"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабиёт қуёши ҳамиша мунаввар бўлсин

Ўқилди: 65

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 8 ноябрь куни  таниқли шоир, таржимон, эссенавис, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Янгибой Қўчқоровнинг “Адабиёт қуёши ҳамиша мунаввар бўлсин” номли ижодий кечаси ва китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкор ёшлар, ўқувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ва бошқалар кўп қиррали ижод соҳиби Янгибой Қўчқоров ижоди хусусида илиқ фикрлар билдирди.

Адабий кечада Янгибой Қўчқоровнинг “Кумуш чўққи ёғдулари”, “Навоийдан савод очдим” ва “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан” китобларининг тақдимоти ўтказилди.

“Кумуш чўққи ёғдулари” китобининг биринчи қисми “Истиқлол довонида” деб номланиб, у адабиётимизнинг яқин ўтмиши ва бугунги сермазмун куни ҳақидаги ўйлардан, “Эркин ўғлингман, қабул эт” номли иккинчи қисми эса Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий очерклардан иборат.

“Навоийдан савод очдим” китобида Ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо адабий меросидан савод очган қорақалпоқ шоирлари – Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақдан то Ибройим Юсупов, Кенгесбой Каримов, Ҳалила Давлетназаров, Бахтиёр Генжамуродгача бўлган 50 нафар ижодкорнинг энг сара асарлари киритилган.

“Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан” – номли китобда эса қардош қозоқ халқининг Абай, Жамбул Жабаев, Шокарим Қудойбердиев, Миржақип Дулатов, Собит Муқанов, Ўлжос Сулаймонов, Мухтор Шаханов, Улуғбек Эсдавлет сингари улуғ ва машҳур шоирларининг энг гўзал шеърлари жой олган.

***

Мен ҳам бир ўғил шу тупроққа,
Тутқазиб тарихнинг жомасин –
Аллоҳим йўл берди ёзмоққа
Улуғ юрт Қўнғирот номасин.
Бу китоб бошланур қадимдан,
Боб қўшган Гекатей, Геродот.
Каммиди Афина ё Римдан
Беруний бешиги – шаҳри Кот?!

Кўп қиррали ижод соҳиби Янгибой Қўчқоров етти аср Хоразмнинг африғий шоҳларига пойтахт бўлган қадимий Кот шаҳри қолдиқлари яқинидаги Соркўп овулида 1958 йилнинг 8 ноябрида туғилди. Бувиси томондан бобоси Муҳаммад Масала ўттиз, унинг фарзанди Кенжа Маноқ йигирма, шоирнинг отаси Бозорбой Қўчқоров тўрт халқ достонини ёддан айтишган. Янгибойнинг ўзи мактаб саҳнасидан “Бозиргон” достонининг бир неча бобларини ижро этган. 1974 йили, ўн олти яшар чоғида маҳаллий матбуотда ҳаваскор шоирнинг қуйидаги шеъри босилиб чиқади:

— Бу оламда мангу бўлиб нима қолади,
Оҳорли ва янги бўлиб нима қолади?
— Бу оламда мангу бўлиб Элим қолади,
Она Ватан ҳамда Она Тилим қолади?
— Бу оламда мангу бўлиб нима қолади,
Баҳор каби янги бўлиб нима қолади?
— Бу оламда на тилла, зар, на бўз қолади,
Бу оламда мангу бўлиб Шеър, Сўз қолади!

Бу шеър шоирнинг кейинчалик яъни 2002 йили Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт фонди нашриётида чоп этилган “Асрларнинг армонлари” (муҳаррир Дилшод Ражаб) номли тўпламига кирган эди. Муаллиф аслида 1976 йили Тошкент Қишлоқ хўжалик институтининг агрокимё ва тупроқшунослик факультетига ўқишга кирган бўлса ҳам бадиий адабиётга бўлган қизиқиш уни бирор дам тинч қўйгани йўқ. Шу йўсинда 1978 йили “Туркистон”, “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон маданияти” газеталарида шеър, таржима, тақризлари чиқа бошлайди. Унинг адабиёт йўналишидаги тетапоя қадамлари Пирмат Шермуҳаммедов, Ўткир Ҳошимов, Рауф Парфи, Носир Муҳаммад, Маъруф Жалил, Мирпўлат Мирзо, Турсун Али каби адиб ва шоирлар томонидан қўллаб-қувватланади.

Шу кунгача унинг шеърлари “Ёшлик баёзи”, “Ёшлик” альманахи, “Эллик наво”, “Ақчакўл илҳомлари”, “Ақчакўл оҳанглари”, “Жайҳун шамоллари”, “Сен онамга ўхшайсан, Ватан”, “Осмонимиз мангу мусаффо бўлгай” каби жамоа тўпламларида босилган.

Уларда она халқимиз ҳақида Жайҳундек жўшқин сатрлар ёзилган:

У халқ Окс, Яксартнинг бўйида
Қадимги даврдан бор эди.
Аёл шоҳ Тўмарис тўйида
Бел тутган паҳлавон, нор эди.
Бобоси – аугасий, момоси –
Сак ёки масссагет қизидир.
Шоҳ Кирни қийратган, чамаси,
Айнан шу мардларнинг ўзидир.
Асрлар дафтарин очсангиз:
Не кунлар тушмаган бошига.
Аслида Оролдек бир денгиз
Тўларди кўзининг ёшига…

Бу оташин сатрлар кирган, тақдимоти Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони А.Орипов бошчилигида ўтказилган “Қўнғиротнома” достони ҳақида филология фанлари доктори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Каримбой Қурамбоев ўзининг “Чўлпон” НМИУда босилган “Адабий жараён. Ижод Масъулияти. Адабий алоқалар” номли китобида “Достоннинг тили содда ва жозибали. Баландпарвоз жумлалардан, ваъзхонлик, асосланмаган мадҳиябозликдан ҳоли. Зўрма-зўраки, сунъий тўқилган мисралар йўқ, ҳаммаси қуйма сатрлар. Асарнинг композицион бутунлигига бирор эътироз билдириш қийин. Фикр оқими изчил ва мантиқли, сюжетнинг пухталигига ҳалақит берадиган ортиқча тасвир, ҳатто детал ҳам учрамайди. Сюжетга асос бўлган лавҳалар, мисралар худди занжирдек ўзаро боғланган.” деб ёзган эди.

Ёзувчилар уюшмаси назм кенгаши раиси, Халқ шоири Маҳмуд Тоир эса шоирнинг навбатдаги асари – “Ўн тўққизинчи довон” достонига ёзган сўзбошисини “Янгибой Қўчқоров – бу ном адабиёт аҳлига яхши таниш. Доимо ўзига ярашган самимият ва табассум билан юрадиган, оқкўнгил, одамохун бу инсон Қорақалпоқ диёрида туриб Тошкентга меҳрдан кўприк ташлаб қўйган, десам муболаға бўлмас.” деб бошлайди. Ва сўзбошининг поёнида “Қалам қолдирган рост сўз – халқнинг қадр дафтарида мангу таралгувчи нурдир” дейди. Достондаги:

“Отам сакдир, онам сўғддир,
Менинг исмим Спитамен.
Бугун юртнинг эрки йўқдир,
Шу боис қон ютамен” деган сатрлар “Қўнғиротнома” достонидаги:

Ҳаким Ота, Ҳаким Ота,
Ҳур бўлурми халқим, Ота?!
Юртни босиб олган ёвда
Ҳеч тўлурми ҳалқум, Ота — мисраларига тўла ҳамоҳангдир. “Асрларнинг армони” тўпламидаги “Қора курсидагилар”, “Изтироб”, “Оталар”, “Амриқода” каби шеърларда ҳам лирик қаҳрамон нуқтаи назари баралла кўриниб туради.

Шоир юртни таърифлаганида теша тегмаган ташбеҳлар топа олади. Буни шу китобга кирган “Тошкент қасидаси” шеърида яққол ҳис қилиш мумкин:

Расул, Мустай, Чингиз меҳмони бўлган,
Ўлжас қадам қўйса шеър они бўлган,
Тўлак ҳам Ибройим мезбони бўлган,
Абдулла Қайсинга қариндош кентим,
Тошкентим,
Бош кентим,
Кўзу қош кентим.

“Жайҳун бўлиб оққан сўз”да шеърлар, достон, таржималардан ташқари қирқ ўзбек ва қорақалпоқ адиблари тўғрисидаги эсселар кирган. “Олти олтин юлдуз ёғдуси” эсселари қаҳрамон адиблар С.Аҳмад, О.Шарафиддинов, И.Юсупов, Т.Қаипбергенов, Э.Воҳидов, А.Орипов ҳақида. Адиб “Китоб дунёси” газетасида босилган “Саккиз бургут сийрати” эссеси (Қ.Қулиев, М.Карим, Д.Қўғултинов, Р.Ҳамзатов, Ч.Айтматов, И.Юсупов, Т.Қаипбергенов, А.Орипов ҳақида) китобхонларга ҳам, ҳамкасбларга ҳам жуда маъқул бўлди. Кейин адиб Зулфияхоним ва унинг замондошлари М.Дилбозий, Т.Эсенова, Г.Есемуратова, Ф.Алиева, Р.Казакова, Т.Зумақулова, М.Абилқосимова, Ф.Ўнғорсиновалар ҳақидаги “Ой теграсида юлдузлар” китобини ёзди ва “Ўқитувчи” нашриётида босилган бу асар шоиранинг 100 йиллик юбилейи иштирокчиларига тарқатилди. Унинг И.Юсупов, Т.Қаипбергенов, Н.Фозилов, Э.Воҳидов, А.Орипов ҳақидаги эсселари газеталар ҳамда журналларда босилди. Бундан ташқари адиб “Оролбўйи азаматлари”, “Хуш келибсиз, Хоразмга”, “Қорақалпоқ фермерлари”, “Элликқалъа қаҳрамонлари”, “Аллома авлодлари”, “Тўрткўлнинг толмас қаноти” каби ўндан ортиқ очерк китобларнинг муаллифи. 2008 йили Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши журналисти” деб тан олинган. “Ўн тўққизинчи довон” достони учун “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ғолиби бўлган.

Янгибой Қўчқоров моҳир таржимон сифатида Нобель мукофоти лауреати С.Алексиевичнинг “Урушнинг аёлга ёт қиёфаси” ва В.Суминнинг “Сўнгги ва биринчи субҳидам” асарларини таржима қилди. Бу асарлар Ғафур Ғулом номидаги НМИУда кўп минг нусхада чоп этилди, китобхонлар мулкига айланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”