"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ижодкорлар пахта далаларида

Ўқилди: 148

Миллий бойлигимиз бўлган пахта йиғим-терим мавсумига фарғоналик ижодкорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Дала майдонларида меҳнат қилаётган теримчиларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун ташкил этилаётган тадбирларда эл суйган ёзувчи, шоирларнинг фаол иштироки бунга мисолдир. Жумладан, 1 октябр куни теримга кўнгилли бўлиб сидқидилдан ёрдам бераётган Ёзёвон туманининг Иштирхон ҳамда Гастон МФЙ ҳашарчилари учун кўнгилочар кеча ташкилланди. Тадбирда хонандалар, сўз усталари ва таниқли шоира Ўктамхон Солиева ўзининг турли мавзулардаги халқона шеърлари билан иштирок этиб, даврани жонлантириб юборди. Айниқса, 76 ёшли Иноят момо Тошмирзаеванинг шундай улуғ ёшда юртимиз хирмонига барака улашиб пахта тераётгани юртдошларимизнинг ғайратига ғайрат қўшиб, намуна бўлди. Илғор теримчиларга Ёзёвон тумани ИИБ ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди. Бу каби тадбирлар теримчиларга руҳий бардамлик бағишлаб, мавсумнинг жадал суратларда олиб борилишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими

Андижон вилоятида маънавий-адабий тарғибот гуруҳи аъзолари турли кўнгилочар дастурлари билан пахта йиғим-теримида фаол қатнашаётган ҳашарчилар ва пахтакорлар ҳузурига бормоқдалар.
Бўз туманида бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, ижодкорлар Хуршидабону, Восит Аҳмад, Аваз Абдусалом ҳамда ёш қаламкашлар пахтакорларга аталган шеърлар ўқидилар, илғор теримчиларга бадиий китоблар совға қилдилар. “Ўзбекконцерт” бирлашмаси хонандалари Дилмуроджон Ўсаров, Гули Шайдо, Муҳаммадали Қодировларнинг қўшиқлари теримчиларни рақсларга чорлади.
Тумандаги Навоий мавзеси таркибида “Элдорбек келажаги”, “Аҳмадилло довруғи”, “Аслбек келажак ифтихори” сингари йигирма уч фермер хўжалиги бўлиб, 652 гектар майдонда деҳқончилик қилинади. 650 нафар аъзоси бўлган мавзенинг миришкор деҳқонлари бу йил юртимиз хирмонига 2100 тонна пахта хом ашёси топширишни режа қилганлар. Уларга Асака туманидан келган ташаббускор ҳашарчилар камарбаста бўлмоқдалар. Ҳозиргача 820 тонна пахта топширилиб, режанинг 40 фоиздан зиёди бажарилди. Мирзоҳид Парпиев, Юлдуз Каримова, Муқаддам Юнусова, Севара Тошлонова, Гулнора Абдураҳмонова, Хосиятхон Раззоқова, Иномиддин Ваҳобжонов, Орзигул Асқарова каби ҳашарчи-теримчилар алоҳида намуна кўрсатмоқдалар.
— Мен Асака туманидаги Қадим қишлоғининг Учтош маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан. Узоқ йил туманимиздаги биолабораторияда ишлаганман. — дейди ҳашарчи-теримчилар бригадири Гулнора Абдураҳмонова. — Беш йилдан бери шу далаларда пахта тераман. Топган маблағларим оиламизнинг яхши кунларига асқотяпти. Теримчиларга яхши шароитлар яратилган. Иссиқ овқатлар вақтида тайёрланяпти, дам олиш соатларимизда шоир-ёзувчилар мушоиралари, хонандаларнинг концертлари бўлмоқда.
Қўрғонтепа ва Пахтаобод туманларида пахтакорлар ҳузурида ўтказилган учрашувларда ёзувчилар Ҳабиб Сиддиқ, Дурбек Қўлдошев, шоирлар Баҳодир Андижоний, Орифҳожи Мелиев, ёш ижодкорлар Барно Солиева, Сардор Сирожиддинлар сўзга чиқдилар ва илғор теримчиларга ўзларининг шеърий ва насрий тўпламларидан совға қилдилар. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари рақсларга уланди.
Қўрғонтепа туманининг “Истиқлол” массивидаги “Диёрахон келажаги” фермер хўжалиги, Пахтаобод туманининг “Ҳақиқат” массивидаги “Ваҳобов Зиёдулло” фермер хўжалиги аъзолари ҳамда ҳашарчи-теримчилар отрядлари пахта йиғим-терими мавсуми давомида илғорлар сафида бормоқдалар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими

 

Бугун белида қуввати, юрагида шижоати бор  ёшу қарининг нияти битта эзгу мақсад сари қаратилгани кўнгилларга мунавварлик олиб кирмоқда.Олтин кузнинг юртимизга кўрсатган беқиёс саховати бепоён пахтазорларда ўз аксини топган.Сирдарёлик деҳқонларнинг қалб қўри ва пешона тери эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ҳар бир фуқаронинг қалб амрига айлангани кишини қувонтиради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ходимлари ҳамда уюшма аъзолари ҳам пахта далаларида бўлиб, ҳашарчи теримчиларга  мадад бўлишмоқда.Гулистон туманига қарашли  “Нурли йўл”СИУ даги  ”Қашқа сув арчаси” фермер хўжалиги даласида  меҳнат қилаётган ҳашарчилар ҳузурига  пойтахтдан ҳамда вилоят театридан бир гуруҳ санъаткорлар билан биргаликда шоир ва адиблар ташриф буюришди. Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ. Ортиқбоева, уюшма аъзоси Н. Қосимова, вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи А. Холиқов, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи З. Ҳайдарова, вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Ғ. Юсупов ва вилоят телевидениесининг ижодий ходимлари бу ерда меҳнат қилаётганларга ўз шеърлари, дил сўзлари орқали олам-олам кўтаринки кайфият бағишлашди. Кунига 1.5 тоннадан ошириб пахта хирмони яратаётган 85 нафар  уюшмаган аҳолининг хизмати таҳсинга лойиқдир.

“Саодат” телесериали орқали ҳаммага танилган, “Маэстро” гуруҳи хонандаси Ўткиржон Исоқовнинг, ёш хонанда Нафиса Ҳасановаларнинг дилбар қўшиқлари, вилоят театри актёрларининг ичакузди ҳангомалари барчага кўтаринки кайфият улашди. Илғор ва пешқадам  теримчиларга Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан  қизиқарли бадиий китоблар совға қилинди. Шунингдек, теримда фаол бир гуруҳ теримчилардан Д. Юнусова, К. Бекбўтаева,Х. Назарқулова, Ю. Сарибоева, Х. Норбўтаеваларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совға-саломлари ҳам улашилди.

 

Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром