"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Муаллимга мангу эҳтиром

Ўқилди: 80

Қорақалпоқ диёрининг маркази Нукус шаҳридан 150 чақирим нарида кўҳна Элликқалъа тумани жойлашган. Элликқалъа асли тарих билан тенгдош.

Бу заминда милоддан олдинги даврларда қадимий Калтаминор, Сувёрғон, Амиробод маданиятлари шаклланишига хизмат қилган Тошхирмон, Жонбосқалъа, Оқчахон, Гавхура каби гуллаб-яшнаган воҳалар мавжуд бўлган. Тарих талотўплари сабаб ушбу жойлар дастлаб араблар, кейин мўғуллар босқини, турли табиий офатлар натижасида вайронага айланиб, қумлар остига кўмилган. Ҳа, қумлар остига…

Қачонлардир қадимги Хоразм цвилизациясининг бир бўлаги бўлиб келган бу ерларнинг остида бутун халқ, миллат тарихи ётган бўлса эҳтимол. Шоир бежиз ёзмаган экан:

Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дунёлар чиқар.

Аввал йўлдош, кейин йўл, деганларидек яхши суҳбатдош билан йўл танобини тортса бўлади. Ахир чор тараф ҳайҳотдай чўл. Қизил-қўнғир тупроқ бағрида шовиллаб ётган пушти-сариқ янтоқ ва қум барханлари жамики кенгликни қоплаб олгандай. Қизилқум бағридаги “Бўстон”га етиш учун “элликта қалъа”ни босиб ўтмоқ керак. “Бўстон” шаҳрини эллик биринчи қалъа дейишлари ҳам бежиз эмас.

***

– Йўл бўлсин, меҳмон, – дейди шеригим.

– Элликқалъанинг “Бўстон”ига кетяпман. Ўқитувчига қўйилган ҳайкал бор деб эшитаман. “Устозга эҳтиром”. Сиз билмайсизми

Йўлдош елка қисади. – Қайдам, эшитмаган эканман, – дейди.

Афтидан, савдогар бу йигит мендан тужжорликка оид нималарнидир сўрамоқчи бўлди. Нўноқлигимни билгач, яна ўша ҳайкал мавзусига қайтдик.

– Қандай ҳайкал экан у? “Бўстон”ни беш қўлдай биламан, аммо ҳайкални эслай олмадим.

Тўғри, дунёда турли муносабатлар билан барпо этилган майдонлар, хиёбонлар, улуғ шахсларга қўйилган ҳайкаллар кўп. Аммо устоз ва мураббийларга бағишлаб ўрнатилган ҳайкал ҳам, майдон ҳам битта. У ҳам бўлса, “Бўстон”да.

Машинада ўтирган тўрт чоғли киши менга кўз ташлаб қўйди. – Ични қиздирмай давоминиям айтинг-да, меҳмон.

– …Хоразмда бир шоир ўтган. Матназар Абдулҳаким. Унинг “Дарсдан сўнг…” деган шеъри бор. Маъноси шундайки, бир ўқитувчи мактабга узоқ қир оша қатнайди. Қош қорайгач, хўжайини уни олиб кетар эди. Ўшандай кунларнинг бирида, муаллим уй вазифасини топширмаган етти ўқувчини қаттиқ койийди. Эртага қайта текшириш шарти билан, бир қучоқ дафтарларни қўлтиқлаб, уйига қайтмоқчи бўлади. Оқшом чўккан, аммо негадир эридан дарак бўлмайди. Ҳамкасблари қолинг деб қистаса ҳам йўлга отланади. Ярим йўлдан ўтгач, ортидан қашқир таъқиб қилаётганини сезади. Бўрининг оловдан қўрқишини билган ўқитувчи, шартта бир дафтарни ёқиб, ортига ташлайди. Овулга етар чоғи муаллимда дафтар, бўрида тоқат қолмайди. Уч-тўрт дафтар бўлса бас, ўқитувчи уйига етар эди, аммо барибир мудҳиш воқеа содир бўлади. Азада дафтар топширмаган етти ўқувчи ҳаммадан ҳам ёмон йиғлаган экан.

Йўлдошларимнинг ҳайратини ошириб: – Буни шеър қилиб, ўша – дафтар топширолмай қолган етти ўқувчилардан бири ёзган, – дейман…

“Эҳ…” хўрсиниб қўйди шафёр. Чатоқ бўлган экан, деди шериклар.

– Қайси шоир дедингиз, китобини қаердан олсам бўлади, – сўрай кетди савдогар йигит. Шу он негадир бир кўнгилга шеър завқини сола олганимдан хурсанд бўлиб кетдим.

***

Ниҳоят ўша ҳайкал қаршисидаман. Ҳа, бу ўша аёл. Бир қулоч дафтар қўлтиқлаб, қашқир таъқибидан қочаётган аёл. Гўёки зулмат ва вахшийликларга чап бериб, бир тутам зиёни келажакка элтиб бораётган муаллим аёл…

Унга теранроқ қарайман. Устоз шогирдининг елкасига оҳиста қўл ташлаб, ёруғ юз билан узоқларга боқади. У сабоқ берган болалар бугун қаерлардадир оламшумул ишлар билан банддир, буни аниқ айтолмайман. Билганим шуки, етти дафтар топширмаган ўқувчилардан бири бугун ўзбекнинг машҳур шоири, фахри…

…Бу гўзал мажмуанинг ташаббускори ким? Қайси дарёдилки, шеърдан бунчалар таъсирланиб, хотира майдони барпо этишгача борган. Сўраб-суриштириб билдимки, “Бўстон”нинг ўша йиллардаги ҳокими Неъматулла Худойберганов бу ишга бош қўшган. Доим ижодкор ва олимлар даврасида юришни хуш кўрган бу инсон ҳозирда Тўрткўл тумани ҳокими экан. У кишини-да топдик, суҳбатлашдик.

Неъматулла Худойберганов, Тўрткўл тумани ҳокими:

– 2001 йил эди. “Бўстон”даги кўплаб ижодий учрашувларга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Матназар Абдулҳаким, Ошиқ Эркин каби ижодкорлар бош-қош бўларди. Гуррос-гуррос шеърларнинг нашъаси ёдимда. Шундай давралардан бирида шеър ўқиш навбати раҳматлик Матназар акага келди. Шоир бироз ўйлаб турди-да, биринчи ўқитувчимга бағишланган шеърни айтсам, деди. Маъқулладик. Оға шеърни шу даражада таъсирли ўқидики, кўзидан ёш чиқмаган одам қолмади. Давра анчагача бу таъсирдан чиқмай турди. Матназар оғанинг қўлларидан шеърни олдим-у хазина топгандай бўлдим.

Ҳаммамизга устоз аввало ота-онамиз, сўнгра ўқитувчимиз. Шуларнинг ҳаққи-ҳурмати “Устозга эҳтиром” деб аталган хотира майдони очсак. Хиёбон ичида шу шеър қаҳрамонига атаб ҳайкал ўрнатсак, деган таклифни ўртага ташладим. Бу ташаббус Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповга ҳам маъқул келди. 2002 йилгача бир чангалзор ерни ҳашар йўли билан обод қилиб, ёшлар хиёбонига айлантирдик. Сиз кўрган ҳайкал ўша ерда қад ростлади.

Яхши эслайман. Хиёбоннинг очилиш маросимига ташриф буюрган Абдулла Орипов йиғилганларга қарата: – Мен шунча юрт кезиб, муаллимга, шеърга қўйилган ҳайкални Элликқалъада – “Бўстон”да кўрдим, – деган эди. Шундан буён ушбу хотира майдонига тез-тез ташриф буюрилиб, ҳайкал пойига гуллар қўйилади.

Бу воқеага ҳам 16 йил бўлибди. “Дарсдан сўнг…” шеъри ҳақиқий маънодаги тарбиячи. Уни ўқиган, ундаги қаҳрамонлик ва фожеани ҳис қилган кишининг нафақат шеъриятга, устозларга ҳам ҳурмати, меҳри ошади.

…Кўнглим тоғдай кўтарилди. Мамлакатимизда, хусусан таълим тизимидаги ислоҳотлар, устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган эҳтиромдан ғурурландим. Асли ҳар биримизнинг хизматимиз дарсдан сўнг бошланади. Ҳаёт шубҳасиз муаллим – ўқитаверади, ўқитаверади. Энг муҳими, биз унда қандай таҳсил олдик, уй вазифаларини вақтида бажардикми, муаллимга топшира олдикми. Ҳамма гап шунда…

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Тошкент-Элликқалъа-Тошкент

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ДАРСДАН СЎНГ

Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

«Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».

Қиш куни – бир тутам. Қорайганди қош.
Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.
Эри ҳам келмади олиб кетишга
«Кўнгли совидими…» — ваҳм этди бирдан.

Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,
«Тунаб кетинг, – деди . – Кеч бўлиб қолди»
Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни
Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

Овул тугаб, энди қирга чиққанда
Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.
Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.
«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё…»

Юрагини баттар ваҳима босди,
Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.
Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай
Яна кетаверди, кетаверди у.

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,
Муаллима омон топган бу олов
Йиртқичга берарди иложсиз сабр.
Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,
Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
Оч йиртқич биларми надир садоқат.
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.

Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза очди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на фозил, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.

Мен яхши биламан, тумор қилмайди
Ёзган шеърларимни ошиқлар.
Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,
Биламан, булар бир оддий машқлар.

Лекин… кетмакдасан келажак сари
Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.
Ўзимча асрагим келади сени
Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
…Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ёшлар ижодидан, Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча