"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Арагон — ўз асрининг асил фарзанди

Ўқилди: 88

Ўтган аср саксонинчи йилларининг бошида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Жўлмирза Оймирзаев Элликқалъага келиб, қирқ кун давомида шу ер ва шу эл ҳақида ёзаётган янги романига “масаллиқ” йиғди. Қирқ кун оқсоқол адибга чой қуйиб бериш асносида ундан ўша давр адабий жараёнига оид кўпгина “теша тегмаган” тафсилотларни эшитган эдим. Кетма-кет 3 марта Меҳнат қизил байроқ ордени олган чўлқувар раис Саъдулла Раҳмонов, унинг ўринбосари Жумёз Бердиев тўртталамиз давлат хўжалиги чорбоғида овқатланиб ўтирганимизда адибнинг ўзи собиқ иттифоқ адибларининг улуғ Горький бошқарган Биринчи қурултойидан гап очиб қолди. Хўжалик раиси “Сиз у ерда сўзга чиқдингизми?” деб сўраганида Жўлмирза оға “Йўқ, қорақалпоқ ёзувчиларидан Асан Бегимов сўзга чиқди!” деб жавоб берди. Мен хориждан келган адиблар ҳақида сўрадим. “Улардан менга кўпроқ Луи Арагоннинг нутқи маъқул бўлган эди. Юзларидан нур ёғилиб турарди. Сўзлари ўта маъноли эди. Унинг нутқини Эренбург таржима қилди. Ўз асрининг асил фарзанди эди у. Умуман француз адабиёти жуда кучли адабиёт. Мен ундан кўп нарса ўргандим. Айниқса ўн тўққизинчи аср худди рус адабиёти каби француз адабиётининг ҳам олтин асридир!” деган эди атоқли адиб. Ўша бебаҳо сўзлар ҳамон менинг қулоғим остида жаранглаб туради.

Дарҳақиқат XIX аср жаҳондаги бир қанча халқлар адабиётида олтин аср деб номланган. Бу ўринли таъриф тўла маънода француз адабиётига ҳам тааллуқли бўлиб, Бальзак, Беранже, Бодлер, Верн, Верлен,  Гюго, Дюма, Золя, Мериме, Мопассан, Прюдом, Стендаль, Флобер каби буюк ёзувчилар наинки ўз миллий шеърияти, насри, драматургияси, балки бутун башарият маънавиятининг беқиёс дурдоналарини яратганлар. Атоқли романнавис Анатоль Франснинг серқирра ижоди эса икки аср адабиётини бирлаштирган кумуш кўприкка айланган. Бу ҳаётбахш адабий анъаналар XX асрда Аполлинер, Барбюс, Блок, Бретон, Жид, Камю, Мальро, Пруст,  Роллан, Сартр, Сент-Экзюпери, Триоле, Элюардек ажойиб француз адиблари томонидан муносиб равишда давом эттирилди.

Атоқли шоир ва романнавис, муҳаррир ва ношир, Гонкур академияси аъзоси, Франция коммунистик партияси аъзоси, Халқар ўртасида тинчликни мустаҳкамлаш борасида жорий этилган халқаро мукофот соҳиби бўлган Луи-Мари Андриё – адабий тахаллуси Луи Арагон 1897 йилнинг 3 октябрида Франциянинг қадимий ҳамда навқирон пойтахти Парижда таваллуд топади. 1915 йилдан тиббиёт олийгоҳида ўқийди ва Биринчи жаҳон уруши жонггоҳларида санитар сифатида иштирок этади. Йигирма ёшидан бошлаб бадиий ижод билан машғул бўлиб, аввал дадаизм, кейин сюрреализм, камолот палласидан социалистик реализм оқимларининг марказида туради.  У 1928 йилнинг 27 февралида ўша давр рус адабий жамоатчилиги орасида улкан нуфузга эга бўлган аёл, атоқли шоир Владимир Маяковскийнинг яқин дўсти Лиля Брикнинг синглиси, таниқли француз адибаси ва таржимони Эльза Триоле – Элла Юрьевна Каганга уйланади. Икки ижодкор 42 йил давомида теран меҳру муҳаббатга, юксак эҳтиромга асосланган турмуш кечирадилар. Луи Арагон Иккинчи жаҳон уруши чоғида Қаршилик ҳаракатининг энг фаол аъзоларидан бири бўлади. Умуман у ҳаётини уч улуғ мақсад – романлар ёзиш, тинчликни мустаҳкамлаш ва энг гўзал бадиият намуналарини тарғиб қилишга бағишлайди. Шу маънода Арагон ўз асрининг асил фарзанди эди.

Луи Арагон мероси 5 та шеърлар тўплами – “Мушакбозлик” (1920), “Яшасин, Урал”(1932), “Юракка қадалган тиғ”(1941), “Эльзанинг кўзлари”(1942),  “Паноптикум”(1943), “Қизил фронт”(1931) достони, “Ирен” қиссаси, 12 та роман – “Аниса”(1921), “Телемакнинг саргузаштлари” (1922), “Парижлик деҳқон” (1926”, “Базель қўнғироқлари”(1934),  “Бадавлат даҳалар”(1936),  “Империалдаги сайёҳлар” (1941), “Орельен”(1944), “Коммунистлар”(1949, 1951, 1966, 1967, бир неча жилдлик), “Жазавали ҳафта”(1959), “Жиддий ўлим”(1965), “Анри Матисс”(1971), “Театр романи”(1974) , “Услуб ҳақида рисола”(1928), “СССРнинг кўндаланг тарихи”(1962, А.Мору билан биргаликда), “Прометей олови” публицистик мақолалари, эсселар, кўп сонли таржималардан иборат.

Адиб “Жиддий ўлим” романига ёзган сўнгсўзида  “Биз китоблардан гўё ўз аксимизни кўриб юрган кўзгулардек фойдаланамиз. Гётени Вертернинг ўлимида айблашмаган, ёинки Жюльен Сорель боис Стендални судга беришгани йўқ. Демак агар мен ўз асаримда Антоанни ўлдирсам лоақал юмшатгувчи ҳолатларга эга бўламан-ку” деб ёзади. Арагоннинг юксак бадиий маҳорати, таъбир жоиз бўлса, ноёб қувлиги шунда эдики, у “Эҳтиросли ҳафта” романида император Наполеоннинг аччиқ қисмати орқали “халқлар отаси” Сталин салтанатидаги қирғинларга ишора қилса, “Жиддий ўлим”да пролетар адиби А.М.Горькийнинг аччиқ қисматини кўз олдига келтиргандек бўлади. Луи Арагон нафис сўз санъаткори эди. Буни унинг “Кўр одам” ҳикоясидаги “Афсуски, бугун ўз ҳоҳишимга зид иш тутишим шарт. Қон-қонингга синггиб кетган нафратдан халос бўлмоқ мушкул.

Луи Арагон бир шеърида “Юрагимни қиймаласангиз, топгайдирсиз ундан Парижни” деб ёзади. У она юрти Францияни, киндик қони томган гўзал Парижни, мафтункор Ер сайёрасини, ўз умрини бахш этган бадиий адабиётни, инсон кашф этган мўъжизалар мўъжизаси ҳисобланган китобни беҳад севарди. Ўз юрти ва жаҳон адиблари орасида унинг Поль Элюар, Андре Бретон, Нозим Ҳикмат, Витезслав Незвал, Александр Фадеев, Пабло Неруда, Комил Яшин, Эдуардас Межелайтис, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов(“Жамила” қиссасидан завқланган атоқли адиб ёш ҳамкасбига жаҳон адабиётига кенг йўл очиб берган эди)дек дўстлари бор эди. Улардан бир қисми 1970 йилнинг 12 декабрда Луи Арагоннинг Париж ташқарисидаги яъни Сент-Арну-ан-Ивелиндаги уйи олдида тўпланишади. Кўпларининг кўзлари шашқатор ёш эди. Шу куни адиб ўзининг узоқ йиллик дўсти, севгилиси, юзлаб асарларнинг моҳир таржимони Элла – Эльза оламдан ўтган эди. Буюк Мстислав Ростропович мотам куйини чалаётган эди. Ана шу машшоқ 1982 йилнинг 24 декабрида ўз виоленчелесини қайта қўлга олди. Бу гал бўйи баробар китоб ёзган Луи Арагон  ёруғ олам билан хайрлашган эди. Аммо унинг адабий мероси замонамизга беминнат хизмат қилмоқда. Айниқса ўзбек ва француз халқларининг асрлар давомида тобланган дўстлиги оҳори, буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг 1402 йили Франция қироли Карл VI ( у ҳам темурийзода Мирзо Бобурдек 12 ёшида тахт соҳибига айланган) га ёзган мактубларининг тафти, 1996 йилнинг баҳорида Парижда темурийлар даври маданиятига бағишлаб ўтказилган анжуман ҳарорати, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Арагон ва Аполлинер, Бомарше ва Бальзак, Вольтер ва Верхарн диёрига давлат ташрифининг ҳаяжони дилларимизни қувончга тўлдирмоқда. Демак икки давлат ҳамкорлиги, икки халқ дўстлиги, икки адабиёт биродарлиги умумий манфаатларимизга тўла мос келади!

 

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча