"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Унутмас мени боғим

Ўқилди: 56

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари, шунингдек, Бухоро давлат университети ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ва “Офарин” мукофоти совриндори Сафар Барноев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ташкил этилди.

Ҳажвий адабиётимизнинг йирик намояндаси Неъмат Аминов номи “Муштум” журналидаги кўп йиллик самарали фаолияти ҳамда “Икки пуллик обрў”, “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Жигари тўкилди”, “Тилло табассумлар”, “Чинорлар қўшиғи”, “Елкасиз полвон”, “Ўғри мушукча”, “Қаҳқаҳа”, “Яллама ёрим”, “Чолболанинг эртаклари” сингари ҳикоя ва ҳажвиялардан иборат китоблари, шунингдек, “Ёлғончи фаришталар” романи билан ўқувчиларимизга жуда яхши таниш. Унинг “Бир аср ҳикояти” номи билан нашр этилган сўнгги китоби эса адиб дунёқараши ва истеъдодининг яна бир қиррасини ўзида акс эттирган асар сифатида ғоят қадрлидир.

Таниқли шоир ва ёзувчи Сафар Барноевнинг “Тоғдаман”, “Биринчи табассум”, “Дадамнинг қўллари”, “Соғинч”, “Юлдузхон ва Баҳоржон”, “Солдат қайтган кун”, “Оқ лайлаклар”, “Эгизаклар”, “Мукофот”, “Тинчликни улуғлаймиз”, “Дадам ҳақида қўшиқ”, “Каримжон ‒ Карлсон” каби йигирмага яқин шеърий ва насрий китоби сўз санъатимиздаги энг яхши анъаналарни ўзида мужассам этган. Буни ижодкор асарларининг рус, украин, белорус, латиш, молдован, поляк, чех, арман, озар, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинганлиги ҳам яққол тасдиқлайди.

Хотира кечасида сўз олган, ҳар икки адибни яқиндан билган адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар ва қариндош-уруғлар улар ҳаётининг энг ёрқин лаҳзалари билан алоқадор лавҳаларни ёдга олиб, уларнинг инсоний фазилатларини ёшларга ибрат қилиб кўрсатдилар. Асарлари таҳлили асосида улар ижодига хос бадиий маҳорат қирраларини инкишоф этдилар.

Тадбир давомида талабалар томонидан Неъмат Аминов қаламига мансуб ҳикоя ва ҳажвиялар, “Бир аср ҳикояти” асаридан лавҳалар асосида тайёрланган саҳна кўринишлари, Сафар Барноев шеърлари асосидаги композициялар, куй ва қўшиқлар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Икки адиб ҳаёт ва ижод йўлининг энг ёрқин лавҳалари акс этган фотокўргазма ҳам тадбир иштирокчиларида катта тассурот қолдирди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”