"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шоир эмас, ростгўй эдим

Ўқилди: 139

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 30 ноябрь куни шоир, таржимон ва публицист Асқар Маҳкам таваллудининг 60 йиллигига бағишланган “Шоир эмас, ростгўй эдим” деб номланган хотира кечаси ўтказилди.

Унда ижодкорнинг яқинлари, шогирдлари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, санъаткорлар, ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ардоқли ўзбек шоири Асқар Маҳкам ўзининг гўзал шеърлари, юксак бадиий таржималари билан адабиётимизда муносиб из қолдирган ижодкор экани таъкидланди.

Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж.Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

У ўзининг ижоди ҳақида тўхталар экан шундай дейди: “Шеър мен учун қисматнинг ўзи эди. Бу қисмат ўзининг ибтидоий палласидан бугунги дақиқаларигача ғоят мавҳум, пинҳон ва ғайриодамийдир. Қоғоздаги шеър бу ҳали шеър эмас. Унда асосийси — жон ва руҳ йўқ. Дунёдаги жамийки илоҳий дастурларнинг қоғоз ёхуд бошқа бир ашёга қайд этиб қолдирилиши қатъиян ман этилганининг боиси ҳам шунда… Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар бу ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради… Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлиши мумкин».

Тадбирда Асқар Маҳкам ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёш ижодкорлар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.

Асқар МАҲКАМ

БИЗНИНГ СЎЗИМИЗ

Сўйладик гоҳ урён,
гоҳи мунаққаш…
Йўқ эди ҳайтовур тинглайдиганлар.
Дунёга келади хомуш мажнунваш
бизнинг сўзимизни англайдиганлар…
На қизлар дафтарга битдилар уни,
На ҳофиз куйлади девона бўлиб…
Аммо мен биламан унинг умрини
дунёга келар у…
биз кетгач ўлиб…

МАҲБУБ УЛ ҚУЛУБ

Бизни савдолардан савдога солган,
на шамдир, на куйган бир парвона-да.
Тун — қора ридога ўраниб олган
сўфий қиздир улуғ чиллахонада.
Оғочларми —
Улар осиқ Мансурдир,
бу дунёнинг бори дорига тортиқ…
Осмон эса жуда-жуда чуқурдир
авлиёнинг ботиқ кўзлари янглиғ…
Фалак саҳросида югуриб юрган
учар оҳуларим — маҳбуб ул қулуб…
Шомгоҳ айвонида осилиб турган
бир парча жигардир ғуруб…

***

Довдир шамол оҳлар — сиғинди,
дарё ўкрик тортиб йиғлайди.
Томоғидан силққан тўлқинни
кучанганча туфлаб ташлайди.

Юлдуз эса ёнар — ёлғиз, жим,
ҳув дарчада титрайди чироқ.
Зикр қилар — Тун, Тупроқ, Бувим
Мен, Дарё ва Шамолдан йироқ.

Умр эса унинг сочидай
синиб-синиб адо бўлмоқда.
Ёлғиз кулба, ёлғиз соҳилда
менинг кўнглим дарё бўлмоқда…

***

Бу уйда бир пайтлар бувим яшаган,
меҳрсиз келинин дастидан ёниб.
Пойдевор тошини ўзи ташлаган,
бизларга нон ёпган тунлар уйғониб.

Ўзи ер чопарди, ўзи экарди,
невара ташвиши, беш маҳал намоз.
Ғам ошиб кетганда нос ҳам чекарди.
Қўшнилар гоҳ яраш, гоҳи пайт араз.

Айрилиқ дардида оқарган сочи,
сарғайиб борарди кун ўтган сайин,
турмушга етарди базўр қулочи,
бу давру замонга етмасди тайин.

Мен эса шоирман —
бору йўғим шу…
Баъзан шеър тўқийман ўшанга атаб.
Шеър нима билмаган ва билмайди у,
ўйлаб ҳам кўрмаган етмиш йил яшаб…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.

***

Бу йўлларда мендан кейин ҳам,
Яна кимдир тентирар беҳуд.
Ким бўлар у?
Агар мен билсам,
Оёғига келтиргум сужуд.

Балки у ҳам куйлар бурунги
Қўшиқларни ғамгин, саргашта.
Бу йўлларга топингай, чунки
Бу йўлларга қайтмагай қайта.

Одамларни севгани учун
Болаларча, телбаларча ё,
Одамлардан шубҳасиз бир кун,
Қарғиш тегар, тегар ё дуо…

Кейин…

У ҳам кетар мен каби.
Йўл четида боқар деворлар…
Бизни эсга оларсиз балки

Юрагида жунуни борлар!..

ТИРИКЛИК

Қўй, пешонам кетсин сўкилиб,
Еб ташласин ер эмас, хаёл.
Деворларнинг дарзидан кириб,
Ёриб чиқсин кўксимни шамол.

Нигоҳимнинг саҳифалари
Ўчиб битсин эски битикдек.

Дарёларим зор гирялари
Соҳилларда изғисин итдек.

Ва ҳар нечук ному нишонни
Юзларимдан ташлай сидириб.
Товонингга кирган тиканни
Кўзим билан олай суғуриб.

Минг йиллик гўр каби кўмилиб,
Сўнг қаршингдан чиқарман тирик.
Уч юз олтмиш пайғамбар бўлиб,
Сиғинаман сенга, Тириклик!

* * *

Мен бу шамолларга нима ҳам дердим.
Улар ўзимдан-да тантиқ ва худсар.
Мен умримнинг ярмин уларга бердим,
керак бўлса борин берардим агар.

Улар мендан хабар элтар бувимга,
сигирларга, мозор толларига ҳам.
Сариқ хазонларни сочар юзимга,
баргрезон боғларга қўйганда қадам.

Кейин даричамиз остида ётиб
итдек улиб чиқар то тонгга қадар.
Бувим топиб олар мени йўқотиб,
секин яниб қўяр: «Асқар, эҳ Асқар!..»

Похолларга ётиб ой думалайди,
сой бўйида бир қиз ўлтирар хомуш.
Сунбул сочларида жим ўрмалайди
пастқам кулбаларда мудраётган туш.

Шамол бадар кетар тепалар ошиб,
дарича ортида ўчар садолар.
Яна бурунгидек ақлдан озиб,
бошини тошларга урар дарёлар…

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

 

Сайт бўлими: Ёднома, Янгиликлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб