"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Фароғат Худойқулова. Шеърлар

Ўқилди: 127

ОҚ ХАТЛАР

1
Кетдим,
Билмасам-да борар еримни,
Мен севиб юракни олдирдим.
Кўнглимни қолдириб уйнинг ичида,
Калитни қўшнига қолдирдим.
Тишни тишга босинг, борманг ортимдан,
Андуҳга тўлса ҳам кўнгил халтангиз.
Майли, муҳаббатим рангида бўлсин
Унутган кунингиз кийган пальтонгиз.
Майли, шеърларимни сочинг шамолга,
Боғларга улашинг кўйлакларимни.
Туфлиларим артсин бир гард қолдирмай
Соғинчлар тўкилган йўлакларимни.
Фақат сиз мен учун тўкилманг, йўқ-йўқ,
Жавобсиз севгимга ўзимман қурбон.
Ҳар тонг бағрингизга босиб қўйинг жим,
Менсиз ичикмасин яшил соябон.
Ҳар тонг дон улашинг кабутарларга,
Қуёшнинг қўлларин ўпсин деразам.
Атиргул сувига ухланг чўмилиб,
Бўғмасин ўн беш йил олдинги қасам.
Оқ тунлар ошиқсин ҳузурингизга,
Ҳижрон деган уюр оқ отлар борсин.
Бахтимнинг олтинранг аравасида
Гул боғич боғланган оқ хатлар борсин.
Энди осмонимга қайта кўз тикманг,
Кетдим
кўнглингиздан ёмғирдай оқиб.
Сувратимни солманг чўнтагингизга,
Ойнинг ўчоғида юборинг ёқиб…
Кетдим…
2
Ташлолмангиз суратим йиртиб,
Ўртанинг кўп унутайин деб.
Билолманг ҳеч бу хаёлингиз
Ҳаётимга бермоғини зеб.

Адашмайман, тонги йўқ тундай
Нигоҳимда сўниб журъатим,
Таъқиб этсин бир умр шундай
Кўксингизда қолган суратим.

3
Учрашолмас куз билан баҳор,
Учрашолмас икки дил танҳо.
Бир муҳаббат ибтидосидан
Бир муҳаббат топса интиҳо.
Тош отилар ишқ эли томон,
Гул отганда пардек қўлларим.
Унутолмай севинг сиз ёмон,
Айри тушиб турса йўлларим.
Ўртамас деб ўзга ёр васли,
Дил дафтарим сўзга тўлдиринг.
Келиш вақти ўтганди асли,
Кетиш вақти етмай ўлдиринг.

4
Сочларнинг бўйини шамоллар кўрди,
Кўнгилнинг тубини хаёллар кўрди,
Умрнинг шавқини заволлар кўрди,
Нега биз кўрмадик, нега, азизим?

Боғларда қишни ёз овутиб ўтди,
Тоғларда ойни сой совутиб ўтди,
Юракдан севгимиз тобути ўтди,
Нега биз сезмадик, нега, азизим?..

5
Ишқингиз тош солди тўртта ёнимга,
Лек, қизил гулларни кутгандим ҳаргиз.
Менинг доғ юрагим исён рангида,
Сиз севган юраклар – Нилуфар, Наргиз.

Кўксимда минг йиллик шаҳд ўсаётир,
Интиҳо билмагай қайғузорингиз.
Бу қандай бахтсизлик, шунда ҳам менга
Бахтимдай туюлса сизнинг борингиз.

Армонлар сизга ҳам танишми, ёки
Ўзгалар умрида хавотирмисиз?..
Хиёнатдами ё муҳаббатда ҳам
Шундайин ботиру баҳодирмисиз?..

Кечмоқ-чун сиз осон йўллар топгайсиз,
Менинг-чи, юрагим қонга тўларкан.
Умримни осмонга, қушларга бериб,
Майсалар, тошларни севсам бўларкан!..

Ахир, доғ юрагим исён рангида…

6
Пайт келарми, пойинг кўзга сургали,
Кўшкингда ой бирлан хаёл сургали,
Пайт келарми, садоқатдан тож кийиб,
Ҳуснинг давлатида даврон сургали…?

2012

ТАЛҚИН…

Мен шеърман…
Дарди пишиб-пишиб, кечроқ туғилган,
Катта давраларда ўқилмаган шеър.
Ўқилмасимданоқ ёққандинг пинҳон
Ёнганимда унсиз ёнди она ер.

Кулим совумасдан, тонг ҳам отмасдан
Сочиб юборгандинг
Уммонга етдим.
Ва лекин рўй берди сен кутмаган ҳол,
Тошларга урилиб жаранглаб кетдим.

2013

ИШОНТИРМА, МУХАББАТИНГГА

Хаёлимни бузмасман, кўчамдан ўтмасанг ҳам,
Сочларим толасини куйдириб ярангга қўй.
Ишонтирма қўй энди, сохта мухаббатингга,
Менга деса, туя сўй, Боботоғда ўтказ тўй.
Фароғатни куйдирдим, дея, афсона қилиб,
Ғуруринг ё обрўйинг шамолида учмагин.
Танглайимда холим бор, мени унутган кунинг,
Қамашининг бевафо қизларига учрагин.
Бахтимни топдим дея, дунёга жар сол, майли,
Тавба тазарру билан гуноҳингни ёпмассан.
Мен умрбод масрурман, ғам чекмасман ғамимдан,
Сен-чи, топган бахтингдан фароғатинг топмассан.

Хаёлимни бузмасман, кўчамдан ўтмасанг ҳам,
Бахтдан умид узмасман, интизор кутмасанг ҳам.

1995

ТАШХИС

Ватан – қўлда қурол тутганникимас,
Кўксидаги ўтни асролганники.
Омад – қуруқ савлат тўкканникимас,
Онасин оқ сутин оқлолганники.

Осмон – булутларга етганникимас,
Бўронда қанотин ёзолганники.
Мухаббат – халоват кутганникимас,
Жон тикиб, мухаббат қозонганники.

2013

НАВОИЙНИ БИЛГАНЛАР

Дунёни билмоқ учун кимлар сафарга кетгай,
Билиб-билмай ногаҳон хавфу хатарга кетгай,
Навоийни билмоққа сафарбар асли дунё,
Навоийни билганлар мангу зафарга етгай.

Сўз деб майдонга тушсанг бардош эрур Навоий,
Ҳақ жамолин кўрсатган — кўз-ёш эрур Навоий,
Заминнинг ҳар томонин бирдек ёритган Қуёш,
Кўнгиллар саройида наққош эрур Навоий.

Девонлар қат-қатида шода-шода марварид,
Зулматда нур истасанг, топгайдирсан ахтариб,
Заминда туриб кўкни ром айлаган синоат,
Жаҳонда борму андоқ — шоҳ сатрда дил ғариб.

“Маҳбубул-қулуб” дирким, чархламиш ҳуш забоним,
“Хазойинул-маоний” кетмас давру давроним,
Ўркач-ўркач булутлар бошимга келсалар ҳам,
Руҳ парвози юксалган энг мусаффо осмоним.

Билки, барбод дилларни обод қилган Навоий,
Машаққатли йўлларда сабот бўлган Навоий,
Асрларнинг ортидан оламга ташлаб нигоҳ,
Жаҳолат зиндонидан озод қилган Навоий.

2015

КЕТДИНГИЗ…

Кетдингиз ёр, кетдингиз,
Кўнглимизга эланмай.
Не азобга кўндик биз,
Сочларимиз силанмай,
Кетдингиз ёр, кетдингиз…

Ортингиздан беармон,
Дилкарвонлар юбордик.
Бизам севсак сизни ёр,
Ул сулувча севардик,
Кетдингиз ёр, кетдингиз…

Юлдуздан кўп дардимиз
Кундузларни алқамас.
Сиз кетган тор йўлларнинг
Туманлари тарқамас,
Кетдингиз ёр, кетдингиз…

Карвон ортга қайтганин,
Бахтингизга йўйингиз.
Ҳажрингизда куймоқни
Фароғатга қўйингиз..
Кетдингиз ёр, кетдингиз…
Оҳ, муродга етдингиз…

1999

КЎРДИМ УНИ…

Атай мени кўрсин деди,
Кўрдим, мана, кўзим куйди.
Унга борар йўл ахтариб,
Минг йил юрдим изим куйди.

Кўз ёшимни румолчамга
Ўраб сандиққа солдим оҳ.
Исмини каштамга тиксам,
Ҳам игнам, ҳам сўзим куйди.

Севган сайин фароғатмас,
Жафо топган Фароғатман.
Ёнган сайин, куйган сайин
Совқотдим, лек, юзим куйди.

Ўзга ёрнинг кўнглин олиб,
Гул даврага йўлин солиб,
Мени кўриб куйсин деди,
Ва баттарроқ суйсин деди.

Кўрдим, мана, куйдим, яна,
Ва баттарроқ суйдим, яна,
Яшашга имкон қолмади…
Суйиб жондан тўйдим, яна…

Атай, мени кўрсин деди…

2000

СЕН ЎЙЛАМА…

Сен ўйлама, энди у бу йўлдан ўтмайди деб,
Чеккан ғам андуҳларим уволи тутмайди деб.
Ким айтар, шафқатсиз деб, худо суйган кўнглимни,
Қайтиб қўлим узатсам юлдузга етмайди деб.

Фиғоним фалак бўлса, йўл топмай йўлимда гоҳ,
Саҳро келса, тоғ келса, титраган гулимда гоҳ.
Кимларнидир худойим йўлимга зор қаратмиш,
Сени деб жон талашдим, ўтимда, кулимда гоҳ.

Тоқ булбулнинг оҳидан изҳоримни билмассан,
Бунча бахтга ўчсан-ай, мен деб юрак тилмассан.
Сархуш учгинг келар ишқнинг олтин арғамчисида,
Ва ле мендек ишқ йўлида йиғлаб сажда қилмассан.

Дилга ғусса тўлганда ҳам, шўху шодон кулган мен,
Ишқингда ғам чекиб-чекиб, тўлин ойдек тўлган мен,
Лекин, афсус чекмагайман, тўккан кўзёшларимга,
Қисматнинг доғ ёзуғига шаҳд-ла рози бўлган мен.

Куйласам, куйлар тилим— қуш тилим, осмон тилим,
Ишқнинг алангасидан чиқмас зарра қалб кулим.
Фиғонимга қўшилишиб ёниб борар дарёлар,
Тоғлар ортин кўзлаганман, чорлар мухаббат йўлим.

Сен ўйлама, Фароғат
бу йўлдан ўтмайди деб…

2010

ТАХАЙЮЛ

Майсаларнинг ол ёноғидан,
Олов олса мудроқ дилимиз.
Кўнглимиздан очилса гўё
Дунё қадар туташ йўлимиз.
Яшасак, яшасак, яшасак.

Висол сўраб ойга ёлворсам,
Келсанг, кутсам, сени дилинтиқ.
Соҳир тунлар, соҳира тунлар
Бизга осиб берса чимилдиқ.
Севилсак, севилсак, севилсак.

Осмон бағрин чўғ қилса уфқ,
Сабоҳ гулларини ундирса.
Кафтингни кафтимда тутсаму
Гулларнинг болига тўлдирсам.
Симирсак, симирсак, симирсак.

Қобирғалар синса ҳислардан,
Юлдузингга тушса юлдузим.
Нафасингдан ёришса тонглар,
Ойга ойна бўлса гулюзим.
Жон берсак, жон берсак, жон берсак.

1991

***

“Китоб—Тошкент” поезди жилар,
Ҳавода чайқалиб ингранар очун.
Кутишдан умид йўқ,
Кузатиш ўлим,
Ўзимни батамом унутганим чин.
Поезд тутқичига умрим шиддати
Осила-осила, узилган кезлар.
Юрагим ёшлари кипригимгамас,
Ўтли релисларга тизилган кезлар.
На-да севилмоққа,
На-да севмоққа,
Тўзғин хаёлларим бермаган имкон.
Қўлларимдан ушла, етакла замин,
Нафас олмоғимга ёрдам бер осмон.
Қор ёғса битарми,
Қон оққан ярам?..
Вокзал — кўзларимдай ҳуввилаб борар.
О, унинг кетиши, сўзсиз кетиши,
Ўқувсиз табибдек кўксимни ёрар.
Шунда ҳам кутаман,
Лекин у ҳақда,
Бирор кимса хабар, бир сўз айтмайди.
Тушимда поездлар қайтар ҳар саҳар,
Лекин у ҳеч қачон қайтмайди.

1994

ОНАНГ ҚАЙТМАГАЙ

Деразангдан учган қуш ҳам қайтади,
Кўзинг очсанг унут туш ҳам қайтади,
Жон чекканда кетган ҳуш ҳам қайтади,
Толейингда тумор онанг қайтмагай,
Дийдорингга хумор онанг қайтмагай.

Онанг—дарё, ойга жило жамоли,
Хаёлингдан оқиб ўтмас хаёли,
Қайта эсмас, лек, бу дарё шамоли,
Эсган дамлар юзларингни тутиб қол,
Пойига чоп, дийдорига етиб қол.

Жонин элаб, тоғдай бўлди савлатинг,
Етти юртга етгудек мол-давлатинг,
Минг устунни титратди шон-шавкатинг,
Тиззасига бош қўйгину қучиб қол,
Қанотингни силкит, баланд учиб қол.

Гардин излаб, гул кўтариб чопганлар,
Дил ярасин кўз ёш билан ёпганлар,
Кетманг, дея ковушларин ўпганлар,
Алла янграр, дилга ҳайрат қайтмагай,
Ул беминнат тожу давлат қайтмагай.

2000

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб