"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бухородан хабарлар

Ўқилди: 91

Адабиёт – буюк кўприк

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ миллатлараро тотувлик ва тинчликка, шунингдек, “Қўшнинг тинч – сен тинч” нақлига амал қилган ҳолда, яқин чегарадош давлатлар билан иноқ қўшничилик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Яшаш тарзи, урф-одат ва анъаналари муштарак бўлган Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон сингари қўшни давлатлар аҳолиси ва халқи ўзбек халқи билан нафақат савдо-иқтисодий алоқалар орқали, балки санъати, маданияти ва адабиёти билан ҳам яқин оға-инидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги муносабатларда асос вазифасини ўтади.

Буюк адиб, ўзининг “Жамила”, “Оқ кема”, “Қиёмат” сингари асарлари билан китобхонлар кўнглидан чуқур жой эгаллаган Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги жойларда муносиб нишонланмоқда.

Яқинда Когон шаҳридаги “Темирйўлчилар” боғи клубида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши, туман маданият бўлими, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими бўлими ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим” номли қиссаси асосида суратга олинган бадиий фильм тақдимоти ташкил этилди.

Тақдимот аввалида сўз олганлар Чингиз Айтматов нодир асарлари орқали минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб боргани, атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки бутун дунёнинг буюк шахси эканлиги, унинг “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Қиёмат”, “Асрга татигулик кун” каби асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлганлиги алоҳида таъкидладилар.

Шу куни Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим” номли асари асосида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган бадиий фильм таълим муассасалари ўқувчилари, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари эътиборига ҳавола этилди.

Тақдимот давомида адабиёт ва маданият, жумладан, Ўзбекистоннинг улкан дўсти бўлган буюк ижодкор асарлари икки қардош халқ дўстлигининг чинакам рамзи бўлиб хизмат қилаётганлиги яна бир карра ўз тасдиғини топди.

Забардаст адибга эҳтиром

Улуғвор ва суронли тарихимиз, айниқса, Бобурийлар сулосаси вакилларининг Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон мулкидаги фаолияти тарихи ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб Пиримқул Қодиров номи, албатта, тилга олинади.

Айниқса, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ўйлаганимиз асно, адибнинг “Юлдузли тунлар” романида лавҳалар кўз олдимиздан ўтаверади. Дарҳақиқат, заҳматкаш ёзувчи сиймоси олис ўтмиш бағрида жо бўлган тарих ҳақиқатларига қайта жон бахш этган, уларни кўп сонли китобхонларимиз маънавий мулкига айлантирган адиб сифатида барчамиз учун қадрлидир.

Бу жиҳатлар вилоят ахборот-кутубхона марказида адиб таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Ўзбек адабиётининг забардаст вакили” мавзуидаги ўтказилган адабий-бадиий кечада алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Бухоро давлат университети ва Бухоро педагогика коллежи ҳамкорлигида ташкил этилган адабий кечада дастлаб ёзувчи ижодига хос энг муҳим фазилатлар, айниқса, ўтмиш воқелигини бадиий акс эттириш жараёнидаги машаққатли меҳнат хусусидаги мулоҳазалар баён этилди. Пиримқул Қодировнинг замонавий ва тарихий мавзуларда ёзилган ҳикоя, қисса ва романлари бир неча авлод китобхонлари учун маънавият мактаби вазифасини ўтаб келаётганлиги самимий эътироф қилинди.

“Юлдузли тунлар” романи асосида тайёрланган саҳна кўринишлари, Бобур ғазал ва рубоийлари асосида уюштирилган мушоира тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Кеча якунида адиб асарларидан иборат китоблар кўргазмаси тақдимот қилинди.

Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари

Шоирлар ёшликни умрнинг энг навқирон фасли – навбаҳорга қиёсласалар, рассомлар уни нозик гулу гиёҳни тебратган шаббодадан тортиб, салобатли чўққилар теграсидаги асрий қўзғалмас тошларни-да ҳаракатга келтирувчи залворли кўчки мисоли тасвирлайдилар. Хонандаларнинг таърифи ҳам бу борада бошқа санъат вакилларидан қолишмайди.

Ҳа, ёшлик мана шундай улкан куч. Чунки, унда шиддат ва исён бор, унда асрларни гулдиратган овоз маҳобати бор. Бу кучни тўғри йўналтирмоқ ҳар биримиздан огоҳлик ва фидойиликни талаб қилади.

25-27 ноябрь кунлари Бухоро вилоятида бўлиб ўтган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари” шиори остида ташкил этилган фестиваль тадбирлари давомида бу ҳақиқат такрор-такрор ўз исботини топди.

Фестиваль тадбирлари давомида шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият, илм-фан ҳамда спорт соҳаси вакилларидан ташкил топган тарғибот гуруҳлари вилоятнинг олис чекка ҳудудларигача етиб бориб, бу манзилларда яшовчи ёшларнинг орзу-интилишлари, келажак мақсадлари билан танишдилар, муаммоларини ўргандилар.

Бухоронинг узоқ-яқин туманлари бўйлаб уч кун давом этган тадбирларда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир Шодмон Сулаймон, шоира Гулжамол Асқарова, шунингдек Гўзал Рўзиева, Шоҳсанам Нишонова, Зилола Тошева, Шавкат Бобожонов каби бир гуруҳ ижодкор ёшлар ҳам фаоллик кўрсатишди. Кўнгил – кўнгилга, шеър – шеърга, фикр – фикрга уланди. Жойларда иқтидорли ёшлар кўплиги, уларнинг илк ижодий машқларида Ватан тақдирига дахлдорлик ва бурч ҳисси уфуриб туриши эътироф қилинди.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшлар асарларини тўплаб, ёшлар баёзини нашрга тайёрлаш ва жойлардаги адабий тўгараклар фаолиятини янада жонлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб