"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халқ шоирининг ижодий кечаси

Ўқилди: 358

Ўзбекистон халқ шоири, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Тўлан Низом таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Андижон вилоятининг қатор туманлари ва шаҳарларида адабиёт кечалари, ижодий учрашувлар, китобхонлик тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Тўлан Низомнинг “Сенинг эртакларинг”, “Ифтихор”, “Қуёш йўли”, “Ой қизлар”, “Андижонда бир қуш бор”, “Муқаддас руҳ”, “Чўлпон”, “Чаман ичра”, “Ватан сурати”, “Ҳумо”, “Ватан ҳақида қўшиқ” , ”Оқ гул”, “Даҳр боғи”, “Довон”, “Темир йўл”, “Сайланма” сингари 35 дан зиёд китоблари халқимизга етиб борган.

Куни кеча Андижон шаҳрида янги ташкил этилган Ёшлар марказининг анжуманлар залида шоирнинг қутлуғ айёмига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. Шоирни қутлаш учун пойтахтдан, қўшни Қирғизистондан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда қўшни вилоятлардан азиз меҳмонлар, ижодкорлар ташриф буюрдилар. Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов очиб, вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди ва эсдалик совғалар топширди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Президентимиз томонидан ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътиборларни таъкидлаб, отахон адибнинг узоқ йиллик самарали ижодий фаолияти, ўзбек достончилиги ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлади. Шоирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғаларини тақдим этди. Академик Наим Каримов, профессор Ҳамидулло Болтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону, ижодкорлар Янгибой Қўчқоров, Зиёвиддин Мансур, Исмоил Маҳмуд, Ҳулкар Ҳамроева, Назиржон Саидов, Саидаҳмад Шукуров, вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳомжон Ортиқбоев, Ўш вилоятидан келган меҳмонлар Усмон Темур, Соҳибахон Шокирова ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Шоир ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи видеоролик, Андижон Ёшлар театрининг актёрлари ижросида намойиш этилган Тўлан Низомнинг “Сўзга айланган қилич” шеърий романи асосидаги саҳна кўриниши, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиев, таниқли хонанда Муродил Ҳакимов, “Мерос” дастасининг хонанда ва раққосалари ижросидаги қўшиқлар ва рақслар анжуманга кўтаринки руҳ бағишлади. Тўлан Низомнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган “Танланган асарлар”, “Мумтоз сўз” нашриётида чоп этилган “Шароф ота” номли янги китоблари, “Пўлат белбоғ”, “Ватан ҳақида қўшиқ”, “Сайланма” тўпламлари, шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли ёритилган китобчалар анжуман қатнашчиларига тақдим қилинди.

Бўз туманидаги “Ўзбегим” тантаналар саройида бўлиб ўтган тантанали адабий-бадиий анжуман карнай-сурнай садолари остида бадиий ҳаваскорлар томонидан тайёрланган мусиқий композициялар намойиши билан бошланди. Бўз тумани ҳокими Иномжон Мамадалиев анжуманни очиб, барча меҳмонларга миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомга, шунингдек, пойтахтдан, қўшни вилоятлардан, вилоят марказидан келган меҳмонларга эсдалик совғалар тақдим этди.

Академик Наим Каримов, профессор Рустам Шамсуддинов, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, ижодкорлар Хуршидабону, Жамолиддин Муслим, Шодмон Отабек, Назиржон Саидов, Абдурасул Жумақулов, Хумоюн, Қодиржон Қаюмов ва бошқалар сўзладилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Ҳайдаров ва “Миллион” жамоасининг бадиий чиқишлари кеча қатнашчиларига хуш кайфият улашди.

Анжуманлар сўнгида отахон адиб уни улғайтирган она юртига, ардоқлаган юртдошлару оқ йўл берган устозларига чуқур миннатдорчилигини изҳор этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром