"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сирли кўк юзида бир чўлпон юлдузи…

Ўқилди: 64

Ўзбек миллий адабиёти неча асрлардирки, халқимизнинг бадиий ва маънавий сарчашмаси сифатида ҳаёт йўлларимизни ёритиб, қалбимиздан ғам-ҳасрат ғуборини аритиб, улкан эзгу амалларга бошлаб келаяпти. Унинг салафларидан тортиб ҳозирга қадар ижод қилаёган забардаст қалам аҳлининг бадиий етук ва сара асарлари дунё халқлари эътибори ва эътирофидадир. Буюк адиб Чўлпон таърифи билан айтганда адабиёт яшаяптими, миллат яшайди.

Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқиёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро анжуманда миллий адабиётимизни дунё миқиёсида ўрганиш борасида алоҳида сўз юритилган эди. Иштирокчиларнинг чиқишларида бугун Ўзбекистонда сўз санъати, китоб мутаолааси, адабиётни ривожлантириш ва ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳақида ҳорижлик мутахассислар самимий фикрлар билдиришди. Тез орада бу анжуман ва миллий асарларимиз таржимаси йўлида қилинаётган ишлар самараси турли матбуот нашрлари, амалда ўз самарасини кўрсата бошлади.

Анжуман давомида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ғози университети профессори Фатма Ачик (Туркия) раҳбарлик қилган шўъбада “Ўзбек замонавий адабиётини ҳорижда ўрганиш ва тарғиб этиш муаммолари” муҳокама этилган эди. АҚШ, Туркия, Япония, Ҳиндистон, Миср, Озарбайжон каби давлатлардан келган адиб ва олимлар томонидан истиқлол адабиёти тарихини яратиш вазифалари, ўзбек жадид адабиёти, ўзбек замонавий ҳикоячилиги, шеърияти, замонавий адабиётни хақаро миқиёсда ўрганилиши, таржима қилиниши борасида жонкуярлик билан қилинган маърузалар бунга мисолдир. Анжуман адабий алоқалар ва таржима назарияси ва амалиётига доир кўплаб масалаларга ечим топиш билан бирга амалий ишларга ҳам туртки берди.

Самарқанд Давлат университети филология факультетида шу бўлим декани, филология фанлари доктори, Жўлибой Элтазаров билан анжуман таассуротларини гаплашаётиб, стол устида турган журналга кўзим тушди. Яқинда Туркия сафаридан қайтган олим менга журнал ҳақида гапириб берди. У мустақил нашр бўлиб, дунё ва туркий халқлар адабиёти намуналари, адабий жараёнларини акс эттирар экан. Истанбулда нашр этиладиган «ТЕМRIN» адабий-бадиий журналининг ушбу сони ўзбек миллий адабиёти вакили ижодига бағишланган. «ТЕМRIN» — сўзи арабча бўлиб, тоза нафас деган маънони англатишини айтишди.

Журналнинг илк саҳифаси унинг муҳаррири Ҳасан Порлоқнинг ўзбек адабиёти ва драматургияси, журналистикаси дарғаларидан бири Абдулҳамид Сўлаймон ўғли Чўлпоннинг ижодий фаолияти, асарлари талқини ва унинг таржимонлари, мунаққидларига бағишланган сўзбошиси билан очилади.

Шунингдек, журналнинг илк саҳифаларида шоирнинг Ҳамза Ўзтуркчи ва Ҳусайн Ўзбай таржима қилган “Гўзал Туркистон”, “Кўнгил”, “Бузилган ўлкага”, “Гўзал”, “Тўфон” шеърлари ўрин олган. Журнал ўқувчилари ушбу сонда Чўлпон ва жадид адабиётига бағишланган “Сирли кўк юзида бир Чўлпон юлдузи…”, Жўшқин руҳ”, “Чўлпоннинг театрга оид фикрлари” каби шоир Рауф Парфи, ( Муса Кўкалп таржимаси) Иброҳим Ғофуров, Эсингали Равшанов, Раҳимжон Отаев, Дилмурод Қуронов (Ҳамза Ўзтуркчи таржимаси) томонидан ёзилган бир неча таҳлилий ва қизиқарли тадқиқотларни ўқиб ўзбек адабиёти тараққиёти ва жадидчилик даври тарихидан кўп нарсани билиб олишлари мумкин.

Ушбу журналда ўзбек миллий адабиётининг йирик ва илғор вакили Чўлпон ижодининг кенг ёритилиши, адабиётшуносларимиз асарларининг таржима қилиниб, туркий тилли халқлар ўртасида ёйилиши ўтказилган анжуман доирасидаги амалий ишлар ва ўзаро ижодий ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тошпўлат ЎРХУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”