"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Кутаётир онам, ВАТАНИМ!

Ўқилди: 255

Гулмира Абдираимова Холмирза қизи 1999 йил 5 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани “Жарқишлоқ” маҳалласида туғилган. Шу туманидаги 11-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини битирган. Ҳозирда Қумқўрғон қурилиш ва транспорт коллежида ўқийди.
Гулмиранинг шеърлари туман ва вилоят газеталарида мунтазам чоп этилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими қошидаги “Илҳом” ёш ижодкорлар адабий клуби аъзоси.

 

Она бугун яна пайшанба,
Соғинчларга кўмилиб кетдим.
Хотирамнинг сандиқларидан,
Сенла ўтган кунларни титдим.

Ёшлигимда ҳар кун эрталаб,
Мактаб томон олар эдим йўл.
Кетарканман узоқ-узоқдан,
Кўтарардинг хайр дея қўл.

Оқшомлари қўлимдан тутиб,
Шивирлардинг қулоғимга сен.
Меҳр билан боқишларингда,
Кўзларингда олов кўрдим мен.

Қўлларимда суратларингдир…
Жилмайганча қарайдирсан сен.
Баъзан кўзгу ёнида туриб,
Суратдаги сен эмассан мен.

Она бугун яна пайшанба,
Даллидирман дилимни очиб.
Дунё деган бир боқий бобом,
Нур уруғин боради сочиб.

Она бугун сени соғиниб,
Дардларимни қоғозга солдим.
Буюк йўлнинг бўсағасида,
Дўстларимсиз мен ёлғиз қолдим.

Она ростдан айтишар экан,
Танҳо дўст деб сизни, худони.
Қоқилганда яна англадим,
Қалбимдаги мунгли садони.

Она бугун юрагим узра,
Атиргулим тўкилди, сўлди.
Оёғимдан чалиб юрагим,
Тақдир яна устимдан кулди.

Она бугун сендан йироқда,
Соғинчларга кўмилиб кетдим.
Сен-ла ўтган бахтли дамларни,
Парчасини қоғозга битдим.

Она бугун сени соғиниб…
Она бугун сени соғиниб…

***
Вужудим тошга айланиб,
Ёнмоғимни яна истайди.
Сочларимни майдалаб ўриб,
Юрагимда бир қиз яшайди.

Барчинойдек мард, жасур, гўзал,
Осмон қизи ойга ўхшайди.
Юрагимнинг сарбони бўлиб,
У қиз билан арслон яшайди.

Узоқ кутдим келишингизни,
Юрагимнинг қаърига кетдим.
Бир арслонга айланиб мен ҳам,
Қалб арслони панжасин тутдим.

Ўша кундан арслонман мен ҳам,
Келишингиз сўрдим ўтиниб.
Йиғламадим кутдим ва лекин,
Барчасини битдим ўкириб.
***

Орзу деган бир улкан кема,
Мени чорлаб туради ҳамон.
Шамс ёритар ҳаётим йўлин,
Эркалайди меҳрибон осмон.

Кўзларимда балқир болалик,
Чақалоқдай гўдак мисоли.
Юрагимда очилган гуллар,
Қувонч тўла ҳаёт мисоли.

 

Онамдайин

Болалигим олиб кетган шўх сойларим,
Кўзёшларим артиб қўйган хур ойларим.
Сизни десам эриб кетар жон жойларим,
Онамдайин бошим силанг қалдирғочлар.

Эшигимга ол гулларин тақиб кетди,
Шамол келиб яна ортга қайтиб кетди.
Қулоғимга сирларини айтиб кетди,
Онамдайин бошим силанг қалдирғочлар.

Хиёнатин кўрдим дўстим, сирдошларим,
Йиқилади чўққилардай бардошларим.
Ёниб кетди бағри осмон оташларим,
Онамдайин бошим силанг қалдирғочлар.

Эски бўлиб қолган бугун эртакларим,
Сўлиб борар ёнган гул-у чечакларим.
Бир сўзингдан ёниб кетди юракларим,
Онамдайин бошим силанг қалдирғочлар.

Гулжаҳонман райҳон бўлгим келаётир,
Эшигимда баҳор мени кутаётир.
Умрим чопиб манзилимга етаётир,
Онамдайин бошим силанг қалдирғочлар.

 

Ўша

Онажоним мен ҳамон ўша,
Токчадаги қизил лоламан.
Меҳрингизда балққан оймома,
Қорлар ўйнаб юрган боламан.

Она ўша болакай менман,
Номингизни айтган бўғинлаб.
Мактабларга кетаётганда,
Кийимларим қўйинг тўғирлаб.

Она майли ҳар қадамимни,
Кузатманг ҳеч аввалгилардай.
Баъзан мендан сўраманг хечам,
Гаплар айтманг ҳеч ҳалигидай.

Онажоним унутманг ҳечам,
Мен ҳали хам ўша боламан!!!

 

Мен

Мен қайғуга кўмилиб кетган,
Қиш қуёши каби ботяпман.
Бошим қўйиб уммон кўксига,
Юрагимни сувга отяпман.

Нур балқийди нурли теграмда,
Ёниб борар қалбу вужудим.
Умид билан боққан қушларни,
Иситишга етмайди кучим.

Бу ҳаётнинг чархпалагида,
Яралади мунис афсонам.
Кутаётир тоғнинг ортида,
Райхон экиб меҳрибон онам.

 

Ҳайрат

Тоғнинг тоши турар елкамда,
Ўхшаб қолдим ўзим ҳам тошга.
Кўзёшимга кўмилиб баъзан,
Кўзларимни бермадим ёшга.

Зулматларда адашиб қолдим,
Қаламлардан ясадим гугурт.
Қаҳратон қиш…бағрида танҳо,
Мени ташлаб кетмади бургут.

Бардошимни синади ҳаёт,
Елкаларим тошдай қимирлар.
Тош юрагим узра отилиб,
Чиққан булоқ майин жимирлар.

 

Ортга қайтаман

Кўзларингга тикилиб туриб,
Чўкиб кетдим кўзларингга мен.
Қора кўзлар зулмати аро,
Нур изладим сўзларингдан мен.

Бир пайтлар кўзингга боқиб,
Ишонардим чора топишга.
Бугун эса мунгли кўзларга,
Журъат етмас ҳатто боқишга.

Қўрқаяпман ростини айтсам,
Дадил қадам ташламоқликка.
Янги ҳаёт ҳеч кими йўқ ер,
Янги йўлни бошламоқликка.

Журъат қилмам, қилолмайман ҳеч,
Сенга такрор,такрор айтаман.
Боқолмайман ҳеч кўзларингга,
Бир сўз демай ортга қайтаман.

Мен сени…

Мен сени осмондан сўраб олганман,
Осмондан қизғониб яшайман сени.
Буюк бир илинжим ишончим учун,
Бари учун кечиргин, кечиргин мени.

Мен сени денгиздан сўраб олганман,
Баридан қизғониб яшайман сени.
Ҳеч кимга бермайман ҳатто шамолга,
Бари учун кечиргин кечиргин мени.

Мен сени гулларга бермай яшайман,
Яшайман тонглардан сени қизғаниб.
Шамсу қамарларга бермайман сени,
Меҳримдан тонаман ўзимча ёниб.

Сен менинг юрагим, сен жоним менинг,
Сен учун аталган барча баётим.
Митти қучоғингда эриб кетаман,
Сен билан гўзалдир бутун ҳаётим.

Кутаётир

Азиз йўлнинг олисларида,
Барқ уради гўзал бир чаман.
Азиз йўлнинг олисларида,
Кутаётир учқур от саман.

Товланади қўшқанотлари,
Етти иқлим етти рангидек.
Офтоб яшар юракларида,
Гулга тўлган баҳор баргидек.

Йўлларимга интизор бўлиб,
Кутаётир менинг саманим.
Қўлин очиб эзгу дуога,
Кутаётир онам, ВАТАНИМ!

 

Гўдак

Болаликнинг беланчагида,
Алла тинглар бир митти юрак.
Атрофида теварак дунё,
Айтиб берар ажиб бир эртак.

Юлдуз тақиб чиқади само,
Ойдай юзли пешонасига.
Мана бугун барча фаришта,
Гул тўкади остонасига.

Қўлларига беради дунё,
Ҳеч кўринмас сеҳрли қалам.
Бугун унга қоғоз бўлади,
Гулдайин пок ажиб бир олам.

Ўргатинг

Юрибман бир ғариб остона бўлиб,
Юрагим қаърига уммона бўлиб,
Тўкилиб кетаман турибман тўлиб,
Яшашни ўргатинг менга дарахтлар.

Бағрим қон аммо мен гуллар тутибман,
Самовий отларни узоқ кутибман,
Йўлим қолиб ўзга йўлдан кетибман,
Яшашни ўргатинг менга, дарахтлар.

Зулмат орасини бир-бир титяпман,
Юрагим бахрига чўкиб кетяпман,
Билмадим нимага нени битяпман,
Яшашни ўргатинг менга дарахтлар.

Дунё деган бобом кўп эртак айтди,
Баҳорда гул тутиб юрагим қайтди,
Ҳилол қулоғимга сирларин айтди,
Яшашни ўргатинг менга дарахтлар.

 

Бир куни

Бир куни мен бир шамол бўлиб,
Сочларингиз силаб ўтаман.
Ака қайда бўлманг мен сизни,
Дарёлардек тўлиб кутаман.

Дунёнинг бир бурчагида сиз,
Бошқасида мен юраман жим.
Куз ёшларим юракларимга,
Дурлардайин тўкилар сим-сим.

Ака бир кун мен шамол бўлиб,
Алвон-алвон гуллар тутаман.
Дунё ичра бир дунё бўлиб,
Бутун умр сизни кутаман.

 

Ҳаёт дарси…

Ҳаёт дарси…бола термулар,
Деразада орзу куртаклар.
Инсон бахтга етиши учун,
Яхшиликла тугар эртаклар.

 

Туйғуларимни…

Кимларга ёқмадим кимларга ёқдим,
Кўнглимни инсонга ҳеч ёролмадим.
Сизни изламадим кетдим ва лекин,
Ўзимдан кечмадим, ҳеч боролмадим.

Соатлаб ўйладим таърифингизни.
Боқий тошлар сизни эслатди гўё,
Қалбимда сақладим тош парчаларин.
Сўраб қолар дедим уларни дунё.

Уялдим исмингиз сўрай олмадим,
Айланмайин дедим шунчаки тушга.
Бир парчин қолдириб тошларнинг барин,
Тортиқ этадурман оппоқ оққушга.

Армонга айланиб кетмасин дедим,
Шамолдан қизғондим қайғуларимни.
Оппоқ қор остига беркитиб қўйдим,
Гуллаб кетмасин деб туйғуларимни.

Кутинг…

Эрта баҳор майсаларига,
Найсон бўлиб ёғгим келади.
Замин бўлиб қуёш деб сени,
Чопиб-чопиб боргим келади.

Юракларим қафасда қушдай,
Ҳаяжонда кунни санайман.
Қалбингдаги қорли музларни,
Эритмоқ-чун майли ёнай ман.

Мен юраман олис шаҳарда,
Аъло баҳом учун кеккайиб.
Сен ёнасан мен дея куйиб,
Битта ерга минг бор энкайиб.

Улғайганман ўзимча ўзим,
Аммо сен-чун ҳамон боламан.
ОНА, қуёш йўллари аро,
Кутинг чопиб, чопиб бораман.

 

Сизни излаб…

Сизни ўйлаб бедор тун,
Қайдан излаб жавдирар.
Такрор-такрор ишонмай,
Юрагимдан қидирар.

Ёнар оҳим камони,
Қароқлари ўқсиз-ку.
Ишонмайдилар нега,
Юрагимда йўқсиз-ку?

Ачинаман ойларга,
“Оғам қани?” – деб йиғлар.
Айланаман сойларга,
Кўксимни шамол тиғлар.

Юлдуз ухлар кўксимда,
Бошда само тожлари.
Сизни ўйлаб тунларнинг.
Оқаради сочлари.

* * *

Юрагим сари кетдим.
Тошлар ҳайрон қолдилар.
Бир қушлар, олов қушлар,
Кўкка фиғон солдилар.

Ошиқдим соат сайин,
Бордим қоялар бўйлаб.
Ортимдан жим…. оҳиста,
Келди соялар куйлаб.

Учдим шамол сингари,
Шу дам ўйлаётирман.
Борми кўкда мен каби,
Ерда гуллаётирман.

Ҳаёт ётар қалбда ястаниб,
Бахтли бўлмай мен нечун?
Ерлари ҳам самодай,
Ватаним менинг учун.

 

Самовий юрак

Самимий табассум… самовий юрак,
Ерни қучиб ётсам, кўкка жим боқиб.
Харсангга ёлвориб ёрилар тилак,
Булоқдай йиғласам… сўнг…. оқсам шошиб.

Ҳеч кимса кўрмаса, ҳеч ким билмаса,
Мўралаб боқмаса юракка ҳеч ким.
Тақдирнинг қирқ мингта кокилларини,
Киприкларим билан келади ечгим.

Самимий табассум… самимий юрак,
Ерни қучиб ётсам, кўкка жим боқиб.
Қалбимни кечириб яшасам керак.
Бағримга ҳислардан мудом ўт ёқиб.

***

Ширин аллалайди бизларни оқшом,
Шаббодалар бизга айтади эртак.
Кимдир бораётир юрагимда ҳам,
Мен уни ахтариб яшасам керак.

Бўронлар бошланар қайларда қачон,
Қачондир эгилар саломга само.
Йилларнинг бағрида ўртанар армон,
Қўлларимиз етмас афсуски аммо.

Даврлар яширар борлиққа бизни,
Қумларга айланиб заррин, заррача.
Қўзларнинг ерига яшириб ўзни,
Излаб топасанми, айтгин шунгача?

Эгилдим…. қошингга санамсан дедим,
Тонггача тавбалар айтиб чиқдим мен.
Кўксимда оғриқсан аламсан дедим,
Шабнамга қалбимни кўмиб чиқдим мен.

Билмадинг сезмадинг ҳавасга йўйдинг,
Арзимадинг бир бор ҳузур тилашга.
Балки… мени диллар қаърига қуйдинг,
Кечикиб қолмайлик узр сўрашга.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ёшлар ижодидан, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ