"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Андижон вилоятида библиобуслар хизмати йўлга қўйилди

Ўқилди: 119

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фондининг давлат грантлари ажратиш бўйича эълон қилган танловида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимининг “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” лойиҳаси ғолиб деб топилди.

Республикада фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари сараланиб, Парламент қарори асосида ғолиб деб саналган ташкилотларга вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 37-сессиясида сертификатлар топширилди.

“Адабиёт яшаса, миллат яшайди” лойиҳаси доирасида ўсиб келаётган ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятли, китобхон ёшларни рағбатлантириш мақсадида “Адабиётга эътибор – маънавиятга эътибор”, “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” танловлари ўтказилади.
Вилоятда “Бобур издошлари”, “Ёғду”, Муҳаммад Юсуф клуби, “Ёш ёзувчилар”, “Ёш публицистлар”, Ҳабибий издошлари”, “Уммон”, “Нафосат”, “Орзу” каби қатор адабий тўгараклар фаолият юритади. Тўгаракларни Хуршидабону, Нусрат Абдусалом, Нажмиддин Икромий, Акрамжон Ҳамроқулов, Абдураҳим Бозорбоев, Ғани Мажид, Рўзихон Иминова каби ижодкорлар узоқ йиллардан буён жамоатчилик асосида бошқариб келмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими 500 нафарга яқин ёш ҳаваскорларни атрофида бирлаштирган. “Бобур издошлари” тўгарагининг олти нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлди, кўплаб иқтидорли ёшлар турли Республика танловлари ғолибларидир. Бироқ, чекка ҳудудларга учрашувларга борилганда истеъдод учқунлари кўриниб турган, китобсевар ёшларнинг кўплиги, уларнинг ҳаммасиям тўгаракларга жалб этилмагани, кутубхоналардан унумли фойдаланмаётгани аён бўлиб қолади.
Вилоятда фаолият юритаётган 925 та ахборот-кутубхона муассасаларидан ташқари вилоят ҳокимининг ташаббуси билан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳомийлигида икки юздан зиёд жамоат жойларида, кафе, ресторан, супермаркетлар олдида, хиёбонларда ихчам кўча кутубхоналари ташкил этилди. Мазкур кутубхоналар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан тўлдирилди. Юртдошларимиз ушбу кутубхоналар жавонидан ўзи истаган китобини олиб ўқиши, сўнг яна қайтариб ўз жойига қўйиб қўйиши мумкин. Шунингдек, вилоятда библиобуслар хизмати йўлга қўйилиб, улар чекка ҳудудларда китобхонларга хизмат қилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларга ҳамоҳанг тарзда халқ орасида, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ўстириш мақсадида бадиий адабиёт тарғиботи билан шуғулланиш, китобхонлар қалбида эзгуликни, миллий истиқлол, она Ватанга муҳаббат, буюк тарихимиз ва маданиятимиздан ифтихор этиш ҳиссини юксалтириш, ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаш, Республика ва вилоят даврий нашрларига уларнинг ижод намуналарини тавсия этиш, улар учун маҳорат дарслари ўтказиш каби ишлар режалаштирилиб олинди.
“Мен севиб ўқиган китоб” акциясида “Тенгдошдан-тенгдошга совға” рукни остида ижтимоий кўмакка муҳтож хонадонларга ёш қаламкашлардан тузилган тарғиботчи ёшлар гуруҳи ташриф буюради. Ногиронлиги бўлган ёшларнинг шахсий кутубхоналарини шакллантиришга кўмаклашилади. “Адабиётга эътибор – маънавиятга эътибор” тарғибот ойлиги давомида ўзбек адабиётининг равнақига катта ҳисса қўшган адибларнинг ҳаёти ва ижоди тарғиб этилади. “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” лойиҳаси, шунингдек, чекка ҳудудларда “Қаламкаш ёшлар паспорти”ни шакллантириш, уларни адабий тўгаракларга жалб этиш, келажакда уларнинг ижод намуналари тарғиботига кўмаклашиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча