"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Мен нечун севаман Ўзбекистонни?

Ўқилди: 179

Абдулла Орипов — Ватан куйчиси.
У Ватанни борлигича, бутун гўзаллиги билан бирга кўради.
У Ватаннинг ўтмишига назар ташлаб, толеи ўнг келмаган юртини,  жабрдийда халқини, бугунги кунига назар ташлаб, яшнаётган шаҳар ва қишлоқларни, буюк ишларни амалга ошираётган халқини кўради.

Матёқуб ҚЎШЖОНОВ, адабиётшунос олим, академик

Она юрт — жонажон Ўзбекистон Абдулла Орипов энг баланд мақомларда қаламга олган мавзудир. Унинг асарлари чинакам ватанпарварлик, киндик қони томган заминга садоқат, миллий ўзликни англаш, асрлар қаъридан келаётган муқаддас қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраш туйғулари билан суғорилганини яна бир бор алоҳида таъкидласак, зиён қилмайди. Доимо эл-юрт дарду ташвиши билан яшаган оташин шоир Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини она халқи билан биргаликда ниҳоятда юксак ижодий кўтаринкилик билан кутиб олди. Мустақиллик эълон қилинган кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши минбаридан туриб «Адолат офтоби» шеърини ўқиб берди:

Сафга тизил, набирам, отажоним, тур энди,
Мустақиллик нашъасин, ҳаққинг бордир, сур энди,
Қўлни бериб қўлларга, бир тан бўлиб юр энди,
Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин,
Ўзбекнинг ўз ниҳолин экканлиги рост бўлсин.

Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матнининг муаллифи. У бошқа бирор асар ёзмаса ҳам ана шу давлат мадҳияси билан ўзбек адабиётининг зарҳал саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаган бўларди.
Кечагидек ёдимда: Ўзбекистон Олий Кенгаши 1990 йил 30 мартда «Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида» қарор қабул қилди. Давлат мадҳи- ясини қабул қилиш бўйича тузилган эксперт комиссияси таркибига таниқли мусиқашунослар, бастакорлар ва бошқа мутахассислар: Ўзбекистон Республикасининг таниқли артистлари, Давлат мукофотларининг лауреатлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари И.Акбаров, Р.Абдуллаев, С.Жалил, М.Бурҳонов, У.Мусаев, Б.Умиджоновлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси парламентининг 1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган 11-сессиясида давлат мадҳияси матни ва мусиқаси масаласи кун тартибига қўйилди. Қизғин мунозаралар ва баҳслар натижасида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов сўзи, таниқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси билан айтиладиган қўшиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси сифатида танлаб олинди.

1993 йилда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам қабул қилинди. Ушбу қонунда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзи, Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчи экани белгилаб қўйилди.

Давлатимиз мадҳияси ҳақида Абдулла Орипов суҳбатларидан бирида бундай деган: «Биз мустақил Ватанимизнинг давлат рамзларини, миллатимиз тимсолларини қадрлаш, кўз-кўз этишни ўрганишимиз зарур. Мен шу ўринда Италияда шоҳиди бўлганим бир ибратли воқеани айтиб берай. Камина машҳур «Илоҳий комедия» асарининг муаллифи буюк Данте юртида бўлганимда бир даврада ўтириб қолдим. Мезбонлар Италиядаги турли фирқа вакилларидан иборат эди.

Италиялик дўстларимиздан бири менга мурожаат қилиб бундай деди: «Муҳтарам меҳмон, мана, Сизнинг шарофатингиз билан биз – турли фирқа вакиллари бир дастурхондан овқат еб, бир стол атрофида гурунглашиб ўтирибмиз. Аслида биз сиёсий қарашларимиз нуқтаи назаридан бир-биримизга бутунлай қарама-қарши кишилармиз. Кўчада юрганимизда бир-биримизни кўрарга кўзимиз бўлмайди. Аммо, бугун Сиз – Данте таржимони шарафига бир дастурхон атрофига йиғилдик ва сиёсий низоларни унутиб, бир миллат фарзандларига айландик. Чунки, Данте – миллат тимсоли!

Унга дахлдор ҳар қандай нарса бизни бирлаштиради. Биз Данте тимсолида Ватанимизни, миллатимизни кўрамиз ва бу тимсол мушкул вазиятларда бизни бирлаштиради, ақл-идрокка даъват этади».

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 11 январда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда мамлакатимизнинг чет эллардаги элчихоналарида фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари билан учрашувида сўзлаган нутқида ана шу тарихий воқеа ҳақида тўхталиб, Абдулла Ориповнинг Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этиш борасидаги хизматларига юксак баҳо берди.

Халқ шоири ўзининг хорижий сафарлари ҳақида яна бир ибратли мисол келтирган: «Япониянинг Киото шаҳрида бўлганимда мезбон дўстларимиз бир чиройли чинни идишни совға қилишди. Унда Япониядаги Фудзияма тоғлари гўзал бир тарзда акс этган эди. Тоғ ен-бағри, ям-яшил водий манзараси нигоҳингизни сеҳрлайди. Идишга қайноқ сув қуйсангиз, ҳақиқий мўъжиза рўй беради: унинг сиртидаги тоғ манзаралари ўрнига аста-секин Ўзбекистон байроғи ва унинг ортидан Ипак йўли карвони ўтаётган манзаралар пайдо бўлади. Тилла рангдаги туя тасвири ниҳоятда жонли ва кўрган кишининг бир ҳайратига ўн ҳайрат қўшиб юборади.

Ана шу мўъжизакор идишчани кўриб, японларнинг топқирлигидан беҳад ҳайратланиб, бир тўртлик битдим ва сиёҳи қуримасдан, «Ўзбекистон овози» газетаси муҳарририга ўша ёкдан телефон қилиб, ўқиб бергандим:

Сенинг амалингга қойилдир жаҳон,
Бургани тақалаб қўйгансан осон.
Чозик санъатингга тикилавериб,
Кўзларим қисилиб кетди-ку, япон.

Абдулла Орипов қаламига мансуб шеърий драма ва лостонлар ҳам ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган. Унинг Абу Али ибн Сино таваллудининг 1000 йиллигига бағишлаб ёзилган «Ҳаким ва ажал» достони (1980) халқ ривоятлари ва тарихий воқеаларга асосланган. Асарда амирнинг қизини даволаган, бироқ туҳматга учраб, саройдан ҳайдалган Ҳаким ва ҳасадгўй Мирзо муносабатлари орқали эзгулик ва ҳасаднинг азалий кураши ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Шоирнинг яна бир асари – «Ранжком» достонида бутун ўй-хаёли иғво ва туҳмат бўлган уч нокаснинг «фисқу фасод қўмитаси» фош этилади.

1995 йилда битилган «Соҳибқирон» шеърий драмаси шоир ижодида ҳам, адабиётимиз ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади. Абдулла Ориповнинг ўзи «Соҳибқирон» асаримни ўтмишга боқиб, бугун учун ёзганман», деган эди. Унда шоир Амир Темур ҳаётининг сўнгги йиллари тасвири орқали «Куч – адолатдадир» деган ақидани ўзига шиор қилиб олиб, тарқоқ улусларни бирлаштириб, буюк давлат тузган, қадами етган ерда бунёдкорлик ишларини амалга оширган, ҳарбий саркардалик бобида бебаҳо мерос қолдирган, элсевар буюк инсон қиёфасини ёрқин гавдалантирган.

Абдулла Ориповнинг «Ҳаж дафтари» туркумига кирган шеърларида фалсафий-ахлоқий ғоялар мужассамлашган бўлиб, шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан боради. Қуръони карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излайди ва топади. «Маккаи мукаррамага борганимнинг дастлабки кунида, — деб ёзган шоир ушбу туркум муқаддимасида, — Каъбатуллоҳда, Аллоҳнинг уйи ёнида тунни бедор ўтказиб, тиловат билан бир қаторда байтлар ёза бошладим. Мен бу ҳолатга аввалдан бирмунча тайёр бўлганим сабаблими, сатрларим ўз-ўзидан қуйилиб келаверди».

2013 йилда Абдулла Орипов ижодининг энг яхши намуналари жамланган «Танлаган асарлар»нинг 8-жилди китобхонлар қўлига етиб борди.

«Танлаган асарлар»нинг 7-жилдига кирган халқона, қиссагўйлик услубида ёзилган «Истиқлол манзаралари» достонида Мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида юртимизда юз берган воқеалар, шоир ўзи гувоҳ бўлган унутилмас, тарихий жараёнлар тасвирланган. Ёйиқ, воқеабанд ифода услубида, учликлар шаклида ёзилган «Ранглар ва оҳанглар» деб номланган шеърий туркумга кирган шеърлардан шоирнинг инсон руҳияти товланишлари, доимий иқрорлар, тубсиз армонлар, чексиз орзулар ҳақидаги мушоҳадалари ўрин олган. 2010 йил июнь ойидан кейин ёзилган шеърлар, ғазалларнинг умумий мавзуси ҳам инсон, унинг қалб эврилишлари, она юртдир. Жилдда, шунингдек, жаҳон ва ўзбек адабиётининг Данте, Пушкин, Расул Ҳамзатов, Ҳамид Олимжон сингари салафлари ҳақидаги мақолалар, долзарб мавзулардаги публицистик чиқишлар, суҳбатлар ҳам жамланган.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори

 «Гулистон» журналининг 2018 йил 5-сонидан олинди

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ