"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дунё бизни ўзгартиради, биз дунёни ўзгартирамиз

Ўқилди: 85

“Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди… Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда…”

Бу мазмуни бебаҳо иқтибос давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 апрелда қабул қилган қарорида ёрқин акс этиб турибди.

Дарҳақиқат, туркий адабиётнинг буюк сиймоси ўз асарларида олижанобликни, меҳр-оқибатни, қардошликни, бирдамликни, ҳамжиҳатликни тараннум этди. Биргаликда яратган ўтмишимизни авайлаб асрашга, келажак сари қўлни қўлга бериб, дадил интилишга чақирди. Лекин давр, замон адибга қулоқ тутмади. Чингиз оға ҳар сафар Тошкентга келганида улкан умидларни кўнглига тугарди. Чунки у бир кунмас-бир кун бу азим шаҳар Марказий Осиё давлатларига эзгуликка йўғрилган умидбахш таклифларни, хушхабарларни йўллашини биларди ва бунга ишонарди ҳам.

Бугун Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёни буткул ижобий ҳамкорлик ва биродарликка асосланган маконга айлантириб юборганини халқаро экспертлар, таҳлилчилар, давлатлар раҳбарлари, турли мамлакатларнинг таниқли шоирлари ва ёзувчилари эътироф этишмоқда.

Чингиз Айтматов ҳаёт бўлганида ҳозирги воқеликдан нақадар қувонган бўларди. Балки дунёни яна бир бор ҳайратга соладиган асар битармиди?! Очиғи, ана шундай ҳис-ҳаяжонлар билан улуғ устозимиз ташаббуси ва бевосита иштирокида ташкил этилган Иссиқкўл форумига йўл олдик. Ўттиз икки йиллик тарихга эга анжуман вақт тегирмонида неча-неча эврилишларни бошдан кечирмади. Аммо тўхтаб қолмади, яхшилик яловини баланд кўтариб келмоқда.

Маданият — бутун инсоният асрлар давомида бунёд этган иккинчи оламдир, деган эди улуғ адиб 1997 йилнинг 16 июлида Бишкекда ўтказилган Иссиқкўл форумида сўзлаган маърузасида.

Олам ичра иккинчи буюк олам, яъни одамзод ўзи барпо этган Буюк тамаддун биноси, қасри бунёдини асраб қолиш, ҳар қандай вазиятда ҳам “умумбашарий тафаккур” билан иш кўрмоқ масаласи бугунги сертаҳлика дунёда, айниқса, янада долзарб муаммога айланди. Меҳру оқибат, оилапарварлик, тинчлик ва тотувлик, одам болаларининг маънавий камолоти сингари юксак инсоний туйғулар ҳам бугунги кунда умумбашарий аҳамият ҳамда эътиборни тақозо этаётир. Табиат муҳофазаси, Еру осмон, сув ва ҳаво тозалиги, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси Одам Ато ва Момо Ҳаво фарзандларининг тоза ҳамда мусаффо инсоний муносабатига муҳтож бир пайтда, адабиётнинг ўрни, ёзувчининг сўзи сув ва ҳаводек зарурлигини Чингиз Айтматовдек улуғ адиб ўз ижоди билан ҳозир ҳам исботлаб турибди. Шу маънода ҳам 4 — 7 октябрь кунлари адиб таваллудининг 90 йиллик санасига бағишлаб Қирғизистоннинг Бишкек ҳамда Чўлпон ота шаҳарларида “Чингиз Айтматов ва бугунги давр таҳдидлари” шиори остида ўтказилган халқаро Иссиқкўл форумида, буюк адибнинг ўзи жисмонан иштирок этмаса-да, унинг тоғдек сўзи янграб-гулдираб турганини анжуман қатнашчилари ҳар қадамда юракдан ҳис қилиб, сезиб юрдилар.

Дунёнинг 30 мамлакатидан кўплаб фан ва маданият арбоблари, таниқли адиблар ҳамда таржимонлар, ноширлару муҳаррирлар йиғилган тадбирнинг очилиш маросими, ундан сўнг давом этган ялпи мажлис ва машваратлар қизғин ҳамда кўтаринки руҳда ўтди.
Ялпи мажлисга раислик қилган таниқли олим ва адиб Усмонохун Иброҳимов Ўзбекистондан борган делегация вакилига сўз беришдан аввал катта завқ ҳамда ҳаяжон билан чуқур миннатдорлик туйғуларини изҳор этаркан, шундай деди:

— Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевдан, ўзбек халқидан жуда миннатдормиз. Ҳали бошқа бирор-бир мамлакатда бошқа бир миллатнинг адиби тўғрисида давлат раҳбарининг махсус қарори чиққан эмас. Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонда Чингиз Айтматов асарларини биздан кўра кўпроқ ўқишади. Чингиз Айтматов аллақачон ўзбекларнинг ўз туғишган адибига айланганини чуқур мамнуният билан эътироф этиш керак. Яна бир марта миннатдорлигимизни қабул қилгайсиз.
Айтиш жоизки, биз бу ҳурмат ва эътирофни бутун анжуман давомида ҳис этиб турдик.

Дунё бизни, биз дунёни ўзгартирамиз. Буюк адибнинг бундан қирқ йиллар аввал айтган ўлмас сўзлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Ўзбекистонда Чингиз Айтматов асарларининг ўзбек тилидаги нашрлари миллион нусхадан ҳам ошиб кетгани, таниқли таржимон, заҳматкаш адиб Асил Рашидов таржималари асосида яхлит “Сайланма” тарзида чиқарилган кўркам китоблардан, “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли тўплам ҳамда яна бир қанча мажмуалардан анжуман аҳлига намойиш қилиб, Қирғизистон Давлат кутубхонаси, Чингиз Айтматов уй-музейи ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасига туҳфа қилганимизда, мезбонлар қувонч ҳамда ҳаяжонларини олқиш ва ташаккурлар билан изҳор этишди.

Делегациямиз аъзоларининг анжуман мажлисларидаги чиқишлари анча сермазмун ҳамда таклифларга бой бўлди. Уларда “Манас”нинг янги ўзбекча таржимаси ва нашри, адабий алоқаларни янада кучайтириш, адабий нашрлар ҳамкорлигини муттасил йўлга қўйиш, Чингиз Айтматовнинг қардошлик-элдошликни ҳақиқий дарддошлик ва дилдошликка айлантира олган беназир шахс эканлиги хусусида сўз борди.

Иссиқкўл форуми. Анжуман кузнинг салқин кунларига тўғри келган бўлса-да, барча қатнашчилар Иссиқкўлнинг рамзий-тимсолий маъносини кўнгилларда юксалтирдилар, десак, муболаға эмас. Муносабатларда илиқлик, дийдорлашувларда ёқимли муҳит ҳукм сурди. Форум иштирокчиларининг дунё ҳамжамиятига қарата қабул қилган Мурожаатида ҳам қалблар ва кафтларнинг илиқлиги яққол ифодасини топди. Зеро, Чингиз Айтматов сабоқлари ҳар бир зиёлини, адабиёт аҳлини дунёга холис назар ташлаб, унинг муаммоларига ижодкорона ёндашиб, бақамти ечим топишга ундайди.

Беназир адибнинг сўнгги романи “Тоғлар ҳам қулайди” деб номланган. Улуғ адибдан тирик ва барҳаёт мерос бўлиб қолган Иссиқкўл анжуманидан Ўзбекистонга қайтар эканмиз, кўнглимиздан кечган бир ташбеҳни баралла ҳайқириб ошкор қилгимиз келди: Йўқ, буюк тоғлар қуламайди, Чингиз оға! Айниқса, жаҳолатга қарши маърифат билан курашувчи дарёдек уйғоқ раҳнамолар бор экан, халқларимизнинг сиз янглиғ, сизнинг асарларингиз янглиғ маънавият қоялари пойдор ва устувор экан — тоғлар қуламайди!

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон  халқ шоири

 (Мақола «Халқ сўзи» газетасининг 2018 йил 23 октябрь сонидан, суратлар kabar.kg сайтидан олинди)

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”