"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Эл ардоқлаган шоира

Ўқилди: 114

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Турсуной Содиқова ҳақида сўз кетганда, у қалбларга осон йўл топа оладиган, Аллоҳ азиз, суюмли қилган инсон бўлганлиги эътироф этилади. Дарҳақиқат, у ўзига хос мактаб яратган, кўпчиликни ортидан эргаштира олган, бир умр оловдек ловуллаб, ёниб яшаган фидойи ижодкор эди. Довруғи нафақат Ўзбекистонга, балки қўшни мамлакатларга ҳам ёйилган шоира, публицист, адиба Турсуной Содиқова ўзидан бой адабий мерос қолдирди.

Эсимда, ўсмирлик даврларимда опанинг шеърларини ўқиб, ёдламаган, унга тақлид қилиб шеър ўқимаган тенгдошларим кам эди. У шеъриятда қанча шуҳрат қозонган бўлса, ижодининг кейинги даврида яратган насрий ва публицистик асарлари билан ундан ҳам юқори эътиборларга сазовар бўлди.

Опа сўзлаётган даврада чивин учса сезилар даражада сокинлик ҳукм суриши, сўзининг кучи билан ҳар бир тингловчининг қалбини ларзага солиши, руҳиятига таъсир кўрсата олиши унга Яратгандан илоҳий нафас ато этилганидан дарак берарди.

Вилоятда бўлиб ўтадиган адабий анжуманларда, давра суҳбатларида, тўй-маъракаларда опага доимий ҳамроҳ эдим. Йўлда автомашинада кетаётганимизда дуч келган юртдошимиз опани кўриб қолиши билан қўлини кўксига қўйиб, таъзим бажо келтирарди. Улар турли ёшдаги юртдошларимиз, кўпчилиги кекса отахон, онахонлар бўларди. Айниқса, турмушида, оиласида келишмовчилик бўлиб қолганлар опани излаб топиб, маслаҳат сўрарди, насиҳатомуз сўзлар таъсирида оилавий ришталар мустаҳкамланиб кетарди.

Турсуной опа тинимсиз самарали ижод қилди. Унинг китобларини Республикамизнинг кўплаб нуфузли нашриётлари қайта-қайта кўп нусхада босди. Бу эса ўз-ўзидан опанинг китоблари қўлма-қўл бўлиб кетадиган, минглаб мухлисларига эга эканидан далолат беради.

Турсуной Содиқованинг илк шеъри 1961 йилда даврий матбуотда эълон қилинган. 1978 йилда биринчи шеърий тўплами “Куй” номи билан чоп этилган бўлса, 1984 йилда “Иқбол”, 1985 йилда “Дил гавҳари” китоблари дунё юзини кўрди ва тез фурсатда ўқувчиларининг кўнгил мулкига айланиб кетди.

Шоира ўз ижодида чин инсоний туйғуларни, миллий ғурурни, ватанпарварликни мадҳ этди. Мустақиллик йилларида Турсуной Содиқова тинимсиз изланишлари туфайли қатор насрий асарлар яратиб, серқирра ижодкор эканлигини намоён этди. Асосий мақсади миллат аёлларига ҳамдард бўлиш, оилаларнинг ўзаро ришталарини мустаҳкамлаш, юртпарварлик, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш бўлган устоз адибанинг китоблари чет элларда ҳам нашр этилди. Беш жилдли сайланма китоби жамланмасини “Ўзбекистон” нашриёти кўп нусхада қайта-қайта чоп этди.

Халқ билан учрашувларда, телеэкранлардаги чиқишларида Турсуной Содиқова халқимизни ҳамжиҳатликка, фидойиликка чорлади. Миллий маънавиятимиз юксалишига, адабиёт тарғиботига катта ҳисса қўшди. Унинг шеърлари, панд-насиҳат тарзидаги битиклари, ҳаётий фалсафага асосланган, долзарб мавзудаги публицистик асарлари билан бир қаторда тасодифий юзма-юз суҳбати давомида ҳам суҳбатдошига ажойиб маънавий озуқа бера оларди.

Опа ҳеч қачон ўзини ожиза кўрсатмасди. У кучли, сабрли, курашчан ва уддабурон аёл эди. Аммо турмуш ўртоғининг вафоти уни анча эсанкиратиб қўйди. Опани йўқлаб унинг уйига борганимизда, “яқинларингизни тириклигида авайланг, меҳрингизни сездириб туринг, кейин армонда қолманг”, дейдиган бўлиб қолганди. Орадан бир неча ой ўтди-ю, Турдиали акасининг, ота-онасининг ёнига кетди у…

Опа жуда оилапарвар эди. Ҳар борганимда хонадонида 20 йил аввал бошлаб қўйган катта иморатининг бир тарафи битиб қолган бўларди. “Хурши-и-и, янги чиққан китобим гонорарига битди бунисиям, дизайнер Турдиали акамнинг ўзлари”, деб яйраб кулиб, мақтаниб қўярди. Нафақат икки ўғил, икки қизи, балки укаларигаям онадек ғамхўрлик қилган опа. Опанинг қўшнилари ҳам садоқат билан унинг хизматида бўларди. Қачон борманг, меҳмоннинг ҳурматини жойига қўядиган чин ўзбек аёли, ажойиб уй бекаси эди у.

Фидойи зотларни дунёга бир келди-ю, кетти-да, деб, чуқур хўрсиниқ, армон, соғинч билан хотирлаймиз. Халқ дардини юрагининг туб-тубидан ўтказиб, кичиккина жуссасида кўпнинг юкини кўтара олган, миллат аёлларининг тимсолига айланган Турсуной опадек фидойи инсонлар сира унутилмайди.

У қолдирган бой адабий мерос инсониятга, эзгуликка келгусида ҳам беминнат хизмат қилаверади.

Хуршида Ваҳобжон қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”