Буюкларнинг фарзадлари ҳам эл-юрт хизматига камарбаста экани дилларни сурурга тўлдиради. Атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг дилбанди, истеъдодли адиба Олмосхон Аҳмедова ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшиб, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаб, тажрибали музейшунос сифатида халқимиз ўртасида маънавий меросимизни тарғиб этишда илғор технологиялардан самарали фойдаланиб, эл-юрт равнақи йўлида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ушбу йилда устозимиз 80 баҳорни қарши олдилар. Қўқон шаҳрида жойлашган “Худоёрхон” ўрдасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маъданият ҳодими, атоқли шоир Олмосхон Аҳмедованинг 80 йиллик юбилейи кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали нишонланди. Юбилей Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўзига хос кўринишда ссенарийлаштирилди. Юбилейда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли шоир ва адиблар Энахон Сиддиқова, Малика Мирзо, Матлуба Деҳқон қизи, Носир Зоҳидлар фаол иштирок этди. Ёш ижодкорлар томонидан устозга бағишланган табрик шеърлар гулдастаси қарсаклар садоси билан кутиб олинди. Тадбир сўнгида юбилей соҳибига уюшманинг эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими