"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Мен нечун севмайин Она тупроқни…

Ўқилди: 248

Абдуҳаёт Абдуқодиров
1991 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. Ҳозирда Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимида етакчи мутахассис вазифасида фаолият кўрсатмоқда. Шеърлари туман, шаҳар, вилоят ва республика нашрларида мунтазам нашр этиб келинмоқда. 2013 йилда “Сенга етгунга қадар” номли илк китоби чоп этилган.

 

Мен нечун севмайин Она тупроқни

Кўзин очган зот бор қайнар булоқни,
Изин тусган зот бор ёнар чақмоқни.
Шул дахо изидан бормайин нечун,
Мен нечун севмайин Она тупроқни.

Юрт обод, дилим шод, қалбимда завқим,
Омадинг кўрганда ошади шавқим.
Яшнаб яшамоқни ўргатган халқим,
Мен нечун севмайин Она тупроқни.

Мардингдай ғурури осмонлигим бор,
Муниса кўзларга ўғлонлигим бор.
Номардга қастма-қаст тўғонлигим бор,
Мен нечун севмайин Она тупроқни.

Ёшлик фароғатин сўзлар истиқлол,
Элни эъзоз билган топгай истиқбол.
Бургут боботоғин севгани мисол,
Мен нечун севмайин Она тупроқни.

Отам салобатин кўзида англаб,
Онам саҳоватин сўзида англаб.
Бахтиёр эканим ўзида англаб,
Мен нечун севмайин Она тупроқни.

Юксак чўққиларга элтар Юртбошим,
Эзгулик байроғим тутар Юртбошим.
Ватан бизникидир азиз юртдошим,
Биз нечун севмайлик Она тупроқни.

 

Ўзбегим

Мангу сабоғларнинг сарбони бордур,
Миллат шаънин ортган карвони бордур.
Бу юртнинг энг улуғ даврони бордур,
Ҳурлигинг ўзингга ҳосдур Ўзбегим,
Мустақил замонинг ростдур Ўзбегим.

Кўзингда бокира ҳайратни топдим,
Донолар сўзида ҳикматни топдим.
Сенда мен беқиёс жаннатни топдим,
Ҳурлигинг ўзингга ҳосдур Ўзбегим,
Мустақил замонинг ростдур Ўзбегим.

Бош эгиб таъзимда фидойи жонлар,
Минглаб яралгуси янги имконлар.
Руҳингдан руҳланар руҳи омонлар,
Ҳурлигинг ўзингга ҳосдур Ўзбегим,
Мустақил замонинг ростдур Ўзбегим.

Онамнинг дуосин сўзингда кўрдим,
Отамнинг савлатин ўзингда кўрдим.
Йигирма ёшимни кўзингда кўрдим,
Ҳурлигинг ўзингга ҳосдур Ўзбегим,
Мустақил замонинг ростдур Ўзбегим.

Гулга андозадир кўнглинг гулшани,
Оловли юзларинг кўзим равшани.
Улуғлар юрти бу, қалблар Ватани,
Ҳурлигинг ўзингга ҳосдур Ўзбегим,
Мустақил замонинг ростдур Ўзбегим.

 

Сўроқ

Кетиб қолсам дўқ уриб, йиғлайсанми? Йиғлайсан.
Аммо сени севишим,илғайсанми? Илғайсан.

Бир мен келиб кўзинга, гуллар сочиб изинга,
Қайта-қайта ўзинга, келасанми? Келасан.

Севги –севги бари бирдир, унга кўнгил барибирдир,
Сен деб қийналса кимдир,биласанми? Биласан.

Сенга шайдолигимдан, йўлда пайдолигимдан,
Ва мубталолигимдан, куласанми? Куласан.

Қарамаган онимда, кўз ташлайсан ёнимда,
Ой каби осмонимда тўласанми? Тўласан.

Бағрим йиғлар бир найдай, оловингдан куйгандай,
Узукка кўз қўйгандай бўласанми? Бўласан.

Сен ҳам мендай мушт уриб, юлдузларга термулиб,
Ҳар нафасда тирилиб, ўласанми? Ўласан.

Келганинг ҳам бир тақдир, келмасанг ҳам бир тақдир
Қийналиб кетдим ахир, севасанми? Севасан.

 

Менга сен…

Либосинг рангида баҳорнинг ранги,
Баҳор кулгусида кулгинг жаранги.
Гул боғлар гуллайди янгидан- янги,
Менга сен кераксан, сенга эса мен.

Қайси қисмат бизни айирди бирдан,
Қандай хорлик ўтди бу тасаввурдан.
Кўклам кетса қадр кетади қирдан,
Менга сен кераксан, сенга эса мен.

Қуёш нур бермайди дилга самимий,
Табиат тирикмас, йўқ бунда табиий.
Ҳайхот, ҳаёт эмас сенсиз ҳақиқий,
Менга сен кераксан, сенга эса мен.

Умр ўтиб борар туш эртак каби,
Биз битта одаммиз бир юрак каби.
Қақраган саҳрога сув керак каби,
Менга сен кераксан, сенга эса мен.

Васлга етишмоқ буюк бахт демоқ,
Эргашиб шодликнинг ортидан кетмоқ.
Бизнинг севги мангу Лолақизғалдоқ,
Менга сен кераксан, сенга эса мен.

Сен ҳаммадан яхшисан

Сен бор гулларнинг гулгуни,
Гулистон дилбарин нақшисан.
Сен турфа лобарлар яхшиси,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

Жавобсиз қолмайди хатларим,
Ва оғир ботмайди гапларим.
Тошларда гуллайди дардларим,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

Тўкилмай тугадим, туртиндим,
Ёлғизлик байтига битилдим.
Меҳринг деб қайтадан тирилдим,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

Жонимга жон тутар нафасинг,
Ҳар дамда гуллайди ҳавасинг.
Уч кунга бормайди аразинг,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

Шамоллар бўйингдан бўлса маст,
Осуда юрагим яшамас.
Гулимсан, ҳеч кимга ўхшамас,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

Балки мен ўзимга яраша,
Дил билан олмасман тиллаша.
Бинафша, бинафша, бинафша,
Сен ҳамма қизлардан яхшисан.

 

Сенга етгунга қадар…

Олис сўқмоқларни оралаб келдим,
Рангсиз чизиқларни қоралаб келдим.
Ва дилбар гулларни саралаб келдим,
Сенга етгунга қадар…

Сен бор қайрилмадим Ҳураланса гул,
Парволар қилмадим дилдорга буткул.
Бўлдим неча бор бағриқон булбул,
Сенга етгунга қадар…

Кўзим юмиб юрдим Лайли, моҳларга,
Кўксим тўлиб кетди оҳу- воҳларга.
Бағрим ошён бўлди қизғалдоқларга
Сенга етгунга қадар…

Бўстонлар айладим яйдоқ ерларни,
Манглайим сингдирди совуқ терларни.
Бошини силадим олов шеърларни,
Сенга етгунга қадар…

Куз билан улғайдим, сарғайди юзлар,
Ёмон қараш қилди менга дилсизлар.
Туманда адашди дилоро ҳислар,
Сенга етгунга қадар…

Қара, қалдирғочнинг кўзида кўклам,
Келганга ўхшайди ҳаммаёқ кўркам.
Бахтиёр дамларни кўрмадим, Ҳурам,
Сенга етгунга қадар…

Олис сўқмоыларни оралаб келдим…

 

Оймомо

Борган сари масофамиз кенгаяр,
Борган сари кўринасан бебаҳо.
Ҳижронингда йиғлаганим ким билар,
Чап кўксимни босиб борар муаммо?
Оймомо!

Кўкка қараб увиллаган ит каби,
Нигоҳимни узолмайман васлингдан.
Сарғайяпман, тўкиламан тут каби,
Қачонгача овунаман расмингдан?
Оймомо!

Садоси йўқ қаро тунда бедорман,
Тинглаганим ёлғизликнинг нидоси.
Рухсорингга етолмаган хуморман,
Ўзинг айт-чи, бу ниманинг хатоси?
Оймомо!

Шеър туғилар қонаб турса юрагим,
Ботиб турса аламларнинг тикони.
Сен истасанг, гуллаб кетар тилагим,
Сен тиласанг, кулар кўнгил армони,
Оймомо!

Раҳм айла, соғинчларни учиргин,
Ўтлар ёқай ўт билмаган жонингга.
Кокилингни нарвон қилиб туширгин,
Сен келмасанг, ўзим борай ёнингга,
Оймомо!

 

Онажон

Онажон, қуёшнинг тиниқ нурини
Сизнинг кўзингизда кўрганларим рост.
Фаришталар ичра ҳурнинг ҳурини
Фақат ўзингизда кўрганларим рост.

Муштипарим, сизнинг қайноқ меҳрингиз,
Минг бир дунёларга алишмам сира.
Қалбга қувват эрур босган изингиз,
Сиздир олий неъмат, сиздир бокира.

Онажон!
Турфа туйғуларнинг ортидан юрдим,
Бири роҳат тутди, бирлари қайғу.
Шеър ўқиб ҳар ерда кўксимга урдим,
Гўё мен биттаман, битта мен мангу.

Ёздим кокилларнинг шаънига таъриф,
Бордим оҳу дея кўзларин мақтаб.
Бирда атай кўрдим, бирда тасодиф,
Севдим, севавердим ўзимни алдаб.

Сизни баҳор билдим фақат ва фақат,
Кўнглимдаги ишқ бу сиймоларингиз.
Боссам қадам бўлди сабру матонат,
Ёзсам қалам бўлди дуоларингиз.

Йўқ ҳали, руҳсат йўқ илҳомларимга,
Йўқ ҳали тугамас сатрлар, Она.
Суянчим ўзингиз, бахтим, паноҳим,
Юрагим сизни кўп қадрлар, Она!

Онажон, қуёшнинг тиниқ нурини
Сизнинг кўзингизда кўрганларим рост…

 

Тилак

Отанг босган шу тупроқни юр босиб,
Бургут тоғга, тоғ бургутга муносиб.
Мардлик фақат эр йигитга муносиб,
Юрагингда ёниб турсин ор ўғлим,
Арслон ўғлим, бургут ўғлим, сор ўғлим.

Сен туғулган юртинг ота маконинг,
Тугамасин давлатингу, давронинг,
Чаман бўлсин, гулзор бўлсин ҳар ёнинг,
Бахтиёр бўл, бахтинг бўлсин ёр ўғлим,
Арслон ўғлим, бургут ўғлим, сор ўғлим.

Мардона юр, курашларда ҳар қачон,
Эзгуликка соянг бўлсин соябон,
Меҳр топгин, ҳар қадамда мехрибон,
Ҳокисорлик қон-қонингда бор ўғлим,
Арслон ўғлим, бургут ўғлим, сор ўғлим.

Боболаринг жаннат қилган Ватанни,
Момоларинг жаннат билган Ватанни,
Асра мудом юзи кулган Ватанни,
Қадамингни тўсолмасин қор ўғлим,
Арслон ўғлим, бургут ўғлим, сор ўғлим.

Бу дарёлар, бу уммонлар сеники,
Олтин қанот ва осмонлар сеники,
Мехринг қадар мехрибонлар сеники,
Дуоларим умринг аро ёр ўғлим,
Арслон ўғлим, бургут ўғлим, сор ўғлим.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ёшлар ижодидан, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ