"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳарбийлар ҳам адабиётга ошуфта

Ўқилди: 97

“Миллий гвардия” деган сўз қулоғимизга чалинганда, энг аввало, кўз олдимизга Ватан тинчлиги учун ўз тинчию хотиржамлигидан воз кечган, кунни кун, тунни тун демай машаққатли ҳарбий фаолиятни олиб борадиган жонфидо инсонлар кўз олдимизга келади.

Бу каби машаққатли ҳаётга кўниб яшаш учун инсон фақат ҳарбий бўлиб туғилиши керак, деган фикр ҳам хаёлимиздан кечиши бор гап. Аммо уларнинг бу масъулиятли хизмат вазифасидан ташқари, барчамиз каби ўз қизиқишлари бўлиши, улар ҳам биз каби қўшиқ хиргойи қилиши, илҳом келса, шеър ёзиши, ёки бирор бир санъат турини ҳадди аълосига етказиб эгаллаганлиги ҳақида ўйлаб кўрганмизми?…

Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисм тасарруфидаги Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари миллий гвардия ҳарбий қисмлари курсантлари ўртасида “Энг яхши бадиий ҳаваскорлик жамоаси” ғолиблиги учун ташкил этилган танлов жараёнида кўнглимиздан ана шундай ўйлар кечди.

Танловда қатнашган “Темурийлар авлоди”, “Мард ўғлонлар” ҳамда “Алпомиш” жамоалари беллашувнинг таништирув, эркин мавзу, истеъдод маҳорати ва дубляж санъати каби шартларида иштирок этдилар. Ватанимиз ҳимоячиларининг нафақат юртимиз тинчлиги йўлидаги мардонавор ҳаракати ва матонати, балки шеърият, куй-қўшиқ ва ижрочилик борасида ҳам таҳсинга лойиқ маҳоратга эга эканликлари юқоридаги шартлар давомида яққол намоён бўлди.

Йигитлар шартлар ижроси давомида ўзларининг бадиий адабиёт, қўшиқ айтиш, мусиқий асбобларни маромига етказиб чалиш, актёрлик ва дубляж санъати борасида қанчалик салоҳиятга эга эканликларини яққол намоён этдилар. Мазмунли шеър, куй-қўшиқлар, юмор ва қувноқ ҳазилларга бой саҳна кўринишлари воситасида ҳарбийлар ҳаётида учраб турадиган кулгули ҳолатларни кўрсатиб берган курсантларнинг танловдаги иштироки йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

Ижролар давомида ҳар бир вилоятнинг ўз миллий санъат ва қўшиқчилик йўналишига эгалиги билан бирга, танлов иштирокчилари ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат ҳам устувор эканлиги яққол сезилиб турди.

Танлов якунида Бухоро вилоятининг “Темурийлар” жамоаси биринчи ўринга муносиб деб топилди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Қашқадарё вилоятининг “Мард ўғлонлар” ҳамда Сурхондарё вилоятининг “Алпомиш” жамоалари сазовор бўлдилар. Ғолиблар ташкилотчи ҳамда ҳамкорларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Гўзал РЎЗИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими мутахассиси

 

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”