"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Садоқат ва армоннинг ранглари

Ўқилди: 194

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида жорий йилнинг 2 октябрь куни навоийлик таниқли адиб Менглибой Муродовнинг “Садоқат ва армоннинг ранглари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда шеърлари, ҳикоялари, қисса-ю романлари билан ўқувчилар қалбини забт этган Менглибой Муродов туғилиб-ўсган қишлоғида яшаб, баракали ижод қилаётган фаол ижодкорлардан экани таъкидланди.

Бўлажак шоир, адиб ва драматург Менглибой Муродов 1942 йил 15 майда Навоий вилояти Конимех туманидаги Шодибек қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. У 1960 йилда туман марказидаги 1-ўрта мактабни, 1966 йилда эса Бухоро давлат педагогика институтини битирган.

Институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган Менглибой Муродов илк педагогик фаолиятини тумандаги Алишер Навоий номли 9-ўрта мактабда бошлаган. 1969 йилдан 1986 йилгача туман халқ таълими бўлимида услубшунос, метод кабинет мудири, назоратчи, бош назоратчи, 1986 йилдан 1990 йилгача Мирзо Улуғбек номли 7-ўрта мак-табда раҳбар, 1990 йилдан 1998 йилгача туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, 1998-1999 йилларда туман “Маҳалла” жамғармаси раиси, 1999-2000 йилларда туман ҳокимлиги ташкилий ишлар ва кадрлар масалалари бўйича гуруҳ раҳбари — ҳоким ўринбосари, 2000-2002 йилларда эса туман ҳокимлиги ижтимоий масалалар бўйича бош мутахассиси лавозимларида ишлаган. Менглибой Муродов 2003-2006 йилларда “Маҳалла” ва “Мулкдор” республика газеталарининг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб фаолият кўрсатган.
Менглибой Муродов ёшлигидан бадиий ижод билан жиддий шуғулланди. Улғая боргани сари жамиятдаги муаммолар, инсон амалий фаолияти ва қалб олами, инсон ва борлиқнинг ўзаро муносабатига оид қарашлар, масалалар ижодкор сифатида уни ҳамиша ўйлантириб турган мавзулар бўлди. Шу маънода, қатор шеърлар, насрий асарлар ёзилди, вақтли матбуотда эълон қилинди. Аммо китоб чоп этишга шошилмади. Менглибой Муродов асарларини мустақиллик йилларида китоб ҳолида нашр эттирди. Мухтасар айтадиган бўлсак, адиб истиқлол йилларида баракали ижод қилди. Айниқса, ёзувчининг “Менинг бола қалбим” қиссаси, ижобий маънода, анчагина шов-шувларга сабаб бўлди.

Менглибой Муродовнинг қуйидаги асарлари нашр этилган. “Меҳр” (1966), “Хосиятли кун” (2001), “Дийдор” (2002), “Юрагимда борин айтдим” (2005), “Кўнгилдаги қўшиқлар” шеърий тўпламлари ва “Гуноҳ” романи (2008), “Менинг бола қалбим” қиссаси (2009), “Савоб” романи (2012), “Мен бир йўловчиман” сайланмаси (2017), рус тилида “Моя недетская душа» (2017) китоблари шулар жумласидандир.

Бугунги кунда ҳам Менглибой Муродов қизғин ижод оғушида. Унинг долзарб мавзу-лардаги турли жанрларга оид янги асарлари республика матбуотида тез-тез кўриниб турибди. Менглибой Муродовнинг камтарона фаолияти жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Хусусан, адибнинг “Гуноҳ” романи республикамиз мустаҳиллигининг 17 йиллиги олдидан ўтказидган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида фахрли ўринни олганлиги фикримизнинг далилидир.

Менглибой Муродовнинг янги “Садоқат ва армоннинг ранглари” номли китобида муаллифнинг ҳужжатли қисса ва хотиралари жой олган. Ушбу китоб инсонни ўз виждони билан холи қолдиради.Бошқалар тақдирини ўқиш асносида ўқувчи ўз умр йўлига назар солади. Ёлғиз она қарамоғидаги ёш ўспириннинг яшаш учун кураши, турмуш икир-чикирлари, муаммоларидан чиқиш учун тўғри йўлни топа билиши, катта ҳаёт бўсағасида дўсту нодўстни ажрата олиши, кейин оила аталмиш боғни бўстонга айлантириш илми, айнан шу илмни ўзлаштириш учун ёнидаги маслаги билан мақсаду муддаонинг бирлиги – муаллифнинг айнан шулар ҳақидаги хотиралари ўқувчи учун, сўзсиз, ҳаёт сабоғини беради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром