"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Афсонавий мамлакатга саёҳат

Ўқилди: 199

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан

 

Юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганига ҳам чорак асрдан зиёдроқ вақт ўтди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди, илм-фан, техника, иқтисодиёт, ишлаб чиқаришда нафақат Марказий Осиё, балки жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллади. Дунё Ўзбекистонни келажаги порлоқ мамлакат сифатида тан олди. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида илк маротаба чиқиш қилиб, давлатимизнинг истиқболи, танлаган йўли тўғрисида сўзлаб берди ва ташкилотга Самарқанддаги Регистон майдони макетини совға қилди. Регистоннинг мўъжаз тасвири шу кундан эътиборан тинчликсевар мамлакат рамзи сифатида дунё халқларини бирдамликка даъват эта бошлади.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг бошқа давлатлар билан турли соҳалардаги алоқалари янада ривожланди, юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар салмоғи сезиларли даражада ошди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги фармойишининг ижроси юзасидан бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Жумладан, тадбирлар доирасида ўзбек ва ҳинд халқлари орасидаги маданий алоқалар тарихини ўрганиш, дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш мақсадида Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги бир қатор олий ўқув юртларида, маданият марказлари ва элчихонада тадбирлар бўлиб ўтди. Ўзбекистонда ҳам дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган мана шундай тадбирлар ўтказилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида халк оғзаки ижодини ўрганишга бағишланган конференциянинг ўтказилиши ҳам миллатлараро ҳамдўстлик алоқаларининг мустаҳкамланишига албатта, замин яратади. Ўшанда юртимизга барча давлатлардан ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар Самарқанд шаҳрига ҳам зиёратга келишган эди. Биз, бир гуруҳ ижодкорлар меҳмонларни темирйўл вокзалида кутиб олиб, бирга айланган эдик. Уларнинг орасида Ҳиндистондан келган Дев Бҳардваж ҳам бор эди. У билан ўзбек ва ҳинд халқларининг дўстлик алоқалари борасида суҳбатлашган эдик. У халкимизнинг меҳмондўст, инсонпарвар эканлигини ва ўзбекларнинг бу хусусиятларини ҳурмат қилишини айтганди. Унинг розилиги билан қашкадарёлик таржимон А.Аллаёров уч кунга уйига меҳмондорчиликка олиб кетган эди.
Ўзбек ва ҳинд халқи орасидаги маданий алоқаларнинг узвий давоми ва амалдаги ифодаси сифатида яқинда юртимиз ижодкорларидан иборат делегация шу йил октябрь ойининг 23-24 кунларида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган ўзбек шоир ва ёзувчилари асарлари жамланган китоб тақдимотига таклиф этилди. Таклиф қилинганлар орасида менинг ҳам борлигим, ижодимдан намуналар ҳинд тилига таржима қилиниб, китобга киритилгани кўнглимга чексиз қувонч бағишлади. Ёшлигимдан ҳинд адабиётини, санъат асарларини севганим боис дунёга бир қатор санъат юлдузларини туҳфа этган бу афсонавий юртни кўриш, Мирзо Бобур қадами теккан заминда бўлиш, дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Тожмаҳални кўриш ушалмас орзу бўлиб туюларди.
Афсонавий Ҳиндистоннинг сеҳрли замини…Омад кулиб боққанига, орзуларим ушала бошлаганига, бу диёрга шунчаки саёҳатчи бўлиб эмас, балки йирик бир давлатнинг фуқароси, ижодкорларининг вакили сифатида бораётганим кўнглимга фахр, ғурур туйғуларини солар эди.
21 октябрь куни кечаси Деҳли халқаро аэропортига қўндик. Делегациямиз аъзолари учун Деҳли бозоридаги “Вивек” меҳмонхонасига жой буюртма берилган экан. Меҳмонхона асосан хорижий сайёҳларга мўлжалланган бўлиб, меҳмонларга хизмат кўрсатилар экан. Ҳинд тили Ҳиндистоннинг расмий тили сифатида қўлланилар, савдо-сотиқ ва маъмурий иш юритиш билан боғлиқ ишларда ўрни билан инглиз тилидан ҳам фойдаланилар экан. Ҳиндистонда ҳуқуқий мақомга эга йигирма битта тилдан фойдаланилар экан. Мамлакат аҳолиси 1600дан зиёд шевада сўзлашар экан.
22 октябрь куни Деҳлидан Индор шаҳрига самолётда учиб, биз учун ажратилган меҳмонхонага жойлашдик. Эртаси куни эрталаб тадбир ўтказиладиган жойга бордик. У ерда бизни Ҳиндистон қитъалараро маданият ассоциацияси директори Дев Бҳардваж бошчилигида ҳиндистонлик бир гуруҳ ижодкорлар кутиб олишди. Биз каби бир неча давлатлардан шоирлар, ёзувчилар, тарихчи олимлар, профессорлар ва таржимонлар ташриф буюрган эди. Мезбонлар меҳмонларни эрталабки нонуштага таклиф этишди. Улар бир- бири билан ҳинд, инглиз тилида гаплашарди. Биз билан бирга борган Ўзбекистон делегацияси ташкилотчиси қашқадарёлик таржимон Асрор Аллаёров улар билан дилдан суҳбатлашишимизга кўмак берди. Икки кун давомида ҳинд халқининг миллий таомларидан баҳраманд бўлдик. Улар бизни биряни, плов, доса каби овқатлари, гулаб жамун, ладду каби ширинликлари, чаппати нонлари билан меҳмон қилишди. Ҳиндлар ҳамма овқатга гармдори қўшиб ейишар экан. Биринчи куни кўникишимиз қийинроқ бўлди. Аста-секин овқатга гармдори қўшиб ейишга кўника бошладик. Менга айниқса, гулаб, жамун, ладду ширинликлари жудаям ёқди, мазаси оғзимда қолди. Улар гўшт маҳсулотларини кам истеъмол қилишар экан.Молга илоҳий мавжудот сифатида қараб, сиғинганлари учун мол гўштини умуман ейишмайди. Улар тез ҳазм бўлувчи енгил овқтлар истеъмол қилишни хуш кўришар экан.
Дев Бҳардваж тадбирни ташкил этишда бош-қош бўлиб, бошқариб борди. Анжуманда иштирок этаётган меҳмонларга инглиз ва ҳинд тилида нашр этилган “ THE WHISPERINGSENSE (English and Hindi Antology of Uzbek poets) First Published:2018” китоби тарқатилди. Ўзбекча таржимаси “Шивирлаётган ҳис”деган маънони англатувчи антологиядаги шеърларни ўзбек тилидан инглиз тилига Асрор Аллаёров ўгирган. Ҳинд тилига эса Шобҳа Жиндал, Арти Кумари, доктор Сангеета Сингҳ таржима қилган. Чиройли муқоваланган китоб икки тилга таржима қилиниб, чоп этилган. Китобга ўзбек бадиий адабиёти ва журналистикаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган Абдулҳамид Чўлпон, Ҳалима Худойбердиева ва бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатиб келаётган Фармон Тошев, Сирожиддин Саййид, Исмат Санаев, Икромхон Валихон, Ғайбиддин Фазлий, Хуршид Нуруллаев каби йигирма уч ижодкорнинг асарларидан намуналар киритилган.
Анжуман бошланганда илк сўз менга берилиб, даврага таклиф қилинишим билан ўзбек ижодкорлари номидан сўзлашим лозимлиги улкан масъулият эканлигини ҳис қилиб, юрагим зарб билан ура бошлади. Ҳиндистон заминига қадам қўйганимдан буюк бобурийлар руҳини ҳис қилганим, бу юртнинг ўзига хос табиати, ҳиндлар муқаддас деб билувчи Ганга ва Жамна дарёлари бу юрт учун қай даражада улуғ бўлса, Марказий Осиёнинг Амударёси ва Сирдарёси ўзбек халқи учун шунчалик муқаддаслиги, аслида бу дунёқарашлар замирида ўзбек ва ҳинд халқларининг тинчликсевар, дўстликни улуғловчи ғоялари ётганлиги ҳақида сўзладим. Менинг сўзларимни таржимон Асрор Аллаёров инглиз тилига таржима қилиб турди. Тадбирда Ўзбекистондан борган шоирларимиз навбат билан шеърларидан намуналар ўқишди. Тадбирда Жанардан Ратхания сўз олиб, бобурийлар фаолияти, улар томонидан амалга оширилган ишлар, аждодларимизнинг ҳинд халқи ҳаётида муҳим ўрин тутганлиги ҳақида гапирди.Унинг аждодларимиз тарихини яхши билиши бизни ҳайратга солди. Бунинг сабабини кейинроқ билдик. Анжумандан сўнг бизни Жанардан Ратхания суҳбатга тортди. Ўзининг айтишича, бу 78 ёшли тарихчи олим аслида туркистонлик бўлиб, ота-боболари бундан бир неча аср илгари Ганиша даврида Ҳиндистонга кўчиб бориб, қолиб кетган экан. Шу боис ёшлигидан бизнинг юртимизга қизиқар, Ўзбекистонни боболари киндик қони тўкилган юрт деб биларкан. У биз билан суҳбатлашар экан, ҳис-туйғуларини ифодалашга сўз тополмас, ҳаяжонланар эди, бизни уйига меҳмонга боришимизни таклиф қилди. Аммо вақтимиз чеклангани учун бунинг иложи бўлмади. Биз унга Ўзбекистондан олиб борган ёнғоқ, бодом , майиз , қовунқоқи солинган саватчани совға қилгандик, кўзига суртиб, музейимга қўяман деди. Биз уни Ўзбекистонга таклиф қилдик. Жанардан Ратхания менинг дўппимни кийиб, расмга тушди. У мустақиллик туфайли юртимизда бўлаётган ўзгаришлардан, эришилаётган ютуқлардан фахрланишини айтаркан, юрагимни Ўзбекистон дея аталган юртда яшаётганимдан фахрланиш туйғулари эгаллади. Ўзга юртларда бу қутлуғ заминни бир кўриш орзусида яшаётган кишилар борлиги, улар ҳам ўзларини шу халқ фарзанди деб билишининг гувоҳи бўлиб, она Ватанимда туғилганимга шукроналар айтдим. Борганимизга уч кун бўлмаёқ юртимни соғинганимни ҳис қилдим.
Анжуман куни бизнинг ҳар биримизга шеърларимиз чоп этилган “Кафла қитъалараро” журналини беришди. “Наи дуниа” газетасида ўзбек ва ҳинд ижодкорлари иштирокида ўтказилган анжуман фаолиятини ёритувчи мақолалар берилди.
Самарқандан менга ва Наим Раҳимга Ҳиндистон қитъалараро маданият ассоциацияси томонидан “Адабиёт нури”, Яхшигул Хидирова, Гулжаҳон Мардон қизига “Адабиёт шаъни” , Меҳрибону Қиличевага “Адабиёт фахри” мукофотларини беришди. Бизга сертификат топширишда сўзга чиққан ҳинд ижодкорлари бундай тадбирлар ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада кучайтиришга хизмат қилишини, буни янада давом эттириш лозимлигини мамнуният билан сўзладилар.
Шаҳар билан яқиндан танишиш мақсадида гуруҳимиз билан айланишга чиқиб, дастлаб Хумоюн Мирзонинг қабрини зиёрат қилдик. Кейин Деҳлидаги Акшардҳам ибодатхонасига бордик. У ердаги ҳолатни кўриб, афсоналар оламига тушиб қолгандай бўлдик гўё. Театрлаштирилган ҳайкалларнинг худди тирик одамдек ҳаракатланиб сўзлаши кишини ҳайратга солади. Хинд маданиятини кўрсатувчи урф-одатлари, қизларнинг миллий либосларда рақсга тушиши киши эътиборини ўзига тортади. Сув ҳавзасидаги кемага ўтирсангиз, сузиш жараёнида икки томондан ҳаракатланувчи ҳайкаллар оркали ҳинд маданияти тарихи аксланар экан. ”Сув шоуси” ҳам жуда қизиқ бўларкан. Унда қадимги Миф даврини лазер нурлари ёрдамида жонлантирилган ҳолда намойиш этаркан. Бу ердаги ҳинд маданиятига оид тарихий ашёлар, экспонатлар кўргазмаси ҳинд диёрининг шонли тарихи ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитди.
Сафаримизнинг бешинчи куни Агра шаҳрига бориб, Акбаршоҳ қабрини зиёрат қилдик. Агра… Ҳиндистон тарихидан сўзловчи мўйсафид шаҳар. Абадий муҳаббатга қўйилган ҳайкал – Тожмаҳал тарихий обидаси жойлашган бу шаҳарни шоҳ Бобурнинг н嬬вараси Шоҳжаҳон ва унинг суюкли аёли Мумтозмаҳал ўртасидаги илоҳий муҳаббат қиссасидан хабардор бўлган ҳар бир киши билиши табиий. Ҳар куни етмиш-саксон минг, йилига саккиз миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрувчи муқаддас маскан. Жамна дарёси бўйида қад ростлаган бу даргоҳ кўнгилни сеҳрлаб қўяркан. Йирик тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг тадқиқотларида инсониятнинг буюк мўъжизаси ҳисобланган Тожмаҳал 18 йил давомида қурилган бўлиб,, бу иншоотнинг барпо бўлишида 20 минг ишчи иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар берилган. Бу обидани ўзбек, ҳинд, турк меъморлари бунёд қилиб, унинг пештоқида самарқандлик уста Муҳаммад Шариф ва бухоролик уста Ота Муҳаммад каби аждодларимизнинг номлари қайд этилган экан. Бизни тарихий обидалар билан таништирган мажмуа ходимлари олис масофадан оқ мармар ташиб келингани, Мумтозбегимнинг қабри устидаги қора мармар Шри- Ланка оролидан келтирилгани тўғрисида сўзлаб бердилар. Улар мақбарани тонгда ёки шом чоғи зиёрат қилишни, бунда ранглар мўъжизасига гувоҳ бўлишимизни маслаҳат бердилар.
Китобда ўқиган бошқаю ўз кўзинг билан кўрганинг бошқа экан. Бобурнинг н嬬вараси Шоҳжаҳоннинг суюкли хотини Мумтозмаҳал кенжа фар¬зандини дунёга келтираётган чоғида ва¬фот этганлиги, чуқур қайғуда қолган Шоҳжаҳоннинг ра¬фиқасининг ўлим олдида қилган васиятини бажариш учун Тожмаҳал мақ¬ба¬расини қурдирганлиги тўғрисидаги маълумотлар асрлар оша аждодлардан авлодларга ўтиб яшаб келмоқда.
Гуруҳдан ажралиб, мақбарага боққанча ўйга толаман, беихтиёр бўғзимга нимадир тиқилиб, овозимни борича ҳайқиргим келди. Кўзларимга келган ёшни ёнимдан ўтаётган сайёҳлардан яширишга уринаман. Ҳар бир нарсадан маъно ахтараман, ҳар бир ҳолат кўзимга ниманингдир рамзи бўлиб кўринади. Қизил тошлар билан қурилган бинолар орасида оқ мармардан қурилган мақбара. Қизил ранг ошиқ кўнглию оқ ранг бегуноҳлик рамзи бўлиб туюлади менга. Мумтозбегимнинг қабри устидаги қора мармарда эса айрилиқ, бу дунёнинг ўткинчилиги, ҳар бир яратилган нарса охир-оқибат йўқликка юз тутишига ишора бордек туюлади. Буюк ҳинд му¬та-фак¬кири Робиндранат Тҳокур бу мақбарани бежиз «Абадийлик юзи¬да¬ги кўз ёш,» — дея таърифламаган дейман ич-ичимдан. Тонгда қуёш бўй кўрсатиши билан Тожмаҳал офтоб нур¬ла¬рида кумушранг тус олиши, турфа рангларнинг ўзаро қоришиб, ажиб манзара ҳосил қилиши кўнгилга қандайдир сокинлик олиб кирса, шом вақтида ботаётган қуёш рангидан андаза олиши кишини ўзига мафтун этади. Мақбарадан узоқлашар эканман, қизғин нурлар ичра ортимдан кузатиб қолган мунгли Аржумаандбонуни илғагандай бўламан гўё. Кўзларимда ёш қалқийди. Яна кўришиш насиб қилармикан, муҳаббатнинг армонли ҳайкали, дея пичирлайман. Яратган умр берса, насиб қилса, яна келаман, энди фарзандларим билан келаман, деб ният қиламан.
Сафаримиз якунига етиб, аэропорт сари йўлга тушар эканмиз, кўнглимни яна сокин туйғулар эгаллаб олди. Анча вақтгача унинг таъсиридан чиқа олмадим. Ушбу сатрлар хаёлимдан ўта бошлади.
Муҳаббатга йўғрилган қаср
Ёр ҳажрида ўртанган юрак.
Ўтса ҳамки неча йил, аср
Хотирларда яшайди сергак.

Агра бунга шоҳиддир чунон,
Не савдолар кечгай бошидан.
Жамна тўлиб оқаркан ҳамон,
Шоҳжаҳоннинг аччиқ ёшидан.

Деворлари зумрад, нақшинкор,
Беш гумбазли марварид ошён.
Икки олам мўъжизаси бор,
Аммо ғариб кўнгиллар гирён.

Тўрт минора ростлар қаддини,
Мумтоз Маҳал руҳи юради.
Ёлғиз ўтган ёрин дардини,
Суюклиси тинглаб туради.

Нурга чўмиб ётар Тож Маҳал,
Ер юзида ягона бу ҳол.
Ишқ қудратин кўрсатар ҳар гал,
Садоқатга қўйилган тимсол.

Ҳиндистонда аждодим изи,
Уни барча тавоф қилади.
Бу тимсолнинг асл негизи
Менинг Бобур бобом бўлади.

Биз Дев Бҳардважга Ўзбекистон делегацияси томонидан ўз миннатдорчилигимизни билдириб, Самарқандга таклиф қилдик. Келаси йил февраль ойида келишга ваъда беришди.Улар билан хайрлашар эканмиз, тилини билмасак ҳам нима деяётганлигини тушуниб турардик. Кўнгиллар тилга кирган эди. Ҳавога кўтарилар эканмиз, ҳаммамиз бир овоздан ўзбек ва ҳинд халқлари дўстлиги бардавом бўлсин, дея ният қилдик.

Зуҳра Бегим,

Самарқанд –Деҳли – Агра – Индор -Самарқанд.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ