"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УЙҒУН ДОМЛА БИЛАН БИР СУҲБАТ

Ўқилди: 122

 

Устозим Ибройим Юсуповнинг “Раҳмат сенга замоним” китобини нашрга тайёрлаши, каминаи камтариннинг бир-икки арзир-арзимас шеъримни “Ёшлар баёзи-80”га киритиши туфайли ажойиб шоир, камсуқум инсон Маъруф Жалил билан орадан қил ўтмайдиган оға-ини бўлиб қолган эдик. 1986 йилнинг ёзида Маъруф ака “Туғилган қишлоғим Пайшанбада ўрик пишганига бир ҳафта бўлди. Ўрик егим келяпти. Дўрмон боғига бориб келмаймизми?” деб қолди. “Эски Жўва бозоридан ўрик олиб келайми?” дедим. “Йўқ, Дўрмонга борсак, улуғларнинг нафаси бор. Айниқса Ҳамид Олимжоннинг…” дея жимиб қолди. Маъруф ака Ҳамид Олимжон шеъриятидан шарбат ича олган ғойибона шогирдлардан бири эди. Ҳамид Олимжонда: “Хаёлимда бўлдинг узун кун, Сени излаб қирғоққа бордим…” деган сатрлар бор. Маъруф Жалилда эса: “Паризодим, сени излаб тоғларга бордим, Айтолмадим дилимдаги саволларимни…” Маъруф ака Ёзувчилар боғи асосчисига бағишлаб ёзган шеърида “Бир давр уфқини ёритиб мангу, Юксак-юксакларга чорлаб турар у” деб ёзди. Хулласи калом пичагина баҳслашганимиздан сўнг икковимиз узун-қисқа бўлиб Арғинга отландик.

Дўрмон боғига кириб борганимизда ҳордиқ соати шекилли, йўлакларда ҳеч кимни учратмадик. Фақат бир дала ҳовлининг очиқ эшигидан курсида ҳассага таяниб ўтирган ёши улуғ рус адибига, унинг ёнида тикка турган кумуш сочли кампирга эгилиб салом бердик. У чоғлари боғ турли хил мева дарахтларига тўла эди. Бироз айланганимиздан кейин Маъруф ака:

— Юринг, Уйғун домлага салом берамиз! – деб қолди.

— Ўзингиз кириб чиқаверинг. Мен манови чинор соясида ўтираман! – дедим. Маъруф ака чинорни меҳр билан силаб:

— Ислом шоирнинг чинори! – деди. Савол назари билан боққанимни сезиб:

— Бир гал халқ достончиси устоз Ғафур Ғулом билан шу ердан ўтишганида шу тўрт чинорга қараб “Мана бу чинор – мен, иккинчиси – сен, учинчиси – Ойбек, тўртинчиси – Шайх!” деган экан! – деди. (Ҳозир ҳам ўша тўрт чинор қаҳрамон адиб Тўлепберген Қаипбергеновнинг дала ҳовлисидан ўн беш қадам кейин, йўлакнинг ўнг томонида, сузиш ҳавзасининг сўл ёғида кўкка бўй чўзиб турибди.)

— Бошқа бирор одамга ёлғон гапиришим мумкин эди-ю, Сизга, Маъруф ака ўтирик айта олмайман: Уйғун домладан уялиб юрибман!

— Тинчликми, Бердақ шоирнинг боласи? – деб сўради Маъруф ака.

— Тинчлик эмас-да. Омон ака Мухторов Пушкин 1-да (Ёзувчилар уюшмасининг эски биноси назарда тутилмоқда) Султон Жўрага бағишлаб хотира кечаси уюштирганда залда одам жуда оз бўлди. Раёсатда ўтирган Уйғун домла “Нега бунча озчиликмиз?” деб сўраганида ўтирган жойимдан дабдурустдан “У раҳматлик ҳеч кимнинг ишини битириб беролмайди-да!” деб юборибман. Ўзим шолғомдай қизариб кетганимда ёнимда ўтирган Қутлибека опам ҳам койиб берганлар. Шундан бери Уйғун акадан қочиб юрибман!

— Тўғрисини айтибсиз. Бунинг учун домланинг олдига дадил бораверишингиз керак! – деб енгимдан тортиб қаҳрамон адибнинг ҳузурига бошлади. (У пайтлари атоқли шоир, драматург қаҳрамонлик юлдузидан ташқари 13 орден олган экан)

Мўъжизани қарангки, дастурхонда бир патнис ўрик бор экан. Маъруф ака беш-олти дона ўрикни паққос туширди. Мен тортиниб-қимтиниб иккитасини едим. Уйғун домла янги ёзган шеърини ўқиб берди:

Бу йилни халқаро тинчлик йили деб

Эълон қилишдилар, жуда ҳам яхши.

Ҳаёт яшнармиди тинчлик бўлмаса?

Тинчлик – бу оламнинг, ҳаётнинг нақши…

Кейин “Жонтемир” достонининг муаллифи менга тикилиб қаради-да, мени саволга тутди. Камида ярим соат гапга тутди. Суҳбатимиз асосан Қорақалпоғистонда шоличилик ривожига бағишланди. Атоқли шоир эринмасдан бу борадаги фикрларимни тинглади. Олдидаги каттакон дафтарга нималарнидир ёзиб ҳам қўйди. У чоғлари мен ўттиз ёш остонасидаги кучга тўлган журналист эдим. Қорақалпоғистонда шоличиликни ривожлантиришга оид бир неча мақола ёзган эдим. Уйғун домлага 1965 йили бизнинг ҳудудда атиги 28 минг тонна шоли олинган бўлса, 1983 йили 333 минг тонна шоли етиштирилгани, ихтисослаштирилган хўжаликлар сони 17 та эканини айтдим. Бекниёз Уббиниёзов ва Алексей Кан юксак унвонлар соҳиби бўлганини ҳам таъкидладим. “Бу кетишда бутун Ўзбекистонни гуруч билан таъминласак керак!” дедим. Шоир индамади. Бироздан сўнг “Жўлмирзани кўриб турибсизми?” деди. Бирдан жавоб беролмадим. Уйғун домла “Унинг бир оёғи Нукусда, бир оёғи Тошкентда” деб қўйди. Таом келтирилди. Улкан ижодкор билан илиқ хайрлашдик,

Орадан бир қанча вақт ўтгач, Маъруф ака Қорақалпоғистонга келди. Кун иссиқ эди. Бир ойдан ҳам кўпроқ вақт Мўйноқ тарафларда юрди. Салқин тушган, шоира Г.Матёқубова унга фуфайка совға қилган эди. Маъруф ака билан Берунийга, раҳматлик Норхон оға Раҳмонов бошқараётган ҳунар-техника билим юртига бориб, учрашув ўтказдик. Маъруф ака “Жумабой Ботировга” деган янги шеърини ўқиб берди. Тошкентга кетаётиб, қўлимга Уйғун домланинг янги шеърлар тўплами – “Баҳор нафаси”(муҳаррири Маъруф ака экан)ни берди. Мен нодон бу китобни варақлабман-да, охиригача ўқиб чиқмабман. Яқинда, орадан 30 йцл ўтиб, ўша китобни бошидан охиригача мутолаа қилдим. Кўзгуга қарасам, юзларим қизариб кетибди. Уйғун домла ўша китобга кирган “Она табиат” шеърида:

Табиатни шилма, очкўзлик билан.

Бир тонна бериб қўй бир грамм олсанг,

Ҳар қандай бойлик ҳам тугаши мумкин,

Олдини олмасанг, ғафлатда қолсанг…

Уйғун домланинг кейинги шеъри “Орол” деб аталар эди. Шеър “Орол қурияпти, дарди кўп оғир” деб бошланар эди. Кейинги:

Асрлар Оролга сув бериб келган

Аму билан Сирнинг тўсилди йўли.

Орол Амусидан ажралиб қолди,

Бу ишда бор, шаксиз, инсоннинг қўли…

…Баъзи алломалар, ирригаторлар,

Ҳисобдан адашиб кетмадимикан?

Пухта ўйланмасдан қилинган ишлар

Оролнинг бошига етмадимикан?

деган сатрлар бугунги умумбашарий экологик ҳалокатни теран англаган одамнинг хулосалари эди.

Китобда кўрсатилганидек, атоқли шоир бу шеърни ёзда бошлаб, йил охирида якунлаган. 174 кун давомида қайта ишлаган. Энди у шеърни ўқияпману ўшанда билағонлик билан булбулигўё бўлганимни ўйлаб хижолатдан терлаб кетаман. Бунга ўхшаган шеърлар Уйғун лирикаси хазинасида жуда кўп. Албатта, у ижодкорнинг тоталитар тузум шароитидаги мураккаб ҳаётида мусбат ва манфий нуқталар оз эмас. Бугун олтмиш ёшим остонасида Дўрмон боғи йўлаклари бўйлаб кезар эканман, аллома адиблардан Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Комил Яшин, Миртемир, Зулфияхоним, азиз устозларим Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Носир Фозилов, Жуманиёз Жабборов, Маъруф Жалил, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Омон Мухторов, Рауф Парфи, Носир Муҳаммад ва бошқа табаррук зотлар билан бирга Уйғун – Раҳматулла Отақўзиевни ҳам эҳтиром билан эслайман. Маъруф ака ёзганидек:

Шу ерга келганда тиниқиб фикран,

Шу ерга келганда бўлгандайман бой!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

шоир, таржимон, публицист,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Сайт бўлими: Ёднома, Мақолалар, Ўзбек адиблари, Янгиликлар Теглар: 

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча