, бу ифор,

Она, она тупроқ, онажон тупроқ.

Одамман дейишга қандай ҳаққим бор,

Сенда туриб,

Сендан яшабман йироқ.

 

Мана Ҳумоюннинг мармар саройи,

Келиб кетаверар минглаб сайёҳлар.

Уларнинг дилимга йўқдир парвойи,

Недандир кўнглимда муқаддас оҳлар.

 

Мана икки ошиқ,

Кўз тушди ногоҳ,

Гўё туюб борар энг тоза бахтни.

Асл ҳақиқатдан бўлмасдан огоҳ,

Суратга муҳрлаб борарлар вақтни.

 

Масрур бораётган

Бу чол,

Бу кампир,

Дунёнинг ярмини кезган эҳтимол.

Саройда кимлар бор,

Кимлар бор, ахир.

Биламан,

Бехабар

Бу кампир,

Бу чол.

 

Эй, гўё ҳаётни кўмганлар болга,

Наҳот кўрмаяпсиз, мен ёндим, куйдим.

Йўқ, чидаб бўлмайди, бундай аҳволга,

Шундоқ ёнингизда Мирзо Ҳумоюн.

 

Ошиб неча довон,

Кўп асрлардан,

Ўйламанг, Ҳинд сори шунчаки елдим.

Бу тош саройлардан,

Тош қасрлардан,

Сизни,

Сизни олиб кетгани келдим.

 

Туринг ўрнингиздан Мирзо Ҳумоюн,

Ватанга кетамиз, юртга кетамиз…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Ғайрат МАЖИД

Сайт бўлими: Ёднома, Мақолалар, Янгиликлар Теглар: ,

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром