"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бухородан хабарлар

Ўқилди: 79

Танловнинг вилоят босқичи якунланди

Бухоро санъат коллежида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан “Навоий ворислари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Бунга қадар маҳаллий кенгашларнинг ЎзМТДПдан сайланган депутатлари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамкорлигида танловнинг жойларда ташкил этилган қуйи босқичларида вилоят бўйича 257 та умумтаълим мактабидан жами 257 нафар ўқувчи ва шунча ўқитувчи иштирок этганди.

Галдаги босқичда дастлабки довондан муваффақиятли ўтган иштирокчилар “Ғазалхонлик”, “Муайян ғазални хатосиз ва ифодали ўқиш”, “Ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни тузиш” ҳамда “Ғазал матнидаги мураккаб сўзларни изоҳлаш” сингари тўрт шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

Қизғин баҳслар якунида Бухоро шаҳридаги 8-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Диловар Бозорова биринчи ўринни, ўз навбатида, республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ёшлар қалбида китобга муҳаббат уйғотиш ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш, улуғ ижодкор, мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, бобокалонимиз асарларининг мазмун-моҳиятини навқирон авлод онгига сингдириш, қолаверса, мумтоз адабиётимизни, Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш бош мақсади бўлган танлов якунида иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фитрат боғида янги Бахт уйи қад кўтарди

Бухоро шаҳридаги “Никоҳ уйи”нинг манзили ўзгарди. Муассаса улуғ мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Абдурауф Фитрат номи билан юритиладиган боғда барпо қилинган қўш қаватли кошона — Бахт уйига кўчиб ўтди.

Унинг биринчи қаватида никоҳларни тантанали қайд этиш ва маросимлар заллари, келин-куёвлар, уларнинг яқинлари учун дам олиш хонаси ва ошхона жойлашган.

– Биномизнинг ҳавас қиладиган жиҳатлари кўп, – дейди муассаса мудираси Зуҳра Мақсудова. – Бу ерда ҳужжатлар сақланадиган архивимиз ва давлат нотариал идораси ҳам фаолият юритади.

Бахт уйининг очилиш кунида илк никоҳлар расмийлаштирилди. Бахтиёр жуфтликлар кошона ёнидаги Абдурауф Фитрат ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Эндиликда бу – “Оила”, “Раҳбари нажот” каби асарларида оила муқаддаслигини улуғлаган буюк ижодкорга эҳтиром рамзи сифатида анъанага айланади.

Тил билган эл билади

Бугун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Барча давлатлар билан дипломатик алоқалар ривож топаётган бир даврда, ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда. Айниқса, рус тилини ўрганишга бўлган иштиёқ янада кучайди. Зеро, Ўзбекистон ва Россия вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлардир. Бу жараёнда умумий тарих, муштарак маданият, икки халқни боғлаб турган минглаб қардошлик ришталарига асосланган дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани бу қизиқишни янада оширмоқда.

Бу каби имконият ва ҳаётий талабларга ҳамоҳанг фаолият юритаётган Бухоро вилояти рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари келажак авлод тарбиясида кўп тилни билиш муҳим аҳамият касб этишини англаган ҳолда, машғулотлар самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бу – мамлакат миқёсида эълон қилинган рус тили ва адабиёти фан ойлиги тадбирлари мисолида яна маротаба ўз тасдиғини топди.

Чора-тадбирлар режасига мувофиқ Жондор туманидаги 22-умумтаълим мактабида икки тил муҳокамаси намунаси мисолида “Алишер Навоий ва Александр Пушкин ижоди” мавзусида адабий кеча ўтказилди. Пушкин шеърлари ўзбек тилида, Навоий ғазаллари рус тилида ўқувчиларимиз томонидан ифодали ўқиб берилди. Ҳар бир тилнинг жозибаси шеърлар воситасида дўстликка чорловчи оҳанг бўлиб жаранглади. Айниқса, Алишер Навоий ҳаётига оид саҳна кўринишларининг рус тилидаги талқини ўқувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ойлик давомида вилоят таълим муассасаларида ўтказилган “Энг фаол китобхон”, “Рус тили билимдони”, “Рус адабиёти билимдони”, “Энг яхши иншо” танловлари ўқувчи ва талаба ёшларнинг фанга бўлган қизиқиш ва муҳаббатини яққол намоён этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб