"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Буюк йўл бошида турган қорақалпоқ ёшлари

Ўқилди: 88

Қорақалпоғистон ўзининг тарихий ўтмиши, адабиёти, маданияти, санъати, халқ оғзаки ижоди билан дунё тамаддунида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу қадимий гўша неча-неча алломалару олимларга, шоиру ёзувчиларга, полвону ботирларга бешик бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган юртдошларимиз, оддий инсонлар билан самимий суҳбатлашди.

Юртбошимизнинг халқ билан мулоқоти чоғида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудуди Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қутли Қошимбетова мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ушбу шаҳарчада ҳам ўз ифодасини топаётганини ва аҳолининг бундай ўзгаришлардан бениҳоя мамнун бўлиб, кун сайин эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётганини тўлқинланиб гапирар экан “Агар мен шоир бўлсам, бу мўъжизани туганмас шеърий сатрлар билан таърифлар эдим. Бордию ёзувчи бўлсам, бир неча жилддан иборат китоблар ёзган бўлар эдим”, деган самимий сўзлари кўпчилик ижодкорларни тўлқинлантириб юборди.

Шеъру достонлар ёзишни ният қилган Қутли опа билан суҳбатлашиш, Қорақалпоғистон шаҳарчасини ўз кўзимиз билан бориб кўриш, бу ерда яшаётган аҳоли билан юзма-юз туриб дилдан, самимий гурунглашиш, Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида атиги уч ой ичида қайтадан бунёд этилган масканни қаламга олиш, шеъру достонлар ёзиш мақсадида мазкур гўша томон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекис­тон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигида Қорақалпоғистон сари йўлга чиқдик.

Сафардошларимиз — таниқли шоир Рустам Мусурмон, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов билан биргаликда Нукусдан достонларда айтилганидек “Қорабайирнинг белига миниб, отнинг бошини Шимол томон буриб, жовринига бир-икки қамчи уриб”, яъни ўзимизда ишлаб чиқарилган қора “Каптива”да, маҳа­л­лий аҳоли тили билан айтганда, қайдасан Каракалпакия, деб жўнаб кетдик. Масофа оз эмас, кўп эмас нақд 450 чақирим экан.

Йўл-йўлакай тушимга ҳам кирмаган кенгликлар, сарҳадсиз дашт-у биёбонларни кўзим илғаганича томоша қиламан. Бу текисликлар бориб-бориб осмон билан тута­шиб кетгандай таассурот уйғотади. Устюрт кенгликлари олдида лолу ҳайрон бўлиб, ўзиминг нақадар кичиклигимни, нақадар ожизлигимни ҳис қиламан. На бир дўнглик, на бир сайҳонлик бор. Аҳён-аҳёнда нефт ва газ конларига ўрнатилган минораларни, таъбир жоиз бўлса, бугунги замоннинг ундов белгиларини кузатаман. Она ер қаъридан чиқиб, ловуллаб ёниб турган газ бутун дунёни ўз нури билан ёритмоқ­чидек. Аҳён-аҳёнда Ер юзида бундан миллиард йиллар муқаддам яшаб ўтган динозаврларнинг ҳақиқатан ҳам бўлганига шоҳидлик бериб тургувчи туяларга кўзимиз тушади. Бу туяларнинг аждодлари Буюк ипак йўли деб аталмиш мана шу йўллар орқали буёғи Ҳинду, бу ёғи Истанбул сари узун-калта карвон бўлиб дунё кезган. Юртимизда ўша пайтларда довруғи дунёни тутган ипак матоларий-у Самарқанд қоғозларини, нодир китобларни елкаларига орқалаб иссиғ-у совуқларни, олис-у яқинларни писанд этмай манзил-у маконларни забт этган.

Хаёлимиздан мана шу ўйлар кечаётган бир пайтда олисдан турнақатор бўлиб келаётган бугунги замоннинг карвонлари — юк машиналарига рўбарў келамиз. “Йўлингиз бехатар бўлсин, эсон-омон манзилингизга етиб олинг”, — деймиз.

Беихтиёр кўнглимизда кечаётган гаплар шеърга айла­наётганини сезиб қоламиз:

Бу йўллардан неча устоз, неча соҳибкалом ўтган,
Неча фозил, неча оқил яна неча авом ўтган,
Гоҳи ҳижрон, гоҳи висол, гоҳ хайр, гоҳ салом ўтган,
Буюк зотлар ёққан чироқ бу юртларда давом этган.

Қанча истак, қанча илинж, қанча орзу-армон ўтган,
Қанча хаста, дилшикаста, ишқсиз қалбга дармон ўтган,
Карвон ўтган, сарбон ўтган — жануб ё ғарб томон ўтган,
Ердан чиққан элчи билан кўкдан тушган фармон ўтган.

Буғдой ўтган, сомон ўтган, неча яхши-ёмон ўтган,
Биров мағрур, биров маҳзун, ярадор ё омон ўтган,
Куну ҳафта, ою йиллар бирлашиб кўп замон ўтган,
Гоҳ камонсиз пайкон ўтган, гоҳ пайконсиз камон ўтган.

Юнон ўтган, муғул ўтган, араб ҳам бир қараб ўтган,
Жануб ўтган, шимол ўтган, қўйингки тўрт тараф ўтган,
Ким бизга ён босиб ўтган, яна ким бетараф ўтган,
Қонлар кечиб шонлар ўтган, шонлар қучган шараф ўтган.

Ўғри ўтган, тўғри ўтган, эл ишонган қози ўтган,
Улоқ ютган бўри билан суяк ғажиб този ўтган,
Сулувларнинг ўзларидан сал олдинроқ нози ўтган,
Ким дунёдан аразлаган, ким дунёдан рози ўтган.

Юлдуз ўтган, кундуз ўтган, шимолдан бир шамол ўтган,
Гўдак ўтган, кекса ўтган, баайни бир камол ўтган,
Дилором-у Дилорой-у неча соҳибжамол ўтган,
Дунё юкин елкалаган мункайган бир ҳаммол ўтган.

Жавоби йўқ савол ўтган, саволи йўқ жавоб ўтган,
Гуноҳкорлар орасидан юзин тўсиб савоб ўтган,
Ел дардини куйлай-куйлай узилган тор — рубоб ўтган,
Мард ортидан ханжар санчган виждони йўқ нобоп ўтган,

Темур бобом наърасидан етти иқлим титраб ўтган,
Қалам билан бир буюк зот юрак бағрин тирнаб ўтган,
Нола чекиб, оҳлар уриб, дунё ҳам дил тиғлаб ўтган,
Юртфурушлар ерга қараб йиғлаб ўтган, йиғлаб ўтган.

Майли оқил, майли фозил, майлига у авом бўлсин,
Кўнгиллар шод, манзил обод, йўлларимиз равон бўлсин,
Ким ўтса ҳам омон бўлсин, эзгу амал томон бўлсин,
Уруш-жанжал, фисқу фасод, ғараз-фитна тамом бўлсин!

Ниҳоят, олисдан дарахтлар кўрина бошлади. “Дарахт бор жойда одам бор, одам бор жойда дарахт бор”, дейишади эскилар. Мана, Қорақалпоғистон шаҳарчасидамиз. Бу ерда уч мингдан зиёд аҳоли яшашини, учта болалар боғчаси, иккита мактаб, битта шифохона, темирйўл вокзали, кичик деҳқон бозори, метеостансия таъмирлангани-ю, ҳудуд марказида замонавий маданият саройи фаолият бошлагани, намунавий лойиҳалар асосида 24 та янги уй-жой барпо этилгани, мавжуд кўп қаватли турар-жойлар таъмирланганини Қутли опа билан суҳбатимиздан сўнг билиб олдик.

— Шаҳарча аҳолисининг маданий ҳордиқ чиқариши учун тез-тез бадиий кечалар ўтказиб турамиз, — дейди маданият саройи директори Қувонч Абдукаримов. — Бу маскан капи­тал таъмирлашдан кейин ҳақиқий кошонага айланди, илгариги кўриниши билан бугунги қиёфасининг орасида Устюрт кенгликларича, осмон билан ерча фарқ бор.

Шаҳарча марказида қад ростлаган замонавий болалар ва ўсмирлар спорт мактабидамиз. Пойтахтдагидан кам бўлмаган шароитда 120 нафар ўғил-қиз спортнинг бокс, миллий кураш, шахмат, шашка каби қатор турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Ушбу шаҳарчадан бокс бўйича Жандос Тиркешов, эрлан Балғамамбетов сингари мамлакат чемпионлари етишиб чиққан экан. Албатта, мактаб иккита чемпион билан кифояланиб қолмайди. Уларнинг сафи кенгайишига умид қиламиз. Бунинг учун барча шароит муҳайё. Бўлажак Олимпиа­да совриндорлари, жаҳон чемпионлари ҳам ҳозир шу мактабда тарбияланаётган бўлса, не ажаб. Мактабнинг бокс бўйича мураббийси Самад Байназаров бугунги кунда ўттиз нафар болага бокс сирларини ўргатиб келяпти. Суҳбатимиз давомида у шогирдларига катта ишонч билдириб, йигитлар келажакда юксак марраларни эгаллаб, Ватанимиз байроғини баландга кўтаришда бор имкониятларини сарфлашини айтди.

Маданият саройи томон ўзида йўқ хурсанд, сумкасини елкасига осиб олганча бир-бирлари билан гаплашиб, кулиб, сак­раб-сакраб келаётган, оппоқ орзуларга бурканган, ўзлари ҳам оппоқ кабутарларга ўхшаб кетадиган мактаб ўқув­чиларнинг бирини гапга солдим.

— Мен 56-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Нурдана Аманова бўламан. Синф раҳбаримиз Мирзаева Зинайда опа бизни шу ерга юборди. Ана, ўзлари ҳам келаяпти. Шаҳримизга Тошкентдан шоир-ижодкорлар, Нукусдан театр актёрлари келганини эшитиб жуда хурсанд бўлдик, — дейди ёшгина қизча кўзлари порлаб.

Маданият саройида шу ерлик аҳоли билан қизғин учрашув, шеърхонлик бўлиб ўтди. Йиғилганлар Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга ўзларини қизиқтирган саволларини беришди. Қорақалпоғистон шаҳарчасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюш­масининг кутубхонасини ташкил этиш бўйича Қутли опа билан келишиб олинди. Шу мақсадда 300 дан зиёд бадиий ада­биётлар топширилди. Яқин кунларда шаҳарчага Ёзувчилар уюшмаси томонидан яна китоблар олиб бориб топширилади ҳамда кутубхона ўз ишини бошлайди.

Шундан сўнг Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри ижодкорлари саҳналаштирган “Содиқ дўстлар” спектакли намо­йиш этилди. Драматург Жўра Маҳмудов қаламига мансуб мазкур асар ёшлар қалбида ватанпарварлик, юртга, оилага, ота-онага, дўстга ҳурмат ва садоқат туйғуларини тарбиялаши билан ҳам катта аҳамиятга эга.

Қорақалпоқ адабиётида Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа каби мумтоз шоирлар, Ибройим Юсупов, Тўлапберген Қаипбер­генов сингари устоз ижодкорларнинг издошлари сифатида ўз сўзим, ижодим билан дунёни забт этаман деган ёшлар талайгина. Байрам Айтмуратов, Сарвиноз Мусаддинова, Айжамал Карамаддинова, Гўзал Отажонова, Аллаяр Дарменов сингари ёшлар шулар қаторида.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ёш ижодкорлар­нинг “Зомин” семинарида ҳам қорақалпоғистонлик ёшлар алоҳида ажралиб туради. Мисол учун, Айдўст Муҳаммадяров, Лачин Авезова, Гулжайна Пахриддинова, Абадан Сержанова, Анвар Алламбергенов, Динара Бегдуллаева семинар давомида ўз ижод намуналари билан устозларнинг назарига тушди.

Ижодкор ёшларнинг сафи кенгайиб бораётганига Ибро­йим Юсупов номидаги ижод мактабида бўлиб ўтган ижодий учрашувда яна бир бор амин бўлдик. Ўқувчилар ўзлари ёзган, ёд олган шеърларини ўқиб беришди. Шеърлар ҳам шунчаки ҳавасга ёзилган эмас. Тош босадиган ижод намуналари.

Ижод мактабида таҳсил олаётган ўғил-қизларга ўқиб изла­нишдан тўхтамасликларини, билим ва кўникмаларини мустаҳкам­лаб бориб, келажакда мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидойи инсонлар бўлиб етишишларини тилаб, ўзимиз билан олиб борган китоблардан ижодий мактаб кутубхонасига совға қилдик.

Кейинги учрашувимиз Шимоли-Ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус горнизонида бўлиб ўтди. Ижодкорлар иштирокида ўтказилган ижодий учрашув том маънодаги байрамга айла­ниб кетди.

Ҳарбий либоси эгнига ярашган норғул ва бақувват йигитларнинг кўзларида қатъий ишонч, улкан мақсадлар сари шижоатни илғаш қийин эмас. Президентимиз Қорақал­поғистонга ташрифи давомида ҳарбийларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам билим жиҳатидан баркамол бўлиши учун ҳамма шароитлар яратилаётганини таъкидлаб, уларни бўш вақтларида китоб ўқиш ва чуқур билим олишга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни пухта ўрганишга даъват этган эди.

Ватан ҳимоячилари билан ўтказилган тадбирда Президентимизнинг юксак ишончи, ҳаётий даъвати ҳарбийларимиз учун ҳаёт тамойилига, эзгу интилишга айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Гарнизон кутубхонасига ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар совға қилинди. Бу ерда хизмат ўтаётган аскарлар орасида ижодкор йигитлар бор экан. Улар ватанпарварлик, соғинч, муҳаббат мавзусида ёзган шеърларини ўқиб беришди.

Ишончимиз комил, бугун қорақалпоғистонлик кўзлари ёниб, қадамидан ўт чақнаб, билагига ғайрати сиғмай кетаётган ёшлар эртага, албатта, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, Ватанимиз довруғини бутун дунёга тараннум этадиган йигит-қизлар бўлиб улғаяди.

Бугун Тошкент ёки Нукусда, Термиз ёки Фарғона шаҳрида яшаб, таълим-тарбия олаётган ёшлар сингари пойтахтимиздан 1530 чақирим олисда, қўшни Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган“Қорақалпоғистон” шаҳарчасида яшаётган ўғил-қизларнинг юз-кўзлари­да бахт, ишонч, қувонч нурлари порлаб турибди. Боиси улар Юртбошимиз томонидан ёшларга қаратилаётган оталарча ғамхўрлик ва меҳр-еътибордан ҳар куни ҳар лаҳзада баҳраманд бўлиб, бутун вужуди билан, юрак-юрагидан сезиб, ҳис қилиб улғаймоқда.

 

Жўрабек ЖАҲОН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

манба: http://www.yoshlarovozi.uz

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб