"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бахту толеи кулган эл

Ўқилди: 140

Президент ташрифидан сўнг

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур ташрифи давомида у ердаги бир қатор соғлиқни сақлаш, таълим, ишлаб чиқариш соҳалари, ҳарбий муассасаларда бўлиб, уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган юртдошларимиз, оддий инсонлар билан самимий суҳбатлашди ҳамда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича зарур топшириқлар, вазифаларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқоти чоғида “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Қутли Қошимбетова мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинида ҳам ўз ифодасини топаётганини ва аҳолининг бундай ўзгаришлардан бениҳоя мамнун экани ва эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётганини тўлқинланиб гапириб берган эди. Қутли опанинг, агар мен шоир бўлганимда бугунги янгиланишлар ҳақида достон ёзган бўлардим, деган самимий эътирофи кўпчилик ижодкорларни тўлқинлантириб юборгани ҳам бор гап.

Аслида, қорақалпоқ элининг тантилигию мардлиги, меҳмондўстлигию соддалиги бир китоб бўлса, унинг матонатию иродаси, сабр-тоқатию садоқати бир достон. Ҳа, Орол денгизи фожиасидан энг кўп азият чеккан эл бу. Экологик офатдан жониворлару қушлар бу ерларни тарк этса-да, бобомерос маконини кўзи қиймай, “манглайга ёзилганини кўрамиз” деб яшаб қолган эл бу. Бугун Қорақалпоғистонга борсангиз, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бу ерда ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилаётганига, қисқа вақт ичида қорақалпоғистонликларнинг ҳаётида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бераётганига, ютуқ ва марралар қўлга киритилаётганига гувоҳ бўласиз.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ҳам асосий масала халқнинг фаровонлигини таъминлаш, одамларни рози қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устоз Ибройим Юсупов:
“…Озгина йил сабр қилинг,
Бу ер ҳали зўр бўлади”, – дея кўнглини қоғозга тўкиб солганда Қорақалпоғистоннинг бугунги ҳаётини, манглайи бахтдан ярқираган элнинг бугунги саодатли кунларини башорат қилган бўлса не ажаб.

Чиндан ҳам, Нукус шаҳридан 450 километр олисда, бепоён Устюрт кенгликларининг бағрида жойлашган “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида қисқа вақт ичида улкан миқёсли ўзгаришлар юз берди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинида катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган, уй-жойлар, кўп қаватли турар жойлар, таълим, спорт ва тиббиёт муассасалари, корхоналар, бозорча, темир йўл вокзали, улкан маданият саройи шаҳарча кўркига кўрк бағишлаган.

Яқин вақтларгача кўпчиликнинг назаридан четда қолиб, ўз муаммоларига ўралашиб яшаб келган шаҳарча бугун обод ва кўркам масканга айланган. Таъбир жоиз бўлса, шаҳарча айни пайтда саҳро бағридаги жавоҳирдек жилоланиб турибди.

Ана шундай ўзгаришлар шарофати билан “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси кўпчиликнинг назарига тушди. Шу кунларда бу маскан юртимизнинг турли жойларидан келган қўноқлар билан гавжум бўлиб қолди. Табиатан меҳмондўст ва самимий мезбонлар ҳам уларни очиқ чеҳра билан қарши олиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорликлар ҳақида мароқ билан гапириб беришмоқда. Зотан, обод манзил-маконда яшаётган инсонларнинг кўнгли ҳам чароғон, феъли кенг бўлади.

Бир пайтлар Буюк Ипак йўли бўйида ястаниб ётган, неча-неча карвонларни шимолдан жанубга, шарқдан ғарба кузатиб қўйган бепоён, ер ости бойликларига макон Устюрт кенгликларида ҳам бугун ҳаёт қайнамоқда, аҳоли бунёдкорлик, фаровонлик кайфиятида, Ватан равнақига ҳисса қўшиш мақсади билан яшамоқда. Саҳро бағрида қад ростлаган қудратли саноат корхоналари меҳнаткаш халқимизнинг матонатию шижоатини ифодалаб тургандай гўё…

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигида бир гуруҳ таниқли ижодкорлар ҳам аҳоли билан мулоқот қилиш, халқнинг кайфияти, ўй-хаёллари, орзу-истаклари билан танишиш мақсадида “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинига ижодий сафарда бўлишди.

Ижодий учрашувда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар замирида халқимизнинг тинч-осойишта, фаровон ҳаёти, бахту саодати, орзу-истакларининг рўёби мужассам экани, халқимизга, айниқса, ёшларга имконият, шароит яратиб, ўзларининг салоҳиятини кўрсатиш учун кенг имкониятлар эшиги очилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Рустам Мусурмон, шоир Жўрабек Жаҳон томонидан ўқилган шеърлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри жамоаси томонидан Жўра Маҳмуд асари асосида саҳналаштирилган “Содиқ дўстлар” спектакли болажонларга завқ бағишлади. Бир сўз билан айтганда, мазкур учрашув том маънода адабиёт, санъат байрамига айланиб кетди.

Эътиборли жиҳати, мазкур учрашувда хайрли бир ташаббус ҳам илгари сурилди. Гап шундаки, “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кутубхонасини ташкил қилишга қарор қилинди. Бу эзгу ишнинг дебочаси сифатида ажратилган 300 дан зиёд бадиий китоблар топширилди. Бундан буён Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган китобларни бу ерга етказиб бериш ҳамда таниқли ижодкорлар иштирокида мунтазам ижодий учрашувлар, китобхонлик кечалари ташкил этишга келишиб олинди.

* * *

Шимоли-Ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус горнизонида Ёзувчилар уюшмасининг раиси бошчилигидаги ижодкорлар иштирокида ўтказилган ижодий учрашув том маънодаги байрамга айланиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳарбий либоси эгнига ярашган норғул ва бақувват йигитларнинг кўзларида қатъий ишонч, улкан мақсадлар сари шижоатни илғаш қийин эмас. Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи давомида ҳарбийларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам билим жиҳатидан баркамол бўлиши учун ҳамма шароитларни яратилаётганини таъкидлаб, уларни бўш вақтларида китоб ўқиш ва чуқур билим олишга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни пухта ўрганишга даъват этган эди. Чунки ёшлар – Ватанимизнинг таянчи, умиди саналади.

Ҳақиқий маънода жонли, очиқ ва юзма-юз адабий-бадиий мулоқотга айланган ижодий учрашув давомида махсус муассаса кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган бадиий асарлар, “Адиб ва жамият” рукнидаги янги китоблар, бунёдкорлик мавзусида битилган бадиий-публицистик тўпламлар, Алишер Навоий, Бердақ, Абай, Зулфия, Ибройим Юсупов сингари улуғ ижодкорлар китоблари туҳфа этилди. Шунингдек, горнизон ахборот-ресурс марказига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан электрон китоблар, жаҳон адабиёти намуналари ҳамда замонавий ўзбек ва қорақалпоқ адибларининг асарлари етказиб бериладиган бўлди.

Ватан ҳимоячилари билан ўтказилган тадбирда Президентимизнинг юксак ишончи, ҳаётий даъвати ҳарбийларимиз учун ҳаёт тамойилига, эзгу интилишига айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бу каби учрашувлар Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам давом эттирилди.

Тадбирда Президентимизнинг адабиётимиз ривожига, ижодкорларни, айниқса, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу эса, ижодкорларга ҳам масъулият, ҳам илҳом бағишлаётгани таъкидланди, ижодий учрашув ва мулоқотлар мунтазам давом эттирилиши режалаштирилаётгани хусусида сўз юритилди.

Ёш қаламкашларнинг машқлари устоз шоирларнинг мушоирасига уланиб кетди. Мактаб-интернатга Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ