"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Юрт ғамхўри керак менга

Ўқилди: 54

2018 йил 15-16 ноябрь куни Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган чоғида у ердаги аҳоли билан самимий суҳбатларини, оддий халқ вакилларининг давлатимиз раҳбарига изҳор этган дил сўзларини телеведение орқали кўрдик. Бутун мамлакатимиз бўйлаб, жумладан энг чекка ҳудудларда ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг тезкорлик билан амалга оширилаётгани, тараққиётимиздаги янги даврнинг улуғвор ва шиддатли ўзгаришлари кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда. Обод қишлоқ дастурининг самараларидан баҳраманд бўлаётган юртдошларимизнинг чексиз миннатдорлиги, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан розилиги ва шукроналик туйғулари бугун ҳар биримизнинг юрагимизга ҳамоҳанг.
Президентимизнинг Қорақалпоғистон аҳли билан самимий мулоқоти чоғида она диёримизнинг энг чекка чегара ҳудудида истиқомат қилаётган Қутли Қўшимбетова ўз дил сўзларини шундай изҳор этган эди:

– Ассалому алайкум, Шавкат Миромонович, мен Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қошимбетова Қутли. Сизнинг Қорақалпоқ заминига қўйган ҳар бир қадамингиз қутлуғ қадам бўлиб келмоқда. Мен сўзимни, рухсат берсангиз, Сизнинг бир ибратли сўзингиз билан бошламоқчиман. Халқимиз рози бўлса, яратган ҳам биздан рози бўлади, деган сўзингизнинг далили сифатида Сиздан Қорақалпоқ эли, шу жумладан Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси халқи мингдан минг рози.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куйган чўлистонликнинг гуллаган бир овулга айланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Сизнинг 2018 йил 29 мартдаги 3630 сонли Обод қишлоқ ҳақидаги қарорингизда ҳамда Обод қишлоқ дастурида кўрсатилгандек, энг чекка чегара ҳудудда жойлашган ривожланишдан ортда қолган овулларни ободонлаштиришни бошлаш керак деган сўзингиз бугун ўз исботини топди. Бизнинг шаҳарчамиз Қозоғистон Республикаси Манғистов вилояти билан чегарадош. Чегарадан кириб келган одам энг биринчи Ўзбекистоннинг давлат байроғи ва гербини кўради. Шундан сўнг “Қорақалпоғистон” шаҳарчасига киради. “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси орқали бутун Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар қаторидаги давлат эканини таниб билади. Бизнинг шаҳарчамиз бугун эртаклар оламига кириб қолган сингари таниб бўлмас даражада яхши томонга ўзгарди. Агар мен шоир бўлсам, бу мўъжизани туганмас шеърий сатрлар билан таърифлар эдим. Бордию ёзувчи бўлсакм, бир неча жилддан иборат китоблар ёзган бўлар эдим. Бу ҳаяжон, бу қувончларни бизнинг “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси халқининг ҳаяжони ва қувончи сифатида қабул этингиз. Шаҳарчамизни ободонлаштиришда Тошкент шаҳридан келган Сизнинг вакилларингиздан бошлаб Жуқориғи Кенгес раҳбарлари Республикамизнинг барча гўшаларидан юртдошларимиз, халқимиз иштирок этди. Шунингдек “Ўзбекнефтигаз”, “Ўзбектрансгаз”, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ катта ёрдам кўрсатди. Халқимиз номидан Сизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Президентимиз Шавкат Миромонович Қутли опага:

– Мен Тошкентдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан шоирлар ва ёзувчиларни сизнинг ҳузурингизга юбораман, – дедилар.
Ушбу самимий суҳбат ўша пайтдаёқ бутун мамлакатимизга, халқ орасига кенг тарқалди. Қорақалпоғистонда амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг хуш хабаридан халқимиз, айниқса, шоирлар ва ёзувчилар ниҳоятда севинишди. Айниқса, Қутли Қошимбетованинг шеъриятга, адабиётга қизиқиши бизга бошқача таъсир қилди. “Шоир бўлсам эди, ёзувчи бўлсам эди” деган тилаклари ижод аҳлига масъулият бағишлайди. Демак, адибларнинг янги давр, янги замон ҳақида бадиий асарлар битиши зарурлигини халқимиз қалбининг амри сифатида қабул этишимиз шарт.

Ҳа, бу сўзлар юрагимизни тўлқинлантириб юборди. Таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган “Қорақалпоғистон” шаҳарчасини кўриш ва Қутли Қошимбетова билан учрашиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигида Қорақалпоғистонга отландик.

– Мен Қутли опани яхши танийман, — дедим Сирожиддин акага. – Бундан беш-олти йил бурун айни ёз чилласида “Қорақалпоғистон” шаҳарчасига боргандик. Улар яшаётган жой, табиат мени қизиқтириб қўйган. Опа билан телефон орқали сўзлашиб турамиз.

Кошимбетова Қутли Абдуллаевна 1959 йилда туғилган. 2016 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Ўшанда Мўйноқ ва бепоён Устюрт кенгликларига биринчи бор мустақиллик байрами арафасида ҳамюртларимиз билан маърифий учрашувлар ўтказиш учун ижодий сафарга боргандик. Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Бахтиёр Генжамурод, Ёш томошабинлар театри актёрлари эрта тонгда Қўнғирот шаҳридан “Газел” микроавтобусида “Қорақалпоғистон” қўрғони томон йўлга отландик. Ишлаб чиқарилганига анча бўлган, бироқ қирчанғи отдек бўлса ҳам олис йўлга бир амаллаб чидайдиган эскигина машина кафтдек текис ва бепоён дашт ўтасидаги биттагина асфальт йўлдан гўё чумолидек ўрмалайди. Ҳаво ниҳоятда иссиқ. Совуткичи йўқ машинанинг ойналарини ланг очиб қўйганмиз. Ташқаридан салқин шабада эмас, гармселнинг оташ нафаси уфуради. Ғамлаб олган сувларимиз ҳам қайнаб кетган. Тўққиз соатлар чамаси йўл юриб, қўрғонга етиб борганмиз. Дафъатан дарёдан қуруқликка чиқиб қолган балиқдек ҳис қилганмиз ўзимизни. Қорақалпоқ элининг кайвони оқсоқолларидан бири Шараф Уснатдиновнинг: “Билиб қўйинглар, сиз шундай жойга кетаяпсизки, у ерда яшашнинг ўзи қаҳрамонлик”, деган сўзлари эсимизга тушган. Явшанлар, янтоқлар, ҳазор исбандлар, саксовуллар ўсган ниҳоятда кенг дала ўртасида одамлар яшайдиган кўримсизгина қўрғонча. Йўл чеккасида танаси одамнинг бели баланлигидан тепаси кесилган дарахтлар. Ахир, чўл шароитида дарахтлар соя-салқин об-ҳавони яратади-ку. Ҳайрон қолганмиз, нега дарахтлар кесилган? Нега кесилганда ҳам тубидан кесилмаган, ўртан белидан кесилган? Ана шундай қўрғончага кириб бордик. Ёнига қуёш иссиғида куйиб, чуркаб кетган янтоқ ғарамлари уйилган, эшик-деразаларига иссиқдан ранги учиб кетган шолчалар урилган кулбалар, тупроғи тиззагача билқиллаб ётган йўл, сувоқлари кўчган балконли кўп қаватли уйлар… Ҳамма нарсанинг устига чанг ёғилган. Одамлар шу шароитга ноилождан мослашган. Фақатгина ўзини саҳронинг ҳақиқий хўжайинидек тутган туяларгина саксовул бурчиқлари ва янтоқларни бақувват тишлари билан киртиллатиб узиб олиб, қалин лабларини қимирлатганча бефарқ ва бепарво ковшанади. Ўшанда она туяни эмишни қўмсаб бўзлаган бўталоқнинг товушини илк бор эшитган эдим. Бу ҳолатни кўриб, менинг ҳам юрагим бўталоқдек бўзлаб юборган эди. Ўша одамни ўртаб юборадиган йуғон ва фарёдли товуш ҳали ҳамон қулоғим остида янграб туради… Шаҳарчадан ортга қайтаётганимизда тун чўккан, осмонда юлдузлар чарақлаётган эди. Бурунги карвончилардек Олтин қозиқ юлдузига қараб, йўл юрганмиз. Тонг отаётганда ҳориб-чарчаб Нукусга етиб келганмиз.

Мана, орадан олти йил ўтди. Қутли опа билан телефон орқали сўзлашдик. Қувончли хушхабар билан табикладик. Президентимизга нималар дея гапирганларини ўз оғзидан эшитишга ошиқдик.

Ёмғир ёға бошлади. “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида яшаётган юртдошларимизга ҳадя этиш учун 400 донадан зиёд бадиий китобларни бир амаллаб юкхонага топширдик. Ўзбекистон ҳаво йўлларининг А-320 русумли улкан аэробусида кечки рейс билан Қорақалпоғистонга учдик. Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов пешвоз чиқди. Борадиган манзилимиз олис. Чамаси беш юз км.га яқин йўл босишимиз керак. Яна шунча масофа йўл босиб, орқага қайтишни ҳисобласак, бир кунда жами минг километр йўл юриш керак дегани…

Эртасига тонг пайти ўзимизнинг автомобиль зоводимизда ишлаб чиқарилган янги “Каптива” машинаси гижинглаган тойчоқдек хизматимизга тайёр турди. Пўлат тулпорнинг жиловдори Азамат исмли ҳайдовчи йигит. Азамат ҳақиқатдан ҳам азамат йигит экан. Шофёрлар тилида “яма” деган чуқурлар билан тўлган юзлаб чақирим йўл босиш ҳазил эмас. Йўлнинг баъзи қисмларидан тошбақадек эҳтиёткорлик билан секин ўрмалаб ўтишга тўғри келди. Қўнғирот сода заводи, Сургил газ-кимё мажмуаси ҳудудларида йўл жуда текис ва равон. Бироқ у ерлардан ўтгач яна юзлаб чақирим масофада ўйдим-чуқур йўллар бошланади. Машина нотекисликда бешикдек тебранади, саҳро гўё чексиз денгизу машинамиз тўлқинлар аро чайқалиб сузаётган миттигина қайиқдек. Яхшиям машинамиз янги. Яхшиям йўл бор. Акс ҳолда бу кимсасиз чўлу биёбонда адашиб кетиш ҳеч гап эмас. Бу жойларни бекорга бир замонлар халқ “Борса келмас” деб атамаган. Мустақиллик шарофати билан, бунёдкор халқ иродасию қудрати билан ўз бағрида ер ости хазиналарини яшириб ётган чўлда улкан заводлар қурилди. Кончилар яшайдиган ҳудудларга сув чиқарилиб, дарахтлар экилди. Турар-жой уйлари барпо бўлди. Бироқ юзлаб чақирим олисликка чўзилган, осмоннинг чеккасидан ҳам нарёққа ўтиб кетган саҳронинг ҳаммасини обод қилиш чексиз денгизнинг устига қопқоқ ясаш билан баробар. Чўл ҳам денгиз. Фақат у қуруқ денгиз, қум тўлқинлари, тўзонлар, гармселлар тўфон уфурадиган денгиз. Унинг нарёғи Қозоғистон орқали Россияга, Аштархон, Оринбург тарафларга туташган. Этаклари шимол тарафга Каспий денгизи, Эдил, Ёйиқ дарёларига қадар ёйилган. Кенгесбой оға ўзининг эски ўланини хиргойи қилади:

Эдил қайда, эл қайда?
Жайиқ қайда, жой қайда?
Жалангоёқ шўрликка
Тиканаксиз жўл қайда?

Ёш шоир Жўрабек Жаҳон ёшулли шоирнинг оҳангдор ўланини дафтарига кўчириб олади. Ҳа, бу йўллар устидан қанчадан қанча йўловчилар баъзилари от-уловда, туяларда, баъзилари яёв ва ялангоёқ йўл юрган. Кўчлар кенг даштда кўчиб юраверган. Фотиҳлар от сурган. Кўчиб-қўниб юришда енгил ва қулай ўтовлар, қора уйлар кўч одамлари жонига ора кирган. Ёзда жазирама иссиқдан, қишда қирчиллама совуқдан сақлаган. Кенгесбой Каримов “Оғабий” номли роман-титралогиясида чўл табиатини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлаган. Ҳаёт, халқ ҳаёти ифодаси асосий тимсол ҳисобланади романда. Биз эса XXI асрда Ўзбекистоннинг учқур “Каптива” машинасида йўл юриб бораётиб ҳам табиат инжиқликларидан, унинг ёввойи бегоналигидан озорланмоқдамиз. Аслида шу чўл табиати шу ҳолатида, иложи борича инсон қадами етмаган ҳолатида гўзал ва тароватли. Одамлар қадами етмаганида эди энг қадимги ҳайвонлар турларидан шамшир тишли йўлбарсларнинг тенгқури бўлган сайғоқлар бу қадар қирилиб кетмас эди. Ҳозирги кунда сайғоқларнинг тенгқурлари қиличдандон, шамшир тишли йўлбарслардан ному нишон қолмаган. Уларнинг суратларини мамонтларнинг сурати каби фақат китоблардагина кўришимиз мумкин. Сайғоқлар эса, бахтимизга ҳали ҳам яшамоқда.

Айтишларича, энг ноёб ва гўзал жониворлар чўл оҳулари – сайғоқлар Устюрт кенгликларида қишлаб қолишар экан. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ижодий фаолиятининг асосий қисмини Устюртни ўрганишга бағишлаган ажойиб табиатшунос адиб Ўразбой Абдураҳмонов: “Сайғоқлар ноябрь ойининг охирларида Устюрга Россия, Қозоғистон томонлардан кўчиб келади. Улар шу ерда болалаб кўпайишади. Сўнг май ойининг 21-кунларида яна кўчиб кетишади. Дангалини айтганда, Устюрт – сайғоқларнинг туғуриқхонаси. Бугун сайғоқларнинг чўл тупроғида қолган излари ўрнида газ конларининг баланд-баланд миноралари қурилган. Сайғоқларни қирилиб кетишдан асраб қолиш керак!” – дейди.

Сомондай сарғайиб кетган ингичга қамишдек бошида пўпакли жиғаси тебраниб турган баландлиги одам белигача бўлган ғумайдек сийрак ўтлар орасига қараймиз, биронта сайғоқ кўриниб қолармикан, деб. Сайғоқ қаерда? “Каптива”нинг товушини эшитиб, улар аллақачон бу йўллар атрофидан жуфтакни ростлагандир-да.

Қорақалпоқ халқининг аллома шоири Ажиниёз шу йўллардан Қозоғистон, Оринбург тарафларга сафар қилган экан. Кенгесбой оға биздек йўлдошлари олис йўлда зерикмасин деб Ажиниёз шоирнинг сатрларидан ёд ўқийди:

Дарбадар бўлиб кезибон бу алашда неча ой,
Топмадим ҳеч бир хабар кимдан сўрасанг — “незнай”,
Қолмади ҳеч бир алаш мен кезмаган магар адай,
Бу фалакнинг гардишидин бошима бордур оҳ-вой,
Оҳ дариғо, воҳ дариғо, минг сони армон чиқди жон.

Кездим ул нўғай, ўрисни ҳам Оринбор қалъасин,
Кеча-кундуз зор этиб, айлаб худога ноласин,
Қўлима олиб варақни сиёҳдон ҳам хомасин,
Хат қилиб битдим қоғозга бу мухаммас номасин,
Оҳ дариғо, воҳ дариғо, минг сони армон чиқди жон.

Ўша даврнинг қийинчиликлари, сарсон-саргардонликлар шоирнинг шеърларида ўз ифодасини топган. Қозоқ дўстларимиз ўзларини “Алаш”дан тўраган дейишади. “Адай” эса, қозоқ уруғларидан бирининг номи. Бу ерда шоир қозоқнинг мен кезмаган қишлоғи қолмади, ҳатто адайларнинг орасида ҳам бўлдим, демоқчи. Ажиниёз мусофирликда ўз она юртини “Элларим бордур” дея тараннум этган. Дарвоқе, “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида қорақалпоқ, ўзбек ва бошқа миллат вакиллари билан бир қаторда қозоқ миллатининг “адай” уруғига мансуб одамлар ҳам яшайди. Адайлар ёвқур, бир сўзли, мард ва жасур қавм бўлишган экан. Дўстликда садоқатни, вафо ва фидойиликни хуш кўрадиган уруғ экан. “Билсанг, адайингман, Билмасанг, худойингман” — деган мақол бекорга айтилмаган. Бугун улар ҳам кўпмиллатли халқимиз билан биргаликда Ўзбекистон фуқароси сифатида Ватанимизнинг нурли келажаги учун хизмат қилмоқдалар.

Йўл-йўлакай кузовларига туркча битиклар битилган узун-узун юк машиналари карвонлари, томига юк қўйгич панжара ўрнатиб олган, катта-катта қоплар, сўмкалар ортиб бораётган енгил автомобиллар дуч келади. Олис юртларга қатнайдиган тижоратчилар, савдогарларгина қатнар экан асосан бу йўлдан. Машиналар қатнови эҳтимол қиш фасли бошланиб қолгани учун унчалик гавжум эмас. Бироқ дунё тараққий этиб боргани сайин заводлар қуриш ривожланмоқда. Катта-катта цистерналар, улкан қозонлар қисмларини ортиб келаётган юк машиналарининг кетма-кет қатнови шундан далолат бериб турибди.

Ҳамма ёқ чўл, чексиз чўл. Ёвшан, туяқорин, янтоқ, саксовул каби саҳро буталари гоҳо сийрак-сийрак, гоҳо қалин-қалин ўсган бутазорлар, бирон жойини бошқа жойидан умуман ажратиб бўлмайдиган теп-текис дала, дала, дала… Тайганинг кимсасиз ўрмонлари каби бу ерлар ҳам бир замонлар қанчадан қанча одамларни йўлдан адаштириб, сарсон-саргардон қилган бўлса, не ажаб… Йўл бўйидан қатор тизилган симёғочларгина, уларга уланган узун-узун симларгина шу олис томонларга қаергадир нур, энергия ва ҳаёт манбаини элтаётганини англатиб турибди… Бир хил манзара йўловчини ҳаддан ташқари зериктиради.

Чўл ўртасида махсус коржомалар ва каска кийиб олган газчилар улкан газ қувурлари, газ тақсимлаш мосламалари теварагида куймаланишади. Газ қувурлари, комрессорлар бу жойлардан қанчалик катта миқдорда газ махсулоти ишлаб чиқарилаётгани ва белгиланган манзилларга етказиб берилаётганини англатади. Йўл бўйлаб чўлнинг бир жойида чуқур ўйилган жуда улкан ўра ичидан икки-уч қаватли уй баландлигида ловуллаб ёнаётган газ булоғини учратдик. Аланга олис-олислардан кўзга ташланиб туради. Бу ўт, бу олов булоғи элим дея, юртим дея ниҳоятда катта шашту шиддат билан ёниб яшаётган фидойи инсон юрагининг тимсолига ўхшайди. Шу юрт учун, шу халқ учун ҳар қанча хизмат қилсанг, ҳар қанча ёниб-куйсанг арзийди. Ана, она ер бағридан отилиб чиқаётган газ булоғи одамлар учун нақадар баланд, нақадар фавворадек кўкка интилиб ёнмоқда. Йўлдошларимиз билан Қорақалпоқ халқининг мумтоз шоири Бердақнинг эл-юрт бирла халқни тараннум этган шеърини эсладик:

Гуллар очилиб яйраган,
Боғида булбул сайраган,
Қуёшнинг нури яйраган
Ёруғ дунё керак менга.

Мард бўлиб белин бойлаган,
Қўлига яроғ сайлаган,
Халқнинг ғамини ўйлаган
Юрт ғамхўри керак менга.

Юрт ғамхўри бориш-келиш шунчалар олис бўлган чекка ҳудудларни обод қилмоқда. Аввал ривожланишдан орқада қолган овулларда шаҳарликлар ҳам ҳавас қиладиган даражада уйлар, соғликни сақлаш муассасалари, болалар боғчалари, санъат ва маданият саройлари қуриб бермоқда. Ахир, шунча йўлдан қурилиш материаллари билан техникани олиб келиш осон эмас. Бу йўлларда ҳеч қандай юксиз, ёлғиз ўзи йўл юрган одам ҳолдан тойиб қолади-ку!

Шундай фикрлар хаёлимиздан ўтади. Ёмғир забтига олмоқда. Чўл кемасидек чайқалиб бораётган “Каптива” ойналарига йўлдаги беҳисоб қўлмаклардан лойқа сувлар, балчиқ сачрайди. Ташқарига хавотирланиб боқамиз. Бир неча кун бурун ёққан қорлар буталарнинг тагида эримасдан турибди. Ҳаво совуқ. Сувлар музламоқда. Ишқилиб, кун ботмасдан манзилга етиб олайлик-да…

Бир оздан сўнг томи улкан соябон шаклида чиройли қилиб ёпилган бекатлар кўринди. Бири йўлнинг ўнг, иккинчиси чап томонида бир бирига рўпарама-рўпара ўрнатилган. Соябонларнинг тутқичлари ҳам қандай бўлса шундай ишланган, фақат бекат ҳажмида катталаштирилган. Олисдан жуда чиройли кўринар экан. Айниқса, ёмғирда келаётган йўловчиларга. Узоқда чегара пости. Бу Ватанимизнинг энг шимолий чегараси. Чегаранинг нарёғида қўшни давлатлар ҳудуди. Йўлдан чапга бурилдик. Пештоқига “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси деб ёзилган аркдан кирдик. Янги асфальт йўл, ўртасида оппоқ чизиқлар, икки томонда йўлаклар, замонавий симёғочлар тепасига чироқлар ўрнатилган. Бу манзарага боқиб, кўзларимга ишонмай қолдим. Шаҳарча мутлақо ўзгариб кетган. Айниқса, янги қурилган уйлар, кўп қаватли турар жой биноларининг бир хилда чиройли таъмирлангани шаҳарчага ниҳоятда кўркам ҳусни жамол бахш этган. Йўл-йўлакай Қутли опа Қошимбетиовага телефон қилдик.

– Опа, ассалому алайкум. Биз етиб келдик.

– Хуш келибсиз! Маданият саройига томон юринг…

Текис ва равон йўлдан тўғри юриб, кўчадаги одамлардан маданият саройини сўрадик.

– Шу йўлнинг ўзи сизни ўша жойга олиб боради, – дейишди.

Кўркам шаҳарчага мос қилиб, янгидан қурилган маданият саройи эшигида бизга Гулмира, Сапура исмли қизлар пешвоз чиқишди. Ичкарига кирдик. Оёқ остига замонавий гилам-палослар тўшалган. Маданиятни тарғиб қилишга, маънавият тарқатишга мўлжалланган бино ҳавас қилса арзигудек безатилган. Гулмира Тангабоева шу маданият саройи қошида очилган дутор ва дўмбира бўйича тўгарак раҳбари экан.

– 20 нафардан зиёд ўқувчилар дўмбира чалишни ўрганишмоқда. Бу ернинг аҳолиси асосан қозоқ миллатига мансуб бўлгани учун қозоқча дўмбира чалмоқдамиз. Қорақалпоқча, ўзбекча дуторларни ҳам ўрганмоқчимиз. Болалар гетара чалишни ҳам ўргатинг, дейишмоқда. Бу ерга Қўнғирот шаҳридан қатнаб ишлайман. Йўл узоқ бўлса ҳам Ватанимизнинг чегарасидаги ҳудудда меҳнат қилишдан фахрланаман. Мен ҳам ўзимни чегарадаги посбондек ҳис этаман. Чунки, ёшларнинг маънавий иммунетитни мустаҳкамлаш, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, маданиятни ривожлантириш моҳиятан Ватанни қўриқлашдан кам эмас.
Ҳа демай Қутли опанинг ўзи ҳам келиб қолди. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан ниҳоятда севинганини катта ҳаяжон билан изҳор этди.

Қорақалпоғистон Республикаси шарафига “Қорақалпоғистон” деб аталган мўжазгина шаҳарчада 780 хонадонда 3216 нафар аҳоли яшайди. Обод қишлоқ дастури бўйича бу шаҳарчада 3 та болалар боғчаси (1таси хусусий), 2 та мактаб, 1 та шифохона, 1 та врачлик амбулаторияси қурилди. Темир йўл вокзали, деҳқон бозори, метеостанция тубдан таъмирланди. Бу ердаги эски клуб ўринида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, Маданият саройи қурилди ва фойдаланишга топширилди. Намунали лойиҳа асосида ҳар бири 2 сотихдан иборат 24 та арзонлаштирилган уй-жой қурилди. Шаҳарча кўчалари асфальт қилинди, янги йўллар ёқасига йўлаклар солинди. Катта йўлнинг икки бўйига 2300 дона нина баргли дарахтлар ўтқазилди. Уларнинг орасига чўл иқлимига чидамли 742 дона гуллар экилди. Кўчаларнинг гирдига замонавий симёғочлар, тунда қандилдек ёниб турувчи чироқлар ўрнатилди. 2 км масофада ичимлик суви қувурлари алмаштирилди. Шаҳарчанинг турли жойларидаги 10 та артизан қудуқлари ва насослар қўйиб берилди. Хотин-қизлар учун 80 ўринли тикув цехи очилди. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун 3 жойдан молхоналар қуриб берилди. 25 та кўп қаватли уйлар таъмирланди. Шаҳарчанинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Шунча катта меҳнат ниҳоятда қисқа вақтда – уч ярим ой давомида амалга оширилди. Кимлардир салқин дам олиш масканларида дарахтлар соясида ором олаётган ёзнинг чилласида одамлар бошидан иссиқ ўтиб, пешонасидан нўхатдек-нўхатдек тер тўкиб қурилишда ишлади. Халқ учун, Ватан учун, эл-юрт учун қилинган хизмат инсонга фахр бағишлайди. Бунёдкорларнинг меҳнати самарасидан бугун бу шаҳарчанинг аҳли баҳраманд бўлиб, роҳатини кўрмоқда. Шунинг учун улар давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор.

– Тошкентдан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан шоирларни юбораман, – деган эдилар деди Қутли опа. – Бошим осмонга етди. Президентимизга мингдан минг раҳмат!

Опа ушбу самимий дил изҳорини қайта-қайта такрорлашдан чарчамас эди. Миннатдорликдан юзлари гул-гул ёнади.

Яна бир сирни билиб қолдик. Айнан биз “Қорақалпоғистон” шаҳарчасига борган 21 ноябрь Қутли опа Қошимбетованинг туғилган куни экан. Нур устига нур бўлди. Байрам устига байрам бўлди.

Маданият саройининг залига одам сиғмай кетди. Маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, мураббийлар, ўқувчи ёшлар йиғилган. Айрим ўриндиқларга иккитадан бола ўтириб олган. Ҳамманинг кўзида шодлик ва қувонч учқунлари порлайди.

Ҳамманинг оғзида бир гап: “Президентимиз бизнинг овулга шоирларни юборибдилар!”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид янги даврнинг янги нафаси, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, шаҳару қишлоқларимизни, чекка овуллар ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш, бунёдкорликнинг ривожланиши, жойларда давлатимиз раҳбарининг халқ билан самимий мулоқотлари ҳақида сўзлади. Ана шундай мулоқотлардан бирида Қутли опа Қошимбетованинг ўз маҳалладошлари номидан юрдошларимиз юрагидаги сўзларни чиройли қилиб айтгани бамисоли гўзал шеърдек, қизиқарли достондек барчамизга завқ бағишлаганини айтиб ўтди. Шунингдек, “Қорқалпоғистон” шаҳарчаси маданият саройи қошида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кутубхонаси очилишини эълон қилди ва хамир учидан патир сифатида 300дан зиёд бадиий китобларни совға қилди. Қутли опа Қошимбетовага эса Президентимиз қошида “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси аҳли номидан Ватанимиз равнақи, юртимиз тараққиёти, умуминсоний ва миллий қадриятларнинг улуғланиши ҳамда шеъриятга, адабиётга боғлиқ самимий дил сўзларини чин дилдан изҳор этгани учун жаҳон адабиётининг етук намояндаси Ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат маҳзани” куллиёти билан қозоқ халқининг улуғ шоири Иброҳим Абай ҳазратларининг ўзбек тилида нашр этилган асарлар тўпламини туҳфа қилди. Президентимизнинг халқаро адабий алоқаларни ривожлантириш борасидаги қатор қарорлари ижросини таъминлаш учун нашр этилган ушбу муҳташам ва гўзал нашрларни кўрган қорақалпоғистонлик китобхонлар ўз миннатдорлиги ҳамда ҳаяжонларини узлуксиз қарсаклар билан билдирдилар.

Маданият саройида китобхонликни тарғиб этишдан бошланган тадбир чинакам адабиёт ва шеърият, санъат ва маданият байрамига айланиб кетди. Шоирлар томонидан ўқилган шеърлар, изҳор этилган дил сўзлари адабиёт байрами иштирокчилари қалбига кучли завқ бағишлади.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон ёш томошабинлар театри ижодкорлари драматург Жўра Маҳмудов қаламига мансуб “Содиқ дўстлар” номли спектаклни намойиш этишди. Болакайлар завқланиб томоша қилган ушбу асарда дўстига содиқ бўлган инсон Ватанига ҳам содиқ бўлади, халқига, эл-юртига ҳам вафодор бўлади, деган ғоявий-бадиий фикр илгари сурилган.

Қутли опа Қошимбетова ҳамда унинг элдошлари билан хайрлашиб, “Каптива”нинг рўлини Нукусга қараб буриб ҳайдаганимизда кун булут бўлса ҳам қуёш ботаётганини ҳис этдик. Мана шу кунимиз хайрли ўтганидан ҳаммамиз ғоятда шод ва бахтиёр эдик. Президентимизнинг меҳрли назарлари тушган, бугун эртаклардагидек таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган шаҳарча аҳлига шодлик, завқ ва ҳаяжон билан бирга китоблар улашдик. Она Ватанимизнинг энг чекка шимолий чегарасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кутубхонасини ташкил этишни келишиб олдик. Хамир учидан патир дегандай ҳозирча мумтоз ва замонавий ёзувчиларнинг янги нашр этилган асарларини, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини, фаол адибларнинг публицистик китобларини топширдик. Бундан кейин шоирлар ва ёзувчиларнинг у ердан қадами узилмайди, борди-келди, ижодий сафарлар кўпаяди. У ерда яшаётган халқ ҳаёти тасвирланган асарлар яралади. Ватанимизнинг “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси деб аталмиш чегара қўрғони қанчалик мустаҳкам бўлса, Ўзбекистон шунчалик гуллаб-яшнайверади.

Кун ботай-ботай деб турган маҳал уфқда туялар карвони кўринди. Ҳақиқий туялар, бир ўркачли, икки ўркачли она туялар, бўталоқлар… Энг улкан ва баҳайбат нортуя йигирмадан ортиқ туяларни олдига солиб бораяпти. Йўлда уларни асрайдиган, хавфсизлигини таъминлайдиган масъул ва жавобгар нор.

Бир-биримизга:

– Ана, туялар, туялар! – дея ҳаяжонланиб қичқирардик.

Ичимиздан энг ёш шоир Жўрабек Жаҳон туяларни телефонига суратга тушириш тараддудига тушди. Мен эса, кўнглимдан кечган шеърий сатрларни тез-тез қоғозга тушира бошладим.

Хайр, “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси. Хайр Қутли опа, ҳузурингизга ҳали яна янги китоблар, янги шеърлар, янги асарлар билан қайтиб келамиз.

Нукусдан отландик олис овулга,
Хайр деб шаҳарда очилган гулга,
Чўлга чиқиб кетдик, бепоён чўлга,
“Қорақалпоғистон” қўрғони қайда?

Хўжайлидан нари Қўнғирот, Устюрт,
Бошқа ер пастлик, бу баландлик – уст юрт.
Туганмас бойликка кон экан Устюрт,
Қайдадир нефт кони, газ кони қайда.

Олис йўл бўйида қолди Шуманай,
У балки Шабон ой, балки Суман ой,
Шуманайим бугун гўзал Чаман ой,
Ватанимнинг бундай бўстони қайда.

Карвондан қанча из қолдирган бу йўл,
Янги “Каптива”ни толдирган бу йўл,
Ҳансиратиб нафас олдирган бу йўл,
Неча юз йилларнинг карвони қайда!

Бу чўлда қуш учса қаноти куяр,
Унда одам юрса оёғи куяр,
Баҳорнинг кўкарган янтоғи куяр,
Чўлнинг гули қайда, тикони қайда?

Устюртнинг бир ёни “Борса келмас”дир,
Бир бор борган одам борса, келмасдир,
Жуфт-жуфт келгай, ёлғиз эрса, келмасдир,
Эртаклар, парилар макони қайда?

Мен ҳам бир бор бордим “Борса келмас”га,
У ерни кўрмаган юртни билмаскан,
Кончилар бекорга меҳнат қилмаскан,
Ризқ кони қайдадир, туз кони қайда?

Устюрт кенглигининг ичинда Сургил,
Сургилда қурилган заводни кўргил,
Мамлакат бадавлат, даврингни сургил,
Бундай бунёдкорлик замони қайда?

Олимлар хазина топганида шод
Эл саҳрода шаҳар айлаган бунёд,
Унга Элобод деб ном қўйган устод
Абдулла Орифнинг достони қайда?

Ёзда чўл чанг бўлар, аёзда тойғоқ,
Бепоён Устюртда қишлайди сайғоқ,
Она Ватан уйғоқ, табиат уйғоқ,
Яратганнинг бундай жайрони қайда?

Аслида табиат меҳрибон она,
Устюрт сайғоқларга туғуриқхона,
Кимсасиз ёввойи чўл қўриқхона,
Устюрдай сайғоқлар ошёни қайда?

Шарқу Ғарбга кўприк бўлган йўллар кўп,
Лек Ипак йўлига ошиқ диллар кўп,
Эҳ-ҳей! Айтаверсам…
Бундан ўтар эллар кўп,
Ўринбурги қайда? Қозони қайда?

Нукусдан беш юзлар чақирим йироқ,
Йўл бўйида учрар на уй, на чироқ,
Бу овулга бориш осонмас бироқ,
Бунча бепоён ер майдони қайда?

Боқса кўзи тиниб кетар одамнинг,
Чопса ҳоли қолмас вақтнинг, дамнинг,
Бундай кенг диёри қайда оламнинг,
Дунёнинг бундай кенг осмони қайда?

Рустам МУСУРМОН

Суратлар http://www.adolatgzt.uz сайтидан олинди

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб