"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Пиримқул Қодиров таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий кеча ўтказилди

Ўқилди: 106

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 2018 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий кеча ва “Юлдузли тунлар” номли фотокўргазма ташкил этилди.

Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда халқимизнинг севимли ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг бой адабий мероси, салмоқли романлари, бир-биридан гўзал қисса ва ҳикоялари китобхонларнинг севимли асарларига айлангани таъкидланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Маданият ва санъат кўргазмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирдан сўнг “Дийдор” театрида адиб асари асосида сахналаштирилган “Юлдузли тунлар” спектакли намойиш этилди.

Пиримқул Қодиров 1928 йил Тожикистон Республикасининг Шаҳристон туманидаги Кенгкўл қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1988). Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1981), «Шуҳрат» медали (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1998) ордени  билан мукофотланган. Ўрта Осиё университетининг шарқшунослик факултетини тугатган (1951). Дастлабки ҳикояси – «Студентлар» (1951). «Қадрим» (1961), «Эрк» (1968), «Мерос» (1974), «Акрамнинг саргузаштлари» (1974), «Яйра институтга кирмоқчи» (1979), қиссалари нашр этилган. «Уч илдиз» (1958), «Қора кўзлар» (1966), «Олмос камар» (1976), «Юлдузли тунлар» (1979, ушбу асарнинг давоми «Авлодлар довони», 1989), «Она лочин нидоси» (2000) каби романлар муаллифи. Пиримқул Қодиров 2010 йил 21 декабр куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

Пиримқул Қодировнинг мақола ва суҳбатлардаги фикр-мулоҳазалари:

Ёшлар аксарият асарларимнинг бош қаҳрамонига айлангани тасодиф эмас. Чунки келажагимиз ёшлар қўлида. Уларни қўллаб-қувватлаганимиз порлоқ истиқбол яратишнинг энг синалган воситасидир.

***

Бутун табиат қуёш нури билан тирик. Аммо инсон қуёш нуридан баҳраманд бўлиш билан чекланолмайди. Инсон руҳи яхши одамларнинг сўзидан, сиймосидан, ижодидан тараладиган маънавий зиёга ҳам катта эҳтиёж сезади. Чунки ҳам табиий нур, ҳам маънавий зиё билан йўғрилган инсон ҳаётигина баркамол бўлади.

***

Талабалик йилларимда мен учун энг азиз туюлган муддаолар — илму маърифатни эгаллаш, одамларга нафи тегадиган бир мутахассис бўлиб етишиш ва меҳру оқибатга асосланган оила қуриш эди. Шукурки, бу маънавий қадриятларга озми-кўпми эришиш ва шу ҳақда “Уч илдиз”ни ёзиш насиб этди.

***

Ижодий тафаккур — халқнинг тенгсиз бойлиги. Уни асраш, ўстириш, унинг юксалиши учун мудом ғамхўрлик кўрсатиш зарур. Зеро, ижодий тафаккур — жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч, унинг равнақини таъминловчи бебаҳо омил.

***

Мени китоб ўқишга рағбатлантирган яна бир сабаб бор эди. Акам (у роса ўйинқароқ бўлиб, тўртинчи синфдан кейин мактабга бормай қўйганди) колхознинг қўйини боқарди. Мен унга ўқиган китобларимнинг мазмунини айтиб берар, у эса ниҳоятда қизиқиб қулоқ соларди. Акам куз ва қишда сурувни Ўратепа атрофидаги дони йиғиб олинган далаларга ёяр, ёзда эса тоққа чиқиб кетарди. Ўқишдан бўшаган пайтларимда, қишки-ёзги таътилларда ундан хабар олгани бориб турардим. Акам: «Қани, ўқиган китобларингдан гапир», деб қўймасди… Ҳар қалай, ҳикояларим туфайли акамнинг олдида ҳурматим ўсиб бораётганини сезардим. Китоблар ака-ука икковимизга тарбия беришдан ташқари, бир-биримизга бўлган меҳру оқибатимизни мустаҳкамларди. Айни чоғда, ўша оғзаки ҳикояларим мени ижод даргоҳига олиб келган илк сўқмоқлар вазифасини ҳам ўтаган экан. Мен буни энди билмоқдаман.

***

Яхши китоблар бутун одамзод тарихи давомида тўпланган маънавий азон хизматини ўтайди. Улар инсониятни турли замонлардаги салбий таъсирлар ва аҳлоқий бузилишлар «радиацияси»дан асраб келаётир. Энг яхши ёзувчилар эса одам зоти учун ана шу қадар зарур маънавий азон ишлаб чиқараётганликлари туфайли алоҳида эъзоздадирлар.

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”