"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Омон Мухтор хотирасига бағишланган кеча

Ўқилди: 241

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий кутубхона, Маданият вазирлиги ва Бадиий академия ҳамкорлигида 2018 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ва носир таваллудига бағишланган фотокўргазма ва хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкор Омон Мухторнинг адабий мероси, асарлари мазмун ва моҳияти жиҳатидан бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлиги таъкидланди.

Омон Мухтор (асли исми Мухтор Сулаймонович Омонов, 1941 йил 16 июл) ўзбек ёзувчиси, шоири, драматург бўлган. 1958-йил мактабни, 1964-йил Тошкент Давлат Университети журналистика бўлимини тугатган. Болалар газетаси, Ўзбекистон радиоси, Кино қўмитасида ишлаган. Адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилган. 1983-йилдан «Шарқ юлдузи» журналида ишлаб, бош муҳаррирлик даражасигача чиққан.

Омон Мухторнинг «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) ва бошқа шеър тўпламлари, таржима китоблари босилган. Бундан ташқари катталар ва болаларга мўлжалланган янги эртаклар, хаёлий манзаралардан иборат бир неча китоблари ҳам нашр етилган. Адиб қатор ҳикоялар ва қиссалар китоблари муаллифи, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Вазифа» (1988), «Ўлмаган жон» (1995) сингарилар шулар жумласидан. Унинг қаҳрамонлари оддий касб-ҳунар кишилари. Шеърларида ҳам, ҳикоя ва қиссаларида ҳам ёзувчи бировга эргашмайди, ўзи топган аниқ фикр билан жонли манзара чизишга уринади. Айний, Фитрат, Ғафур Ғулом каби устозлардан сабоқ олгани сезилиб туради.

Омон Мухтор дастлаб «Йиллар шамоли» (1976) ва «Эгилган бош» (1989) деган икки роман эълон қилди. Бу романлар кейинчалик «Бухоролик бир йигит» (1998) ва «Ўлмаган жон» (1995) китобларида қайта нашр этилди. Ёзувчининг шундан сўнг «Тўрт томон қибла» трилогияси («Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам», «Тепаликдаги хароба» романлари) (2000) босилди. У яна «Аёллар мамлакати ва салтанати» (1997), «Афлотун» (1998), «Майдон» («Шарқ юлдузи» журнали 2001 йил 1-сон) романларини ёзди.
Дастлабки икки романи маълум даражада анъанавий услубда бўлса, кейинги романлар ўз шакли ва йўналиши билан бутунлай янгичадир. Улар асосан, ўзбек халқ эртаклари, қиссалари, достонлари ва афсоналарига суянган ҳолда, бу кунги инсон ҳаётини акс эттириш билан бирга, унинг хаёл оламига, руҳиятига саёҳатни эслатади.

Адиб ижодига хос бўлиб келган фалсафага мойиллик бу романларда бўртиб кўринади. Инсон қисмати ҳам, унинг руҳ олами ҳам нақадар мураккаб эканлигини акс эттиради.

Омон Мухтор 2013 йил 10 май куни вафот этди.

Хотира кечасида намойиш этилган фотокўргазмалар, адиб ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ лавҳалар ҳамда ёзувчининг бадиий асарлари келганларда яхши таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром