"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!»

Ўқилди: 93

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўз асарлари билан адабиётимиз хазинасини бойитган ёзувчи ва шоирларнинг хотира кечасини ўтказиш, уларнинг адабий мероси билан ўсиб келаётган ёш авлодни таништириш, миллий адабиётимиз анъаналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш бўйича эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Уюшманинг катта мажлислар залида 6 ноябрь куни Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан адабий кеча ва фотокўргазма ташкил этилди. Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар, Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлик жамияти вакиллари, санъаткорлар, ёш ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Маданият ва санъат кўргазмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Мақсуд Шайхзода нафақат миллий адабиётимиз хазинасини ўзининг салмоқли асарлари билан бойитган адиб, балки, ажойиб инсоний фазилатлари билан ҳам халқимиз хотирасида абадий яшаб келаётган ижодкорлардан бири эканини таъкидланди.

Адабиётшунос олим Наим Каримов ўзининг “Мақсуд Шайхзода” маърифий-биографик романида шундай ёзган: “Мақсуд Шайхзода… Озарбайжон диёрида туғилган, фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, мустабид тузумнинг тазйиқ ва таҳдидларига қарамай, завқ-шавқ билан ижод қилган, замонавий ўзбек адабий тили ва адабиёти тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган бу буюк ижодокорнинг муборак номи ҳеч қачон халқ хотирасидан ўчмаслиги лозим.”

Ҳамиджон Ҳомидий “Мақсуд муаллим” хотирасида: “Мен давримизнинг буюк адиби Мақсуд Шайхзодадан бевосита таҳсил кўрганман, илмий тад­қиқотим бўйича кўп сабоқ олганман. 1958 йилдан умрларининг охиригача устод Шайхзода билан кўп ҳамроҳ юрганман, уйларида бўлиб, Сокина опа пиширган, «озарча ҳолваю ошларини» еганман. Устод шогирдларига ўта меҳрибон, ғамхўр, ҳомий эдилар. Аксарият пайтлари бизларга тушлик олиб бериб, чойчақа эҳсон қилиб юрардилар. У киши ҳақидаги ширин туйғулар ҳамиша гўшаи хотирамда”, дея ёзган.

Тадбирда адабиётшунос олимлар – Наим Каримов, Иброҳим Ғофуров, Омонулла Мадаев ижодкорлардан Икром Отамурод, Абдулла Шер ва бошқалар Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ва актёр Темурмалик Юнусов ижросидаги Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясидан парчалар, шеърлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбайжон Республикаси Ганжа вилоятининг Оқтош шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). Бокудаги дорулмуаллиминни тугатган (1925). Дастлабки шеърий тўплами — «Лойиқ соқчи» (1932). «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935), «Ўн икки», «Янги девон» (1937), «Кураш нечун» (1942), «Кўнгил дейдики…» (1943), «Ўн беш йилнинг дафтари» (1947), «Юрт шеърлари» (1948), «Олқишларим» (1949), «Йиллар ва йўллар» (1961), «Шеърлар» (1964) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. «Жалолиддин Мангуберди» (1944) ва «Мирзо Улуғбек» (1961) каби драматик асарлар муаллифи. Йирик адабиётшунос («Гениал шоир», 1941; «Ғазал мулкининг султони». 1966; «Тазкирачилик тарихидан», 1968 ва бошқа). А. С. Пушкиннинг «Мис чавандоз», М.Ю.Лермонтовнинг «Кавказ асири», В.Шекспирнинг «Ҳамлет», «Ромео ва Жульетта» трагедиялари ва сонетларини, Нозим Ҳикматнинг шеърларини, шунингдек, дунё адабиётидаги бир қанча буюк сиймоларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1967 йил 19 февралда Тошкент шаҳрида вафот этган. Мақсуд Шайхзода асарлари кўплаб қардош ва хорижий халқлар тилларига таржима қилинган. 2001 йили ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Шайхзода “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Улуғ Темур авлодиман
Хоҳ бўлсам-да озари,
Табаррукдир зиёратгоҳ
Менга унинг мозори.
Улуғбекнинг пойин излаб
Зарафшондан ўтганман,
Самарқанднинг тарихини
Юрагимга битганман.

* * *

…Мангуликдан жой олган — яшар абадий,
Мен-ку, Мангубердиман, олам билади.
Кўкларданми, сувданми, ё ер тагидан,
Балки саҳро бағридан, тоғ этагидан,
Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,
Юрт шайдоси кўмилмас ғурбатда – гўрда.
Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал,
Ким юртдан ёв қувса –мендурман ўшал…

* * *

Тошкентни севмоқлик юракнинг иши,
Шу учун шартмикан бунда туғилмоқ!
Шартми, бир романга ишқибоз киши
Ўзи у романга қаҳрамон бўлмоқ!
Умрим бино бўлди Озарбайжонда,
Кечди болалигим у гул маконда.
Низомий ватани, Ганжа ўлкаси
Ўпкамга тулдирди шеър ҳавосин,
Кур наҳрим мулойим, тинч музикаси
Кўнглимда уйғотди куйлаш ҳавасин.
Лекин шоирликнинг нозик толеи
Кулди Сирдарёнинг ҳавзаларида,
Ўзбек қуёшининг чин оталиги
Акс этди мастоба косаларида.
Ҳазрат Навоийнинг ўпиб қўлини
Ўзбек водийсида отимни сурдим,
Ижод карвонининг узоқ йўлини –
Азиз йўлдошлар-ла ўтолдим, юрдим.

Бу шаҳар шеъримнинг тиниқ чашмаси.
Яшадим ўттиз йил бунда чамаси.
Бу ерда туғилган Ғафур ва Ойбек,
Умримнинг бошланғич мавсумларида
Мени ардоқлашди қучиб оғадек,
Инилик кўрсатдим таъзимларида…
Бири — шеъримизнинг ўтли юраги,
Бири — наср уйининг баланд тираги,
Очдилар уй билан қалб эшикларин,
Аямай ўгит ва мезбонликларин.
Йигитча эдим мен ҳаваскор, содда,
Бўлдим оқибатда шоир Шайхзода!…

* * *

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан, —
Уни тиригида бир соат йўқланг!

* * *

Йўқ, мен ўлган эмасман! Йўқ, мен ўлган эмасман!
Умрим буюк пиёла, ҳали тўлган эмасман!
Мен яшайман боламда, экиб қўйган даламда,
Дами синмас қиличда, учи ўчмас қаламда…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Таваллуд кун, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”