"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳорманг, дала қаҳрамонлари!

Ўқилди: 99

Халқимиз меҳр-оқибат, самимият ва яқин қўшничилик каби гўзал инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган Ҳашар деган ўлмас қадриятни доимо эъзолаб, ардоқлаб яшайди. Бировга ёрдам қўлини чўзар экан, бировнинг юкига елка тутиб, кўнглига илиқлик бахш этар экан, бундан ўзи ҳам яйраб-яшнайди.

Бугун жонажон диёримиз далаларида йиғим-терим мавсумида жавлон ураётган теримчилар даврасида бўлган ҳар бир инсон ана шундай хаёллар оғушига ғарқ бўлади. Беихтиёр момиқ мўъжизага қўл узатиб, жисму жонида ҳаловат, руҳиятида ҳарорат ҳис қилади.

Бухоро вилояти пахта далаларига ташриф буюриб, дала қаҳрамонларига “Ҳорманг, пахтакорлар!” дея лутф қилган маданият ва санъат намояндалари кўнглидан ҳам ана шундай ҳароратли туғёнлар кечди. Тўғри-да, эрта баҳор ерга қадалган митти уруғдан бугун тоғдек хирмон уяётган деҳқон, айни долзарб паллада унга елкадош бўлаётган инсонлар ҳақиқий қаҳрамонлар-да!

Ўзбекистон халқ артисти Убайдулло Омон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шодмон Сулаймон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Йўлдош Кенжаев ҳамда Нодира Мўминова, Муқимий номидаги драма театри актёрлари Равшан Дадажонов ҳамда Мусаллам Дадажонова, таниқли саҳна устаси Гулнора Ҳусенова, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева, “Бухоро китоб олами” маърифий мажмуаси раҳбари Эъзоз Бобомуродовлардан иборат ижодий гуруҳнинг бу галги манзили Бухоро туманидаги “Сўфикоргар” МФЙ ҳудудига қарашли “Уста Умар Чоруқий” фермер хўжалиги далалари бўлди.
Тарғибот гуруҳи аъзоларининг ўзлари билан ёнма-ён пахта тераётганлиги теримчи опа-сингилларимиз қалбига завқ-шавқ бағишлади. Уларнинг қай биридир қўшиққа, қай биридир рақсга жўр бўлди, қай биридир севимли санъаткоридан дастхат олиш ёхуд у билан суратга тушишга ошиқди.

Айниқса, уюшманинг вилоят бўлими ҳамда “Бухоро китоб олами” маърифий мажмуаси томонидан туҳфа қилинган, ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона намуналаридан иборат китоблар уларга чексиз завқ бағишлади.
Шу куни теримчилар йиллик режани муддатидан олдин уддалаган фермер ёзган тўкин дастурхон атрофида ижод аҳлининг шеър ва қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар.

Вилоят пахта далалари бўйлаб бу каби маънавий-маърифий тадбирлар кўтаринкилик билан давом этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”