"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Маърифий анжуман сабоқлари

Ўқилди: 85

Когон туманининг Қасри Орифон қишлоғидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида улуғ пир таваллудининг 700 йиллигига бағишланган 25-анъанавий республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

“Нақшбандия тариқати ғояларининг комил инсон тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти” мавзуида ташкил этилган анжуманда Тошкент, Самарқанд ва Навоийдан ташриф буюрган, шунингдек, Бухорода яшаб, аллома илмий-маърифий меросини ўрганаётган тасаввуфшунос олимлар, олий ва ўрта махсус ислом ўқув юртлари талабалари, шоир-ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан Бухородаги етти пир зиёратгоҳларида катта кўламдаги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ташкил этилган анжуман бу борадаги ташаббусларга ҳамоҳанг бўлиши билан бирга, 2020 йилда Бухоро шаҳрининг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади.

Анжуманда йиғилганлар эътиборига ҳавола этилган маърузаларда нақшбандия таълимотининг комил инсон тарбиясидаги ўрнига алоҳида урғу берилиб, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби улуғ бобокалонларимизнинг мазкур таълимот ғоялари билан йўғрилган асарлари таҳлилига кенг ўрин ажратилди.

Илмий-маърифий суҳбат ва мушоира тарзида кечган анжуман давомида Мирзо Кенжабек, Султонмурод Олим, Ибодат Ражабова, Шодмон Сулаймон каби уюшма аъзолари ирфоний мазмундаги шеър ва ғазалларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча