"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабий дўстлик тараннуми

Ўқилди: 166

Дунёда дўстлик энг азиз неъматлардан бири ҳисобланиши бежиз эмас. Негаки, бу туйғу миллати, тили, жойлашган ҳудудидан қатъи назар, башар халқларини бир-бири билан яқинлаштиради, улар ўртасида маънавий кўприклар яратади.

Давлатимиз раҳбарининг адабиётимиз ривожига кўрсатаётган юксак эътибори, «Адабий дўстлигимиз абадий дўстликка айлансин» деган даъватлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида «Ўзбек адабиётининг хорижий дўстлари кенгаши»ни тузиш ҳақидаги ташаббуслари, шубҳасиз, шу олижаноб мақсаднинг амалга ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нафақат халқаро масалалар, савдо-иқтисодий муносабатлар, маърифий алоқаларни ҳам мустаҳкамлашга юксак эътибори, мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги адабий алоқаларини ҳам кенг ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, хорижий давлатлар раҳбарлари билан бўладиган олий даражадаги учрашувларда ўша давлатга мансуб таниқли давлат ва жамоат арбоблари, хусусан, ардоқли шоир ва ёзувчиларнинг китобларини ўзбек тилида нашр этиб тақдим қилиб бориш бўйича ташаббусли ёндашуви давлатлараро аҳамият касб этмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга «XXI аср бўсағасида», Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга Абдураҳмон ­Жомийнинг «Муҳаббат маҳзани», Беларусь Президенти Александр Лукашенкога Якуб Коласнинг ­«Қадрдон қўшиқлар» китобларининг тақдим этилиши, ўз навбатида, мазкур мамлакат раҳбарларининг бундай эъзоз ва эътиборга кўрсатаётган жавоб ҳаракатлари бу жараённинг халқаро муносабатларда эзгу анъана кўринишини олаётганидан гувоҳлик бериб турибди.

Мамлакатимизда қозоқ халқининг улуғ шоири Абай Қўнонбоев, маш­ҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ижодий меросини тарғиб қилиш борасидаги қарорлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мазкур адиблар китобларининг чоп этилиши, Тошкентда Якуб Колас ва Махтумқули ёдгорликларининг ўрнатилиши, Абай Қўнонбоев, Александр Пушкин туғилган кунлари муносабати билан уларнинг ҳайкаллари пойида ўтказилган ижодий анжуманлар чинакам маънода адабий дўстлик тараннумига айланди.

Тошкентда ўтган ўзбек адабиёти тарғиботига бағишланган халқаро конференция адабиётимиз тарихида янги саҳифа очди, десак, муболаға бўлмайди. Германияда Хельмут Далов томонидан «Бобурнома» немис тилида, Украинада Игорь Шпак томонидан Алишер Навоийнинг «Фар­ҳод ва Ширин» достони украин тилида, Туркияда Ҳусейн Байдемир, Маъруфжон Йўлдошев ва Йилмаз Ўзқоялар томонидан «Мустақиллик даври ўзбек адабиёти» номли ўзбек ёзувчилари асарлари турк тилида китоб ҳолида нашр этилди.

Хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, амалий ҳаракатларга киришилди.

Тошкентда ўтган халқаро конференция доирасида Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон Ёзувчилар уюшмалари раислари Анор муаллим, Улуғбек Есдавлат, Низом Қосим билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўртасида ҳамкорлик шартномаларининг имзоланиши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси делегацияларининг Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Ҳиндистон давлатларида адабий анжуманлар, ижодий мулоқотларда бўлиши ҳам халқаро адабий алоқаларимиз тобора ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Яқинда адибларимизнинг Ҳин­дис­тон сафари давомида ушбу мамлакат кутубхоналарида сақланаётган Алишер Навоийнинг милодий 1671 йилда кўчирилган девони, «Бобурнома»нинг форсий нусхаси, Акбаршоҳ томонидан ёздирилган Абдуқодир Бидоюнийнинг «Тарихи Темуриён» каби асарлари, умуман, аждодларимиз қаламига мансуб, тарихимиз, маънавий меросимизга оид 119 та қўлёзма ва китоблардан нусхалар олиб келинди. Бу, ўз навбатида, янги тадқиқот ва нашр ишлари учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда Россия Федерация­си билан Ўзбекистон ўртасидаги халқ­аро муносабатлар икки давлат раҳбарлари ташаббуси ва саъй-ҳаракати туфайли нафақат янги босқичда ривожланмоқда, балки янада кенга­йиб бормоқда. Бу, албатта, адабий алоқаларимиз дўстона ривожида ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Август ойида Тошкентда ўтган «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқ­аро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро конференцияда Россия Федерациясидаги адабий ­нашрлар — «Иностранная литература» журнали бош муҳаррири Александр Ливергант, «Литературная газета» бош директори Алексей Шавлов, бош муҳаррири ўринбосари Анастасия ­Ермакова, «Роман-газета» журнали бош муҳаррири Юрий Козловлар иштирок этди. Бу нашрлар билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги адабий нашрлар — «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик» журналлари ўртасида ҳамкорлик шартнома ҳужжатларининг имзоланиши, шубҳасиз, адабий алоқаларимиз ривожига хизмат қилмоқда.

Адабиёт, шеърият, шоирлар йўли азал-азалдан ҳамиша дунёнинг энг йирик чорраҳаларида кесишган. Аммо шоир даҳоси кичик бир ўлка ҳудудини дунёнинг энг йирик шоирлари йўли кесишадиган нуқтага айлантиришга қодир экан. Айнан ­Расул Ҳамзатов ижоди ва шахсияти сабаб Доғистон ана шундай адабий марказлардан бирига айланди.

Яқинда Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси таклифига биноан Расул Ҳамзатов таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб ўтказилган XXXII Халқ­аро «Оқ турналар куни» фестивалида иштирок этиш учун ушбу диёрда бўлдик.

Доғистонда бўлиб ўтган тадбирлар давомида Махачқаъла шаҳри Тарки-Таудаги шоир қабрини зиёрат қилдик. Улуғ шоир яшаган ­хонадонга ташриф буюриб, оила аъзолари билан учрашдик. Рус драма театрида бўлиб ўтган шоирнинг 95 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда, «Шеърият театри»даги «Овул ва бутун жаҳон шоири» мавзусида Россия шеърият кечасида қатнашдик. Доғистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этдик. Унда Россия Федерацияси Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Иванов, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Магомед Аҳмедов ва бошқа хорижий ва маҳаллий ёзувчилар билан адабий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро таржима ишларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди. Барча тадбирлар, хусусан, Расул Ҳамзатов туғилган Хунзах туманидаги Цада овулидаги тантаналар, у туғилиб ўсган хонадон — ҳозир унинг отаси Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса уй музейи барчада жуда катта таассурот қолдирди.

Биз Доғистон адабиётидан кўпроқ Ҳамзат Цадаса, Абу Толиб, Расул Ҳамзатов, Фазу Алиеваларни биламиз. Аслида бу кўп миллатли адабиёт вакилларидан иборат гулзорда киши кўнглини шеъриятнинг муаттар бўйларидан баҳраманд этувчи турфа чечаклар, Ватаннинг чин ошиғи бўлган булбуллар жуда кўп. Сулаймон Стальский, Али Казиев, Абдулла Магомедов, Хандулай, Тагир Хрюгский, Омарла Батирай, Анхил Марин, Ирчи-Казак, Маҳмуд-Козаб-Росо, Юсуп Хаппалаев каби қанчадан-қанча куйчилар, шоирлар, ёзувчилар ўтган. Уларнинг ижоди билан танишар эканмиз, Расул Ҳамзатов асрлар давомида ўз анъаналари, рамзлари, қад­риятлари асосида ривожланиб келган бир бутун ҳикматгўй ва булбулзабон Доғистон заминида камол топгани бежиз эмаслигини англаймиз.

Доғистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф давомида Россиянинг турли ўлкаларидан ва хориждан келган адиблар билан дўстона танишув ва адабий алоқаларни ривожлантириш, ҳар бир ҳудудга хос тажрибалар билан танишишга қаратилган дўстона суҳбат бўлиб ўтди. Биз уларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида алоҳида миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини мужассамлаштирган янги бино қуриб берилгани, унга ёнма-ён ҳудудда «Адиблар хиёбони» ташкил этилгани, шундай йўлнинг нариги бетида ёзувчилар учун 120 хонадонли уй қурилгани, «Ижод», «Илҳом» фондлари, «Дўстлар клублари», ижод мактаблари, қўйингки, барча-барча ўзгаришлар, адабиёт ривожига кўрсатилаётган юксак эътибор ҳақида гапириб бердик. Уларнинг аксарияти бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро миқёсда ўрганишга лойиқ эканлигини, адабиётни ривожлантириш борасида қатор давлатлар учун ибрат ва намуна тимсоли бўлиб хизмат қилишини эътироф этдилар.

Худди биздаги каби бу диёр хал­қи ҳам адабиёт, шеъриятни нон ва сув каби ҳаёт учун зарур неъмат деб билади. Негаки, халқчил адабиёт ҳамиша халқ орзу-умидлари, дарду армонлари, қувонч-шодликлари билан яшайди. Халқ адабиёт туфайли, адабиёт эса халқ туфайли нафас олади.

«Бошқа ёзувчиларнинг кутубхоналари китобларга тўла, менинг кутубхонам эса халқ билан тўла. Халқ­дан оламан, халққа бераман», деб ёзганди бир пайтлар Расул Ҳамзатов. Устозлар, замондошлари таъкидлаганидек, у барча улуғ шоирлар сингари олганидан кўпроқ берди. Шунинг учун ҳам шоирнинг асарларида ҳар бир тоғлик шоирдек гаплашади. Ҳар бир шоирнинг қалбида ўша тоғлик шивирлаб туради.

— Мен фурсатдан фойдаланиб ўзбекистонлик дўстларимизга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман, — деди Салихат Ҳамзатова. — Кеча театрдаги чиқишингиздан нафақат мен, балки бутун халқимиз қаттиқ таъсирланди. Ўзбек халқини азалдан шеърсевар эканлигини билардик. Отамни, унинг ижодини Ўзбекистонда қадрли ва севимли эканини бевосита сизлардан эшитиш биз учун катта бахт. Тошкент вилоятида «Турналар» монументи ўрнатилгани мени ҳайратга солди. Сиз тайёрлаб келган отамнинг ўзбек тилидаги шеърларининг янги таржималари асосидаги «Оқ турналар» китоби учун ҳам раҳмат айтмоқчиман. Чин юракдан миннатдорман.

Доғистон Республикаси бу кўп миллатли аҳил оилани эслатади. Унда турли миллат ва элат вакиллари дўст-қадрдон, қуда-анда бўлиб яшаб келяпти. Ҳар бир тил, унда яратилган адабиёт инсониятнинг энг катта ва нодир бойлигидир. Ҳар бир тил ўзи алоҳида бир дунё. Шоир ва ёзувчилар туфайли биз ана шу ­дун­ё­га кирамиз, қалбан улғаямиз, руҳан покланамиз.

Россия Федерацияси Президенти гранти, «Россия оқ турналар халқ бирлиги» маърифий лойиҳаси бўйича «Кўп тилли Россия шеърияти» рукни асосида турли миллатга мансуб ушбу юрт шоир ва ёзувчиларининг китоблари чоп этилаётгани барчани қувонтирди. Айниқса, бу рукндаги авар шоиралари Сабигат Магаметова, Беку Меседа Расулова, Қўмиқ шоираси Шеит-хоним Алишева, дар­ғин шоираси Аминат Абдулманопова, лезгин шоираси Билола Адилова, қабардин шоираси Бати Балкизовалар ижодидан қилинган таржималар бу шеъриятнинг дунё бўйлаб таралиши учун кенг йўл очади.

Азим шеърият туфайли бугун дун­ёнинг қайси бир бурчагида бўлмасин, Расул Ҳамзатов деса Доғистонни, Доғистон деса Расул Ҳамзатовни эслашади. У ана шундай буюк муҳаббат билан нафақат Доғис­тонни, Россияни, унинг турфа халқларини, дунё аҳлини сева билди, севганда ҳам бирини иккинчисидан ­айирмай, бирини тепа, бирини паст, бирини оқ, бирини қора демай севди. «Бутун ер юзи аҳолисини қулочимни кенг олиб, бағримга босишни қанчалар истардим…», дерди у. Унинг оламга, инсониятга бўлган севгиси, улкан муҳаббат ва эътироф бўлиб ўзига қайтди.

Тоғлар ўлкаси Доғистонда бўлиб ўтган «Оқ турналар куни» фестивали, эзгулик, адабиёт, Расул Ҳамзатов шеърияти дунёнинг қанчадан-қанча мамлакатларидан келган шоир ва ёзувчиларни бирлаштирди. Қалб­ларни қалбларга, элларни элларга боғлади. Эътироф этилганидек, адабий дўстлик, абадий дўстлик учун замин бўлиб хизмат қилиши яна бир карра ўз исботини топди.

Минҳожиддин МИРЗО,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари.

ЎзА

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром