"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Қардошлар диёрида

Ўқилди: 76

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан

 

Қозоғистонда 2018 йилнинг “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Самарқанд ва Наманган вилоятидан йигирма нафар ижодкорлар яқинда қардошларимиз таклифига биноан қўшни Қозоғистонга йўл олдик. Қозоғистоннинг бепоён далалари, куз ойи тароватини кўз-кўз қила бошлаган табиати, яйловларининг ажиб гўзалликка бурканишига маҳлиё бўлиб, вақт қандай ўтганини ҳам сезмай қолибмиз.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан ташкил топган шоир ва ёзувчилардан иборат делегациямиз Қозоғистоннинг Сайрам вилоятида ижодий сафарда бўлдик.

У ерда бизни Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, Сайрам театри раҳбари Икромжон Ҳошимжонов, “Истеъдод” ижодий бирлашмаси раҳбари Ўрмон Собир, санъат устаси Абубакир Хонхўжаев, “Адабиёт ва санъат” газетасининг мулк эгаси Абдуғаффор Маҳамедовлар бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар тантанали равишда кутиб олди.

Икки қардош халқ ижодкорлари ўртасидаги самимий суҳбат дастлаб театр биносида бошланди. Икром Ҳошимжонов бизга бу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, ижод аҳли учун яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида сўзлаб берди. Дастлабки танишувдан сўнг театр биноси ёнида жойлашган тарихий музей билан танишдик. Тарихий экспонатларга бой, шу ҳудудда яшаб, фаолият кўрсатган тарихий шахслар тўғрисида қимматли манбаларга бой музей бизда катта таассурот қолдирди. Кейинги суҳбатимиз дастурхон атрофида кечди. Унда биз қозоқ халқининг мазали миллий таомларидан баҳраманд бўлдик. Кечга яқин бизни Сайрам ижодкорлари уйларига меҳмонга таклиф этишди. Биз ижодкор аёллар Абубакир аканинг хонадонида бўлдик. Бизни Абубакир аканинг турмуш ўртоғи Малоҳат опа самимий кутиб олди ва тўкин дастурхонга таклиф қилди. Қозоқ халқига хос меҳмондўстлик, тантилик, ҳазил-ҳузуллар даврага ўзига хос қувноқлик олиб кирди. Биз борган куни хонадон соҳибларининг неварасининг туғилган куни нишонланаётган экан. Малоҳат опа неварасининг ёшликдан спортга қизиққанлиги ва бугунги кунда бир қатор нуфузли совринларни қўлга киритганлигини фахр билан сўзлаб берди.
Дастлаб совға-салом улашиш билан бошланган давра тобора қизиб, шеърхонлик бошланди. Мушоира, бир-биридан дилбар шеърлар ўйин-кулгига улашиб кетди. Адабиёт ошноси бўлган хонадон соҳиби Абубакир ака ва Шуҳрат акалар томонидан ўқилган шеърлар даврага алоҳида бир шукуҳ, тароват бағишлади.
Ўзбек халқи билан қозоқ халқининг кўп асрлик маданияти, ҳаёт тарзи, иқлими ва табиати, миллий қадриятлару анъаналари, урф-одатлари, маросимлари, тарихан илдизи бир бу икки миллатнинг миллий тийнати ҳам бир, ажралмасдир.Туркий халқлар учун хос хусусиятлардан бири шуки, қайси даврада бўлманг, аввало, ўша уруғнинг, халқнинг буюк аждодлари, эл таниган ижодкорлари, олиму фузалолари тилга олинади, уларнинг халқ турмуши , маънавияти ривожи йўлида амалга оширган хайрли ишлари ёдга олинади. Суҳбатимиз ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари ҳақида кетар экан, XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган, қозоқ ёзма адабиётини асосчиси, бастакор, буюк шоир ва маърифатпарвар шоир Абай ижоди тўғрисида қизғин фикрлашдик. Айниқса, 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарорни имзолаганлиги ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлигининг амалдаги ифодаси бўлганлиги мамнуният билан эътироф этилди. Абайнинг қозоқ ва ўзбек тилларидан ташқари араб, форс ва рус тилларини ҳам билганлиги, Саъдий Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Навоий, Бобур, Нодира ижодидан баҳраманд бўлиб, ўзи ҳам улар таъсирида юзлаб дилбар шеърлар яратиш баробарида бастакор сифатида ўз шеърларига қозоқ халқ куйлари асосида монанд куй басталаганлиги, «Кўзимнинг қораси” шеърига басталаган куйи ҳозиргача халқ томонидан севиб тингланиши ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Суҳбат асносида Ғафур Ғуломнинг “Абай – чинакам ҳурматга арзигулик алп шоир. Унинг ўланлари қозоқ саҳросидай бепоён. Олатовнинг атлас қирларидай жимжимадор. Чингизтоғ шаршараларидай суронли, Қозиғурт қояларидай баланддир”, деган сўзлари асл ҳақиқат эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Суҳбат асносида уй эгалари билан янада яқинроқ танишиб олишга ҳам улгурдик. Хонадон соҳибасининг таклифига биноан уларнинг уй-музейида ҳам бўлдик. Хонадонда ташкил этилган музейда сақланаётган турли расмлар, ўнлаб фахрий ёрлиқлару совринлар хонадон эгаларнинг ижод аҳлидан эканлигидан гувоҳлик бериб турибди. Абубакир ака турмуш ўртоғи Малоҳат опа билан узоқ йиллар театрда ишлаб нафақага чиққан экан. Деворга осилган суратларда Абубакир аканинг буюк аждодларимиз Амир Темур, Додҳо, Абай ролларини ижро этганлиги акс этган. Малоҳат опанинг Бибихоним ролини ижро этиш жараёнида тушган сурати унинг ноёб истеъдод эгаси эканлигидан сўзлайди. Айниқса, бизни музейда сақланаётган, ўтмиш маданиятимиздан гувоҳлик берувчи турли кийим-кечаклар, қилич, ханжар сингари қурол-яроғлар, тор, танбур, соз, доира каби туркий халқларнинг чолғу асбоблари ҳайратга солди. Абубакир ака музейда сақланаётган ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи мавжудлиги, уларнинг музейдан жой олиши сабаби бевосита шу хонадонда истиқомат қилаётган кишилар шажараси, аждодлари фаолияти билан боғлиқ эканлигини тўлқинланиб сўзлаб берди. Қизиғи шундаки, хондонда яшовчи ҳар бир киши, у кекса ёки ёш бўлмасин, музейда сақланувчи ҳар бир экспонат тарихини яхши билади. Абубакир ака меҳмонларга ҳар бирини эринмасдан батафсил таништирди. Биз бундан жуда ҳам мамнун бўлдик.
Эрта тонгдан Сайрам вилояти бўйлаб сафаримизни бошладик. Вилоятдаги Маҳмуд ота, Иброҳм ота, Қорасоч она қабрларини зиёрат қилдик. Кейин эса Оқсувкент вилоятининг Қорабулоқ қишлоғига йўл олдик. У ердаги маданият уйида “Дўстлик” байрами тантаналарида иштирок этдик. Оқсувкент вилояти ҳокими, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раҳбари Икромжон Ҳошимжонов, “Истеъдод” ижодий бирлашмаси раҳбари Ўрмон Собир сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини табриклади. Ҳамдўстлик алоқалари тўғрисида гапирди. Тадбирни шоира Гули Осиё олиб борди. Саҳнада ўзбек ва қозоқ куй ва қўшиқлари янгради. Ўзбекистондан борган шоир ва ёзувчиларнинг дўстлик ҳақида ўқиган шеърларини, гапларини сўзга чиққан қозоқ ижодкорлари қўллаб-қувватладилар. Даврада туғилган кунини нишонлаётган Икромжон Ҳошимжонов ва Ўрмон Собирга чевар ўзбек қизлари томонидан тикилган тўнларни совға қилдик.
Мароқли суҳбатимиз Гули Осиё хонадонида давом этди. Унинг хондонида уй-музейи очилишига бағишланган тадбирда қатнашиб, Гули Осиёнинг хонадонидаги музей билан яқиндан танишдик, ҳовлига экилган ранг-баранг анвойи гулларни томоша қилдик. Биз аёл ижодкорлар айниқса, Гули Осиёдан қозоқ миллий таомларини тайёрлаш, қази ва бешбармоқни пишириш сирларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Хонадон соҳибаси томонидан тайёрланган овқатларни тановул қилар эканмиз, Гули Осиё нафақат ижодкор, балки қўли гул пазанда эканлигига қойил қолдик.
Эртаси куни Туркистон сари йўл олдик. У ерда Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилгач, Туркистон шаҳри ҳокими таклифига биноан ташкил этилган учрашувда қатнашдик. Сўзга чиққанларнинг ўзбек ва қозоқ тилларида бирдай сўзлаши маданияти ва маънавияти бир бўлган бу меҳнатсевар, тинчликсевар халқларнинг аслида илдизи бир эканлигини ич-ичимдан ҳис қилар эканман, қозоқ халқининг буюк шоири Абайнинг дўстликни тараннум этувчи қуйидаги мисралари ёдимга тушди:
Қирдаги, сойдаги эл аралашар,
Қўй қўзилаб, оёққа ўралашар,
Қиш бўйи бир-бирини кўрмаганлар
Қучоқлашар, ўйнашар, ҳол сўрашар.
Шаҳарда кўплаб қурилиш ишлари давом этмоқда, кўриниши бир-бирини такрорламайдиган, миллийлик хусусиятлари ва замонавийликни уйғунлаштирган бинолар қад ростламоқда. Шаҳар кундан кунга чирой очиб бормоқда. Шаҳар ҳокими ҳудудда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида мароқ билан сўзлаб берди ва Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасида турли соҳалардаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги даврга қадам қўяётган бугунги кунда бу сингари ижодий учрашувлар фақат эзгуликка хизмат қилиши, шу боис ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлигини янада мустаҳкамлашда ижод аҳли олдида турган вазифалар масъулиятли эканлигини таъкидлади. Учрашув сўнгида ҳудуднинг кечаги, бугунги куни ва эртанги порлоқ истиқболидан хабар берувчи суратлар жамланган “Туркистон” номли китобни совға қилди.
Қозоғистон халқи меҳмондўст халқ. Меҳмон кутишни, дўстлар суҳбатини ёқтиради. Хонадонига қадам қўйган кишини бошга кўтаради. Худди шундай анъанани Икромжон Ҳошимжоновнинг уйида ҳам кўрдик. У кишининг рафиқаси кенг қалб эгаси Карима опа билан дилдан суҳбатлашдик. Уларнинг шонли аждодлари тарихи ҳақида маълумот берувчи манбаларга бой уй музейида бўлиб, кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдик. Шинамгина хонанинг бир бурчида турли миллат адабиёти намоёндаларининг китоблари, буюк алломалар асарларининг тартиб билан жавондан жой олганлиги Икромжон аканинг маънавиятли, билимдон, зукко инсон эканлигидан дарак берарди. Музейни томоша қилар эканман, улардаги ушбу яхши анъана менга жуда ёқди ва келгусида мен ҳам уйимда шундай музей ташкил қилишни кўнглимга тугдим. Зеро, музей ёшларни ўз шажараси, аждодларини билиб олишларида муҳим восита ҳисобланади.
Ўзбекистондан борган шоиралар Х.Бобомуродова ва Ж.Сувоновалар ўзларининг дўстлик, меҳр-муҳаббат, она Ватан туйғулари ифодаси бўлган шеърларидан ўқиб, мушоирани бошлаб бердилар. Менга навбат келгач, беихтиёр қуйидаги мисралар қуйилиб келди:
Ўзбекистон, Қозоғистоннинг
Ўртасида яқин йўлак бор.
Икки халқнинг нияти улуғ,
Юрагида эзгу тилак бор.

Дўстлик асли бебаҳо бойлик,
Молу дунё кетар бир куни.
Дўстлар билан ҳаёт чиройлик,
Қалбимизда асрайлик уни.

Яшнайверсин ижод боғлари
Аҳилликни истар сахийлик.
Биздан кейин ёш авлодларга
Ибрат бўлсин дўсти боқийлик.

Сайрам аҳли, ижодкорлари
Маконингиз зиёга тўлсин.
Ўзбек, қозоқ азалий ўртоқ,
Дўстлигимиз абадий бўлсин!

Бизнинг келганимизни Карима опадан эшитиб, меҳмонга келган тўрт синглиси ҳам мушоирамизга қўшилиб, шеърхонлик алламаҳалгача давом этди.
Жонажон Ўзбекистонимизга қайтар эканмиз, кўнглимизни фараҳбахш туйғулар эгаллаб олган эди. Ижод аҳлини миллатнинг, халқнинг виждони дея таърифлашади. Ижодкор халқ дарду ташвишларини, орзу –умидларини, юрт истиқболи ҳақидаги эзгу ниятларини, шу юатда яшаётганлигидан шукроналик туйғуларини шеърият тилида сўйлайди, созандалар уни куйга солиб қўшиққа айлантиради. Қўшиққа айланган ниятлар эса ҳумо қуши янглиғ ер узра парвоз қилади, олам халқларига меҳр-муҳаббат улашади.
Зеро, ижод аҳли ҳаётининг асл мазмуни ҳам шунда.

ЗУҲРА БЕГИМ

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”