"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…

Ўқилди: 308

Барно Солиева 1984 йилда Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Нефтчилар шаҳарчасида туғилган. АДУнинг рус филологиясини тугатган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими мутахассиси вазифасида ишлайди. Халқ депутатлари Андижон тумани кенгаши депутати. У 2007 йилда бўлиб ўтган Зомин ёш ижодкорлар семинарининг ғолибларидан биридир. Шеърлари вилоят ва республика матбуотида чоп этилган.

 

Ёмғир

Ёмғир ёғар, ёғар хотира:
Пана излаб сенга қочаман.
Бағринг осмон қадар меҳрибон,
Мен қачон ёмғирдек ёғаман?

Ишқ ёғар, бир куни шеър ёғар,
Дил каби эзилиб ёғаман.
Ўқиб улгурмайди нигоҳинг,
Кўзингдан сизилиб оқаман.

Ёғаман, сўз каби ёғаман,
Безиб кетар забонинг айтиб.
Кўринаман, тутолмайсан ҳеч,
Чарчаб кетар хаёлинг дайдиб.

Лаллайган тўфонлар чарчасин,
Мен эса қўрқаман тинишдан.
Осмонлари ташлаб юборсин,
Қўрқмайман сен билан синишдан.

Қуёшнинг нуридек ёғаман,
Самондек сарғайдим, ёнаман.
Ишқ ёғар, дил ёғар, сўз ёғар,
Мен қачон сен каби ёғаман?

Ғусса

Ота, дилда бир уюм ҳамрат –
Ўтда ёнмас, сувда чўкмайди.
Онамни эсласам, Сизни эсласам,
Ўзимни ўзимдан бошқа сўкмайди.

Дунёсида эландим роса,
Ғалвиридан ўтолмаяпман.
Қармоғига айлантирди дун,
Омадимни тутолмаяпман.

Ўчоғида қолдим умримни,
Мен ўзини адо қилган шам.
Ғусса туққанмидингиз, она,
Юрагимда уйиб ётар ғам.

***

Хароба уйдир қалбим,
Апрель ҳам мунғаяди.
Муҳаббат ич-этин ер,
Етимдек улғаяди.

Бугун на хат-хабар бор,
Севгимиз туғилган кун.
Кимгадир сарғаяди,
Сен келтиролмаган гул.

Эшик ортида баҳор,
Ёнимга киритмадим.
Рўмолчамга айланган,
Мактубингни йиртмадим.

Ишқимизга отасан —
Исминингни айтолмадим.
Эгаси йўқ қабрингга,
Гулларсиз қайтолмадим.

 

Яхшиям

Кузак босди ичимни,
Хазондек ёнди кучим.
Сиздек муз ва совуққон
Қиш келади, яхшиям.

Дилимни босди туман,
Кўзимни қорлар босди,
Қуёшдек куйдирасиз,
Баҳор олис, яхшиям.

Дунёнинг кўзлари кўр,
Қулоқлари кар дуннинг,
Ўлимни суйдирасиз,
Туш кўраман, яхшиям.

Севги-ғам, севги-алам,
Ярадор, абгор севги.
Сиздек номард хаётни,
Хуш кўраман, яхшиям.

***

Вароғи йўқ китобдек,
Ўйларим чалкашади.
Тоғдек гердаийб турсанг,
Шамол хам адашади.

Пастда кўр, хокингда кўр,
Ҳавоман, эзилмайман.
Кўзни юм, кўнглингни оч,
Кўринсам, сезилмайман.

 

Соғинмачоқ

Гоҳ сохилман, гоҳи уммон,
Сен ҳам мени ўйлайсанми?
Шамол экан кўксимдаги –
Соғинмачоқ ўйнайсанми?

Осмон каби меҳрибонман,
Муҳаббатга тўймайсанми?
Юлдузимсан, кундузингман,
Соғинмачоқ ўйнайсанми?

Гоҳ баҳорсан, гоҳи бўрон,
Ўз ҳолимга қўймайсанми?
Фасллардек алмашар дил,
Соғинмачоқ ўйнайсанми?

Ашким-озор, рашким-озор,
Мени ёмон кўрмайсанми?
Ёш боладек мўлтирайсан,
Соғинмачоқ ўйнайсанми?

***
Токчадаги доғ гулники,
Кўнглим сира аримади.
Кайфияти йўқ уйимни,
Ўз хонамни танимадим.

Эскириб кетди севгимиз,
Барибирам йиртмайман.
Эшик орқасида баҳор,
Сенсиз уни киритмайман.

Қўшни уйда яна шовқин,
Хаёт, нега гезарасан.
Сочларини дилдек ёйиб,
Соя боқар деразадан.

 

Ажаб бўпти

Мактаб каби катта юрак
Ва опамдан қолган дўппи.
Хиёбондек ёлғиз эдим,
Келолмасанг, ажаб бўпти.

Нафисанинг бўйи терак,
Юзи – анор, лўппи-лўппи,
Она тили дарсигача,
Уни севсанг, ажаб бўпти.

Севги тили дарси тамом,
Кўз ёш лабларимдан ўпти.
Сўзинг сўнгги қўнғироқдек-
Соғинмасанг, ажаб бўпти.

 

Хат

Пойма-пой ташвишлар, қўллар банд-
Журнал варақлайди, хоради.
Туни билан дардини ёзиб,
Хўроз турмай ишга боради.

Йиллар ўтди, ёпиқ ғаладон-
“Севаман” деб очолмас оғиз.
Сени кутиб, сени соғиниб,
Қариб кетди бир парча қоғоз.

***

Чироғимни ўчирдим-ку,
Энди ойни ўчираман.
Севгимизни хато ёздинг,
Мен ҳам хато кўчираман.

Дилга кирмас ойдинлик,
Хафаман тақдиримдан.
Осмонингни менга бер,
Қайтадирман ахдимдан.

Юрагим сиқилади,
Ҳаётимиз нега тор.
Кўнглингни совутдими,
Ноябрда ёққан қор?

***

Тонглар ҳам чарчади хўмрайиб,
Теракларнинг сочи тўзғиди.
Шамолларнинг шаҳри – ноябрь,
Қаровсиз бинолар мизғиди.

Деразамни ёпди қиш, сенсиз,
Нимадир демоқчи дарахтлар.
Кўчанинг биқини – майхона,
Юрагингдек синди қадаҳлар.

Болалардек югурди барглар
Ва уларни қувди бошқа қиз.
Сенга атаб ёзган шеъримни
Хиёбонда йиртиб кетди куз.

 

Нидо

Тасодифлар мунча ёқади,
Мени севиб қолмадингизми?
Не ойларнинг сочи оқарди,
Йўлларимни пойладингизми?

Кўзларимдан тўкилса соғинч,
Мен ўша деб ўйладингизми?
Рашкларингиз бамисли қилич,
Жон бермадим, кўрмадингизми?

Осмон билар, кўз ёшлар билар,
Қуёшга лаб босганингизни.
“Атиргулим, оймомам!” деманг,
Оловларга ёқмадингизми?

Дун тоғини бўлиб ташладим,
Синайвериб тоқатингизни.
Айтаверинг, ростини айтинг,
Мендек қизни топмадингизми?

Кўксингизга кўксим санчилди,
Гуллар боссин ўмганингизни.
Яхши кўрдим, мени соғиниб,
Ғунчаларни ўпганингизни.

***

Дераза термилар ғамгин хонамга,
Отам онасини қумсаган, балки.
Балки, капалакдек рақсга тушдим,
Сувратимни артди онам билаги.

Гулларини тўкиб, синибди ўрик,
Эскириб кетибди ховлимиз дарров.
Хадемай янгилаб кетаман дилни,
Менсиз уйимизни босса ҳам қиров.

Китобларим босган токчани энди,
Кўз ёшлари билан артади синглим.
Она, соғинсангиз ойни чақиринг,
Осмон меникидир, мен унга сингдим.

***
Ғамхўргинанг, қувончгинанг йўқ,
Бир амаллаб тонг ҳам отади.
Кўйлагингни ювиб берар ким,
Кулиб, эркалатиб ким уйғотади.

Ховли тўла одам, уй беғам,
Етимга ўхшайди бешик.
Отанг овозидан тўқ кўнглинг,
Нахот энди суянчинг эшик.

Китобларим урмасин сени,
Асрамасанг, ким оғринади.
Кўзинг озор, сўзларинг озор,
Энди сени ким соғинади.

 

Хавотир

Кўйлагингни ювгим йўқ,
Ҳидингни соғинаман.
Уст-бошингга гапириб,
Болам- деб овинаман.

Совиб кетмасин ҳаёт,
Ишқим-ла иситаман.
Етим қолган кампирдек,
Яшамоқни истамам.

Елкаларим толиқди,
Келаяпти суянгим.
Онасиз қолган каби,
Қийналади юрагим.

Шошилмасдан кел, болам,
Соат нафас олмайди –
Юрагим тўхтаса ҳам,
Меҳрим тўхтаб қолмайди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ёшлар ижодидан, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ